Ҳозирги ёшлар, минг афсуски, Самар Нур деган адибнинг асарлари тугул, номини ҳам билмайди. Ҳатто таҳририятда ишлайдиган баъзи ходимлар мендан «Ким эди у? Номи таниш эшитиляпти-ю, лекин эслаёлмаяпман», деб анқовсираб сўрашади. Ҳолбуки, у Навоий замонида яшаб ўтган ижодкор эмас. У ҳаёт бўлганда бу йил 70 ёшга кирар эди. Яна бунинг устига у жўнгина, оддий бир ижодкор эмасди. У ёзувчи, энг меҳнаткаш, сўзга, адабиётга садоқатли, ҳар сўзини масъулият билан айтадиган, китобхон олдидаги бурчини доим ҳис қиладиган адиб эди.
У 60-йилларнинг бошида адабиётга кириб келди, аммо бунга қадар ҳаётда анча нарсани кўрган, дурустгина тажриба орттирган, бир сўз билан айтганда, адабиётга ҳали оғзидан она сути кетмаган бола бўлиб эмас, ҳаёт ва адабиёт ҳақида жиддий, салмоқли фикр юрита оладиган, балоғатга етган шахс сифатида кириб келган эди.
Самар Нуров Қашқадарё вилоятида, Қарши туманидаги қишлоқлардан бирида туғилган. Унинг болалиги кўпгина болалар каби баҳорда гуллари, майсалари камалак ранглари билан товланадиган, ёзда олтинсимон буғдойлари денгиздек мавжланиб ётадиган, қишда оппоқ қор билан қопланадиган қирлар қўйнида, қишин-ёзин тиниб-тинчимайдиган қўй сурувлари орасида кечди. Болалик йиллари ҳар қанча машаққатли бўлмасин, айни шу кезларда у она юртининг бетакрор хушбўй ҳидларини дилига жо қилди, Қашқадарёнинг софдил ва меҳнаткаш одамларига муҳаббат бир умрга унинг қалбидан ўрин олди. Ўқишни тугатар-тугатмас қўлига қалам олди, ўзига яқин нарсалар ҳақида ёза бошлади. Кейин меҳнат кишилари дунёси, руҳиятини чуқурроқ ўрганиш учун Чимқўрғон сув омбори қурилишида экскаватор машинисти ёрдамчиси бўлиб ишлади. Шунинг учун олий ўқув даргоҳига келганда унинг олдида қайси факултетни танласам экан, нималар тўғрисида ёзсам экан, деганга ўхшаш саволлар кўндаланг бўлгани йўқ.
Биринчи қадамларидаёқ унинг ўзига хос бақувват истеъдоди намоён бўлди — у замондошлари тўғрисида, уларнинг ички дунёлари, дардлари, кечинмалари тўғрисида тўлқинланиб ёза бошлади. Унинг илк асарларидаги самимият ва ҳаяжон китобхонни бефарқ қолдирмади — улар адабиётга ўз овози, ўз мавзуи, ўз қарашлари билан дадил кириб келаётган ёш ижодкорни қизғин табрикладилар ва унинг ижодини интиқлик билан кузата бошладилар.
Унинг дастлабки очерк ва мақолалари ҳаётийлиги ва ҳаққонийлиги билан ажралиб турарди. Унинг биринчи йирик асари «Сув қўшиғи» очерки Орол муаммосига бағишланган бўлиб, муаллиф ўша кезлардаёқ бу муаммонинг энг муҳим ва мураккаб қирраларини қаламга олганди.
