Бундан бир неча ўн йиллар муқаддам унутилмас устозимиз Абдулла Қаҳҳор даврасида бир гуруҳ ижодкорлар видео тасвирга тушганмиз. Уни ўқтин-ўқтин намойиш килиб туришади. Бу даврада Озод Шарафиддинов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров сингари акаларимиз ҳам бор. Лекин бугунги кундан туриб қарасак, у ерда ҳаммамиз ёшмиз, навқиронмиз.
Шу ўринда ҳадиси шарифдан бир ўгит ёдимга тушди. Яъниким, муқаддас ҳаж сафарига йўл олган карвон Маккага кириб борганида, маккаликлар уларга пешвоз чиқиб дебдилар: “Во ажабо, сизнинг ҳаммангиз мўйсафидларсиз. Сизнинг ёшлар ҳаж қилмайдиларми?” Карвонбоши жавоб қилибди: “Аё маккалик мезбон, билингки, ҳар биримиз ҳаж иштиёқида яшаймиз. Гап шундоқки, биз йўлга чиққанимизда ёш-ёш йигитчалар эдик”.
Албатта, бу улуғ ҳикмат. Ёшлик яхши-ку, лекин биз ҳам ўзимизни ҳали қартайган деб ҳисобламаймиз. Балки Яратганнинг инояти билан ёши улуғлар сафига киргандирмиз.
Аслида биз бугун эришиб турган ҳурмат ва эъзознинг сарчашмаси ўша ёшлик бағридан сизиб чиққан эмасми? Биз бугун қутлуғ санасини муборакбод этаётган атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ўша чашмалардан бири бўлиб, адабиётимиз, шеъриятимиз заминида кўз очган эди.
Шоир ўзининг илк китобини “Тонг нафаси” деб атади. Ўша йиллари адабиётимизга қадам қўйган ёш ижодкорларнинг деярли кўпчилигига ҳақиқатан ҳам субҳидам нафаси хос эди. Хайриддин Салоҳ, Теша Сайдалиев, Ҳусниддин Шарипов сингари шоирларимизнинг илк қадамларидаёқ янгича руҳ баралла кўзга ташланарди. Гоҳида масаланинг моҳиятига юзаки назар ташлайдиган айрим ҳозиру нозир “шунос”лар таваккал хулосалар ҳам чиқариб юбораверади. Уларнинг хулосасига таянсангиз гўё биздан аввалги йилларда асл шеърият бўлмагандек. Асло бундай эмас. Асл шеърият мавжуд эди. Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек шеърияти бор эди. Фақатгина уларнинг номи қатағон этилган, шеърлари таъқиқланган эди. Кейинги даврларда ҳам Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир сингари шоирларимиз ижодида чинакам шеъриятнинг марварид доналари кўзга ташланиб турди. Умуман олганда эса, адабий муҳит гипноз қилинган каби ғоябозлик тумани ичра карахт ҳолга тушганди. Шундай шароитда хира туман орасида ўлмас шеъриятимиз яна ўз жилвасини кўргазиб нур тарата бошлади. Бу ҳолатни олтмишинчи йиллар янги шеъриятининг ўзига хос манзараси десак бўлади. Асл шеъриятни соғинган мухлислар энди Эркин Воҳидовнинг шеърларини ҳам узоқ ташналикдан кейин булоққа дуч келгани каби қувонч билан кутиб олдилар.
Биз ўтган мафкура даврларида адабиётни, жумладан шеъриятни фақат ғоявий мазмунига қарабгина баҳолашга ўрганиб қолгандик. Бадиийлик эса иккинчи даражали, “санъат санъат учун” деб қараларди. Шеърларимизда тракторнинг гулдурос овози эшитилса бас эди. Тракторчи билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Шундоқ муҳитда Эркин Воҳидовнинг масъум, самимий, тоза сатрлари барчамизга ғоятда хуш ёқди. Мана бу сатрларга эътибор қилинг:
Гарчи шунча мағрур бўлса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундоқ экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?
Камтарин бўл ҳатто бир нафас,
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунингчун
Ўпар доим пешонасидан.
Шеъриятимиз энди ўзининг асл муддаосига қайтадан етишгандек бўлди. Бугун етмиш ёшга тўлган муҳтарам шоиримиз бутун ҳаёти давомида мана шу муқаддас таомилга содиқ қолди ва ҳозир ҳам шундай. Эркин ака адабиётимизни чинакамига бойитиб турган юзлаб шеъру достонлар, ғазаллар, драматик асарлар яратди. Гётенинг “Фауст”идек беназир асарни, Сергей Есениннинг латиф шеърларини она тилимизга маҳорат билан ўгирди. Бу дилбар ижод бизнинг барчамизга ғоятда қадрдон бўлиб қолган.
Меҳнат, албатта, улуғ жараён ҳисобланади. Лекин меҳнатнинг натижаси, яъни ҳосили бир биридан албатта фарқ қилади. Биз дунёда ҳар бир нарсани мукаммал кўришни хоҳлаймиз. Бундан шеърият ҳам мустасно эмас. Эркин Воҳидов ижодида ана шу мукаммалликнинг муаттар нафаси бор. Унда Фарғонанинг фусункорлиги, Тошкентнинг таровати, юртимиз меҳри уфуриб туради. Она тилимизнинг жозибаси, халқимизга хос нуктадонлик бу ижоднинг кўркидир.
Бобур Мирзо тақдир шикваларидан шикоят қилиб “кўнгли тилаган муродиға етса киши” деб ёзган эди. Дарҳақиқат инсон боласи учун ўз қадрини топишдан буюк бахт йўқ. Шунингдек, Ватанини, халқини бахтини кўришдан ортиқроқ саодат ҳам мавжуд эмас. Шукрлар бўлсинким, мана шу неъматлар шоиримизга ҳам насиб этди.
Муҳтарам Юртбошимиз мустақиллигимизнинг биринчи кунларидаёқ маънавиятимизга, адабиётимизга мадад қўлларини чўзди. Ўзининг улуғ карвонида адабиётимизни ҳам энг қадрли ва ишончли йўлдош деб билди. Президентимизнинг бугунги қутлови, юксак унвонлар, мартабаларимиз ҳам бунинг исботи бўла олади. Мана шу улуғ карвон сафида ҳеч бир оғишмай, миллатимиз, Ватанимиз истиқболи учун катта ҳақиқатларни ўйлаб, дарёдек тирикчилик қилиб яшашимиз шарт. Биз меҳрибон халқимиз олдида тоабад қарздормиз.
Мен бир вақтлар Эркин акага бағишлаб бир шеър битган эдим. Шуни келтираман:
Биз ҳам юксакларга
тиккандик кўзни,
Бизда ҳам бор эди
матонат, бардош.
Арслон чорлаганди
қошига бизни,
Лекин қумурсқалар
бўлди сафардош.
Жами тирикликка
таниш бу хатар,
Қумурсқа яралган
ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар
арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак
шу қумурсқаларга.
Хайриятки, у даврлар ўтди, қумурсқаларга ем бўлмадик. Биз энди муродимизга етишдик.
Ана шу улуғ бахт сизу бизга, адабиётимизга муборак бўлсин!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 1-сонидан олинди.