Шимолий Қозоғистонга сургун қилинган ўзбеклар ҳақида
1930 йил 15 мартгача Ўзбекистондан 1000, Туркманистондан 200, Қирғизистондан 100 кишини қулоқлар сифатида контслагерларга олиш ОГПУга топширилади. Бу вазифа шу йилнинг 20 февралида чиқарилган қарорга асосланган эди ва у Ўзбекистон бўйича ортиғи билан (1195 киши) бажарилади. Учликнинг қарори билан уларнинг бир қисми қамоқ ва сургун жазосини Сибир, Урал, Шимолий Қозоғистонда ўташга ҳукм қилинган.
Қатағон этилган иккинчи тоифали “қулоқ”лар миқдори тўғрисидаги 1930 йил 4 майгача бўлган маълумотда ёзилишича, Ўрта Осиёдан 400 оила (2000 жон) сургун қилиниши керак бўлган, шундан Қозоғистонга 80 оила (281 жон) жойлаштирилган. ОГПУ ГУЛАГИнинг махсус кўчкинчилар бўйича бўлимининг қайд этишича, 1930 йилда Ўрта Осиёдан Қозоғистонга 159 оила сургун қилинган. ОГПУ 1930 йил 16 апрелда ўзининг Қозоғистондаги вакили Даниловскийга, Ўрта Осиёдаги ваколатли вакили Л.Г.Мироновга телеграмма йўллаб, унда Ўрта Осиёдан жўнатилган қулоқларни жойлаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш лозимлигини таъкидлаган. Телеграммада бундан буён Ўрта Осиё ҳудудидан ташқарига “қулоқ”ларни сургун қилишни ОГПУ қайси раёнларга сургун қилиш ҳақида санктсия берганидан сўнггина амалга оширилиши уқтириб ўтилган. 1930 йил
30-31 январдаги ОГПУнинг жойлардаги доимий вакиллари ва бўлимлари раҳбар ходимлари билан бўлган йиғилишида қулоқларни тугатиш масаласи кўриб чиқилади ва Ўрта Осиёдан 2 минг кишини Қозоғистонга сургун қилишга қарор қилинган.
1933 йилда ВКП Марказий Комитетнинг таклифи билан ОГПУ органлари зиммасига Иттифоқнинг шаҳар ва қишлоқларидан 2.000.000 нафардан ошиқ аксилинқилобий “қулоқ”лар ва “жиноятчи унсур”ларни кўчириш вазифаси юклатилган. Бу кўчириш 1931 йилдагига нисбатан миқдор жиҳатдан бир неча бор ортиқ эди. Агар 1931 йилда фақат қишлоқдагилар сургун қилинган бўлса, 1933 йилда эса сургун қилинганлар контингентини ҳар хил ижтимоий қатламлар: ҳам қишлоқ, ҳам шаҳар аҳолиси ташкил этган
Мазкур кўчириш амалга оширилгач, махсус посёлкалардаги кўчкинчилар миқдори 5 миллионга етган. Уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, сиёсий савияси, аҳволи, ўтмиши ҳам турлича бўлган.
1933 йил 19 июнда ОГПУ кадрлар бўлими бошлиғи ўринбосари Вейншток номига ОГПУ махфий сиёсий бўлим бошлиғи Г.А.Молчановдан келган хатда директив инстантсиянинг қарорига мувофиқ 1933 йилда Каспиёрти ва Ўрта Осиёдан Шимолий Қозоғистонга “қулоқ”ларни кўчириш кўзда тутилаётгани қайд этилган. Унда, жумладан, шундай дейилади: «…Ўрта Осиёдан шу йилнинг 15 июлидан 20 июлигача бўлган вақт ичида 500 оила, тахминан 2500 киши Шартанди стантсиясига жўнатилади, шунингдек, июн ойида Шартанди стантсиясига 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилган маҳбуслардан 3000 киши келтирилади ва меҳнат посёлкаларига жойлаштирилади». Хатда Кавказортидаги турклар ва арманилар, Ўрта Осиё халқларидан иборат 8000 кишининг аксарияти рус тилини билмаганликлари боис, меҳнат посёлкаларидаги махсус кўчкинчилар орасида агентура — оператив ишларни олиб бориш учун сургун қилинганлар тилини биладиган оператив ходимлардан — Ўрта Осиёдан 5 кишини, Кавказ ортидан 3 кишини Шимолий Қозоғистонга юбориш сўралган. ОГПУнинг Қарағанда области бўлими аппаратида ҳамда меҳнат посёлкалари комендатураларида меҳнат кўчкинчилари тилини биладиган оператив ходимларнинг бўлиши зарурлигига алоҳида аҳамият қаратилган.
