Темир совутларга ўраниб олган, ўткир найзалар билан қуролланган Вақт Замонни ортда қолдириб, неча жонларни қурбон қилиб, шиддат билан илгари босади. Мана, энди олим ва устоз Озод Шарафиддинов ҳам тириклар сафида йўқ. Бу воқеага бир неча ой тўлган бўлса-да, кўпчилик мазкур йўқотишга кўника олган эмас. Бугун ҳам ўша танти ва оқил Озод ака сафларда юргандек.
Афсуски, азал ояти аллақачон ўқилган. Энди ул зот ҳақидаги меҳрли хотираларгина яшаяпти. Жумладан, филология фанлари номзоди, дотсент Маҳмуд Сатторов ёддан ўчмас учрашувлар ҳақида “Озод фикр шарафи” сарлавҳасида эсдаликларини қоғозга туширибди. Улар бағрикенг, самимий ва дангал инсон ҳақида хабар беради.
Озод ака биз “Ҳуррият”чиларнинг ҳам яқин маслаҳатчиси ва устози эдилар. Газетамизни мунтазам кузатиб борар, муносабат билдирар, бирор мақола ёқиб қолса, муаллифини уйидан бўлса ҳам топтириб, ўз илиқ сўзини етказарди. Қолаверса, устоз газетанинг таҳририят аъзоси сифатида ҳам ўзимизники эдилар. Бирор муҳим мавзуда мақола керак бўлса, тортинмай илтимос қилар эдик. Ўзлари ҳам “қулочини кенг қўйиб ёзган” мақолаларини бизгагина илинар эдилар. Ҳа, бу кунлар тарих бўлиб қолди. Айниқса, “Соғлом бўлай десангиз” мақоласи чуқур хотираларга бой бўлганди. У кўриш қобилияти сусайган, бироқ қалби жўшқин муаллифнинг тақдир туҳфасига исёни сифатида таҳририят хазинасида сақланаяпти: ўтли сатрлар бир-бирига мингашиб қолган ёки ҳошиядан чиқиб кетган… Устоз бу мақолани кўзи билан эмас, қалб кўзи билан тусмоллаб қалам тебратганча ёзган. Мақола “Янги 2005 йил ҳаммамизга янги бахт, янги сиҳат-саломатлик келтирсин, одамлар!” деб тугалланган.
Қуйидаги хотираларни эълон қилар эканмиз, устознинг боқий орзуларини шогирдлар камолига етказсин, деб ният билдирамиз.
Зўр бўлса…
Ноширлик, адабиётшунослик, публитсистлик масалаларида, борингки, кейинги пайтларда ҳаётда туғиладиган барча катта-кичик муаммоларда устоз – Озод ака Шарафиддинов билан маслаҳатлашадиган бўлиб қолдим. Домла бу жиҳатдан масалани дарҳол аниқ-таниқ тушуниб, халқона тадбир излаб топиши билан бошқа кайвонилардан ажралиб турарди. Ҳатто шундай вазиятлар бўлдики, диний-маърифий адабиётлар чоп этишда ҳам домланинг маслаҳатига суянадиган бўлдим. Бўлмасам, катта исломшунос олим Убайдулла Уватов барча нашрларимиз учун масъул, балогардон. Беминнат меҳнатини аямайди.
Бир гал домланинг зиёратига борсам, ҳол-аҳвол сўрашгач:
Кутубхонага кириб, чап қўлдаги жавоннинг учинчи токчасидан тўртинчи китобни олинг, – дедилар.
Бу қалин, йирик, рангли китоб бўлиб – рус тилида “Библия – детям” деб аталарди.
Кўринг, варақланг, – дедилар.
Китобда “Библия”нинг ҳар бир ривояту ҳикоятига моҳир рассом сеҳрли, афсонавий эртаклардагидай расмлар ишлаган, матн ҳам болаларбоп, йирик-йирик ва ёрқин ҳарфларда эди.
Биз, “Қуръони карим”ни бу даражада безаб, болаларбоп қилиб, қайта ҳикоялашимизга ҳали анча бор, – дедилар устоз. – Бу жиҳатдан ҳозирча маънавий-руҳий тайёр эмасмиз. Бироқ ҳадисларни нега махсус, болаларбоп қилиб чиқармаслигимиз керак?! Ҳадислар қадимий педагогика – дидактикамизнинг ёмби олтинлари-ку! – дедилар.
