Низомиддин Амир Алишер Навоийнинг дурдона асарлари шоир ўзи ҳаётлиги давридаёқ Шарқ мамлакатлари ва Европага тарқалган эди. У вазири аъзам сифатида
Не мулк ичраки бир фармон йибордим,
Анинг забтиға бир девон йибордим,
Бу девон тутти ул кишварни андоқ,
Ки девон тузмаган дафтарни андоқ, —
деб ёзганида ўз асарларининг Хуросондан четдаги ўлкаларга ҳам маълум ва машҳур эканлигига ишора қилганди. Хондамирнинг маълумот беришича, Ҳиротга Алишер Навоий асарларини юборишни илтимос қилиб тинмай мактублар келиб турган. Шоир девонлари подшоҳу султонларга, амиру амалдорларга энг қимматбаҳо совға сифатида тақдим этилган. Ана шундай қимматбаҳо совғалардан бири ҳақида яқинда қўлимизга келиб тушган бир нодир қўлёзма асар нусхаси гувоҳлик беради.
Италиянинг Болоня университети Самарқанд давлат университети билан манбашунос мутахассислар тайёрлаш бўйича бир неча йилдан буён ҳамкорлик олиб боради. Ушбу университет профессори Маурицио Този самарқандлик мутахассисларга Болоня университети кутубхонасида Алишер Навоий номи билан боғлиқ бир қўлёзманинг сақланаётганлиги ҳақида хабар берди. Ниҳоят, профессорлар — М.Този ва Ш.Сафаров саъй-ҳаракатлари билан ушбу қўлёзманинг фото ва электрон нусхалари СамДУ ўзбек адабиёти тарихи кафедрасига келтирилди.
Асар Болоня университети кутубхонасида 3370-инвентар рақами остида сақланади, унинг номи эса «Рисолат ат-таворих» деб қайд этилган. Асар муаллифи сифатида Амир Алишер Навоий номи кўрсатилган.
Қўлёзма билан танишар эканмиз, бу асар Алишер Навоий «Тарихи мулуки Ажам» асарининг усмонли турк тилига қилинган таржимаси эканлиги аён бўлди.
Матн 71 саҳифадан иборат, бағоят гўзал настаълиқ хатида ёзилган. Асар матни электрон нусхада бўлганлиги сабабли унинг муқоваси, унвони, ҳажми, ранги ва безаклари ҳақида маълумотга эга бўлолмадик. Саҳифаларда жадваллар ва лавҳ чизилмаган, аммо баъзи сарлавҳалар, айрим мазмун жиҳатидан муҳим сўзлар, «қитъа», «маснавий», «шеър» каби калималар бошқа хил рангдаги сиёҳ билан ёзилганлиги сезилиб турибди. Асосий матн атрофида, яъни саҳифаларнинг ҳошияларида ҳеч қандай ёзув кўзга ташланмайди.
Қўлёзманинг дастлабки саҳифаларида Мавлоно Абдураҳмон Жомий лирик девонларига ёзилган дебоча матни келтирилган. Матнда имло хатолари мавжуд, баъзи ҳолларда айрим сўзлар тушириб қолдирилган. Қўлёзманинг 3б — 4а саҳифалари йўқ.
4б-саҳифадан «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» калимаси билан Тангри таолога ҳамд бошланади. Ҳамд матнидан муаллифнинг тили туркий тилнинг Ҳирот ёки Марказий Осиё лаҳжаларидан бирида эмаслиги маълум бўлади. Яъни: «Ҳамди номаҳдуд ва санойи номаъдуд ул Сониъи Офаридгора ва ул Холиқи Парвардигора, ки навъи инсониййи таълими аспо ва такрийми «Каррамно…» ила сойир ҳайвонотдин сарафроз ва ҳар сунъини луғоти мухталифа сабаби ила бири бирдин мумтоз эдуб, ҳар фардина бир завқ ва ҳол ва ҳар ҳола мувофиқ ҳусни мутаол верди …».