ОГПУ ГУЛАГ бошлиғи М.Д.Берман 1933 йил 25 майда «Қозоғистонда ОГПУ меҳнат посёлкаларига сургун қилинган қулоқларни қабул қилиб олиш режаси»ни тасдиқлайди. Унга кўра, 1933 йил 3-декадасида Ўрта Осиёдан 2000 киши Шимолий Қозоғистоннинг Шартанди темир йўл стантсиясига келтирилиши кўрсатилган. Кўчиришнинг тахминий муддати 1933 йилнинг 10 июнидан
15 июнигача қилиб белгиланган бўлса-да, 15 июндан 20 июлгача амалга оширилган.
ОГПУ махфий сиёсий бўлим бошлиғи ўринбосари Люшковнинг 1933 йил июлида тақдим этган «Қулоқларни сургун қилиш тўғрисида»ги маълумотномасида Ўрта Осиёдан Қозоғистонга 1933 йилнинг 15 июлидан 20 июлигача 500 оила, (2000 киши) сургун қилиниши тахмин қилинаётгани айтилган. Бошқа бир расмий ҳужжатда эса 1933 йил 8 июлдан 10 июлгача Ўрта Осиёдан Қозоғистонга 500 оила эшелонларда жўнатилгани қайд этилган.
Совет режимининг махсус хизмат ташкилоти томонидан тайёрланган «Махсус кўчкинчиларнинг сиёсий кайфияти ва аксилинқилобий фаоллиги» номли махфий маълумотномасида Қозоғистоннинг Қурдай раёнидаги махсус посёлка коменданти номига Шартюба совхози Кендир участкасидаги махсус кўчкинчилари ариза билан мурожаат қилиб, 6 ой давомида иш ҳақи олмаётганликлари, 1933 йил январдан бери нон билан таъминланишда кўплаб узилишлар бўлаётгани, ҳозирда эса очарчиликни бошдан кечираётганликлари қайд этилган. Натижада 200 киши қочиб кетганлиги, меҳнат кўчкинчилари оила-оила бўлиб шишиб кетаётгани, айрим ҳолатларда овқат ўрнида ит ва мушукларнинг гўштини ейишга мажбур бўлинаётани, эркаклар ҳамда аёллар орасида 1-, 2 – гуруҳ ногиронлари ўсиб бораётгани таъкидланган.
1933 йил 10 июнига оид ана шундай махфий ҳужжатда Шимолий Қозоғистондаги меҳнат сургунидагилардан 900 киши очликдан, 300 киши шишиб кетишдан қалок бўлиши хавфи борлиги қайд этилган.
1934 йил 1 ноябригача бўлган ҳолатга кўра, жами қатағон қилинган 33658 оила (95609 жон), шундан катта ёшдагилар 58943, болалар 36666 кишини ташкил этган. Қишлоқ хўжалигида 49547 киши, саноатда 46062 киши иш билан банд бўлган. Оғир меҳнат, аянчли турмуш, очарчилик, касаллик ва бошқа сабаблар билан 1934 йилнинг 10 ойи ичида 5656 киши ўлган, 3135 киши қочиб кетган. Меҳнат кўчкинчилари озиқ-овқат танқислигидан ташқари иссиқ кийим-кечак билан ниҳоятда кам таъминланган. Ногиронлар, кўп болали оилалар усти- бош сотиб олишга мутлақо қурби етмаганлар миқдори 3.000 кишига етган.
