Аҳмадали Шерназаров. Куз баҳори (2006)

Дарвоқе, кузнинг ҳам ўз баҳори бор. Кечагина хунук кўриниб турган юлғунларнинг пушти кўйлаги сайҳонлик, далаю йўл четларига гўё кўклам келтиргандек.

Электропоезд вагони деразасига термулиб кетаётган шаҳарлик бола онасига дейди:

— Онажон, қаранг чиройлилигини! Кузда ҳам дарахт гуллабди. Ўқитувчимиз дарахтлар фақат баҳорда гуллайди, дегандилар-ку…

— Ўғлим, бу дарахт эмас, бута, уни юлғун дейишади. Кузда мана шундай рангга киради. Кузда барча экинлар, мевалар пишади.

Фазо саҳросида секундига 30 километр тезликда ҳаракатланаётган Ер сайёрасининг Марказий Осиёдаги бир бўлагида ҳар йили cумбулада оқ ранг пайдо бўлади. Бу оқ булут ёки қор ҳам эмас, балки инсон меҳнати билан яратилган мўъжиза — Ўзбекистон пахтазорларидир. Ҳа, бебаҳо бойлигимиз — пахтамиз юртимиз жамолини осмонларга ҳам кўз-кўз қилади, Ўзбекистон кузининг ўхшаши йўқ тимсоли бўлиб жаҳонни ҳайратлантиради. Яна шу дамларда Ернинг ўша бўлагида осмонни ранго-ранг мушаклар безайди. Ўзбекистон тантанавор либосга бурканади. Олтин куз зарҳал саҳифа — Биринчи сентябр — энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллик айёми билан бошланади. Ўзбекистон кузи ана шундай улуғ кунлар билан ҳам тароватлидир, салобатлидир. Ва шу боис ҳам у биз гулларга бурканган баҳордек соғиниб кутадиган фаслдир.

Ватан кузини довонлар оша от чоптириб кетаётган чавандозга қиёслайман. У қорли-қировли, сумалакли-жамалакли, саратон тафтида кўпчиган тупроқли-тошли йўллар оша таг-тубига игна тушса, кўринувчи зилол сувли сумбулага етиб келгунча ер ҳам Бобо Қуёш атрофини бир айланиб бўлади. Коинот кенгликларидаги миллион-миллион километрли бу масофа Ер ҳисобида кеча-кундузли 365 кундир. Уч юзу олтмиш беш куннинг ҳар 90 кунида Ўзбекистон чеҳрасида турфа ранглар жилваланади. Олтин куз Ватан табиатидаги барча ранглар жамланадиган, уйғунлашадиган бетакрор фаслдир. Бу фаслни фасллар интиҳоси деб бўлмайди. Куз табиати гоҳ ёзни, аҳён совуқлари эса қишни эслатади.

Дарвоқе, кузнинг ҳам ўз баҳори бор. Кечагина хунук кўриниб турган юлғунларнинг пушти кўйлаги сайҳонлик, далаю йўл четларига гўё кўклам келтиргандек.

Электропоезд вагони деразасига термулиб кетаётган шаҳарлик бола онасига дейди:

— Онажон, қаранг чиройлилигини! Кузда ҳам дарахт гуллабди. Ўқитувчимиз дарахтлар фақат баҳорда гуллайди, дегандилар-ку…

— Ўғлим, бу дарахт эмас, бута, уни юлғун дейишади. Кузда мана шундай рангга киради. Кузда барча экинлар, мевалар пишади.

Эҳтимол, ўшанда болакай бирин-кетин ўтиб бораётган пахта далалари, маккажўхоризор, ғалла экилган далалар, полизу сабзавот майдонлари, боғ-роғлар, қишлоқлар қиёфасида улкан саватда ҳам гул, ҳам мева-чева, пахта-ю дон — хуллас, ўзи билган барча ноз-неъматларни кўтариб олган келбатли Куз бобони тасаввур этгандир.