Ҳамддан сўнг хотам-ул-анбиё Расулуллоҳ (с.а.в) шаънига наът келтирилган. Шундан сўнг таржима муаллифи рисола таълифининг сабабини баён этади. Маълум бўлишича, муаллиф Алишер Навоийнинг «Тарихи мулуки Ажам» асарини бир куни бир соҳиби давлатнинг мажлисига туҳфа сифатида келтиради. Бу кишини муаллиф «соҳиби давлат», «олийшон», «азиз» деб таърифлашига кўра, уни ё подшоҳ, ё шаҳзода ёхуд бирор ҳоким мансабидаги шахс деб тушуниш мумкин. Камоли одобидан муаллиф унинг номини очиқ тилга олмайди. Ҳадяни қабул қилгач, у олий мартабали зот мазкур «дилпазир» ва «беназир» китобга ҳамду таҳсин сўзларини айтиб, уни ҳадя этувчига эҳсонлар келтиришни буюради. Мажлисда ҳозир бўлган эътиборли кишилардан баъзилари бир таклифни ўртага ташлайдилар, яъни: «Ул мажлисда ҳозир ўлан аъиззаи асҳобдин ва ажиллаи аҳбобдин баъзи илтимос айладиларким, бу рисолаи чиғатой дилиндин чиқоруб румий либос-ла зийнат вермак мурод эдиндиларки, то ҳар киши фаҳвосини фаҳм эдуб, маҳфуми қиссадин огоҳ ва хабардор ўла». Бундан маълум бўладики, мазкур воқеа Туркия шаҳарларидан бирида юз берган ва мажлис аҳли Марказий Осиё туркий тилини яхши тушунмайдиган Кичик Осиё турклари бўлган. Муаллифнинг «румий либос-ла зийнат вермак…» дейишига қараганда, воқеа қадимги Рум диёри, яъни Истанбулда кечган бўлиши мумкин.
Мажлис аҳлининг таклифига кўра, «соҳиби давлат» китобни «румий» туркийсига таржима этишни совға келтирганнинг ўзидан илтимос қилади: «Ул ҳазрат даҳи бу азизлари илтимосини қабул эдуб ва ул хидмати яна бу ҳақира ҳавола этдиклари ажалидин бу хидмата илтизом ва бу густоҳлиға журъат ва иқдом этилди». Муаллиф ўзи адо этмоқчи бўлган хизматни улуғ инсонлар илтифоти қаршисида жуда оз ва кўримсиз меҳнат деб камтарона баҳолайди. Дебоча ниҳоясида муаллифнинг қуйидаги эътирофи келтирилган: «Фузалотнинг қиссалари эҳсонидин масъул ва маъмурдурки, «Ал-маъмул маъдад вал-узр мақбул инда кироман-нос»,(«Улуғ инсонлар наздида озгина уринишлар ҳисоб ва узрлар қабулдир». — Д.С.) маъноси узра бу ҳақирнинг густоҳлиғини маҳзур ва авроби бир айбини зери доман ислоҳда пўшида ва мастур буюрсунлар».
Шундан сўнг «Ҳазрати Мир Алишер равшанзамир алайҳираҳматра «вар-ризвону минал-алиййил-кабийра» («Боғ буюклар ва улуғлардан иборатдир». — Д.С.) «Таворихи мулук»инда шуйла таҳрир ва тақдир эдерки, …» деган сўзлар билан асарнинг асосий матни бошланади. Асар матни 65 саҳифадан иборат.
Қўлёзманинг охирги саҳифаларида таржимоннинг хотима сифатида ёзган сўзлари бор. Асар таржимасини тугатгач, у хотам ул-анбиё Муҳаммад(с.а.в)га дуруд ва саломлар йўллайди. «Ал-ваҳҳобу ҳусн тавфиқа» сўзларидан сўнг «наът» сўзи ёзилган. Аммо наът матни келтирилмаган. Шундан кейин асар ёзиб тугатилган сана ва муаллифнинг исм-шарифи баён этилган. Яъни, асар 989 ҳижрий йилнинг жумодил аввал ойида ёзиб тугатилган. Унинг муаллифи Садриддин бин Қози Шукруллоҳ ар-Раззоқули Ғафуруллоҳ номли шахс бўлган экан.
