Тасаввур қилингки, миллионлаб ўқувчилар шубҳа қилмаган ҳолда тарихни муҳтарам муаллифларимиз хоҳиш- иродаларига асосланган йиллар бўйича ўрганадилар. Сиз ва биз бунга эътироз билдирмаслигимиз керак, шекилли?.. Эҳтимол, кимдир буни техник хато дер, лекин бу тарихни қайтадан ёзиш ёки лоқайдликнинг бир намунаси эмасми?
Ҳаммамизга маълумки, мустақиллик йилларида республикамиз таълим тизимида ҳам туб ўзгаришлар бўлди. Давлатимиз раҳбари, қолаверса, халқ таълими вазирлигининг саъй-ҳаракатлари билан 1995 йилдан бошлаб, умумтаълим мактаблари учун (5-11 синфлар) янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратила бошланди. Хусусан, «Жаҳон тарихи» ҳамда «Ўзбекистон тарихи» фанлари бўйича ҳам дарсликлар тайёрланиб қатор йиллар давомида нашр қилиниб келинмоқда.
Уларни яратиш учун бир қатор таниқли олимлар жалб қилинди. Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёш авлод илк бор Ватанимиз ва жаҳон тарихини энг қадим замонлардан то ҳозирги кунга қадар объектив, батафсил ўрганиш имкониятига эга бўлди. Биринчи авлод дарсликлари сўнгги ўн йил давомида чоп этилиб, уларда маълум ютуқлар баробарида камчиликлар, нуқсонлар ҳам кўзга ташланади. Сўнгги йилларда бошқа фанлар сирасида тарих дарсликлари ҳам тендер-танлов орқали ўтказилиб маълум ҳажмда нашрдан чиқарилмоқда. Муаллифларда аввалги нуқсон ва камчиликларни тузатиш имконияти пайдо бўлди. Лекин амалда айрим дарсликлар муаллифларининг эътиборсизлиги натижасида кўпгина камчилик ва нуқсонлар такрорланмоқда, ҳатто баъзида уларга «янги»лари қўшилмоқда.
Газета муштарийларини умумий мулоҳазалар билан толиқтирмаслик учун аниқ мисолларга ўтсак. Дастлаб А. Саъдуллаев, В. Костетскийларнинг «Тарих» 6-синф ҳамда Қ. Усмонов, У Жўраев, Н. Норқуловларнинг «Ўзбекистон тарихи» 8-синф дарсликлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларимни билдирмоқчи эдим. Жумладан, А. Саъдуллаев, В. Костетскийларнинг 1999 йил чиққан «Ўзбекистон тарихи» дарслигида «Замонбобо маданияти» ўлкамиздаги илк деҳқонлар манзилгоҳи сифатида м.ав. III-II минг йилликларга оидлиги таъкидланади. Ушбу муаллифларнинг 2005 йилги 6-синф учун тарих дарслигида (24-б.) худди шу макон энди м.ав. II минг йилликка мансуб”, деб ёзилган. Бу ҳолни қандай изоҳлашга ҳайронмиз. Асосий дарсликларда ушбу маданият III-II минг йилликларга оид деб ёзилган.
Аввалги дарсликнинг даврлар алоқадорлигига оид маълумотлари (102-б.) Исроил подшолиги м.ав. ХI асрда вужудга келгани, м.ав. Х асрда уни Довуд ва Сулаймонлар бошқаргани ёзилган ҳолда янги дарсликда “м.ав. IХ асрда Фаластин ҳудудида Исроил подшолиги вужудга келди” (63-б.) дея ахборот берилмоқда. Ушбу саналар тест маркази томонидан олий таълим муассасаларига кирувчи абитуриентлар учун тестларга киритилган. Хўш, ўқувчи қайси жавобни олади? Қай тарзда икки дарслик чиқиши орасидаги олти йилда Исроил подшолигининг ташкил топишидаги фарқ асрларга тенг бўлади? “Жаҳон тарихи”дан дарсликларда Довуднинг (м.ав. 1000 — 965 йил) Сулаймоннинг (965 — 996 йй.) подшоҳлик қилгани ёзилганини таъкидлаш лозим.
