Ўзбекларнинг улуғ романнавис ёзувчиси Абдулла Қодирий айтганидек: “Сўз сўзлашда ва ундан жумла тузишда узоқ андиша керак”. Бу гап бежизга айтилмаган. Мен ҳам ушбу мақолани ёзайми-ёзмайми, дея кўп ўйладим. Ниҳоят, яхши ниятлар билан кимгадир фойдаси тегар деган умидда қоғоз қоралашга жазм қилдим. Ахир ўзинг бир вақтлар ишлаган улуғ даргоҳ ҳақида бирор нарса дейиш анча қийин кечади. Мен ҳам озми-кўпми шу даргоҳнинг нон-тузини тотганман.
Таниқли радиожурналистлар, раҳматли устозларимиз Шуҳрат ака Қосимов, Ҳайдарали Исроилов, Абдукарим Абдуазимов, Рихсивой Пўлатов, Наримон Ирисов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин), Абдуазим Алимов, Анвар Абдувалиев, Шавкат Амиров, Мунира Ғаниева, Эркин Худойберганов, Аҳмаджон Бузруков каби забардаст журналистлар билан бирга ишлаганимдан, ҳамкасб бўлганимдан ҳанузгача фахрланиб юраман, уларнинг яхши жиҳатларини ҳар доим тилимдан бол томиб мақтаб келаман. Радионинг яхши жиҳатлари жуда кўп. Улар тўғрисида ҳар қанча ёзса, ҳар қанча гапирса оз. Айниқса, ҳозир замон ўзгарди, яхши томонга ўзгарди. Шунга кўра талаб-истаклар ҳам янгича маъно-мазмун касб этмоқда. Ахборот тезкорликни талаб этяпти ҳар бир ходимдан. Замонага мос телекўрсатувлар ва радиоешиттиришлар тайёрланяпти, уларнинг ранг-баранглиги ортиб, мазмунан бойиб бормоқда. Бундай ютуқлардан кўз юмиб бўлмайди. Ютуқлар ҳақида ёзаман десам, ўзи бир олам бўлади, мен бу мақоламда айрим мулоҳазаларимни газетхонлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Фикр-мулоҳазаларимни шу кунларда таваллудининг 100 йиллиги нишонланаётган севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг қуйидаги сўзлари билан бошламоқчиман: “Жуда бой, чиройли тилимиз бор. Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ! Бу тил эллик йил ичида шундай бир қудрат касб этдики, халқимизни жаҳон, рус маданиятига шерик қилиб қўйди. Афсуски, радиомиз мана шу бой, чиройли, пурқудрат тилда гаплашмайди”. Бу фикрлар айтилганига ҳам сал кам ярим аср бўляпти.
Радиодан берилаётган ҳар бир сўз маълум бир мақсадга қаратилган бўлади. Энди мана шу сўзга диққат қилинг: “Рек… Рек… Рек… Реклама!..” Ҳар куни юз марталаб эфирда таралаётган ушбу сўз орқали нима дейилмоқчи? Бу қандай мақсадга қаратилган? Ўзбеклар шундай омики, ҳатто битта сўзни ҳам эплаб талаффуз қила олмайди демоқчими? Ёки бу билан ўзбекларнинг ҳаммасини дудуқ демоқчими? Ёки мана бу жумлага эътибор беринг: “Телефонни эслаб қолиш жуда осон: Иккита бир, иккита икки, тўртта хи-хи-хи-хи”. Бу билан тингловчиларни аҳмоққа чиқаряптими ёки мазах қиляптими? Бундай ҳол телекўрсатувларда ҳам мавжуд: “Так-такдан хо-хогача…”