Шимолий Қозоғистондаги махсус кўчкинчиларнинг иқтисодий аҳволи, турмуш шароитлари мислсиз оғир ва ачинарлилигини эътиборга олиб, ОГПУ раиси ўринбосари Г.Г. Ягода СССР Халқ Комиссарлари Совети раиси В.М.Молотовга мурожаат этиб Қозоғистон АССР Қарағанда вилояти қишлоқ хўжалигида ер ўзлаштирувчи махсус кўчкинчилар 1932 йилда ҳозирга қадар экинларнинг нобуд бўлишидан ўзига келолмаётганликларини асослаб берган. Шундан келиб чиқиб, СССР ХКСининг 1931 йил 16 августдаги қарорида кўрсатилган махсус кўчкинчи хўжаликларини 1934 йил
1 январгача солиқлар, йиғимлар ва тўловлардан озод қилиш ҳақидаги имтиёзи 1935 йил январгача узайтирилди. Лекин бу имтиёзлар ҳам аҳволни яхшилашга имкон бермади.
1936 йилда Шимолий Қозоғистонда 7744 та қатағон этилган оила (30046 жон) ҳаёт кечирган. Ўша йили туғилиш 3688, бошқа ўлкалардан “қулоқ” қилинганлар 1833, ички қайта кўчиришлар орқали келганлар 364, қуда-андачилик туфайли яшаб қолганлар 100 кишини ташкил этган. Қочувдан қайтариб келтирилганлар 323, қочувдан ихтиёрий қайтганлар 482 кишига тўғри келган. Нотўғри сургун қилинганлар 1674, боқимандаликка ўтказилганлар 148, вафот этганлар 2201, қочиб кетганлар 354, қамоққа ҳукм этилганлар 315, ҳуқуқи тикланганлар 8264, бошқа ташкилотларга бериб юборилганлар 436, бошқа сабаблар туфайли 1152, жами 15044 кишидан иборат бўлган. 1937 йил 1 январда эса Шимолий Қозоғистон меҳнат посёлкаларида 28377 оила (89342 жон) истиқомат қилган.
1936 йил 19 февралда Шимолий Қозоғистоннинг Шартандиқ райони 37-сон меҳнат посёлкасидаги 185 кишидан иборат ўзбеклар Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Комитетига илтимоснома йўллайди. Унда жумладан шундай дейилади: “Шимолий Қозоғистонга кўчирилган 1523 нафар кишидан 185 кишигина тирик қолди. Қолган кишилар иқлимга ва биздан катта куч-қувватни талаб этаётган меҳнатга чидай олмаганлигидан, шунингдек, 40 градусли аёз ва бўронлардан вафот этди. Биз шунга аминмизки, ҳукуматимиз бизнинг бутунлай қирилиб кетишимизга йўл қўймайди ва пахтачилик билан шуғулланиб, ўз давлатимизга фойда келтиришимиз учун бизни ўз ватанимизга қайтариб олиб кетади ёки Иттифоқнинг иссиқроқ жойларига кўчиради. Оилаларимизни очликдан сақлаб қолишимиз учун ишлаш ҳамда ўз кучимиз ва билимимизни давлат фойдасига бағишлаш имконини берасиз, деб ишонамиз”.
Бу хатни ЎзССР МИК раиси ўринбосари Д.И.Манжара 1936 йил 8 июлда
Акмал Икромовга жўнатади ва бу каби аризалар кўп марта келиб тушаётганлигини уқтириб, уни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети бюросида кўриб чиқишини сўрайди.
Аммо мазкур иш билан шуғулланиш республика Ер ишлари халқ комиссарлигига топширилади. Масала бу ерда ҳам ўз ечимини топмайди. Ер ишлари халқ комиссари ўринбосари Муҳаммаджон Бисеров 1936 йил 20 июлда аризани Ўзбекистон КП(б) Марказий Комитети муқокамасига қўйишни сўраб Головановга юборилади.