Ўқишни битиргач, у республика матбуотида турли лавозимларда ишлай бошлади. Ўша пайтлардаги отахон газетамизда масъул котиб даражасига кўтарилди. Таҳририятлар бу қобилиятли ижодкорга жон-жон деб ўз бағридан жой берарди. Қисқа муддатда унинг ўндан ортиқ очерк, қисса ва ҳикоялар тўплами босилди. «Майсаларни аёз урмайди», «Нарвон» каби қиссалари эса 60-йиллардаги ўзбек насрини бойитадиган асарлар бўлди. Уларнинг ҳаммасида адиб биринчи навбатда жонажон юрти — Қашқадарё муҳаббатини куйлади. Табиати баҳорда ипакдек майин, қаҳратон қишларда ғоятда бешафқат бўладиган бу воҳа китобхон кўз ўнгида дунёдаги энг севимли масканлардан бири бўлиб гавдаланади. Унинг одамлари эса адиб учун энг азиз, энг эъзозли одамлар сифатида тасвирланади. Айни чоғда адиб бу ўлканинг ички муаммоларини, одамларнинг бахти ва яшашига халақит бераётган турли иллатларни қаламга олишдан, уларни фош қилишдан чўчимади.
Шу ўринда бир савол туғилади. Бадиий асарларда тасвирланадиган Ватанга муҳаббат, юрт ишқи нимадир? Бу ҳадеб Ватаннинг тоғларию боғлари, дарёларию кўллари, шаҳарларию қишлоқлари, ўтмишию бугунини мақташдан иборатми? Уларнинг шаънига ҳамду санолар айтиш билан чекланса ё бу борада ижодкорлар «ким ўзарга» мусобақалашса, шу билан Ватанга муҳаббат тасвирланган бўладими? Ҳа, албатта, адиб ўз юртининг гўзалликларидан шодланмоғи керак. Лекин муҳаббат дегани фақат мақтов ёки ҳамд-санодан иборат бўлиши мумкин эмас. Умуман, Ватан муҳаббати, масалан, эркак ва аёл ўртасидаги муҳаббатдан фарқ қилади. Ватан муҳаббати Ватаннинг дардларидан изтироб чекишни ҳам тақозо қилади, бунга эришмоқ учун эса адиб ёки шоир ҳаётдаги турли кемтиклар тўғрисида ёки Ватан ҳуснини бузиб турган сўгаллар тўғрисида, улардан халос бўлиш йўллари ҳақида бор овози билан ҳайқириб айта олмоғи керак. Акс ҳолда ҳаммамиз шоир айтган тилла балиқчадай ўзимиз яшайдиган масканни «жаннатмакон» маскан дея мақтаниш билан ўтиб кетамиз. Кемтиклар эса ҳамиша топилади. Одамзод ҳеч қачон том маънода мукаммал бўла олмаганидек, унинг ҳаёти ҳам, турмуш тарзи ҳам, яшаш жойи ҳам мутлақо бекаму кўст жаннат бўлмоғи мумкин эмас.
Самар Нуров дил тубидан сирқиб чиққан кўзёшлардан юртининг яралари учун шифо излаган адиб эди. Унинг бундай асарлари Самарнинг ижодига катта умид билан қарашга, ундан кўп нарсалар кутишга даъват қиларди. Адиб ўз куйининг авжига кўтарилиб келмоқда эди. У яқин келажакда ҳали ёзилмаган асарларини ёзиб беришига, ҳали айтилмаган гапларини айтишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Адибнинг осмони чароғон, йўллари нурафшон, қалами равон, истеъдоди яшнаб очилаётган фасллар эди.
Бироқ… Минг афсуски, ҳаётда ҳаммавақт ҳам биз ўйлаб, чамалаб, битириб қўйган ишларимиз рўёбга чиқавермайди. Гўёки ҳаёт биз эришаётган муваффақиятларга бахиллик қилади-ю, бир чапак уриб, ҳамма ишимизни чаппасига юргизиб юборади. Кўпинча, бунақа эврилишлар сабабини тополмай, «мен қиламан ўттиз, худойим қилади тўққиз» деб ўзимизга тасалли бергандай ўтиб кетаверамиз. Буюк шоир Маяковский ҳам шеърларидан бирида «сайёрамиз қувончларга мослашган эмас» деган эди. Ҳар ҳолда ҳаёт ҳар қанча гўзал бўлмасин, унда одамларнинг ютуқларини кўришда муайян бахиллик бор.