Мана шу ғоя ва ҳамкорликдан бугунги мўъжаз “Ҳадислар – болаларга”, 500 ҳадис намунаси бўлган қўлланма дунёга келди…
… “Ҳидоя”, “Мажма-ул Мақсуд” шариат китобларининг 1-жилдлари 5-10 йил олдин чоп этилиб, кейингиларига келганда нашриёт иқтисодий таназзулга юз тутиб, уддалолмай қолган эди. Сал ўзимизни тиклаб олиб, энди буларга ҳам навбат етганда, ҳар галгидай, диний-маърифий адабиётлар чоп этишда бир томонга “оғиб” кетмаслик, мафкуравий мўлжални тўғри олиш учун масъул идораларга мурожаат қилиб, уларнинг расман “еътироз билдирмаймиз” деган жавобини олгач, китобни нашрга туширардик. Бу гал ҳам йирик, 50 босма табоқлик ёстиқдай 2 та китобни ўша идора раҳбар-мутасаддиларга рухсат учун юборсак, янги жавоб олдик.
Эмишки, бозор иқтисодиётидан келиб чиққан ҳолда идора мутасаддилари ҳар бир ўқиган қўлёзмага бир босма табоғи учун энг кам иш ҳақининг бир оклади миқдорида ҳақ олиб, пул ўтказиш йўли билан хизмат қилишар экан. Бу дегани 2 та шундай ишимизга – 100 босма табоқ – 650 минг сўм ўша идораларга, варақлаб, ўқиб беришларига тўлашимиз зарур эди. Албатта, бу талаб эндигина инқироздан чиққан корхона раҳбари – мени қониқтирмади. Тағин маслаҳат билан домлага мурожаат қилдим. Бу янгиликдан у киши мутлақо бехабар эканлар, тутоқиб кетдилар.
Нега, нима сабабдан? Ўқиб бериш ахир уларнинг вазифаси, бурчи-ку. Шу иш учун маош олишади…
Қўйинг домла, куйинманг, Нашр этиш-етмаслик ихтиёрий-ку. Рухсат текин бўлмаса, чоп этмай қўя қоламиз-да…
Нега чоп этмас экансиз? Шунча меҳнат қилиб-а. Бундоқ ноёб китобларни нашрга тайёрлашнинг ўзи бўладими? Маърифий масалада Сиз билан бизнинг улардан кам жойимиз борми? Улар билган-тушунган нарсани бизлар тушунмаймизми? Нимадан чўчиймиз? Улар зиёли бўлса биз киммиз?! Миллий мафкурамизга муносиб асарлар сифатида иккиланмай чоп этаверинг. Бирор идорадан Сизни безовта қилишиб, тихирлик йўлига ўтишса, мени рўпара қилинг – жавобини ўзим бераман, – дедилар.
Андак танаффусдан кейин домла сал ўзига келгач, мен гўшакдан:
Жаҳлингиздан тушдингизми, устоз? – десам Озод ака:
Маҳмуджон, гап бундоқ – “Мажмаа”ни ҳам, Ғаззолийни ҳам тап тортмай нашрга тушираверинг, ҳеч қўрқманг. Халқ бу китобларни кутяпти. Қавмларимизнинг минг йиллик ҳамроҳлари улар. Бугунги мустақиллик йилларида бу маънавий озуқалар ўз эгаларига албатта етиб бориши керак! – дедилар.
Сўнгги сўз, хулоса ўрнида яна қўшиб қўйдилар:
Нимадан қўрқасиз, дарвоқе, жуда зўр бўлса, вазифангиздан бўшатиб қўйишар…
Мулк
2004 йилнинг кузларида Озод аканинг иккинчи оёғи ҳам кесиладиган бўлиб, янги ТошМИнинг жаррохлик бўлимига ётқизилди. Орадан 3 кун ўтиб мен домлани кўргани бордим. Медиклар шаҳарчасида стоматология марказида ТошМИ профессори бошчилигида тишларимни янгилаётган, Озод аканинг «рекламаси» билан жағга қозиқ қоқиб, тиш қўйдириш энди расм бўлаётган вақтлар бўлиб, кўп касал тишлар олдирилиб, ярайдиганлари даволаниб, қоплама қўйишга тайёргарлик кўрилаётган кезлар эди. Оғзим тўла шўрпахта билан устоз хонасини топиб бордим.
