«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»нинг 2004 йил 15 октябр сонида эълон қилинган «Бутово маҳбуслари нега қатл этилди?» сарлавҳали мақола муносабати билан муштарийларимиздан кўплаб акс-садолар олмоқдамиз. Қатағон тиғидан ҳалок бўлганларнинг яқин қариндошлари, шунингдек, уларнинг қисматига бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг мактуб ва мурожаатларида муаллифларнинг қатағон қурбонларини қидириб топишдаги саъй-ҳаракатлари, чеккан заҳматлари, энг муҳими, ниҳоятда савобли ишлари учун бениҳоя чексиз миннатдорликлар билдирилган. Айни чоғда ҳали аниқланмаган қатағон қурбонлари ҳақида ҳам имкон қадар маълумот олиш истаги баён қилинган.
Шу муносабат билан газетамизнинг доимий муаллифлари, таниқли тарихшунос олимларимиз Рустамбек Шамсутдинов ва Алишер Мамажоновлар Бобур номидаги Андижон давлат университети ва «Мерос» халқаро илмий-амалий экспедициясининг хайрия жамғармаси йўлланмаси билан 2004 йилнинг декабрида Россиянинг Ставропол ўлкасида илмий сафарда бўлдилар. Қуйида қатағон қурбонлари тақдирига қизиқиб, уларнинг бегона юртларда кечган аламли, изтиробли ҳаёти лавҳаларини ўрганишга бел боғлаган таниқли олимларимизнинг янги тадқиқотлари билан танишасиз.
* * *
Бу сафар ҳам ишни архивлар ва кутубхоналар, давлат ва собиқ партия архивлари, федерал хавфсизлик хизмати, ички ишлар бошқармалари ҳужжатхоналаридаги кўпдан-кўп тарихий материалларни синчиклаб ўрганишдан бошладик. Бевосита ўша қаттол давр фожиалари гувоҳлари билан учрашиб, суҳбатлашдик. Ватандошларимиз дафн этилган қабристонларни зиёрат қилдик, улар руҳига атаб Қуръон тиловат қилдик. Топилган ҳужжатларни аудио ва видео тасмаларига тушириб, суратлар олдик. Одамларнинг шахсий архивларидаги ҳужжат ва суратлар билан танишдик ҳамда улардан ҳам кўчирмалар олдик.
Бу галги илмий сафаримиз самарали бўлди. Кўплаб қатағон қурбонлари ҳақида янги маълумотларни қўлга киритдик. Ушбу мақоламизда ўтган асрнинг 30-40 йилларидаги мудҳиш қатағон қурбонлари, ўзга юртларда кафансиз, жанозасиз кўмилган, концлагерлар, меҳнат лагерлари, «қулоқлар сургуни»да азоб чеккан, бироқ ҳозиргача юртимиз жамоатчилигига номлари маълум бўлмаган жабрдийдалар тақдири ҳақида маълумотлар беришни лозим топдик. Ўйлаймизки, республикамизда қатағон қурбонлари ҳақида хотира китоблари яратилса, бу маълумотлар, айниқса, қимматли аҳамият касб этган бўлур эди.
Биз илмий сафарда бўлган Левокумский районидаги Николо-Александровск посёлкаси Ставропол шаҳридан 400 километрлик масофада экан. 1931 йилнинг август ойида юртимизнинг Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тожикистондан уч минг хўжалик «қулоқ»қа тортилиб, ўша йилнинг сентябрида Шимолий Кавказнинг Прикумский (ҳозирги Будёновский), Арзгир, Апанасенково районларига сургун қилиб юборилган.
Ўзбек, тожик ва қирғизлардан иборат «қулоқ»лар дастлаб эшелонларда Красноводскка келтирилган. Сўнгра пароходда Каспий денгизи орқали Боку ва Махачкалага олиб келинган. Бу жойлардан яна эшелонлар билан Прикумск (Будёновск) станциясига келтирилган. Ундан араваларда қирқ-эллик километр олисдаги чўл ва дашт қишлоқларига олиб борилган. Ўшанда «қулоқ»ларнинг сургун жойи бўлмиш Николо-Александровскда «Советский хлопкороб», «Красный луч», «Заря востока», «Вперёд», «Ворошилов» номидаги қишлоқ хўжалик артеллари ташкил бўлган. Бу хўжаликлар пахта ва ғалла етиштириш, чорвачилик билан шуғулланган. Уларда асосан ўзбек, тожик, қирғиз ва қозоқлардан иборат сургун қилинганлар меҳнат қилишган.