Фалокат кутилмаганда рўй берди.
1973 йилнинг июн ойи. Ўша йили Ўзбекистонда ёз жуда иссиқ келди. Баъзи юртларда ҳавонинг иссиқлиги 30 даражадан ошса, ҳаммаёқ қиёмат бўлиб кетади. Билмадим — ўзбеклар қандай халқ экан. Совуғу иссиқ қирқдан ошса-да меҳнат қилишдан, ишга боришдан тўхтамайди. Деҳқон-ку, тангадек сояси йўқ пахта даласида дошқозон ичида қайнаётгандек бўлса ҳам, пахтасини парвариш қилишдан тўхтамайди.
Ўша кезларда Самар «Қизил Ўзбекистон» газетасининг топшириғи билан «Оқ олтин» туманига хизмат сафарига боради. 22 июн куни — жазираманинг авж нуқтаси — у кун бўйи дала кезади, деҳқонларнинг иши билан танишади, уларнинг дард-ҳасратларини ён дафтарига эмас, қалб дафтарига ёзиб олади. Кейин ишлар битгач, кечки пайт дала шийпони ёнида бир-икки ҳамроҳ билан бориб дам олишга чоғланади. Шийпон олдида ҳовуз ҳам бор экан. Кун бўйи саратон офтобида куйиб терга ботган Самар ҳовузда чўмилиб, нафас ростламоқчи бўлади. Болалигидаги шўхликлари эсига тушиб кетадими — у югуриб келиб, сувга калла ташлайди. Фалокат уни сув тагидаги цемент қувур шаклида кутиб турган эди. Самар қувурга боши билан урилади. Унинг бўйин суяги синган эди. Бир зумда қўл-оёқлари шол бўлиб қолади. Танани қимирлатиб бўлмайди. Шу тарзда бир йил давомида ҳаёт-мамот жанги бошланади. Врачларнинг айтишича, бунақа оғир зарбага учраган одамнинг юзтадан тўқсон тўққизтаси ҳаётдан кўз юмар экан. Самар аҳволи ҳар қанча оғир бўлмасин, қўл-оёқдан ташқари ички аъзолар ҳар қанча лат еган бўлмасин, яшаб қолмоқ учун жон-жаҳди билан кураша бошлади. «Кураша бошлади» дейиш — айтишга осон. У оғизнинг бир чеккасидан чиқиб кетаверади. Лекин сиз бунақа фалокатга учраган одам чекадиган дардларни, мислсиз оғриқларни, зирқирашларни, кўнгил озишларни ва энг муҳими — бу азоблардан тўйиб, ўлимга рози бўлган одамнинг ночор ётган жойида ўлолмай чеккан изтиробларини кўз олдингизга келтиринг. Бундан ташқари, сон-саноғи йўқ уколлардан бадани илма-тешик бўлиб кетган, «капельница» деганини кўрса одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Ҳар хил шланглар, боғланган яралар, баданнинг турли жойига тиқиб қўйилган трубкалар… Уларни бировнинг ёрдамисиз эплаёлмайди, овқатни ҳам ёш боладек биров едириб қўймоғи керак.
Бу азоблар етмагандек, уйқусизлик азоби ҳам ёмон қийнайди. Эҳтимол, шу уйқусиз узоқ тунларда интиқиб тонг отишини кутиб ётган Самар шоирларнинг юлдузли тунлар ҳақида жўшиб куйлаганларининг бари ёлғон эканини кашф қилгандир. Касалхонада беморларнинг иккитасига биттадан ҳамшира бириктирилган — улар ҳар ярим соатда беморни бир ёнбошидан бошқа ёнбошига ағдариб қўяди.