Кунгай хона, эшик олдида домланинг кровати. Тўр томонда, одатдагидай Шарофат аянинг хос ётоғи, қиз невара ўша ерда, Домла кровати қирғоғини чангаллаб ўтирибди. Ёнида стул қўйиб, қўлида 2 варақ қоғоз билан профессор Абдуғафур Расулов (Озод аканинг шогирди) устоз билан баҳслашиб турибди. Абдуғафур ака ҳам дарҳол мен билан ҳам мунозарани бошлаб юборди.
– Зап келдингизда, Маҳмуджон. Сизнинг китобингизни мисол келтириб, домла билан баҳслашиб тургандим. Бу Озод аканинг «Маънавият» нашриётида чоп этилаётган «Довондаги ўйлар» китоби мундарижаси. Сиз нашриётингиздан Ҳамидулла Болтабоевнинг янги тўпламини чиқарибсиз. Кўриб хурсанд бўлдим. Ибратли томони шундаки, Ҳамидулланинг ҳар бир мақоласи остига қайси газета-журналда, қачон эълон қилинганлигини изчил, тарихий кетма-кетликда берибсиз. Домлага биз ҳам шундай қилайлик, десам иккиланаяптилар…
– Сабаби, Ҳамидулланинг мақолалари ҳаммаси нозикроқ, бундайроқ мавзуларда. Муаллифни ҳам эътироф этадиганлар бор, айни пайтда унинг ғанимлари ҳам бисёр. Шуларни эътиборга олиб, мен «бу материаллар олдин эълон қилинган апробатсиядан ўтган» деган маънода, айрим даъвогарларнинг оғзига уриш учун шундай қилгандим. Бироқ, Озод аканинг янги китобида бу услубдан фойдаланиш зарур деб ҳисобламайман. Чунки домланинг мақолалари оқлаш ё ҳимояга муҳтож эмас.
– Бормисиз, Маҳмуджон, бу чулчутга ярим соатдан бери тушунтираман, ўзиникида туриб олган, ҳалиги китобни мисол келтиради,-дедилар Озод ака.
– Суҳбатлар бўлса бошқа гап. Албатта муаллиф қайси олим, журналист, нашр вакили билан суҳбатлашганини мақола сўнгида ёзиб қўйиш керак, бу илмий-ижодий ҳалолликка киради.
Баҳс шу билан тугади-ю, жарроҳ дўхтир йигит-қизлар домланинг ярасини даволаб, қайта боғлашга (перевязка) келишди.
– Кўтаринг оёғингизни,- деди жарроҳ йигит. Домла бир қарич ҳам қолмаган ўнг оёғи, тўғрироғи чақалоқнинг бошидайгина бўлиб турган сонини кўтариб, дўхтир муолажасига ҳозирланди.
– Энди йигитлар,- деди Озод ака,- ҳозир вақтингиз борида оёқда қолган бинтингизми, пинтсетингизми, қайчи-ю нинангизми, олиб қолинг, қайта боғлаганингиздан кейин бу мулк менга тегишли бўлиб қолади, албатта қайтиб бермайман! – дея ҳазиллашдилар.
Жарроҳ дўхтир ҳам жайдари йигит экан:
-Домла, биз керагини олиб бўлдик, қолгани ўзингизга сийлов,- деди тўпорилик билан.
Андак суҳбатдан кейин, домла:
– Тезроқ иш қобилиятим тиклансайди, ёзишни бошлаб юборардим, – дедилар бизга. – Ойбек ҳақида ёзишим керак. Ойбек ўзбек адабиётида уникал ҳодиса. Биз унинг олдида қарздормиз. Айниқса мен Ойбек истеъдоди, инсоний сифатлари олдида қаттиқ қарздорман,-дея таъкидладилар..
Ҳайрлашиб, ташқари чиқилгач, Абдуғафур ака Ойбек домла устознинг тушига киргани, ундан андак гина қилганини гапириб берди. Ва, энг муҳими, мен бир умр билмаган, сезмаган янгиликни баён қилди. Темир иродали устозимиз Озод ака, кеча шогирди Абдуғафур Расулов уни кўргани келганида баралла йиғлаб, кўкракларига бош уриб, рози-ризолик тилабди, видолашибди.