1932-1933 йилларда бутун мамлакат очарчилик ва қаҳатчиликни бошдан кечирган. Ўшанда қарийб етти миллион киши ҳалок бўлган. Юртдошларимиз бадарға қилинган Николо-Александровскда ҳам кўплаб қурбонлар бўлган. Ўша пайтда Л.М.Каганович бошлиқ комиссия Шимолий Кавказга келади. Деҳқонлар, казаклар ва сургун қилинганларнинг бор-будлари тортиб олинади. Қаршилик кўрсатганлар қамалади, отилади. Бунга чидамаган казаклар қўлга қурол олиб қўзғолон кўтаришади. Қўзғолонни бостириш учун қизил армия қўшинлари ташланади. Ўшанда бадарға қилинган кўплаб юртдошларимиз ҳам қатағон тиғига учраган. 1937 йилнинг сентябридан бошлаб эса уларга нисбатан яна қатағон азоблари кучайтирилган.
Ўз ватанларидан бадарға қилинган юртдошларимиз 1930 йилнинг бошларида ва охирида ҳам шундай оғир азоб-уқубатларга дучор қилинади. Улар бениҳоя оғир азобли, аламли қора кунларни бошларидан кечирганлар. 1932-1937 йиллардаги қатағон даврида биргина Николо-Александровскка «қулоқ» сифатида сургун қилинган ўзбеклардан ўн етти киши ҳақида зарур маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлдик.
Улар қуйидагилар:
Юсупов Аламрат — 1894 йили Қумқўрғон райони, Юқори Қайқас қишлоқ советининг Байрабоб қишлоғида туғилган, партиясиз, 1932 йилнинг мартида ҳибсга олинган, «учлик»нинг 1932 йил 27 майдаги қарори билан 3 йил қамоққа ҳукм қилинган.
Шодмонов Тўра — 1900 йили Каттақўрғон районидаги Либлакос қишлоғида туғилган, партиясиз, ишчи, 1933 йил 17 августда қамоққа олинган, 1934 йил 19 февралда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Чеканов Имом — 1892 йили туғилган, чаласавод, деҳқон, 1932 йил 5 майда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Умаров Ражаб — 1889 йил Гмур қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, ишчи, 1935 йил 14 февралда 5 йил муддатга лагерда қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилинган.
Тангриқулов Худойшукур — 1890 йили Жарқўрғон районидаги Минор қишлоғида туғилган, ўзбек, партиясиз, 1932 йил 2 мартда ҳибсга олинган, «учлик» томонидан 1932 йил 27 майда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Самадов Маматқул — 1901 йили Исонсой қишлоғида туғилган, саводсиз, партиясиз, ғаллакор, 1940 йил 4 июнда 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Россия Федерациясининг ФХХ Ставропол ўлкаси бўйича бошқармаси архивидаги маълумотда айтилишича, Самадов Маматқул Ўзбекистоннинг Юқоридарғом районидаги Исонсой қишлоғидан 1931 йили қулоқ сифатида Николо-Александровскка сургун қилинган. Бу ердаги «Советский хлопкороб» колхозида ишлаган, 1940 йил 4 июнда 58-10 модданинг 1-банди бўйича қамоққа олинган, Орджоникидзе ўлка суди 1940 йил 12 декабрда уни «колхозчилар орасида системали равишда советларга қарши тарғибот олиб боргани» учун 8 йил озодликдан, 5 йил сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. 1993 йил 7 апрелда Самадов Маматқул РФ Бош прокурори томонидан реабилитация қилинган. Унинг ўғли Самадов Юсуп — Николо-Александровскда, укаси Ҳамдам эса Конибодом шаҳрида (Ленин кўчаси, 312-уй) яшамоқда.