Такрорлар жуда кўплиги ҳақида аввал ҳам ёзган эдим. Бироқ камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда. “Ўзбекистон радиоканали —оддий ва самимий тўлқинлар жилоси” ёки “Қуёш нурини жиловлаш аждодларимиз орзуси. Араббой орзуларингиз рўёби” каби жумлалар ҳаддан зиёд кўп берилаётибдики, тингловчининг жон-жонидан ўтиб кетяпти. Айниқса, “Сиз 103,1 радиоканалини тинглаяпсиз” жумласи ниҳоятда кўп берилади. Ахир тингловчи аҳмоқ эмас, қайси канални қўйганини ўзи билади. Яхши бир қўшиқ эшитаётганингизда қўшиқнинг белига тепиб, мусиқаси устида бошловчи гап қўшиб юборади: “Радионгизнинг мурватини баландроқ буранг. Бу қўшиқ 103,1 да”. Ахир биров қўшиқни, биров мусиқани тинглайди. Қўшиқни тинглаш буткул ихтиёрий нарса, хоҳлаган одам ўзи истаган ҳолатда эшитади, хоҳламаса, пул бериб ҳам унга эшиттира олмайсиз. Шундай экан, нега энди бошловчи тингловчига буйруқ беради? Ким ўзи у? Нега таниқли бир хонанда ёки машҳур бир ҳофизнинг қўшиғи устидан ўзича сўз қўшади? Бунга унинг нима ҳаққи бор? Машҳур қўшиқчиларни менсимаслик эмасми бу? Тингловчига ҳам ҳурматсизлик эмасми бу? Ахир биров қўшиқни жон дили билан тинглаётганда томдан тараша тушгандай биров гапириб юборса қизиқ-да. Бундай бачканаликларга чек қўйиш керак. Имкон қадар радио ва телекўрсатувлар жиддий бўлмоғи керак. Яна бир рекламасифат ролик айлантирилади, жуда-жуда кўп такрорланади: “Меткалу… дуррия-я…” бир сатр ҳиндча қўшиқ, орқасидан: “Яна бир сен каби жонон борлигига ишонмасман”, яна орқасидан “Биё… жонон… биё…” тожикча қўшиқ, ҳаммаси бир сатрдан берилади. Бу нима учун керак? Бу билан нима дейилмоқчи? Мақсад нима? Шу ҳақда ҳеч ким бир ўйлаб, бош қотириб кўрдими? Ёки бўлмаса, Сайёра Қозиева ижросида бўлса керак: “Ҳай, ҳай Эмилада… ҳай, ҳай эмилада…” шу сатр қайта-қайта такрорланаверади, нима дейилаётганига ҳеч ким тушунмайди. Бундай қўшиқ (қўшиқ ҳам деб бўлмайди) кимга ва нимага керак бўлиб қолди?
Хуллас, сўз қўллашда ниҳоятда эҳтиёткорлик зарур. Сўзнинг кучини, қудратини арзимаган нарсаларга сарф қилиш ҳам ярамайди.
Абу Шукур Балхийнинг сўз ҳақида шундай фикрлари бор:
Сўз кучидан йиқилур минбар ҳам, дор ҳам, Сўз бирла чиқар индан илон-мурдор ҳам.Шундай экан, сўз экан деб ҳар нарсани гапиравериш керак эмас. Етти ўлчаб бир кесиш лозим. Чунки радиони миллионлаб одамлар эшитади. Шу сабаб ҳар сўзни ўз ўрнида, ўз вақтида, ўз муҳитида қўллаш лозим. Ҳадеб бир сўз ёки жумлани такрорлайвериш ҳам тингловчиларни бездириб қўяди. “Сўз — инсон табиатининг ишвагар дилбари, у кўзга кўринмайдиган парисифат бир нозанинидир”, деган эди буюк бобомиз Алишер Навоий. Ёки Шерали Лойиқ сўз ҳақида шундай деган эди:
Сўз камонки, ўқдин норасога омон йўқ, Сўз жаҳонки, кўркидан ўзга жаннат макон йўқ…Мақоламни Абдулла Қаҳҳорнинг сўзлари билан бошлагандим. Сўзимни яна машҳур адибнинг қуйидаги гаплари билан якунлайман:
“Нима учун тилимизнинг қонун-қоидалари бузилаётибди? Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милитсия ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?..”
Ҳусанбой Тожиматов,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Ўзбек тили кафедраси катта ўқитувчиси
“Ҳуррият” газетасидан олинди.