Ўзбек миллий матбуотининг тўнғичи бўлган «Тараққий» газетаси чиққан кунга юз йил тўлди. Тўғри, унгача 1870 йили Туркистон генерал губернатори Фон-Кауфманнинг кўрсатмаси билан ўлкада рус тилида «Туркестанские ведомости» ва унга илова тарзида ўзбек ва қозоқ тилларида «Туркистон вилоятининг газети» ташкил қилинган ва улар 47 йил давомида нашр этилиб турган эди. Бироқ бу газеталар босқинчиларнинг нашр афкори бўлиб, ўлкада мустабидлик сиёсатини олиб борган ва ана шу тизимни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилган. «Тараққий» эса маҳаллий халқларнинг миллий манфаатини ҳимоя қилган, уларда эрк, истиқлол туйғусини уйғотган, миллат шаънини кўтаришга, уларни озод ва мустақил ҳаёт учун кураш йўлига чорлаган газета сифатида Ватанимиз тарихидан муносиб ўрин олди. Ушбу газетани ташкил этиш мустабидлик даврида миллатдошларимизнинг миллий озодлик йўлига киришдек жасорат сари қай тарзда қадам ташлаганларини кўрсатувчи ёрқин далил ҳамдир. Шу боис «Тараққий» газетаси қандай ижтимоий-сиёсий шароитда юзага келганини, уни кимлар бунёд этишганини бугун яна бир карра эслаш жасур аждодларимиз руҳи покларини шод қилиш деган гап. Келинг, мана шулар ҳақида суҳбатлашиш учун юз йил муқаддам содир бўлган воқеаларга хаёлан бўлса-да, қайтишга уринайлик.
… 1905-1907 йиллардаги шиддатли инқилобий ҳаракатлар яккаҳокимлик асосига қурилган чор Русиясидек салтанатни ҳам ларзага келтирганди. Талвасага тушган подшо Николай Иккинчи 1905 йилнинг 17 октябрида манифест деб аталган ҳужжатни имзолашга мажбур бўлганди. Манифестга кўра, Русия фуқароларига сўз ва матбуот эркинлиги, жамиятлар (фирқалар) тузиш ихтиёри ваъда қилинганди. Мана шу вазият мустабидлик занжирига тушган Туркистонда ҳам миллий матбуот юзага келишининг сиёсий омилини ташкил этганди.
Туркистондаги мустабидлар маҳаллий аҳолининг мафкуравий қудратли қурол ҳисобланган газета чиқаришларидан ниҳоятда хавфсирардилар. Шу боис манифест эълон қилингандан сўнг ҳам турли йўллар билан бунга тўсқинлик қилмоқчи бўлдилар. Маҳаллий зиёлиларни, аниқроғи, тараққийпарварларни лақиллатиш мақсадида 1906 йилнинг 2 январида ўзларининг содиқ хизматкори Иван Геер муҳаррирлигида «Ўрта Осиёнинг умр гузорлиги. Тараққий» номли ўзбекча газета чиқариб, гўё бу билан маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи газета ташкил қилинди, деган сохта тасаввур уйғотмоқчи бўлдилар. Маҳаллий зиёлилар бу макрнинг тагига етмасдан, И. Геер газетаси чиққанидан хурсанд бўлишиб, унда иштирок этиш учун гуриллаб газета таҳририятига йўл олдилар. Лекин тез орада маълум бўлдики, мустабид ҳукмдорлар бу газетани кўз бўяш учунгина чиқарган экан. Амалда у ҳам Туркистон губернаторлигининг расмий нашри «Туркистон вилоятининг газети»дан деярли фарқ қилмасди. Шу боис маҳаллий зиёлиларнинг мазкур газетадан ҳафсалалари пир бўлишиб, унга мутлақо қатнашмай қўйишди ва у 17 сони чиққач тўхтаб қолди. Шу вазиятдан жадидлар усталик билан фойдаланадилар. Хусусан, Мунаввар қори мазкур газетанинг моддий-техник заминида маҳаллий аҳолининг манфаатларини ҳимоя қила оладиган даврий нашрга эга бўлиш учун қаттиқ ҳаракат қилади. Чунки у И. Геер чиқарган «Ўрта Осиёнинг умр гузорлиги. Тараққий» газетаси таҳририятига ишга жойлашиб олганди. Унинг газета таҳририятига жойлашишига бир тасодиф кўмак берган.