Одинаев Орзиқул — 1897 йили Китоб райони, Толбин қишлоқ совети, Кўнчи қишлоғида туғилган, партиясиз, 1932 йил 2 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 27 майда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қахоров Абусаттор — 1895 йил Ўзбекистон ССР, Қорадарё райони, Қиртиқўрғон қишлоқ советида туғилган, партиясиз, ишчи, 1933 йил қамоққа олинган, 1933 йил 16 апрелда 5 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қорахонов Эшқўзи — 1878 йили Тожикистоннинг Бешкўза қишлоғида туғилган, партиясиз, ишчи, 1932 йил 26 сентябрда қамоққа олинган, 1933 йил январида отилган.
Зарипов Барот — 1899 йил Самарқанд вилоятининг Оғалиқ қишлоғида туғилган, саводсиз, партиясиз, «Советский хлопкороб» колхозида бригадир, 1940 йил 3 июнда 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
ФХХ Ставропол ўлкаси бўйича бошқарма архивида Зарипов Барот Николо-Александровскдаги «Советский хлопкороб» колхозида дала бригадири бўлиб ишлагани, 1940 йил 4 июнда РСФСР жиноят кодексининг 58-10 модда, 1-бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб қамоққа олингани, Орджоникидзе ўлка суди 1940 йил 12 декабрда уни «колхозчилар орасида мунтазам равишда советларга қарши ташвиқот олиб боргани» учун 8 йил озодликдан, 5 йил сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳукм қилгани, 1993 йил 7 апрелда Россия Федерацияси Бош прокурори томонидан реабилитация қилингани кўрсатилган.
Авизов Напас — Ўзбекистоннинг Хўжақўрғон қишлоқ советида туғилган, саводсиз, партиясиз, 1933 йил 28 мартда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Абдуллаев Абдураҳмон Абдуллаевич — 1900 йили Эски Бухорода туғилган, чаласавод, партиясиз, колхозда вакил, 1937 йил 19 июлда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Россия Федерацияси ФХХ Ставропол ўлкаси бўйича бошқарма архиви маълумотларига қараганда, Абдуллаев Абдураҳмон 1931 йили қулоқ сифатида Николо-Александровскка сургун қилинган, бу жойда омбор мудири бўлиб, кейин 9-қишлоқ хўжалик артелида вакил бўлиб ишлаган.
1937 йил 19 июлда РСФСР жиноят кодексининг 58-10 моддаси, 1-банди билан қамоққа олинган. Орджоникидзе ўлка суди 1940 йил 26 мартда уни «миллий адоватни кучайтиришга қаратилган антисовет тарғиботи олиб борганликда» (58-10 модда, 1-банд) айблаб, 5 йил қамоқ жазоси, ўзига юклатилган вазифага совуққонлик билан қарагани учун яна 3 йил қамоқ жазосига ҳукм этади. 1959 йил 4 сентябрда Олий суд Президиуми уни реабилитация қилган.
Жиянов Аҳмад — 1894 йили Янгиқўрғон райони, Хиляки қишлоғида туғилган, партиясиз, 1932 йил 2 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 27 майда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Алимандров (Алимардонов бўлса керак) Рамазон — 1889 йили Қумқўрғон райони, Қумқўрғон қишлоғида туғилган, партиясиз, 1932 йил 3 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 27 майда 3 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган.
Ахматов Ярош — 1894 йили Шарват райони, Огаор қишлоғида туғилган, партиясиз, 1932 йил 3 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 27 майда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Николо-Александровскда қатағон қилинганлар орасида 2 нафар эрон миллатига мансуб жабрдийдалар ҳам бўлган:
Багиров Карим — 1904 йили Самарқандда туғилган, партиясиз, маълумоти — 5 синф, ишчи, 1935 йил февралда қамоққа олинган, беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Бокиров Зокир — 1908 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, партиясиз, чаласавод, сотнийда (юзликда) участка бошлиғи, 1935 йил 14 февралда қамоққа олинган, саккиз йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Ставропол ўлкасининг Арзгир Апанасенково, Воронцово-Александровский, Туркман районларига бадарға қилинган ватандошларимиздан 22 нафари ҳам қатағонга учраган. Улар қуйидагилар:
Оқилов Рауф — 1890 йили Хўжа Гунжа қишлоғида туғилган, 1928 йилгача ВКП(б) аъзоси бўлган, Прикумский (ҳозирги Будёновский) райони, Нижне-Александровское посёлкасида ишчи, 1937 йил 6 августда ҳибсга олинган ва ўша йили отилган.