Эҳтимол, бунақа пайтларда Самар «саломатлик — туман бойлик» деган гапнинг маъносини қалбан жуда чуқур уққандир. Дарҳақиқат, бурнинг қичиса уни бемалол қашимоқ, истаган пайтингда истаган алпозда чўзилиб ётишнинг ўзи қандай бахт! Самар неча марталаб ўз жонига қасд қилмоқни ўйлагандир. Бир амаллаб кроватдан ерга юмаласа бас — бу азоблардан қутулади-қўяди. Бироқ у бундай қилолмасди. У ҳаётни жуда ҳам севарди. Узоқ яшамоқни орзу қиларди. Ахир, эндигина 38 га кирди. Авжи навқирон пайти, авжи ишлайдиган, яратадиган пайти. Ахир, ҳали унинг қанчадан-қанча ниятлари китоб шаклига тушгани йўқ. Ижодкор одам юрагидаги дарду ҳасратларини қоғозга туширмасдан кетолмайди-ку! Майли, ажал ҳар куни тажовуз қилсин, майли ҳар тунда Азроил унинг жонини олмоқ учун чиройли, келишган йигит тарзида, гоҳ кекса, мункиллаган қария шаклида келсин — Самар унга бўш келмайди. Бир йил касалхона палаталарида узлуксиз давом этган Ажал билан Инсон ўртасидаги ҳаёт-мамот жангида Инсон ғолиб чиқди. Майли у ногирон бўлиб чиққан бўлсин, майли, унинг ҳаракат қилиш имкониятлари анча чекланган бўлсин, майли, унинг жисмоний қуввати анча камайган бўлсин, барибир, Инсон ғалаба қилди. Самар яна бир марта Инсон иродаси, руҳий қудрати қанчалик чексиз имкониятларга эга эканлигини ҳаммага намойиш этди. Жуссаси унчалик катта эмас эди, унинг полвонлик келбати йўқ эди. Зоҳиран қараганда унчалик бақувват кўринмас ҳам. Аммо унинг ички қудрати имони бутунлиги учун, фидойилиги ва садоқати учун бу курашда енгиб чиқди.
Албатта, бу ғалаба ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ. Бунда ўз ишига садоқатли врачларнинг хизмати катта, бунда ҳамкасбларининг, ижодкор дўстларининг ҳам ҳиссалари бор. Ўзбекнинг ахлоқида ҳамиша беморлар ҳолидан хабар олиш ҳар бир одам учун ҳам фарз, ҳам қарз экани уқдирилади.
Самар тўшакка михланиб ётганида ёғочдек қотиб қолган бармоқларини қалам тутишга яраши учун тинимсиз уқалаб ётган кезлари Абдулла Орипов бошчилигидаги бир гуруҳ ёзувчилар уни кўргани боришади ва далда гаплар билан унинг кўнглини кўтаради. Яна кекса ёзувчимиз Назир Сафаров ҳам атайин уни кўргани касалхонага боради. Буларнинг ҳаммаси Самарга далда беришда, руҳан қўллаб-қувватлашда катта рол ўйнайди. Бироқ булар билан бир қаторда яна бир факт борки, уни тилга олмаслик сира мумкин эмас. Самарни ўлим чоҳидан чиқариб олишда унинг турмуш ўртоғи Олияхоннинг ўрни бениҳоя катта бўлди. Олияхон Самардан икки-уч ёш кичик, лекин унинг ҳам ички қудрати, иродаси, вафодорлиги, садоқати шу қадар улуғ эдики, бу улуғворлик қаршисида ажал чекинишга мажбур бўлди. Олияхон яна бир марта аёлларимизнинг буюк хислатларини бутун дунёга намойиш қилди. Шоир Абдулла Орипов ёзганидек, бундай аёлларнинг улуғворлиги қаршисида фақат бош эгиб таъзим қилмоқ керак. Мен ишонаман — эҳтимол, замонлар ўтиб, «Самариддин ва Олиябону» деган бир достон ёзилар. Эҳтимол, бу достоннинг ҳам шуҳрати «Тоҳир-Зуҳра» ва «Лайли-Мажнун»лардан қолишмайдиган бўлар. Эҳтимол, у ҳам Инсоний муҳаббатга, вафо ва садоқатга қўйилган ўлмас ҳайкал бўлар.