Қаранг, ҳарқанча сабот-бардошли бўлмасин, матонатда ҳаммага ибрат кўрсатмасин, инсон барибир инсонда. Озод ака эса инсон бўлганда ҳам улуғ мутафаккир инсон эди…
Сўнгги сўз
2005 йилнинг “Энг улуғ, энг азиз” танловида, мустақиллигимизнинг 14 йиллиги олдидан, менинг “Ўзбек удумлари” китобим ғолиб топилди. Орадан уч кун ўтиб, устоз Озод Шарафиддинов менга қўнғироқ қилиб:
Маҳмуджон, мукофот билан сидқидилдан табриклайман, кечикиб йўқлаётганим учун узр, кеннойингиз телефонингизни топиши қийин бўлди, ўзим тополмайман, топганимда ҳам кўриб теролмайман. Так что, менинг самимий табригимни қабул қилинг. Бултур ўқигандим, қоладиган китоб бўлганди. Муносиб мукофот бўпти, дедилар.
Улуғ инсоннинг эътибори ва эътирофидан бошим осмонга етди. Теримга сиғмай қувондим.
Маҳмуд Тоиров ҳам қўйилганди, унга ҳам рағбат бўлдими, мен кейинги пайтлар газеталарни ўқиёлмаяпман. Неваралар бўш бўлганда ўқиб беришади… дедилар.
Маҳмуд Тоир Президентимиз Фармони билан Ўзбекистон Халқ шоири унвонига сазовор бўлди. Уники жуда баланд, шоир дўстимиз учун хурсанд бўлиб маълум қилдим мен.
Ҳа, дуруст иш бўпти. Сизникиям кам эмас, бу халқнинг, ўзбек зиёлиларининг эътирофи, ижодий меҳнат баҳоси бу, яна “Удумлар”ни мақтади устоз.
Ҳамманинг табриги, ювишлар ҳам бир бўлди-ю, устознинг йўқлаганлари мени ниҳоятда қанотлантириб юборди. Бу ярим асрдан ортиқ илм ва ижод заҳматини чекиб келаётган мутафаккир зиёлининг баҳоси, юксак эътирофи эди.
Орадан икки кун ўтиб, котибам мени тағин устоз Шарафидинов қидираётганлигини айтиб қолди. Боғлансам, Озод ака салом-аликдан кейин:
Маҳмуджон, Сизни қидираётганим сабаби китобингиз ҳақида махсус мақола ёзмоқчиман.
Ҳеч қилмаган ишимни қилсам. Бир келсангиз, тезисларимни диктовка қилсаму Сиз ёзиб олсангиз. Ортиқча мақтов бўлмайди. Удумларнинг ҳар бир халқ ҳаётида тутган ўрни, муаллифнинг танлаган йўли, Президентимизнинг қадриятларимизни тиклаш йўлидаги ҳали мустақилликдан олдиноқ қилган саъй-ҳаракатлари, диний экстремизм, финатизм, жаҳолатга қарши халқ донишмандлиги, миллий дидактиканинг азалий ва абадий кураши, удумларнинг бундан буёнги тақдири бу халқимиз тақдирини белгиловчи муҳим омиллигини баён қилиш. Ана шу. Фақат аҳволимдан келиб чиқиб, ўзингизни ишга солаётганим малол келмайдими, бунинг Сизга қийинчилиги йўқми? деб қайта сўрадилар.
Мен: Йўғ-а, домла. Аввало, эътиборингизнинг ўзи мен учун энг улуғ мукофот, фақат Сиз қийналмасангиз… Мен учун Сизнинг фикрингиз, баҳоингиз катта шараф-ку, дедим.
Ундай бўлса келишдик. Вақтингизга қараб, бугун-ерта келасиз, ижодий ишни бошлаймиз. Фақат орқайин бўлмаймиз, эрта-индин қилсак ҳам бўлаверади, демаймиз, узоғи билан келаётган ҳафтанинг охиригача мақола редактсияда бўлиши керак, дедилар.
Эртаси эрталаб бир “ЎзАС” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси)ни қўлтиқлаб, домла зиёратига ишлашга бордим. Газетадаги барча мақолаларнинг сарлавҳаларини, муҳаррирнинг “Жавоб” бош мақоласи ва Шавкат Раҳмоннинг “Ватан” шеърини ўқитдилар. Сўнг 19 пунктдан иборат тезисларини бирма-бир ёздирдилар. Бу кечаги оғзаки шартлашувимиздан 3-4 баравар кўп фикр-мулоҳазаларни қамраб олган тайёр масаллиқ “ошнинг хоми” эди.