Бироқ марказқўм ушбу хатни яна Ер ишлари халқ комиссарлигига ҳал этиш учун йўллайди. Ўша йилнинг 20 августида Ер ишлари халқ комиссарлиги Марказқўмга қайта мурожаат қилади: «Ер ишлари халқ комиссарлиги Шимолий Қозоғистоннинг Шартанди раёнида жойлашган 37-меҳнат посёлкасидаги ўзбек меҳнат кўчкинчилари гуруҳининг Ўзбекистонга қайта кўчириш ҳақидаги аризаси билан танишиб, уларни бошқа “қулоқ”лар яшаётган «Ўзбексовхозпахта»га қарашли совхозларга жойлаштириш мумкин, деб ҳисоблайди. Аммо улар билан бевосита НКВД ЎзЛАГи шуғулланаётганлиги сабабли мазкур масала бўйича бевосита НКВД билан боғланиш лозим».
Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўрта Осиёдан Украина ва Шимолий Кавказга сургун қилинган юртдошларимиз немис-фашистлар оккупатсияси шароитида кун кўришга мажбур бўлганлар. Бироқ, эркаклар, айниқса, ёши 18 дан 45 гача бўлганлар Шимолий Қозоғистонга эвакуатсия қилинган. Улар махсус посёлкаларда, Қарағанда кўмир конида ва бошқа энг оғир соҳаларда меҳнат қилганлар.
Кекса эркаклар эса меҳнат фронтига олиниб, Шимолий Қозоғистонга сургун қилинган. Уларнинг ҳам кўпчилиги шу жойда ҳалок бўлганлар. Масалан, Тошкентнинг Қибрайидан Херсоннинг Скадовск раёнига сургун қилинган Йўлдош Мўминов (1895 йили туғилган) 1-сон пахтачилик совхози
4-бўлими, 6-базасидан меҳнат фронтига олиниб Қарағанда кўмир конида ишлаган. Тинка-мадорини қуритадиган оғир меҳнат, очлик, касаллик, бола-чақаларига бўлган ташналикдан Йўлдош Мўминов Қарағандада вафот этган.
1941 йил 20 июлда Николаево вилояти Ички ишлар бошқармаси кадрлар бўйича бошлиқ ўринбосари Маглеван Скадовский раён комендатураси коменданти Кварталнийга зудлик билан ёши 18 дан 45 ёшгача ва қурол ишлатишга қодир бўлган аксарият ўзбек, қирғизлардан иборат катта ёшдаги эркак меҳнат кўчкинчиларини Мелитополга эвакуатсия қилиш тўғрисида оғзаки фармойиш беради. Бу вақтгача улардан 270 киши ҳар хил муддат ичида Скадовский раён комендатураси томонидан Ростов вилоятига эвакуатсия этилганди.
Ўзбек, қирғиз, туркман, рус миллатларига мансуб меҳнат кўчкинчилари маъмурий ва назорат раҳбарлари билан биргаликда жами 459 киши вагонларга жойлаштирилади. Соқчилар тайинланади, 459 кишилик эшелон Қарағанда темир йўли орқали Акмолинск шаҳрига қараб йўл олади. Йўл давомида меҳнат посёлкалари ходимлари соқчилик хизматини бажаради, Кварталний, раён коменданти Баранов, посёлка коменданти Тогобитский меҳнат кўчкинчиларини текшириб боришади. Қочиб кетганларни аниқлаш, меҳнат кўчкинчиларини емоқ-ичмоқ, қайноқ ва совуқ сув билан таъминлаш, санитария хизматини ташкил этиш масалалари билан шуғулланишади.
Эшелондан 38 киши қочиб кетади, Қарағанда областига 421 киши келтирилади, шундан 294 киши Скадовский, 109 киши Голопристан, 18 киши Каховский раён комендатураларидан бўлган. Барча қочиб кетганларга темир йўл милитсия оператив пунктлари орқали қидирув эълон қилинади.