Шу нуқтада Самар ҳақидаги гапларни бир лаҳза тўхтатиб, Олияхон тўғрисида икки оғиз гапириш лозим. Олия институтни битириб «иқтисодиёт» фани бўйича диплом олиб, Самарга турмушга чиққанида ҳар қандай ёш келинчак сингари унинг қалбида ҳам бир дунё бир-биридан ширин орзулар бор эди. У, албатта, турмуш осон кечмаслигини, уларни рўёбга чиқармоқ учун жон-жаҳди билан курашмоқ кераклигини биларди. Лекин Олия бу курашлар, машаққатларнинг ҳеч қайсисидан қўрқмас эди. У руҳан курашга тайёр эди. Ахир, у ёлғиз эмасди-ку? Бу курашда уни қўллаб-қувватловчи, ҳар қандай шароитда унга мадад берадиган суянган тоғи — севган турмуш ўртоғи бор. Улар халқ мақолида айтилганидек, «қўш ҳўкиз» бўлиб, турмуш аравасини бемалол торта оладилар ва манзилга етиб борадилар. Бироқ бу орзуларнинг ҳаммаси рўё бўлиб чиқди. Турмушнинг бир зарбаси билан орзулар қоқигулдек ҳар томонга тирқираб кетди. Олия бошига тушган мусибатлар улар хаёл қилган қийинчиликлардан минг баъд зўрроқ эди. Наҳотки, ҳаёт дегани шу қадар шафқатсиз бўлса? Наҳотки, тақдир деганлари икки муштипардан ўзининг бир шингил меҳрини шунчалар аяса? Ахир, уларнинг нима гуноҳлари бор эди.
Ҳа, минг афсуски, ҳаётда бунақа сабабсиз фожеалар, кутилмаган синовлар тез-тез учраб туради. Самар фалокатга учрагандан кейин Олия учун янги ҳаёт бошланди. Самар касалхонада бир йил муттасил ётди. Бу муддат давомида унинг ёлғиз қолиши мумкин эмас эди — Олия энг яқин одами, севикли хотини сифатида кечасию кундузи унинг ёнида бўлмоғи, Самарнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан бохабар бўлиб турмоғи керак эди. Шундай қилди ҳам — у ўзлигидан воз кечди, «иқтисодчи» деган дипломини сандиққа жойлаб, кечаларини Самарнинг кровати ёнида уйқусиз ўтказа бошлади. Аммо бу билан иш битмас эди — бу замонда бемор бўлиш қийин — бунинг учун битмас-туганмас давлатинг бўлса тузук. Дори-дармонлар фалон пул. Бундан ташқари, яна унга-бунга пул тутқазмасанг, яхшироқ қарашмайди. Бола-чақа ҳали ёш —уларга ҳам озиқ-овқат, кийим-кечак керак. Буларнинг бари учун пул керак. Самарнинг бетоблиги билан рўзғорни тебратиб турган маблағ оқими ҳам тўхтади.
Энди бу муаммо ҳам Олиянинг зиммасига тушди. У касалхонага яқинроқ жойдаги бир корхонага фаррош бўлиб ишга кирди. Бироқ фаррошликдан оладиган пули урвоқ ҳам бўлмади, яна бир корхонага қоровул бўлиб жойлашди. Шу аҳволда унинг топган пули тақдир зарбасини бир даража юмшатишга ёрдам берди. Албатта, Олиянинг бу хатти-ҳаракатлари бесамар кетмади. Самар хотинининг фидойилигидан жуда катта мадад олди — нимжонгина, увоққина хотини аёл боши билан шунчалик жонбозлик қилаётган экан, унинг қарамоғида Самарнинг нола-фиғонлар чекиши, фақат шикоят билан интиҳони кутиб ётавериши тўғри бўлмайди. Самар ўзининг бутун иродасини, ички қудратини сафарбар қилиб, нима қилиб бўлса-да, бу мудҳиш чоҳдан чиқиб олишга ҳаракат қилди.