И. Геер газетасини чиқариш ҳаракати билан юрганда, «Туркистон вилоятининг газети»да ходим бўлиб ишлаётган мулла Олим Абулқосимовдан маҳаллий аҳолидан ўзларига садоқатли бир зиёлини топиб беришни сўрайди. Мулла Олим унга Мунаввар қорини тавсия қилади. Ҳар ҳолда, бу ерда мулла Олим ҳам, И. Геер ҳам адашишганди: Мунаввар қори мустабидларга садоқатли гумашта эмас, маҳаллий аҳолининг манфаатини ҳимоя қиладиган эл фарзанди эканлигини пайқамай қолишади. Шу тариқа Мунаввар қори журналистикага кириб келган ва бунинг катта куч-қудратга эгалигини ўз тажрибасида синаб кўрганди. Энди у мустақил ҳолда газета чиқариш ҳаракатига тушади. Ташкил этмоқчи бўлган газетасига ўзи муҳаррир бўлиш учун мустабидларга расмий ҳужжатлар асосида мурожаат этишга тўғри келади. Русчани эса яхши билмайди. Шу боис иккиланади ва маҳаллий аҳолининг тилини яхши биладиган, айни пайтда, рус тилида яхши гапира оладиган қозонлик Исмоил Обидий деган кишини газета муҳаррирлигига таклиф қилади. У дарҳол рози бўлади. Шу тариқа, юзага келган қулай сиёсий вазиятдан фойдаланган Туркистондаги маҳаллий халқ вакиллари – тараққийпарварларнинг ҳаракати билан 1906 йилнинг 14, янги ҳисоб билан 27 июнида «Тараққий» номли ўзбекча миллий газета ёруғлик юзини кўради.
Газетанинг шиори «Нажот: маслакда собит, тўғриликни ижобат» бўлганди. Илмий, адабий, фанний, тужжорий бўлган газета охирги сонигача ўзининг шиорига содиқ қолди. У маҳаллий халқнинг севимли газетасига айланди. У чинакамига миллий газетамиз бўла олди. Негаки, у ўз даврида миллатимизнинг энг долзарб, оғриқли муаммоларини дадил кўтара билди, юртдошларимиз қалбига эрк, озодлик учун кураш туйғусини жойлади, уларда ўз кучига ишонч уйғотди, истиқлол сари йўллади.
«Тараққий» дастлабки сонлариданоқ маҳаллий аҳолига Русия салтанатининг моҳиятини, миллий зулм, мустабидлик нима эканлигини, эрк, озодлик нақадар буюк неъматлигини англатишга ҳаракат қилди. Газета муҳаррири ўқимишли, ақлли инсон бўлганлигидан таҳририят ишини пухталик билан бошқариб борди. Муҳими, эсерлар фирқасига мойиллик билдирувчи Исмоил Обидий билан Тошкент жадидларининг раҳнамоси Мунаввар қори биргаликда ишлаб кета олди. Уларни бир нарса бирлаштириб турарди: золим ва маккор салтанатнинг бўғовидан қутулиш.
Газета муҳаррири Исмоил Обидий мустабидларни «ҳуркитиб юбормаслик» учун газета биринчи сонининг охирги – тўртинчи саҳифасида ўз маслагини пардалироқ қилиб баён этади: «Газетамиз «Тараққий» номинда ўлуб, бора-бора жисми ҳам исмиға мувофиқ ўлуб миллатимизни «кейин» қолмоғиға, жаҳолат ва ғафлати олийда ўлуб бошқа миллатлардан кам даражада қолмоғиға асло рози эмасдирмиз… биноан алайҳа, газетамизнинг нажотимизға, дунё ва охиратда масъул ўлмоқиға ёлғуз илм бобидур демак энг биринчи вазифасидур». Газета «нажот» деганда, нимани назарда тутганлигини пайқаш қийин эмас: мустабидлик занжирига тушиб қолган халқнинг нажоти эркинлик, озодликдан бошқа нарса эмаслиги ўз-ўзидан маълум. Миллатимизнинг бошқа миллатлардан орқада қолишига асло рози бўлмаслик гўё бугун ёзилган сатрлардек таассурот қолдиради. Нажотга эришишнинг, тараққий топишнинг ягона йўли – илм-маърифатни эгаллаш орқали, деган фикр ҳам нақадар ўйлаб айтилгани сезилиб туради.