Мидия давлатининг ташкил топиши олдинги дарсликда м.ав. VII-VI асрларда деб кўрсатилган бўлса (102-б.) янги дарсликда м.ав. IХ асрга ўтган, дейилади. Илк подшо Киаксарнинг 672 — 653 йилларда ҳукмронлик қилгани, м.ав. VII асрда маданиятни ташкил топганини тасдиқлайди.
Албатта, кимдир бу нуқсонлар унчалик муҳим эмас, дейиши ҳам мумкин. Лекин тест топшираётган абитуриент нимага, қайси жавобга таяниши керак, кўзлаётган тестларда худди шу тарздаги номувофиқликлардан кенг фойдаланилишини тарихчи — ўқитувчилар яхши билишади. Ўқишга кириш учун тайёрланган қоракўзлар учун бу ҳол жуда муҳим рол ўйнайди. Уларни эса бундай пала-партишликлар билан чалғитиш жуда ноўрин ҳол, албатта.
Ушбу дарсликнинг 74-бетида Хитойнинг қадимги тарихи ҳақида маълумотлар берилар экан, давлатнинг шаклланиши м.ав. II минг йиллик охирида деб ёзилган ҳолда, уни Чжоу қабилалари ҳам м.ав. II минг йиллик охирида босиб олгани таъкидланади. Дарсликнинг 75-бетида “Гала шодликлар” даври мавзуси берилган, бу борада давлатларга нисбатан “гала” сўзи ишлатилиши жоизмикин, уни “кўп подшоликлар” деб номласа ҳам бўларди. Ёки ундан олдинги А. Кабировнинг “Жаҳон тарихи” дарслигидаги “беш ҳокимлик” даври ибораси қўлланилиши маъқул эмасмиди? Янги дарсликда “Сариқ рўмолликлар” қўзғолони м. ав. ИИ асрларда бўлгани ҳам ўқувчини, қолаверса, тарих ўқитувчиларини чалғитиши аниқ. Негаки, муаллифларнинг олдинги дарслигида зардўштийлик дини асосчиси Зардўшт 40 ёшида пайғамбар бўлса, янги дарсликда, 30 ёшда, “Авесто”нинг матнлари м.ав. IV асрда тўплангани эса м.ав. III асрда деб “тузатилади”. Табиий бу маълумотлар ҳам тест маркази мутахассислари томонидан дарҳол фойдаланилади. Демак, ўқувчилар бу хилма-хил фактларнинг қайсисига таянишни билмайдилар.
Энди “Ўзбекистон тарихи” 8-синф дарслиги ҳақида айрим мулоҳазалар: Унинг янги нашридан аввал 1994 йилда проф. Розия Галиевна Муминова ва бошқаларнинг, 2000 йили Н. Норқулов, У. Жўраевларнинг яна бир дарсликлари чиққан. Сўнгги дарсликда У. Жўраев, Қ. Усмонов, Н. Норқуловлар муаллиф сифатида кўрсатилган. Дастлабки дарсликда Шайбоний Убайдуллохоннинг бошқаруви 1530 — 39-йиллар бўлса, иккинчисида 1533 — 39 йилларга “айланади”. Бухоронинг хонлик деб аталиши ХVI асрнинг 60-йилларидан, ХVI асрнинг 30-йилларига ўзгартирилади ва ҳоказолар. Ҳолбуки, тарихдан барча дарсликларда Бухоро хонлигини ташкил топиши ХVI асрнинг 60-йиллари деб ёзилган. Ажабланарлиси, маданий ҳаётга оид маълумотларда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондларида сақланадиган ўнлаб, юзлаб табобат, коинотшуносликка, шеъриятга оид асарлар номлари, муаллифлари, уларнинг яшаган йиллари (48-б.) батафсил келтирилади. 8-синф ўқувчиси учун бу нарсаларни тарихдан билиш қанчалик зарурлигини айтиш қийин, лекин тестлар тузишда уларнинг қадри юқорилиги шубҳасиз.