Муҳаббат оламни қутқаради деганларида шуни назарда тутишса керак-да. Одамнинг меҳри одамга куч ато қилиши шу бўлса керак-да. Бир йил деганда Самар оёққа туриб, касалхонадан чиқди. Аммо бу билан Самарлар оиласининг бошига тушган мусибатлар тамом бўлгани йўқ. Касалхонада кечган бир йиллик азоб-уқубатлардан иборат ҳаёт кўп қисмли фожианинг фақат биринчи пардаси эди, холос. Янада мислсиз қийинчиликларга, одам боласидан бошқа ҳеч қанақа махлуқ чидаёлмайдиган азоб-уқубатларга тўла драманинг иккинчи пардаси бошланди. Самар касалхонадан чиққани билан уни соғайиб кетди дейиш мумкин эмас эди — унинг ўзи бировнинг ёрдамисиз юролмас, қўллари бир нарсани тутишга, ҳатто қалам ушлашга ҳам ярамасди. Узоқ муддат давомида тўшакда ҳаракатсиз михланиб ётиш, муттасил ўткир дориларни қабул қилиш унинг ички аъзоларига ёмон таъсир кўрсатган, жигар, буйрак, юрак кабиларни анча ишдан чиқарган эди. Бундан ташқари, тиббиёт комиссияси уни биринчи тоифа ногиронига чиқарди. Шўро ҳукумати эса унга 80 сўм нафақа тайинлади. Фақат бир неча йилдан кейингина нафақа миқдори 120 сўмга етди. Аммо бу ҳам тўрт кишининг тирикчилиги учун кам эди. Албатта, ҳар қандай соғлом меҳнаткаш одамда бўлганидек, Самарнинг ҳам омонат кассасида 10 000 сўм пули бор эди. Бу пулга бир неча муддат тирикчилик қилса бўларди. Бироқ шўро ҳукуматининг ўзи куйиб кетганидек, фуқароларнинг омонат кассаларидаги пули ҳам таг-туги билан куйиб кетди. Оила янада ночор аҳволда қолаверди.
Самарлар Тошкентда кўпқаватли иморатнинг тўртинчи қаватида яшар эдилар. Хаста одам учун тўртинчи қаватга тушиб чиқиш, ҳатто ўша қават ҳавосидан нафас олиб яшаш жуда қийин эди. Шунинг учун улар ўзлари туғилиб ўсган Қарши шаҳрига кетишга ҳаракат қилишди. Қарши туғилган шаҳри, лекин шундоқ бўлса-да, унинг ногиронларга, муҳтожларга кўзи учиб тургани йўқ эди. Бир неча йил деганда шаҳар ҳокимлиги уларга 6 сотихлик чала қурилган бир жойни беришди. Самарлар бошпаналик бўлганларига жуда хурсанд бўлишди, лекин (яна «лекин») бу жойнинг ҳақини тўламоқ керак эди. Эр-хотин минг хил азоблар билан меҳнат қилиб, тўрт йил деганда иморатнинг пулидан зўрға қутулдилар. Уйда яшамоқ учун зарур коммунал шароитлар йўқ эди — Олия эрини ёз кезларида даҳлизда тоғорага ўтқазиб чўмилтирар, қишда эса чўмилтиришлар тўхтар эди. Уй иситилмасди, қаҳратон совуқ кунларда Олия тошни қизитиб челакка солиб кўрпага ўраб Самарнинг кровати ёнига қўярди. Самар шу доҳиёна тарзда ўйлаб топилган печканинг тафти билан жон сақлар эди. У қийинчиликлар қаршисида осонгина бўйин эгадиганлар тоифасидан эмасди. Хотинининг кўмагида тиришиб-тирмашиб ижод қила бошлади. Бу ишда