Газета «замонимиз фойда ва истифода замонидир», «миллат манфаатини хизмат этмак замон, тортган меҳнат, кўрган заҳматларидан қутуладурғон замон бу замон. Дин ва дунёмиз учун ғайрат қилуб ибрат оладурғон замон – бу замон. Ҳар ким ўз ҳиссасин олиб турғон муддатда оғиз очуб қоладурғон замон эмас»лигини ҳам усталик билан ишора қилиб ўтади. Бунинг учун яшаш тарзини, турмуш шароитини бир карра кўздан кечириб, эскирган, замона талабларига жавоб беролмай қолган урф-одатларни, расм-русумларни, муассасаларни «таъмирлаш», ислоҳ қилиш керак, деган ғояни илгари суради, асрлар давомида халқни тараққиётда, тамаддуниятда орқага қолишга сабабчи бўлаётган нарсалардан воз кечиш кераклиги англатилди. Энг муҳими, миллатдошларимизнинг ривож топишида улкан тўсиқ бўлиб қолаётган жаҳолат балосидан қутулишга алоҳида эътибор берилди.
«Тараққий» илк сонидаёқ Мунаввар қорининг маҳаллий аҳолини жаҳолат ботқоғидан олиб чиқишга даъват этувчи «Бизни жаҳолат – жаҳли мураккаб» сарлавҳали мақоласини эълон қилганди. Мақолада маҳаллий аҳоли ўртасида илдиз отган энг катта бир иллат очиқ кўрсатиб берилди. Жаҳолат – бу бирор нарсани билмаслик. Жаҳли мураккаб эса билмаган нарсасини жаҳолати туфайли англамаслик, яъни икки карра жаҳолатдир, дейди муаллиф. Шу аснода муаллиф «ески мактаб» деб аталувчи анъанавий мусулмон мактабларидаги ўқитиш тизимини кескин танқид қилади, уни тубдан ислоҳ этиш керак, деган фикрни илгари суради. Мактабда ислом дини асослари билан бирга, ўқитилишидан фойда бўлмаган китоб (дарс)лар ўрнига замонавий ҳаётда фойдаси тегадиган фанлар, жумладан, ҳисоб, жуғрофия, таворих, тарихи ислом кабиларни ўқитиш масаласи қўйилади. Демак, муаллиф мактабдаги таълим ва тарбия ҳаёт билан бевосита боғлиқ бўлиши лозим, деган талабни қўяди. Мунаввар қори биринчилардан бўлиб ўқитиладиган дарс (фан)ларнинг болалар ёшига муносиб бўлиши лозимлигини, уларнинг ахлоқига кўрсатадиган таъсирини ҳисобга олиш даркорлигини ўртага ташлайди. Мақолада мактабларда ҳаётда асқотадиган дарсларни ўқитиш керак, ўқитувчилар билими, ахлоқи, маънавий жиҳатлари билан шу касбга мос бўлишлари лозим, улар замонавий педагогик услубларни эгаллаган бўлишлари даркор, деган фикрлар илк мартаба ўртага ташланди. Бу фикрлар ўша пайтда — дин аҳллари, уламоларнинг жамиятда мавқелари катта бўлиб турган замонда дадил ўртага ташланиши, айтиш мумкинки, муайян даражада жасорат эди.
«Тараққий» газетаси чор Русияси давлат тизими ҳақида ҳам дадил фикрларни билдира олди. Жумладан, газетанинг 1-сонида «Дума хусусинда» сарлавҳали мақола шундай руҳга эга. Мақоланинг мазмунига мутлақ ҳокимият (абсолют монархия) тузумига қараганда парламентли давлат тузуми афзалдир, деган фикр сингдирилган.