Федерал хавфсизлик хизмати Ставропол ўлкаси бўйича бошқармасининг 2004 йил 16 декабрда берган маълумотномасида Оқилов Рауф 1890 йили Самарқанд районидаги Хўжа Гунжа қишлоғида туғилгани, 1928 йили қулоқлар билан алоқа қилганлиги учун ВКП(б) аъзолигидан чиқарилгани, 1931 йили қулоқ сифатида Шимолий Кавказнинг Арзгир райони, Николо-Александровск посёлкасига сургун қилингани, бу ердаги 9-қишлоқ хўжалик артелида ишлагани қайд этилган. Маълумотномада келтирилишича, Оқилов Рауф РСФСР жиноят кодексининг 58-10 моддаси билан айбланиб, 1937 йил 6 августда қамоққа олинган, 1937 йил 10 августда Ички ишлар халқ комиссарлигининг Орджоникидзе ўлкаси бўйича бошқармаси қошидаги «учлик» қарори билан «фаол аксилинқилобий иш олиб боргани» учун отувга ҳукм қилинган. Ҳукм 1937 йил 15 августда Пятигорск шаҳрида ижро этилган. Р.Оқилов 1989 йил 5 июлда реабилитация қилинган.
Бозоров-Бобоев Салим — 1887 йил Жинатор Қоракўл қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, Покровский хуторида яшаган. 1932 йил 12 мартда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Жалилов Мажид — 1879 йили Бухоро шаҳрида туғилган, саводсиз, партиясиз, Ставропол ўлкаси, Туркман райони, Шарахалсун посёлкасига сургун қилинган, 1932 йил 18 мартда ҳибсга олинади ва шу йилнинг мартида айбсиз деб топилади.
Ҳимматов Жўра — 1904 йили Туркманистоннинг Хўжайли қишлоғида туғилган, ўзбек, партиясиз, Ставропол ўлкаси, Апанасенково райони, Малая Жалга посёлкасига сургун қилинган, 1930 йил 31 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 14 июлда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 1989 йили реабилитация қилинган.
Зиядуллаев Толла — 1888 йили Жарқўрғон райони, Қумқўрғон қишлоқ советида туғилган, партиясиз, Прикумский (ҳозирги Будёновский) райони, Новоалександровский қишлоғига сургун қилинган. 1932 йил 5 декабрда отилган.
Имомназаров Худойназар — 1892 йили Ўзбекистоннинг Янгибозор райони, Қушва қишлоқ советида туғилган, партиясиз, Ставропол ўлкасига сургун қилинганлардан, 1933 йил 22 мартда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Эрахмад Худойберди ўғли — 1898 йили туғилган. Апанасенково райони, Малая Жалга посёлкасига бадарға қилинган, 1932 йил 31 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 14 июлда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 1989 йили реабилитация қилинган.
Исмоилов Мурза Сафо — 1882 йили Деновда туғилган, чаласавод, партиясиз, Хлебороб хуторида деҳқон. 1932 йил 4 октябрда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 1990 йили реабилитация қилинган.
Қаюмов Панжа — 1897 йили Қуйдум қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, Ставропол ўлкаси, Советский райони, Примерный хуторига сургун қилинган, 1932 йил 2 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 1 июнда озод қилинган.
Тўғонов Махмудали — 1897 йили Туркманистоннинг Кардит райони, Бозортепа овулида туғилган, ўзбек, партиясиз, Апанасенково райони, Малая Жалга посёлкасига сургун қилинган, 1933 йил 10 октябрда ҳибсга олинган, 1934 йил 19 февралда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мирзаев Раҳмат — 1900 йили Қоракўл райони, Сирбозор қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, Совет райони, Примерный хуторига бадарға қилинган, 1932 йил 2 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 1 июнда озод қилинган.