Келтирилган меҳнат кўчкинчилари 1941 йил 4 октябрда тузилган актга кўра Қарағанда области бўйича Ички ишлар бошқармасининг махсус меҳнат посёлкалари катта инспектори Соловёвга топширилади. Депортатсия қилинганларнинг бир қисми Осакаровкада қолдирилади, бир қисми эса Самарқанд посёлкасига жўнатилади.
Украинанинг Николаев областидан эвакуатсия қилинганлар асосан ўзбек ва қирғизлар эди, оз миқдорда туркман ва руслар ҳам бўлган. Улар 1931 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистондан қатағон қилинган, эвакуатсия қилинган меҳнат кўчкинчилари сафида меҳнат сургунидан озод этилган ва паспортга эга бўлан 12 киши оила аъзолари билан Қарағандага келгач, озод қилинган ва ўз ватанларига қайтганлар. Херсондан қатағон этилган ўзбек, қирғиз, қисман туркман ва тожик меҳнат кўчкинчилари Шимолий Қозоғистонда ниҳоятда оғир шароитда кун кўрганлар. Чунки уларнинг оилалари немис-фашистлар оккупатсия қилган Херсон областининг Скадовск, Голопристан, Каховск раёнларида, айримлариники эса Ростов ва Запороже областларида эди. Қозоғистондаги меҳнат сургунидагиларнинг 1942 йил биринчи ярмидаги аҳволи тўғрисидаги ҳисобот маърузада Украина ССР меҳнат посёлкаларидан эвакуатсия бўйича келтирилган якка-якка ҳолда сўққа бош бўлиб яшаётган ўзбеклар ва қирғизларнинг оилавий қийинчиликдан азобланиб сургун қилиниш олдидан ўз жойларига қайтишга ёки қочиб кетишга уринаётганликлари алоҳида таъкидланган. Табиийки, улар кўпдан кўп саргузаштларни бошдан кечирган, ушлаб олинганларидан кейин қамоқ жазосига тортилган, айримлари йўл ва йўқчилик азобидан ўлиб кетган, камдан ками ватанга қайтиб келган, баъзилари уруш тугагач, сўнгги сургун қилинган жойларга бориб ўз оилалари билан истиқомат қилишган. Баъзи бирларининг тақдири янада фожиали кечган. Ана шундайлардан бири Украинадан Қозоғистонга эвакуатсия қилинган Болтабой Суюнбоев Қарағанда вилоятидаги 2-сон махсус посёлкага жойлашган. У меҳнат кўчкинчиларини Ватанга хоинлик қилишга ташвиқот қилганликда айбланган. Хуфиявий манбада кўрсатилишича, Болтабой Суюнбоев шундай деган: «Бизнинг оилаларимиз немислар эгаллаб олган ҳудудларда аъло даражада яшашмоқда. У ерда ишчилар кунига Германия пули билан
2 сўм 50 тийиндан ҳақ олмоқдалар, бир килограмм оқ ноннинг баҳоси 5 тийин. Бизлар бўлсак, бу ерда 11 йилдан бери азоб чекмоқдамиз, очликдан қийналяпмиз, эндиликда эса Германия СССРга қарши уруш бошлаши билан меҳнат кўчкинчилари армияга керак бўлиб қолди. Қачонки,армияга борганингизда немисларни урмай асир тушинг, энг яхшиси шу». Табийки, бунинг учун у қатағон тиғига учраган.
Урушдан сўнг Украина, Шимолий Кавказ, Шимолий Қозоғистонга сургун қилинган собиқ қулоқларнинг юртга қайтишларига рухсат берилади. Уларнинг Ўзбекистонга қайтиш жараёни ҳам оғир кечган, у 1950 йиллар ўрталаригача давом этган.
Хуллас, Шимолий Қозоғистон сургунида бўлиб, ўша жойларда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти, қисмати, тақдири чуқур ва махсус тадқиқ этилиши зарур. Улар номма-ном аниқланиши ва яратилаётган қатағон қурбонлари хотира китобига киритилиши лозим.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
Манзура АКБАРОВА,
Андижон Давлат университети катта ўқитувчиси
“Ҳуррият” газетасидан олинди.