Ҳовлида, офтобшувоқда устоз билан анча гурунглашиб, уйга қайтдим. Кечаси билан тезисларни “ёйиб”, бир-бирига улаб, мақолани Озод Шарафиддинов бўлиб ёзиб чиқдим. Эртаси шанба дам олиш бўлсада, энг қобилиятли компютерчи қизимиз Дилдорани уйидан чақиртириб, мақоланинг биринчи вариантини нашриётда ёзиб чиқдик. Эртаси дам олиш куни ҳам мақола такомили ва таҳрири устида ишлаб, душанба куни домла ҳузурига равона бўлдим. Мақола компютерда 7 бет бўлиб, унда домла айтган барча фикр-мулоҳазалар қамраб олинган эди.
Яна ҳовлида, ток остида, олачалпоқ офтоб нурида, енгил стол атрофида Озод акага мақолани жумлама жумла ўқиб бердим. Бирор жумла бўлмадики, домла сўз ё бирикма қўшган, ўзгартирган, тўлдирган бўлмасин. Муаллифнинг тилидан қаҳрамонга берилган сўз ҳам ўзлаштирма гапга Озод аканинг ўз сўзига айлантирилди.
Ўзбек удумлари ҳақида гапира туриб, муаллифнинг сифатлари ўзи ҳам айрим одатларини удумга айлантиргани ҳақидаги шахсан мени мақтовчи сатрлар домланинг диктовкаси билан орага киритилди. Кутубхона ташкил қилиш одатим ҳаммага маълум бўлса-да, нотавон қариндошимга нафақа тайинлаганим ҳақидаги фактни домла шарофати билан қилган Самарқанд сафари зиёратида, хусусий меҳмонхонада, оқшом очилиб, кайф устида айтган сиримни ҳам устоз хотирлаб қолган экан, мақолага киритди. “Ортиқча мақтов бўлмайдими, домла” десам, “аксинча, ибрат бўлади, бу одатни бошқа зиёлилар ҳам удумга айлантирса, инсонийликка, ҳукуматимизга анча ёрдам бўларди”, дея қўштирди.
Устознинг диктовкаси, таҳрири ва қўшимчалари билан тайёрланган мақола 9 бетни ташкил этди.
Эртаси куни тақриз тайёр бўлгач, уни қайси газетада эълон қилиш маслаҳати бўлди. Домла иккаламизнинг ҳам биринчи навбатда “ЎзАС”га эълон қилгимиз бор эди. Бироқ икки сабабга кўра бошқа газетага беришга қарор қилдик. Бултур “Ўзбек удумлари” нашрдан чиққач, “ЎзАС”нинг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ушбу асар ҳақида катта бош мақола ёзиб, “муҳаррир минбари”да “Удумлар” нашрини маданий ҳаётда ҳодиса сифатида баҳолаши бўлса, иккинчиси республиканинг барча шаҳар-қишлоқларига кириб борадиган газета танландики, бу шубҳасиз, ҳукуматнинг ижтимоий-сиёсий газетаси “Халқ сўзи” бўлди. Орадан андак вақт ўтиб, “Ватан” журнали менга Озод ака ҳақида мақола ёзиш буюртмасини берди.
Мен расмий биографик материалдан кўра кейинги йиллар домла ҳақида ёзиб бораётганим эсселар намуналаридан бермоқчи бўлдим. Бунинг учун домланинг олдидан ўтиш, имкони бўлса, ўзларига ўқитиб олиш лозим эди. Телефонлашиб, розиликларини олгач, “19 сентябр куни Озод аканинг уйларига бордим. Дармонсизликлари сезилиб турибди. Талаблари билан уч эссени ўқиб бердим. “Маъқул, эълон қилаверинг, “Терра” журналида менинг яхши суратим берилган. Шуни илова қилинглар”, дедилар.
21 сентябр куни “Халқ сўзи” газетасида Озод аканинг “Удумларимиз халқимиз ҳамроҳи бўлсин!” деган мақоласи “Китоб ҳақида сўз” рукни билан эълон қилинди. Албатта, газета ўз табиатидан келиб чиқиб, мақолани анча қисқартирган, бироқ асосий фикр-мулоҳаза, мазмун, Озод Обидовичча стил сақланиб қолганди. Мендан биринчи бўлиб суюнчи олган Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов бўлдилар. Телефонда худди ўзлари ҳақида ёзилгандай ҳаяжон билан:
Озод акам Сизнинг китобингиз ҳақида зўр мақола ёзибдилар-ку. Табриклайман! дедилар. Қаранг, сенаторлар газетани ҳаммадан олдин оларкан-да. Мен дарҳол домлага қўнғироқ қилиб, мақоланинг суюнчисини олдим. Устоз хурсанд бўлдилар.