Муродуллаев Раббанқул — 1909 йили Каттақўрғонда туғилган, партиясиз, Новоалександровский посёлкасига сургун қилинган, 1933 йил 24 мартда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мусаев Сулаймон — 1870 йили Бухоро шаҳрида туғилган, чаласавод, партиясиз, Ставропол ўлкаси, Туркман райони, Шарахалсун қишлоғига сургун қилинган. 1932 йил 17 мартда 2 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Нарзиев Зайдулла — 1880 йили Арафон қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, Ставропол ўлкаси, Туркман райони, Шарахалсун посёлкасига сургун қилинган. 1932 йил 19 мартда 2 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Фармонов Салим — 1900 йили Новзендак қишлоғида туғилган, партиясиз, ишчи, Воронцово-Александровск районига сургун қилинган, 1932 йил 12 мартда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Рахматуллаев Маҳмуд — 1906 йили Бухоро шаҳрида туғилган, олий маълумотли, партиясиз, педагог, Арзгир район, Ново-Романовка қишлоғига сургун қилинган. 1937 йил 4 октябрда ҳибсга олинган, 2 йил 6 ой терговда бўлган.
Россия Федерацияси ФХХнинг Ставропол ўлкаси бўйича бошқармаси маълумотларига қараганда Рахматуллаев Эски Бухорода 1902 йили (1906) туғилган, ўзбек, олий маълумотли, касби — педагог, 1926 йилдан 1935 йилгача ВКП(б) аъзоси, кейин партиядан ўчирилган, қамоққа олингунга қадар Арзгир райони, Ново-Романовка қишлоғида тўлиқсиз ўрта мактаб ўқув бўлими мудири бўлиб ишлаган, 1937 йил 4 октябрда РСФСР жиноят кодексининг 58-10-моддаси, 1-бандида кўрсатилган жинояти учун айбланиб қамоққа олинган. Орджоникидзе ўлка суди уни 1938 йил 2 январда «ўқувчилар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганлиги учун» 10 йил озодликдан, 5 йил сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилган. 1938 йил 15 сентябрда НКВДнинг Волга лагерига (Ярослав темир йўлида Рыбинск станциясига) сургун қилинган, 1940 йили НКВДнинг Шимолий-Шарқий лагери (Хабаровск ўлкаси, Магадан шаҳри)га кўчирилган. Унинг сўнгги тақдири номаълум, 1990 йил 4 апрелда РСФСР Олий судининг жиноий ишлар бўйича суд коллегияси Рахматуллаев Маҳмудни реабилитация қилган.
Саидов Сайфулла — 1909 йили Қоракўл райони, Сирбозор қишлоғида туғилган, саводли, партиясиз, Ставропол ўлкаси Советский райони, Примерный хуторига сургун қилинган, 1932 йил 1 июнда ҳибсга олинган.
Тўхтамишев Барон — 1901 йили Акан қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, Ставропол ўлкаси Шарахалсун қишлоғига бадарға қилинган, 1932 йил 17 мартда ҳибсга олинган, 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Хайдаров Эргаш — 1897 йили Ямур қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, Ставропол ўлкаси Туркман райони, Шарахалсун қишлоғида яшаган, 1932 йил 17 мартда 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Хайруллаев Муллачори — 1900 йили Қоракўл райони, Бадлар қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз, Ставропол ўлкаси Советский райони, Примерный хуторига сургун қилинган, 1932 йил 2 мартда ҳибсга олинган, кўп ўтмай озод қилинган.
Чемраев Қўчқор — 1895 йили Бухоро шаҳрида туғилган, саводсиз, партиясиз, Ставропол ўлкаси Туркман райони, Шарахалсун посёлкасига сургун қилинган, 1932 йил 17 мартда ҳибсга олинган, кўп ўтмай тергов иши тўхтатилган.