Муаллиф барча иймон келтирганлар ва мусулмонлар ҳақига дуо қилгач, қуйидаги рубоийни ёзиб қолдирган:
Ҳар ки хонад дуо тамаъ дорам,
З-онки ман бандаи гунаҳкорам.
Ғариқи раҳмати яздон касе бод,
Ки котибро ба «Ал-ҳамди» кунад ёд.
Қўлёзма ўқилиши қулай, чиройли дастхат билан ёзилганлигига қарамай, унда тушуниш қийин бўлган сўз ва жумлалар ҳам учраб туради. Матнда баъзи сўзларда имловий хатоларга йўл қўйилгани ҳолда, баъзан гап орасидан айрим сўзларнинг тушириб қолдирилиши ҳодисалари ҳам учрайди. Масалан, 1б-бетдаёқ муқаддас китоблардан келтирилган иқтибосда мазмун мукаммал чиқиши учун бир феъл етишмайди: «Кунту набиййан ва Адама байнал мои ват-тийни». Сўзларнинг луғавий маънолари: кунту — бўлдим, набиййан — пайғамбарлик жиҳатидан, Адама — (Одамни) ёки хушбўй зиравор, байна — ораси(ўртаси), мои — сув, ват-тийни — анжир ёки тупроқ. Маълум бўлаётганидек, гапдан маъно чиқариш машкулот туғдиради.
Айрим саҳифалардаги матннинг кўп жойлари ўчиб кетган.
Алишер Навоийнинг «Тарихи мулуки Ажам» асари ўрта асрлар Шарқ таржимачилик анъаналарига мос тарзда бироз эркинроқ таржима этилган. Матннинг асосий қисми айнан, сўзма-сўз таржима қилинган. Аммо баъзи ўринларда муаллиф матнни қисқартириб, асосий мазмунни баён этиш билан чекланган. Шуни айтиш керакки, Навоий асарида келтирилган бирор тарихий шахс таржимада тушириб қолдирилмаган. Бу жиҳатдан асар тўлиқ, бироқ унда баён этилган айрим воқеа-ҳодисалар тафсилотлари қисқароқ берилган.
Таржима муаллифининг шахсияти, туғилган ва ҳаёт кечирган йиллари, касби, воқеанинг қаерда содир бўлгани ҳақида бирор фикр билдириш мушкул. Аммо, шу нарса маълумки, муаллиф шоир ёки адиб бўлганми, моҳир таржимон бўлганми ёхуд адабиёт иштиёқманди бўлганми, таржимага жуда жиддий ёндашган. Қайд этганимиздек, асардаги баъзи воқеалар тафсилотларини мухтасар ҳикоя қилгани ҳолда, матнга бирор янгилик ёки қўшимча киритишга журъат этмаган. Албатта, қўлёзманинг асл нусха ёки кўчирилган эканлиги, муаллиф дастхатими ёки кўпайтирилган нусхалиги ҳам номаълум. Аммо 1640/41 мелодий йилга мансуб қўлёзма тадқиқотчилар эътиборида бўлиши ва махсус илмий изланишларни талаб этиши табиий ҳолдир.
Ушбу таржима асар муаллиф фойдаланган қўлёзманинг топилишига ҳам имкон яратиши мумкин. Ҳар ҳолда, бу ажойиб ҳодиса — ХVII аср ўрталарида Ҳазрат Алишер Навоий асарининг қимматбаҳо туҳфа тариқасида Рум диёрида мавжуд бўлиши — шоир умумбашарий ижодининг барча эллар учун фойдали, умрбоқийлигига мисол бўла олади.
Дилором Салоҳий
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 5-сонидан олинди.