Ҳамма фикрлар қолибдими? деб сўрадилар.
Асосийлари қолган.
Ҳа, майли, эълон қилишибди-ку… дедилар.
“Ўзбекистон Қаҳрамони” деган ёзув берилмабди.
Унинг аҳамияти йўқ, дедилар.
Энди буни ювиш қолди, дедим.
Вақти билан ювамиз, дедилар кулиб.
Бу устозимнинг мен билан охирги мулоқоти, матбуотдаги сўнгги сўзи эканлигини гумроҳ банда ўшанда билмаган эканман. Орадан андак вақт ўтиб, рўзанинг биринчи куни, жума намозида буюк устознинг жанозаси ўқилди…
Хайр энди, озод тафаккур!
Онам раҳматлининг бир гапи бўларди. “Сидқидил раҳбар топсанг, бир умидхона қилиб, этагини маҳкам ушлагин, болам”. “Раҳбар” деганда у биз тушунган бошлиқ, хўжайин, илмий, идоравий, хизматбошини эмас, отадай жонкуяр, онадай меҳрибон инсонни кўзда тутарди.
Менинг шундай раҳбарим, умидхонам бор эди. Биргина менинг эмас, ўзбек адабиётининг, маданиятининг барча зиёлиларининг шундай мўътабар раҳбари, умидхонаси бор эди. Бу ўзбекнинг ХХ-ХХИ асрда худо ёрлақаган фидойи олими, тирик зиёратгоҳи, буюк зот Озод Обидович Шарафиддинов эди.
Озод акани ҳар ким ҳар томондан яхши танийди. Биров етук олим, бошқаси моҳир таржимон, яна бири бош муҳаррир, домла, устоз, содиқ дўст, маслаҳатгўй, касбдош, сафардош, замондош… Мамлакатимизда ҳеч ким Озод Шарафиддиновга бегона эмасди. Айниқса Президент Каримов унга Олтин юлдуз топшириб, иззатини жойига қўйганидан кейин Геофизика қўрғонидаги мунаввар хонадони Ўзбекистон меҳнаткашларининг норасмий қабулхона идорасига айланди. Бухорои Шарифдан, Қорақалпоғу Хоразмдан, Қашқаю Сурхондан, Жиззаху Намангандан кўкрагида дарду ҳасрати бор, ноҳақликка йўлиққан инсонки бор, адолат излаб, Озод аканинг ҳузурига келарди. Домла ваколати бўлса-бўлмаса ҳар бир дардманднинг дардига даво излар, ҳақиқатни рўёбга чиқариш, адолатни тиклаш учун қўлидан келган ва келмаган барча чора тадбирларни кўрарди.
Озод ака бир умр ҳаётда мухташам кўприк вазифасини ўтаб ўтди. Илмни адабиётга боғлади, адабиётни маданиятга боғлади, ўтган асру тузумнинг энг яхши анъаналарини янги, истиқлол тузумига олиб ўтди. Шўро тизими 70 йилда қилолмаган ишни “Жаҳон адабиёти” журнали очиб, етти йилда уддалади. Яъни дунё маданияти хазинаси адабий жавоҳирларини ўзбек тилига ўзи ва салафлари билан ағдариб, ўзбек адабиётини Катта Адабиётлигича сақлаб қолди.
Суюкли шогирдини шифохонадан кўриб қайтишда: “Бегали бутун бошли бир институт” дегани бор эди. Озод Шарафиддиновнинг ўзи бутун бошли бир Академия эди…
Домла совет даврида адабиётга янги нафас, тоза ҳаво олиб кириб, умрини бунтарлик исёнкорликда ўтказган бўлса, Мустақиллик йилларида чинакам миллий қаҳрамонлик намунасини кўрсатди. “Шунча умрни беҳуда ўтказиб юборган эканман” дея мудом ўзини айблайдиган аллома қисқа муддатда “Ижодни англаш бахти”, “Президент”, “Довондаги ўйлар” китоблари билан истиқлолнинг адабий портретини яратиб берди.