Чўлиев Хусайин — 1904 йили Қоракўл райони, Куйдим қишлоғида туғилган, чаласавод, партиясиз. Ставропол ўлкаси Советский райони, Примерный хуторига сургун қилинган, 1932 йил 2 мартда ҳибсга олинган, 1932 йил 1 июнда озод қилинган.
Россия Федерациясининг республикалар, ўлка ва областларида қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш яхши йўлга қўйилган. Бу масала юзасидан кўплаб хотира китоблари нашр қилинган. Уларда ўзбекистонликлар ҳам қайд этилгани аниқланди. Қатағон қилинган 52 нафар ўзбеклар ҳақидаги маълумотни ана шу манбалар асосида ўргандик. Улар қуйидагилар:
Абдуллаев Солижон — 1931 йили Қўқонда туғилган, ўзбек, партиясиз, 1950 йил 14 ноябрда Самарада ҳибсга олинган, 1951 йил 21 февралда лагер суди жиноят кодексининг 58-14 моддаси билан 10 йил муддатга меҳнат тузатув лагерига сургун қилинган, 1991 йил 18 октябрда реабилитация қилинган.
Абдуллаев Жўра — 1905 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, партиясиз, 1938 йил 1 июлда ҳибсга олинган, НКВДнинг Куйбишев области бошқармаси жиноят кодексининг 58-7, 58-10 ва 58-11 моддалари бўйича жазога ҳукм қилинган.
Алимов Оталик — Фарғона области, Молотов райони, Учқўрғон қишлоғида 1921 йили туғилган, ўзбек, 4 синфни ва 3 ойлик агротехник курсини тугатган, сапёрлар ротасида қизил аскар, Омскда 1942 йил 25 октябрда ҳибсга олинган. Ўқчи бригадаси 151-бўлим ҳарбий трибунали РСФСР жиноят кодексининг 19 моддаси, 58-1 «б», 58-10, 2-банд моддалари билан айблаб, олий жазо — отувга ҳукм қилган, ҳукм 1942 йил 5 декабрда ижро этилган, 1997 йил 9 июлда реабилитация қилинган.
Алманиязов Мадиёрқози — 1859 йили Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги 1-овулда туғилган, ўзбек, 1930 йил 20 мартда ҳибсга олинган, ОГПУнинг Қорақалпоғистон АССРдаги вакиллиги қошидаги «учлик» уни 58-10 модда бўйича 3 йилга сургун қилган, 1989 йил октябрида реабилитация қилинган.
Ортиқов Исмоил — 1896 йили Наманган шаҳрида туғилган, Омскда ОСМЧ 2 да қора ишчи бўлиб ишлаган, 1942 йил 12 августда ҳибсга олинган, Омск области махсус ишлар бўлими бўйича прокурорлиги томонидан РСФСР жиноят кодексининг 58-14 моддаси бўйича айбланган, реабилитация қилинган.
Ахмадохунов Алиохун — 1907 йили Ўзбекистон ССРда туғилган, ўзбек, партиясиз, машғулоти аниқ эмас, Куйбишевда 1938 йил 29 июлда ҳибсга олинган, НКВД Куйбишев области бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1939 йил 13 январда 58-6 модда билан ҳукм қилган.
Ахмедов Шокиржон — 1917 йили Мархамат районидаги Русское селода туғилган, ўзбек, Горкий шаҳрида ички ишлар бўлимида қоровул бўлиб ишлаган. 58-1 модда билан 2 йил 5 ойга ҳукм қилинган.
Ахмедов Фозил — 1919 йили Андижон области, Шаҳрихон туманининг Қозиқўрғон қишлоғида туғилган, ўзбек, 1947 йил 22 мартда ҳибсга олинган, 1947 йил 28 мартда Уст-Вимск меҳнат тузатув лагеридаги махсус лагер суди уни 58-14 модда билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Ашурбоев Ибодулла Разметович — 1894 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, Селимжин райони Норск посёлкасидаги колонияда ўт ёқувчи. НКВДнинг Узоқ Шарқ ўлкаси бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1937 йил 31 декабрда отувга ҳукм қилган.