унга дўстларининг, касбдошларининг диққат-эътибори, ғамхўрлиги ёрдам берди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев у билан кўп мулоқотда бўларди. Ўзувчилар уюшмасининг Қашқадарё бўлими унинг 65 йиллиги муносабати билан ижодий кечасини ўтказди. Буларнинг бари Самарга далда берди, тақдир тўлқинларининг янги зарбаларига дош беришда кўмак бўлди. Бу воқеалар, бу кунлар ўша кезларда Самар учун ҳаётидаги энг унутилмас, энг нурли кунлар бўлди. Аммо…
Қизиқ, инсон ҳаётининг ақл бовар қилмайдиган ғалати томонлари бор — унда кўпинча ҳар бир воқеанинг кетидан бир-иккита «аммо», «лекин»и чиқиб келаверади. Бир одамнинг эшигини таъқиб этган мусибатлар нима учундир қайта-қайта шу эшикни қоқаверади. Бу орада оилага таянч бўлиши керак бўлган ўғил тўсатдан касал бўлиб қолди — унинг ичидан қон кета бошлади. Уни асраб қолишнинг иложи бўлмади.
Орадан кўп ўтмай эса уларнинг бўйи етган қизлари ўқишдан қайтаётганда безорилар кўчада бошига темир билан уриб, сумкасини тортиб олишади. Бу зарбадан қиз ҳам бир умрга ногирон бўлиб қолади. Бундай азоб-уқубатларни кечирган Самар Нуров ҳеч иккиланмай Бобурнинг
Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?
деган сўзларини ўзиники янглиғ такрорлашга тўла ҳаққи бор эди!
Шу ўринда бир савол туғилади. Бундай оғир юкни одамзот қандай кўтараркин?
Мана, Самар ҳам — у кўринишдан полвон эмас, жуда оддий одам эди — елкасида муттасил эзиб турган даҳшатли юк билан 68 йил умр кўрди. Албатта, у жуда қийналди. Ҳаддан ташқари қийналган кезларида, жуда эзилиб-эзилиб кетган пайтлари неча марталаб ўлимни қўмсади — ўлим унга эришиб бўлмайдиган неъматдек кўринди. У ҳатто умрининг сўнгги йилларида атрофидаги айрим маҳаллий тўраларнинг лоқайдлигига дуч келганда неча марталаб хотинига «Яшагим келмаяпти», деган экан. Лекин шундай бўлса-да яшашда давом этди.
Оғир атлетикачилар, штангада жуда оғир юк кўтарувчи жаҳон чемпионлари бор. Албатта, жаҳон чемпиони бўлиш ёки жаҳон рекордини ўрнатиш жуда оғир иш. Бунинг учун жуда катта куч-қудрат, матонат керак. Уларнинг фавқулодда қаҳрамонлигини сира камситмаган ҳолда айтаманки, Самарнинг паҳлавонлиги уларникидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Ахир, штангачилар фақат мусобақада бутун кучларини бир нуқтага тўплаб бир марта зўр берадилар. Самар эса бундай жасоратни ҳар куни кўрсатди. Буни ҳисоблаб чиқса 11 000 кун бўлади. Қандай қилиб у бунга эришди? Қандай куч уни мислсиз машаққатларга чидашга, ақл бовар қилмайдиган азоб-уқубатларни енгиб ўтишга ундади?
Менимча, унинг қалбида улуғ бир қудрат бор эди — бу қудрат уни эртаклардаги паҳлавонлардан кучлироқ қилди.