Қариганида худо суйган қулига дард бериб, сўнгги кунигача уни синовда ушлади. Озод ака, аввало худо, сўнг ўзининг пўлатдай тобланган метин иродаси билан ҳамиша дарддан баланд юриб, ижтимоий, илмий, адабий, публитсистик ижод билан фаол машғул бўлди ва бу соҳаларда мисли кўрилмаган ғалабаларни қўлга киритди. Домланинг бемор ҳолида бундай натижаларга эришувида менимча, уч омил унга суянчиқ бўлди. Биринчиси, устознинг ўз миллати, халқига бўлган беқиёс меҳр ва оқибати. Иккинчиси умр йўлдоши Шарофат ая бошлиқ оилавий бадастур муҳит, учинчиси, шубҳасиз, Президент Каримовнинг бу зотга нисбатан мунтазам эътибори ва рағбати.
“Президент” китобини орият устида ёзди. Қирғизистонлик, Россиялик, бошқа хорижий давлатлар сиёсатдон профессорлари Ўзбекистон Президенти ҳақида кетма-кет китоблар чоп этаверишгач, бу ўзбек профессорининг ҳамиятига тегди. “Нега бизнинг Президентимиз ҳақида, бошқалар ёзиши керак. Ўзбекдан шу миссияни амалга оширадиган олим йўқми? Кўз ўнгимизда шаклланган, униб-ўсган, Президент бўлса. Ёзиш керак!”
Ўзбекнинг биринчи Президенти ҳақида ўзбек олимининг биринчи асари ана шундай дунёга келди. Бу китоб бошқа муаллифлар асарларидан фарқли ўлароқ холислиги, самимияти, инсонийлиги, юксак бадиияти, тамаъ ва сиёсий ўйинлардан холилиги билан ажралиб туради.
Президентнинг улуғ алломага ҳурмат ва ихлоси халқимизга яхши маълум. Абдулла Аъзам давлат раҳбари номидан Озод акани йўқлаб, дуойи саломларини етказиб турганининг бир неча бор гувоҳи бўлганман.
Президентга раҳмат, деганди бир гал Озод ака анвойи гулларини ҳидлаб, илхом билан янги-янги асарларимни ёзяпман. Чопонлари танамни яйратяпти. Мен бинойиман. Бошқа ижодкорларнинг кўнглини олинглар. Масалан, Одил Ёқубов ўзбекнинг катта санъаткори у. Руҳлантиринглар, уни саломатлиги яхшимас. Шундаям шу ёшида ажойиб асарлар ёзяпти. Кўнгли кўтарилса, қанот чиқариб, яна зўр асарларини ҳадя этади, халқимизга…
Тағин бир гал Президент йўқловидан миннатдор бўлган устоз:
Менинг шахсий илтимосим йўқ, таклиф шулки, улуғ адибимиз Ойбекнинг 100 йиллигини обрўйига яраша, жаҳоншумул қилиб ўтказайлик. Президентимиз бу ҳақда махсус фармон чиқариб, маблағ ажратишга ижозат берсалар, дея илтимос қилганига шоҳидман.
Демак, бу борада ҳам Озод Шарафиддинов мамлакат зиёлилари билан Президент ўртасида кўприк бўлиб яшади.
Ўзбекистонда Озод ака дахлдор бўлмаган соҳаю, шахс йўқ ҳисоби эди. Рустам Қосимжонов Жаҳон чемпиони бўлганида, Триполига қўнғироқ қилиб, “Балли, Рустамжон ўғлим, сен бутун Ўзбекистонни чемпион қилдинг” дея биринчи бўлиб олқишлаган ҳам Озод Шарафиддинов эди…
Адиб сўнгги йилларда тўлиб-тошиб, улгуриш учун шошиб ўзбекнинг машҳур одамлари ҳақида қатор адабий-публитсистик очерклар яратди. Улар орасида олимлар, ҳуқуқшунослар, тадбиркорлар, шифокорлар, деҳқону фермерлар тимсоллари бор. Кўпчиликка маълум атоқли адиблар Чўлпон, Ойбек, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Сарвар Азимов, Музайяна Алавия ва бошқалар ҳақида тамоман янги гапларни ёзди.
Шу туркумдаги очерклар орасида муаллифнинг кўпчиликка яхши таниш бўлмаган ҳассос ўзбек адиби Самар Нуров ҳақидаги асари алоҳида ажралиб туради. Тасодифан фалокат рўй бериб, ногирон бўлиб қолган санъаткор сабот-иродаси, матонати “Қора тонг” романини яратиш йўлида чеккан жисмоний-руҳий изтиробларини тасвирларкан, устозни яқиндан билганлар бу тимсолда Озод аканинг автопортрети ҳам муштараклигини яхши фаҳмлайди.