Газетанинг 3-сонидаги «Тошканд. 22 июн» сарлавҳали бош мақолада ҳам чор Русияси давлати тизимининг иллатлари ҳақида сўз юритилади. Унда ёзилишича, рус-япон уруши Русиядаги катта мансабдор ҳарбийларнинг ўз лавозимларига нолойиқлигини исботлаган. Уруш Русия қўшинларининг техника, замонавий қурол-яроғ жиҳатидан орқада қолганлигини кўрсатган. Шу боис Русиядек катта салтанат Ажам (Эрон)дан қарз сўрашга мажбур бўлган. Бу фикрларнинг замирида гўё Русиянинг мағлубиятидан ачинилгандек бўлса-да, аслида унинг ҳар қанча қудратли, улуғ салтанат дейилишига қарамай, заиф жойлари, тизимида иллатлари борлиги кўрсатилмоқда. Демак, Русиядек қудратли ва маккор салтанат исканжасидан қутулиш мумкин. Мана шу фикр «Тараққий»даги катта-кичик хабарларни танлашда ҳам сезилади. Жумладан, газетанинг 16-сонидаги бир хабарни олайлик. Унда «Таржумон» газетасидан қуйидаги хабар олиб босилган: бир матбаага 20 июл куни бир гуруҳ қуролли кишилар бостириб киришади ва миллат мажлиси аъзоларининг аҳолига мурожаатини татар тилида 1200 нусхада чоп эттириб чиқиб кетишади. Бу хабар замирида шундай маъно бор: Русия қудратли давлат дейилса-да, ҳаракат қилинса, унинг заиф жойларини топиш мумкин. Демак, миллий-озодлик ҳаракатига бел боғлайвериш керак.
«Тараққий» ўша даврдаги Русия давлати амалдорлари ҳақида ҳам дадил фикрлар билдира олди. Жумладан, унинг 8 август сонидаги «Маъмурлар» сарлавҳали мақоласида ҳозир аксари маъмурлар ўзлари эгаллаб турган лавозимларга салоҳиятлари, қобилиятлари жиҳатидан лойиқ эмас. Уларни Давлат думасига чақириб, нойиблар олдида савол-жавоб воситасида ўз лавозимларига лойиқ-нолойиқликларини аниқлаш даркор. Ана шундан кейингина подшоҳ улардан лойиқларини лавозимларга тайинлаш тўғрисида фармон чиқариши даркор, дейилган.
Газета ўрта мактаблар ислоҳи бўйича бутун мамлакатда кетаётган баҳсларга гўё аралашгандек бўлиб, мустамлака ўлкаларнинг мактабларида ўқитиш аҳолининг ўз она тилида бўлиши керак, деган талабни қўяди. Муҳими шундаки, газета бу фикрини шунчаки сўраш, ўтиниш тарзида айтмайди. Бу маҳаллий аҳолининг ҳақ-ҳуқуқи дейди. Ҳақ эса берилмайди, олинади. Бундай ифодага катта маъно, рамз жойланган эди.
«Тараққий» шу каби дадил фикрлари, маҳаллий аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилгани, миллий онгини ўстиришга ҳаракат қилгани учун маҳаллий зиёлилар, умуман, аҳоли орасида катта обрўга эга бўлди. Мустабидлар эса газетанинг ҳар бир сонини катта бир хавфсираш билан қаршиларди. Ваҳимага тушган маъмурлар миссионер, «Туркистон вилоятининг газети» муҳаррири Н.Остроумов орқали газетага қарши ҳужум уюштирдилар. Туллак Остроумов эса аҳолининг заиф жойларини яхши биларди. Шу боис у «Тараққий»га қарши уламоларни гиж-гижлади. Унинг газетаси «Туркистон вилоятининг газети»да «Тараққий»га қарши бутун бир курашувчилар гуруҳи шаклланди: деярли ҳар бир сонида «Мулла», «Муллавачча» деган турли имзоли кимсаларнинг демагогияга асосланган, бўҳтон аралаш заҳарли чиқишлари уюштирилди. Булар, шубҳасиз, беҳудага қилинмаган эди. «Тараққий» газетасининг бор-йўғи 20 сони чиқди. 1906 йилнинг 21 августида газета таҳририятига политсиячилар бостириб киришади, тинтув ўтказишиб, охирги, 20-сонини мусодара қилишади, олиб кетилган ашёлар асосида муҳарририни судга беришади. 26 августда бўлган суд газетани ёпишга, муҳарририни эса 3 ой қамоқ жазосига ҳукм қилади. Сўнг қамоқ жазоси уч йиллик сургун билан алмаштирилади. Илк миллий газетамиз ва унинг жасоратли муҳаррирининг тақдири шу тариқа якун топади. Лекин халқимиз газета муҳарририни шундай жасорати, умуман, маҳаллий миллат олдидаги хизматлари эвазига «Исмоил Тараққий» деган нисба билан атайди. Бу туркистонлик мазлум халқ ва элатларнинг Исмоил Обидийга бўлган катта эҳтиромининг белгиси эди.