“Ўзбекистон тарихи”нинг 8-синф учун 2006 йилда чоп этилган сўнгги дарсликка Қ. Усмоновнинг муаллифи сифатида қўшилиши янги “кашфиёт”ларга олиб келади. Фактларга ўтамиз: аввалги дарсликда Н. Норқулов, У. Жўраевларнинг 8-синф учун 2000 йил чоп этилган дарсликларида “мадрасада 24 йил ўқилади”, дейилган бўлса, янги дарслик китобда 21 (35-б.) туширилди. Субҳонқулихоннинг тахтга келиши 1680 йилдан, 1681 йилга ўтказилди. Бу рақамлар қайси муаллиф “ижоди” эканлиги ёки қандай тарихий манба асосида ўзгартирилгани бизга маълум эмас. Ахир ўқувчи бу “янгиликлар” учун кимгадир “раҳмат” айтиши керак. Мактаб ўқитувчиси бўлган ҳамда деярлик барча дарсликлар муаллифи ҳисобланган У. Жўраев наҳот тушунмаса. Ўзи муаллиф бўлган олти йил аввалги 8-синфлар учун нашр этилган “Ўзбекистон тарихи” дарслигида Қўқон хонлиги 1709 йили тузилган деса-ю, янги дарсликда 1710 йили (45-б.) деб кўрсатса? Бу дарсликда ҳам керак бўлмаган янги асарлар, янги муаллифларнинг исм-шарифлари қайд этишда давомийлик бузилмаган. Дарсликнинг 57-бетида Тиллакори мадрасаси 1646 — 1659 йилларда қурилгани ёзилса, илгариги дарсликда бу сана 1646 — 60 йиллар деб кўрсатилган эди.
Биз тарих дарсликларидан Бухорода манғитлар сулоласи 1753 — 1920 йилларда амирликни бошқарганини биламиз. Энди Қ. Усмонов ва У. Жўраевларга бу сана ёқмаган шекилли уни ҳеч қандай изоҳларсиз бу тарихий санани уч йилга камайтиришиб, 1756 — 1920 йиллар, Муҳаммад Раҳимхоннинг бошқарувини эса 1756 — 1758 йиллар дея (61-б.) ўзгартирганлар. Тасаввур қилингки, миллионлаб ўқувчилар шубҳа қилмаган ҳолда тарихни муҳтарам муаллифларимиз хоҳиш- иродаларига асосланган йиллар бўйича ўрганадилар. Сиз ва биз бунга эътироз билдирмаслигимиз керак, шекилли?..
Эҳтимол, кимдир буни техник хато дер, лекин бу тарихни қайтадан ёзиш ёки лоқайдликнинг бир намунаси эмасми?
Ўтмишнинг Хива хонлигига оид мавзуларда ҳам “янгиликлар” давом этади. Жумладан, олдинги дарсликнинг 95-бетида Муҳаммад Аминхоннинг бошқаруви йиллари 1845 — 1855 бўлса, 2006 йил нашр этилган 8-синф учун чоп этилган “Ўзбекистон тарихи”да 1846 — 1853 йиллар сифатида қайд этилган. Хонлик аҳолиси ҳам 800 мингдан 300 минг кишига тушиб қолган. Демак, 500 минг аҳолини икки дарслик орасида тушириб қолдиришган (99-б.) Навбатдаги «ихтиро» ушбу китобнинг 110-бетида бўлиб, муаллифлар энди жаҳон тарихига ҳам “ўзгаришлар киритиб”, Доро И нинг подшолигини аслида м.ав. 522 — 486 йиллар бўлгани ҳолда м.ав. 522 — 468 йилларга ўзгартиришади. Аммо, қизиғи шундаки, муаллифлар бу тарихий саналарни ўзгартиришга ҳеч қандай асос келтиришмайди. Бу ҳолдан ҳали ўқувчиларни айтманг, биз — тарихчи олимлар ҳам ҳайрону лолмиз.
Хулоса қилиб айтганда, мактаб ўқувчилари учун дарслик ёзиш ҳам масъулиятли, ҳам шарафли иш. Шундай экан, у барчамиздан жиддий эътибор талаб қилиши табиий.
Турсунбой САЛИМОВ,
Ўзбекистон Миллий университети тарих факултети
археология-этнология кафедраси мудири, доцент.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.