У Қашқадарёда туғилиб камол топган эди. У ўз юртининг ҳар бир қаричини яхши биларди. Танти ва заҳматкаш халқи, севимли юртига муносиб бир асар ёзиш, эл-улус дардларини акс эттирган бадиий полотно яратиш ва шу йўл билан бу юрт олдидаги фарзандлик бурчини ўташ Самар Нуров ҳаётининг мазмунига айланган эди. Шу олий мақсад унга куч берди. У бу ниятини амалга оширмасдан туриб кўз юма олмасди. Ногиронлиги, ҳаракат қилиш имкониятлари чекланганига қарамай, у Қарши ҳақидаги романига материал йиға бошлади, тарихий ҳужжатларни ўрганди, ҳатто Қашқадарё ҳаётида муҳим рол ўйнаган — ўтган асрда олинган ноёб ва нодир фотосуратларни тўплади. Бухоро ва Самарқандга хотини ёрдамида сафар қилди. Ниҳоят романни ёзиб тугатди.
Мен шундоқ ҳам чўзилиб кетган бу мақоламда романни таҳлил қилмоқчи эмасман. Бу ишни келгусида мунаққидлар бафуржа қилишади. Мен бу ўринда, энг сўнгги фурсатда ҳам, тақдирнинг бу шўрпешона адибга нисбатан адолатсизлик қилганини, яна бир марта номардларча қийноққа солганини айтмоқчиман — Самар романни ёзиб бўлгандан сўнг уни чоп эттириш тўғрисида ўйлади. Табиийки, у ўзининг сўнгги асарини қўлларида ушлаб кўрмоқчи, унинг шаклу шамойилига боқиб, энг катта орзуси рўёбга чиққанини кўриб қувонмоқчи эди. Лекин китобни чиқаришга бош-қош бўладиган мард ўша пайтлари топилмади. Унинг бу борадаги илтижолари Қарши чўлидан келган бир дод сингари замон қумлоқларига сингиб, йўқ бўлиб кетди. Китоб Самарнинг вафотидан кейингина ҳомийлар ёрдамида дунё юзини кўрди.
«Қора тонг» — тарихий роман. Муаллиф унда Қашқадарёнинг ўтган замонларини, Бухорода ҳукмронлик қилган иродасиз, бўш-баёв, давлатни бошқаришдан кўра шон-шуҳратни, маишатни яхши кўрадиган амир Музаффар даврини кенг тасвирлайди. Адиб Қўқон, Хива ва Бухоро хонликлари ҳаммаси ўзбекларнинг юрти бўлгани ҳолда бир ёқадан бош чиқариб бирлаша олмагани, аҳилликнинг йўқлиги эса бу хонликларнинг осонгина ўзгаларга ем бўлишига сабаб бўлгани тўғрисида алам билан ҳикоя қилади. Ҳеч шубҳа йўқки, истиқлол йилларида қалам билан эмас, юрак қони билан ёзилган, истиқлол ғоялари билан суғорилган «Қора тонг» романи янги тарихий романларимиз қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.
Самар Нуровнинг бу қайғули қиссасига шу ўринда нуқта қўйсак бўлади. Фақат унинг хотимасига бир-икки сўз айтсак кифоя. Самар Нуров том маънода ажал билан курашиб, уни енгган адибдир. Тўғри, у жисмонан бугун йўқ, оламдан ўтган. Лекин бундан буён унинг руҳи у яратиб кетган асарларда, биринчи навбатда «Қора тонг» романида яшайди. Шу маънода мен уни «Ажални енгган адиб» деб атадим. Самар Нуров сингари ёрқин истеъдодли, мустаҳкам иродали, бардошли ва матонатли, фидокор ва садоқатли фарзандлари бор ўлка улар билан фахрланса арзийди.
Фахрланиш билан бирга, шоир Шайхзода айтганидек, уларни фақат ўлганидан кейин эъзозламай, тириклигида ҳам алқаса, уларга ғамхўрлик қилса, бошига қийинчиликлар тушганда ёрдам қўлини чўзса, нур устига нур бўларди. Негаки, юрт довруғини неча асрлар оша олиб ўтадиган одамлар айнан ана шу санъат ва адабиёт аҳлидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 27-сонидан олинди.