Энди Исмоил Обидий ҳақида икки оғиз сўз. Жасоратли муҳаррирнинг ҳаёти ва фаолияти узоқ йиллар халқимиздан, жумладан, журналистлардан пинҳон тутилди. 1979 йилга келибгина заҳматкаш адабиётшунос Солиҳ Қосимов Ўзбекистон Марказий давлат архиви материаллари асосида Исмоил Обидий тўғрисида каттагина мақола ёзиб, «Гулистон» журналининг ўша йилги 9-, 10-сонларида эълон қилади. Мақола ўша даврда катта воқеа бўлганди. Айни пайтда архивдаги ҳужжатлар Обидийнинг «Тараққий» билан боғлиқ фаолиятигагина оид бўлгани учун унинг умуман ҳаёт йўли ҳамон очиқ қолиб келмоқда. Ушбу сатрлар муаллифи «Тараққий» муҳаррири Исмоил Обидийнинг шўро қатағонига учрагани ҳақида маълумот олгач, шўро махсус хизмати ҳужжатлари сақланадиган архивдан у ҳақдаги материаллар билан танишиб, ҳанузгача кўпчиликка маълум бўлмаган факт ва маълумотларни олишга муваффақ бўлди. Шу тариқа, илк миллий газетамизга муҳаррирлик қилган инсоннинг ҳаёт йўлини тиклаш имкони туғилди.
Измаил Элдонович Ғабидов (Исмоил Обидий) 1881 йилнинг 19 июнида Ғарбий Хитойнинг Ғулжа шаҳрида йирик савдогар оиласида дунёга келган. 1889 йили отаси ўлади. Тоғаси Рашид Сулаймонов 1890 йили Ғабидовлар оиласини жиянлари ўқишлари учун Қозонга кўчириб келтиради. Исмоил тўлиқсиз ўрта мактабни тугатиб, 1896-1900 йиллари Қозондаги реал (касб-ҳунар) билим юртида ўқийди. 1901 йили Москвага бориб, Строганов номидаги меъморчилик билим юртига ўқишга киради. Талабаларнинг инқилобий ҳаракатларига қатнашгани учун 1905 йили Туркистонга сургун қилинади. «Тараққий» газетасидаги фаолияти учун дастлаб қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Қамоқ жазоси Капал шаҳарчасига уч йиллик сургун билан алмаштирилади. Сургун муддатидан олдин тугайди. У Ғулжага кетиб, у ерда уч йил яшайди. Яна Самарқандга қайтиб, 1910 йилгача рус-хитой банкида хизмат қилган. Ўша йили Тошкентга келиб рус-полтава банкида ишлайди. 1913 йил октябрида банк тугатилгач, касаба уюшмасида ишлашга ўтади. 1917 йил охирида сўл эсерлар партиясига аъзо бўлган. 1918 йил бошида мазкур партиядан Туркистон ҳукумати таркибига киритилиб, Туркистон Ички ишлар халқ комиссарининг ўринбосари, кўп ўтмай, комиссар бўлган. Маҳаллий аҳоли орасида реквизитсия (мол-мулкни қийматини тўлаш шарти билан мажбурий равишда давлат ихтиёрига олиш) амалга оширилаётганда, 1918 йилнинг июнида уни отиб, оёқ-қўлидан ярадор қилишади. Узоқ даволанади. Врач Слонимнинг тавсиясига биноан ҳаво алмаштириш мақсадида яна Ғулжага кетади. Чунки у ерда акаси Абдураҳмон ва опаси Хадича яшаётганди. Хитойликлар уни қамашиб, собиқ рус консули қўлига топширишади. Консул уни атаман Анненков ихтиёрига жўнатади. Анненков унинг шўролар ҳукуматида комиссар бўлиб ишлаганини билгач қамаб қўяди. Уни отишмоқчи бўлишади. Исмоил Обидов бир амаллаб қамоқдан қочади. Паспорти бўлмагани учун у дайди сифатида ушланиб, Семипалатинск қамоқхонасига жўнатилади. 1919 йил ноябрида Семипалатинск қизиллар (болшевиклар) қўлига киргач, у ҳам озодликка чиқади. Қамоқхонада қизиллар билан ётгани фойда беради. У Москвага кетишга муваффақ бўлади. 