Кузнинг ҳам ёзи бор. Аниқроғи, туни куз, куни ёз палла ҳозир.

Сармишнинг офтоб нурларига тўйинган узумларини танлар экансиз, қайси бошини тарозига қўйишни билмайсиз: ҳаммаси сархил, ҳар донаси ширали, болли.

Бахмал олмаларини шохидан узишга кўзинг қиймайди. Шиғил, ранго-ранг мевали боғлар келинчак уйи мисол чиройли, кўркли.

Шолизорлар бағридан палов ҳиди уфуради, тўю тантаналар оҳанги таралади.

Ҳатто бугун тиконли-нишли янтоқ ҳам дон-уруғ боғлади. Тадбиркор чорвадор янтоқзорни ўриб-йиғиб ғарамлар уйиб қўйди. Бу — янтоқ ҳам керак дегани, эрта, қаҳратонда бу тиконли озуқа қўй-ечкиларнинг тўйимли емиши дегани. Ҳа, Ўзбекистоннинг янтоғида ҳам ризқ бор, насиба бор.

Полизларда энди ҳар қандай тарвузу қовунни ейиш мумкин бўлади. Мезон шаббодалари палакнинг энг учидаги қовунга ҳам ширали таъм беради. Буни халқимиз кузда ғазанак ҳам ёзда пишган “обиноввот” билан тенглашади деб таърифлайди. Зовур ва дала четларидаги ёввойи жийдалар болакайларни ўзига чорлайди. Ёнғоқ шохида зағизғонлар пайдо бўлади. Кечки сабзавот пайкаллари олачипор далалар ҳуснига ҳусн қўшади. Тунги салқинда жунжиккан бодринг палаклари чошгоҳда яна ўзига келади. Сокин куз мусиқасига ҳамоҳанг, ҳавода мезонларнинг гоҳ мувозанатли, гоҳ учқур рақси бошланади. Овлоқ далаларда чиябўрилар тунги овга чиқади, увиллашлари қишлоқ хонадонларига етади. Ноҳасдан полиз оралаётган деҳқоннинг оёғи остида тустовуқ пириллаб қолади, лекин тутқич бермайди. Боиси парранданинг кучга тўлган, эти хонадон товуқлариникидай семирган палла ҳозир. Омборлари кўкламгача етгулик емишга тўлган чоғи, чумолилар аста-секин кўзга ташланмай қоладилар. Дарвоқе, бу паллада одамлар қазноғида ҳам ҳаракат сезилади. Кечагина бўшаб турган шиша идишлар мева-чева шарбатлари, мурабболар билан яна токчаларни тўлдиради.

Кузни онанинг кўз ёшига қиёслайман. Аммо унинг ҳомиладорлик муддати тўққиз эмас, ўн икки ойдир. Бу жараён шудгордан бошланиб то сўнгги чаноқлардаги пахта толаси териб олингунга қадардир. Пурвиқор пахта хирмонлари Олтин Куз фарзандларидир. Бугун бу хирмонларнинг туғилишига минглаб чевар қўллар доялик қилмоқда. Дарвоқе, пахта теримининг гашти бор, таровати бор. Лўппи-лўппи, момиқ толаларни чаноқдан ажратиб олар экансиз, беғуборлиги, майинлиги кўнглингга ажиб бир завқ бағишлайди, бугун кенгликни қоплаган оқлик ичида ўзингни ғаройиб денгизда сузиб бораётгандек ҳис қиласан, гўё.

“Экзотика” деган сўз бор. Назаримда, бу калом бизнинг “антиқа” сўзимиз маъносини беради. Айтишларича, бир гуруҳ хорижликлар пахта даласини кўриб бир-бирларига “Экзотика! Экзотика!” деб қийқиришган ва оппоқ пахтазорда тушган расм­ларини энг ноёб манзара деб баҳолашган экан.

