Болалик экан, нечанчи йиллиги аниқ эсимда йўқ. Тўққиз-ўн ёшларда бўлсам керак. Ҳовлимизда икки қаватли уй, ёзги ошхона, кўмирхона бор эди, холос.
Эрта баҳор, ҳайит арафаси эди, шекилли. Уйимизда азиз одамлар келадигандек тантанавор, катта тайёргарлик қилинарди. Ҳаммаёқ саранжом-саришта.
Меҳмонхонада мен билган Мунирахон домла. Собир амаки яна ёшроқ шоирлар меҳмонларни кутишарди. Садриддин Айний, Раҳим Жалил, Мирзо Турсунзода, Жалол Икромий деб бир-бирларига гапиришаётганини эшитиб қолдим.
Интиқ бўлиб кутилган меҳмонлар келишди. Ҳовлимиз гавжум бўлиб кетди. Мен бир чеккада аям айтганларидек, «ҳеч кимга савол билан халал бермай» узоқдан кузатиб турардим.
Меҳмонлар аввал уйимизнинг иккинчи қаватидаги меҳмонхонада аям ва ошпазимиз Охун амакининг уйғурча қуюқ-суюқ таомлари билан обдон сийландилар. Дам тожикча, дам ўзбекча суҳбат қизигандан қизиди. Сўнг меҳмонлар ҳукумат юборган машинада шаҳар айлангани кетишди.
Садриддин Айний домла: «Мен дам оламан, Тошкент ўзимнинг шаҳрим, кўрмаганлар кўрсин», деб уйда қолдилар.
Аям дадамнинг ижодхоналаридаги диванга атлас кўрпачалар, парқу ёстиқлар тўшаб, жой қилдилар.
Шундан сўнг Охун амаки билан кечки овқатга уннашди.
Садриддин Айний домла узоқ ётолмас эканларми ёки бошқа сабабми, ҳовлига тушдилар.
Мен аямнинг олдиларига бориб:
— Домла турдилар, — дедим.
— Тепага чиқиб у кишига халал бермадингми?
— Йўқ, кабинет эшигидан қарасам уйғоқ эканлар, отимни сўрадилар, айтдим.
— Уйғотиб юборибсан-да, — дедилар афсус овозда.
— Отларини айтма, айб бўлади, бува дегин, деб қўшиб қўйдилар.
— Домла, қизимиз шўх, узр уйғотиб юбордими, — дея сўроқладилар.
— Йўқ келин, ҳаммаси бадастур, дам олдим, мен бирор иш қилай… — дедилар.
Аям хижолат бўлиб:
— Қанча иш бўлса ўзимиздан қолмайди, ёрдамчиларимиз бор, — дедилар.
— Бачаларга бир нишолло қилиб берай.
— Овора бўлманг, егингиз келса бозор яқин, ҳозироқ келтиришади.
— Йўқ келин, набираларимга ўзим нишолло қилиб бераман.
— Домла, булар нишолдани ҳар куни ейишади, — дедилар аям янада хижолат тортиб.
— Мен тайёрлаган нишолло неча кун бузулмайди, бунақасини емагансизлар, — дедилар домла ҳам бўш келмай.
— Қайнаган сув, шакар, 5-6 та тухум топиладими?
— Вой, домла, топишга топиладию, сиз чарчайсиз-да…
— Йўқ, ҳавасга, бачалар ширинлик есин деяпман.
Аям ҳозирги уй-музей ҳовлисидаги сўрига янгидан яна кўрпачалар олиб чиқиб жой қилдилар. Домлани шу жойга таклиф қилиб, атрофларига ёстиқ, болишлар қўйдилар. Олдиларига тахти бузилмаган оқ дастурхон ёзиб, айтган нарсаларини бир-бир келтира бошладилар. Мен ҳам аямга ёрдамлашиб, нишолда қиладиган мис қозонни, ичидаги чила чўпни ювиб, артиб домланинг олдиларига қўйдим.
Домла менинг чаққонлигимни мақтадилар. Аям ошхонада қиём тайёрлагунча у киши палтодан калта, костюмдан узун, катта ёшдагилар киядиган уст кийимлари (отини билмайман) чўнтагидан оқ қоғозга ўралган, дарахт илдизига ўхшаган нарсани олиб, паккича билан паррак-паррак қилиб майдаладилар.
Аям чой келтирганларида ундан бир қисмини бериб:
— Келин, бир коса сувда қайнатиб, тиндириб қўйинг — дедилар. Бутун вужудим кўзга айланган, бу ишларни диққат билан кузатардим.
— Бу илдизми?
— Ҳа, доривор илдиз.
— Оти нима?
— Қизим-э, қизиқувчан экансиз-ку. Бу илдизни етмак дейди, унинг кўпирувчан хусусияти бор, бусиз нишолло қилиб бўлмайди.