Қаҳрамонимиз Озод Шарафиддинов ҳаммага ўтганларга ҳам, ҳаётларга ҳам қўлидан келган яхшилигини аямай ўтди.
Озод Шарафиддиновни баъзилар фидойи рус маданиятшуноси Дмитрий Лихачевга қиёслашарди. Кўпчилик бу зотни “ўзбекнинг имони” дерди…
Ўзбекистон, ўзбек халқи ўзининг буюк фарзандидан айрилиб қолди. Зиёлилар, ижод аҳли, афкор омма ватанпарвар, миллатпарвар, фидойи раҳбари, тирик зиёратгоҳи, умидхонасидан жудо бўлди. Озод Шарафиддиновнинг ўрни, қадри бундан буён кўп билинади. Алвидо, улуғ устоз! Охиратингиз обод бўлсин. Хайр энди, озод тафаккур…
Видо
Юрагим зирқираб, ўрганиб қолган рақамим 1615064 га қўнғироқ қилдим. Одатда бу телефон гўшагини домланинг ўзи оларди. Биламан, энди домла йўқ, гўшакни кўтариб зарбнафас билан “а-лоҳ!” демайди. Шундай бўлса ҳам ўрганган кўнгил…
… Келиннинг ёрдамга келган опасининг гапича, ҳовлида ҳеч ким йўқ, ҳамма ишда-ўқишда. Шарофат ая (домланинг рафиқаси) яқинда 1-статсионарга даволанишга ётқизилибди.
Домланинг Абдулла Орипов “Адолат кўзгуси” китобига ёзган сўзбошиси учун андак қалам ҳақи бор эди, шуни олиб, ҳам кенойини зиёрат қилиш мақсадида шифохонага равона бўлдим. Шарофат янга мени кўриб хурсанд бўлди, “визитим” сабабларини айтдим.
Гонорарни муаллифнинг ворисига топшириб, имзо чектирдим. Айни пайтда армоним – шунчалик яқинлигим, домламнинг матбуотда эълон қилган энг сўнгги асари менинг китобим ҳақида бўлганлиги билан, насиб қилмаган экан, кўплар қатори устознинг тобутига елка теккизишга ярамаганим – ўша кунлари оператсия бўлиб, шифохонада ётганимни айтдим. Келинойи узримни тўғри қабул қилиб, устознинг сўнгги дамлари ҳақида ҳикоя қилиб берди:
– Домлангизнинг вақти-соатлари яқинлашганини сезиб, дарҳол қизим Муҳаббатни чақиртирдим. Хавотирим Алишердан эди. Ишининг тиғизлигидан отаси билан видолашолмай қолмасайди, деб чўчирдим. Ташқари чиқиб, қўлига телефон қилдим. Худонинг қудрати, югуриб келдими, учиб келдими, уч-тўрт дақиқада отасининг бошида ҳозир бўлди. Домла ўзларига келиб, ҳаммамизга бирма-бир қараб чиқдилар. Мен:
– Хўжайин, сўнгги пайтларда асабларим издан чиқиб, хизматингизни ўрнига қўйиб қилолмаган бўлсам, билиб-билмай қаттиқ-қурум гапирган бўлсам, мени кечиринг, рози бўлинг, – дедим. Домлангизнинг юзларида табассум ёйилди:
– Мен Сиздан мингдан минг розиман. Ахир ҳар куни “розиман” дейман, эшитмайсизми? – дедилар. Аслида, бирор марта бўлсин, бу сўзни тилларига олганларини эшитмаганман. Демак, ичларида айтарканлар-у бизлар билмас эканмиз-да. Тағин:
– Болаларингиздан, оила аъзоларингиздан рози бўлинг, – дедим.
– Ҳаммаларингдан розиман. Минг бор розиман, – дедилар. Сўнг ҳаммамизга яна бир қур нигоҳ ташлаб:
– Алвидо! – дедилар ва шу зумда жон узилди. Оллоҳнинг инояти, жуда осон жон таслим қилдилар…
– Ҳа, домлам-а, – хаёл қилардим мен Шарофат янгани юпатиб, йўлда кетарканман, – бир умр қаҳрамонликдан иборат ҳаёти стсенарийсига “алвидо”ни ҳам киритиб, уни ўринлатолган устоз-а!…
Маҳмуд Сатторов
“Ҳуррият” газетасидан олинди.