Кузда ҳам баҳор борлигини деҳқон бобонинг юзларига табассум югурганда ҳис қиламан, пахтанинг аллақачон саранжомлаб ҳосил чўғидан хотиржам тортган кўнгилларда кузатаман. Қайси бир фермернинг аниқ-тиниқ ишлайдиган калкул­ятор деб аталувчи ҳисоблагичга ишонмай эски чўти билан ҳашаматли уйининг четида, невараларидан панадаги кичкина хона эшигини тамбалаб даромадларни хомчўт қилишга ўтирганини тасаввур қиламан. “Хўш, хўш” дея ҳар замонда салмоқли рақамларни оҳиста тилга олаётган деҳқоннинг шукронасини эшитгандек бўламан. Яна бировни топган даромадига семиришга мойил қўчқорми, ҳўкиз харид қилаётганида учратаман. “Молларни семиртирадиган мавсум бошланди”, дейди кимдир. Ҳақ гап. Энди молнинг егани ҳам, ичгани ҳам этига тортадиган пайт. Салқин ҳаво, қуриб суви қочган ўт-пичан, ҳатто озгина кепакми, кунжара сепилган ширали пўчоқ ҳам бўрдоқига боғланган ҳўкизни пишқиртирадиган палла ҳозир.

Яна бу дамлар келин-куёвларнинг умр баҳорлари ҳамдир. Тўйлар мавсуми — асад ва сумбулада никоҳланган минглаб ёш оилаларда асал ойлари кечаётган дамлар ҳозир. Сунбулада тўйи бўлган келинчак ҳали бошдан харир ёпинчиғини олмаган эса-да янги ҳовлида эркинроқ қадам ташлай бошлади. Янги хонадонга кўникиб, энди ҳаёти илдизлари умрбод шу ерга қадалганини ҳис қилиб етди. Сал шабадага ҳид таратаётган райҳонлар қишлоқ келинчаги гулдонининг энг кўримли чечагига айланган. Шу кунларда қошларига ўсмани қалин-қалин, энли-енли қўйиб олган қиз-жувонларнинг тилида ҳазиломуз, аслида мантиқли янги мақол: “Куз ўсмаси кўкламгача…”

Ҳа, кузнинг ўз нафосати бор. Яна бу фаслда ажиб бир сокинлик бор, лекин тин олиш йўқ. Эрта-индин дарахтлар олтину заъфарон тусга киради. Оёқостига хазон тўшак тўшайди. Аммо табиат ухламайди. Озгина илиқлик кунгай қирликлар бағрида нимжон майсалар пайдо қилади. Ғалла экилган майдонлар ям-яшил либосга бурканади. Кузда сепилган бедаю пиёз уруғлари аллақачон томир қадаб қад ростлаб олади. Ўтказилган дов-дарахт кўчатлари ҳам қиш тушмаёқ тупроқ билан тиллашиб бўлади. Шудгорланган далаларда тупроқ куч тўплашга киришади. Кўз олдингдан шундай манзаралар ўтар экан, кузни асло фасллар охири, маъюс мавсум деб таърифлашга тил бормайди.

…Электропоезд даричасига термулиб Ўзбекистоннинг кичик бир бўлагини томоша қилиб борган бола, уйга етгач чарчоқдан уйқуга бош қўйди. Ва тез орада ажойиб туш кўрди. Тушида у тақир-туқур электропоезд вагонида эмас, оқ-оппоқ пахталар оғушида учиб бораётганмиш. Дарахтлар қийғос гуллаган, чор-атроф баҳор чаманидек чечаклар билан безанганмиш. Шунда у пахтазор ва чаманзор орасида турган Баҳорой ва Куз Бобони кўриб қолди. Билишича, дадаси ва онасининг эркаси, жажжи синглиси Хуршидадек Баҳор Кузнинг ёлғиз, суюкли қизалоғи эмиш…

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ

“Ҳуррият” газетасидан олинди.