1920 йили болшевиклар партиясига қабул қилинади. Москвада унинг опаси Зайнаб яшаётганди. У ердаги танишларининг ёрдами билан Исмоил Обидов 1920 йилда ВКП(б)нинг Шарқ халқлари бюросига иш бошқарувчи бўлиб жойлашади. 1922 йили эса Ташқи ишлар халқ комиссариатида махсус топшириқларни бажарувчи лавозимига қабул қилинади. 1923 йилда уни Турккомиссия аъзоси Рудзутак Туркистонда бирга ишлаш учун таклиф қилади. У рози бўлиб, Тошкентга келади ва Молия халқ комиссариатида валюта бошқармасининг бошқарувчиси бўлиб ишга киради. Бир йил ишлагач, Ташқи савдо халқ комиссариатига ишга ўтади. 1925 йили у ердан бўшаб, саноат косиблари касаба уюшмасига ишга киради. У партия мажлисларида қатнашмагани, аъзолик бадалини тўламагани учун 1926 йили партиядан чиқарилади. Шундан сўнг у Қозонга кетади. У ерда синглиси Робия яшаётганди. 1928 йилгача у Қозон ва Москва банкларида хизмат қилади. Яна Тошкентга келиб, бир йил саноат ҳунармандлари касаба ушмасида ишлайди. Касаллиги туфайли хизматдан кетади. Адабий ижод ва ўқитувчилик билан шуғулланади, таржималар қилади. (Абдулла Қодирийнинг «Обид кетмон» асарини рус тилига таржима қилган. Таржима жараёнида у Қодирий хонадонига муттасил келиб турган). Шўролар давлатига карши жосусликда айбланиб, 1938 йилнинг 23 январида қамоққа олинади. Шўро махсус хизмати ходимлари унга қўйилган айбни исботлай олмайдилар. Чунки бу айблар сохта, тўқилган эди. Шундай бўлса-да, уни 1940 йилнинг 9 февралида СССР НКВДси қошидаги махсус кенгаш ижтимоий хавфли унсур сифатида беш йилга Краснояр ўлкасига сургун қилиш ҳақида ҳукм чиқаради. Шу билан унинг «Дело»си тугайди. Кейинги тақдири ёзилмаган.
Исмоил Обидийнинг оилавий ҳаёти ҳам сокин ўтган дейиш қийин. У Вера Ивановна деган аёлга уйлангач, 1916 йили катта қизи Ирина туғилади, кичик қизи Софя эса 1923 йили дунёга келади. 1933 йили у хотинидан ажралган, уй-жойи бўлмагани учун Қибрайдаги мактабларнинг бирида яшаб юрган. Шу ерда уни шўро махсус хизмати ходимлари қамоққа олишган. Тошкентда яшаган Софя Измаиловна отасининг номини тиклаш учун шўро ҳокимияти органларига ариза берган, унинг оқланганлиги тўғрисидаги ҳужжатни олишга муваффақ бўлган.
Хулоса тариқасида айтиш мумкинки, «Тараққий» газетаси уч ойгина фаолият кўрсатган бўлишига қарамай, халқимиз қалбида ўчмас из қолдира олган. У ёпилгач, Мунаввар қори «Хуршид» деган газета нашр қилди, уни ҳам ёпишгач, Абдулла Авлоний «Шуҳрат» газетасини чиқарди. Уни ҳам тақиқлашгач, «Осиё», «Самарқанд» ва бошқа газеталар чиқди. «Тараққий» бошлаган иш тўхтаб қолмади. У бошлаган ёрқин йўл давом эттирилди. Унинг саҳифаларида орзу қилинган Мустақилликка халқимиз ХХ аср охирларида етиб келди. Боболаримиз бошлаган муборак иш йиллар ўтиб амалга ошди. Мустақилликнинг буюк неъматидан баҳраманд бўлолмай кетган истиқлол қаҳрамонлари номини миннатдор авлодлар доимо қалбининг тўрида асрайди.
Бойбўта ДЎСТҚОРАЕВ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.