Қиёмни пишириб, етмак (ҳалиги илдиз)ни қайнатиб тиндириб, тухум оқини ажратиб, «тўкасан» деб менга ишонмай, аям ўзлари домланинг олдиларига келтириб қўйдилар.
Домла мис қозончага аввал тухум оқини, сўнг етмак эритмасини солиб, чила чўпда тез-тез айлантириб, кўпира бошлагач, секин, оз-оздан қиём қўйиб, яна кўпиртира бошладилар.
Мен бу «томоша»ни ва шундай бувам борлигини ўртоқларимга кўрсатгим, мақтангим келди. Югуриб бориб уларни айтиб келдим.
Ҳаммамиз домланинг атрофларини ўраб, чуғурлашиб, озгина масаллиқ кўпириб, қозонча тўлиб-тошай деётганини бир мўъжизадек кузатиб турардик.
Ниҳоят, оппоқ нишолда деярли тайёр бўлди.
Шунда аям узр сўрагандек:
— Домла, Сизни чарчатмадикми, бирор нарса керакмасми, — дедилар ўртоқларимга қараб, — вой сизлар ҳам шу ердамисизлар, домлани саволларингиз билан қийнамадингларми? — дея сўрадилар.
— Йўқ, биз томоша қилдик — дейишди улар чуғурлашиб.
— Келин, ванил борми? — деб сўрадилар домла.
Аям чопганича уйга кириб худди пўстли ловияга ўхшаган нарсани олиб келдилар. Мен бу нарсани аввал ҳам кўрганману лекин нимага кераклигини билиш учун сўрадим:
— Ванил ўзи нима?
— Африкада ўсадиган дарахтнинг меваси, қуритиб шоколад, конфет, варение (мураббо)ларга солинади. У хушбўйлигидан ташқари, кишининг руҳини енгиллаштиради, кўнглига қувонч бағишлайди, — дедилар. Кейин домла ўша меванинг қобиғини ёриб, ичидаги оппоқ ялтироқ упага ўхшаган порошокни тайёр нишолдага сепиб, чила чўп билан яна аралаштирдилар. Ҳаммаёқ хушбўй шоколад, конфет ва аямлар қиладиган пишириқлар ҳиди билан тўлди.
Айний бувам менга:
— Қизим, шунча тахтача топиб келинг, — дедилар кафтларининг ярмини кўрсатиб.
Дарҳол ошхонадаги мева соладиган яшикдан узун тахтача кўчириб келдим. Домла мени яна алқадилар.
Сўнг қор курайдиган куракчага ўхшаган кичкина-кичкина «қошиқча»лар ясаб бердилар. Кейин ўша куракчаларга нишолдадан қор курагандек солиб, бирма-бир бериб:
— Еб кўрингларчи, — дедилар.
— Нишолда қуюқлигидан куракчадан оқмас, жуда мазали эди. Ҳиди бутун ҳовлимизни тутиб кетганди.
Мен ва ўртоқларимнинг қувончи бир дунё эди. Маҳалламизда ҳали ҳеч кимнинг буваси нишолда қилиб, «қошиқча» ясаб, болаларга тарқатмаган эди-да.
Мен бувамни кўрмаган, бува қандай бўлар экан, дея кўп ўйлардим. Энди менинг ҳам шундай сахий бувам борлигидан мағрур эдим…
Аям меҳмонларга қайта дастурхон тузар эканлар, улар шаҳар айланиб қайтиб келишди.
Бувам тайёрлаган «нишолло»ни дастурхонга тортганларида эса ҳамма ҳайратда қолди.
Айний домла:
— Агар ёзувчилик касбим бўлмаганида, ҳолвапаз бўлсам керак эди, — дедилар.
Суҳбат роса қизиди шекилли, очиқ ойнадан кечгача кулгу, қаҳқаҳа, қийқириқ эшитилиб турди.
Мен бўлсам, бир қўлимда ширмой нон, бир қўлимда ёғоч куракчадаги нишолдани ялаб, меҳмонларнинг аскияларига тушунмасам-да, эшитишга ҳаракат қилардим.
Ҳозир ўйласам, шундай бир улуғ ёзувчи ёши улуғлигига ҳам қарамай, болаларни хурсанд қилай, деб шогирдининг уйида нишолда тайёрлаган экан. Одамийлик, камтарлик бундан ҳам ортиқ бўлиши мумкинми?
Йиллар ўтиб кетган бўлса-да, муборак рамазон ойлари, ҳайит арафаларида, тўйларда қилинадиган ўзбек ва тожик халқининг миллий таоми бўлмиш нишолдани есам, мурғак қалбимга муҳрланиб қолган ўша саодатли кунни эслайман. Айний домла тайёрлаган нишолданинг таъми ҳамон оғзимда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 5-сонидан олинди.