Ашуров Оқил — 1910 йили Самарқандда туғилган, 1935 йил 15 сентябрда Самарқандда ҳибсга олинган, НКВДнинг Магадан бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1937 йил 15 сентябрда отувга ҳукм қилган, ҳукм 1937 йил 29 октябрда ижро этилган, 1989 йил августида реабилитация қилинган.
Бажанов Йўлдош — 1915 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, партиясиз, НКВДнинг Куйбишев области бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1937 йил 23 октябрда 58-10 модда билан 10 йил муддатга концлагерга сургун қилган.
Бакимбаев Сакен — 1880 йили Бухорода туғилган, ўзбек, маълумоти — бошланғич. Қизил Ўрда области, Теренозен район, Терен-Озек посёлкасига сургун қилинган, 1930 йил 9 сентябрда қамоққа олинган, ОГПУнинг Қозоғистондаги вакиллиги ҳузуридаги «учлик» уни 1930 йил 30 октябрда 58-7 модда билан 3 йил концлагерга сургун қилган.
Боратов Жўра — 1919 йили Жарқўрғон райони, Қоракурсак қишлоғида туғилган, ўзбек, 1939 йилдан 1944 йилгача армияда хизмат қилган. 49-армия ҳарбий трибунали уни 58-1 модданинг «б» банди билан 10 йилга меҳнат тузатув лагерига сургун қилган, 1955 йил 23 апрелда Ёқутистон АССР давлат хавфсизлик комитети томонидан (ДХК) реабилитация қилинган.
Баҳромов Иброҳим — 1918 йил Самарқанд областида туғилган, ўзбек, Рубковск шаҳридаги ОСМЧ-15 қурилиш колониясида ер қазувчи бўлиб ишлаган. 1943 йил 31 майда ҳибсга олинган, Олтой ўлкаси суди 1944 йил 27 февралда 58-10 модда бўйича 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган, СССР Олий суди 1946 йил 16 ноябрда реабилитация қилган.
Бобокаланов Сайид Комилович — 1920 йили Хатирчи туманида туғилган, ўзбек, маълумоти — ўрта, 1945 йил 27 декабрда ҳибсга олинган, Степ ҳудудий орган ҳарбий трибунали уни 1946 йил 15 майда 58-1б модда билан ҳукм қилган.
Давронов Шаим Кирвонович — 1917 йили Қизилтепа районидаги Зармитан қишлоғида туғилган, ўзбек, минамёт инженер баталони қирувчи бригадасидаги 19-бўлимда қизил аскар (Краснодар ўлкаси, Дундулова станцияси), Шимолий Кавказ ҳарбий округи ҳарбий трибунали уни 1942 йил 29 июлда 58-10, 2 қисмлар билан 8 йил озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарган, 1996 йили реабилитация қилинган.
Жалилов Рустам Ботирбекович — 1887 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, ўзбек, Узоқ Шарқ ўлкаси Николаево-Амур шаҳридаги савдо ташкилотида директор ўринбосари бўлиб хизмат қилган. 1937 йил 26 августда НКВД Нижно-Амур бошқармаси уни ҳибсга олган, 58-7, 58-8, 58-11 моддалар билан ҳукм чиқарган, 1939 йил 29 майда реабилитация қилинган.
Журамбой Турамбой — 1911 йили Қўқон шаҳрида туғилган, ўзбек, 31-захирадаги ўқчи полкида қизил аскар, 58-модда билан Татаристонга сургун қилинган.
Девонов Акимбай-Абдулла — 1880 йили Қорақалпоқ автоном областида туғилган, ўзбек, маълумоти — бошланғич. Тўрткўлдаги Хўтариқ қишлоғидан, 1930 йил 18 августда ОГПУ «учлиги» 58-10 модда билан 5 йилга концлагерга сургун қилган.
Зиёев Неъмат — 1929 йили Қўқон шаҳрида туғилган, ўзбек, партиясиз, 1950 йил 14 ноябрда ҳибсга олинган, 1951 йил 21 февралда лагер суди уни 58-14 модда билан 10 йилга меҳнат тузатув лагерига сургун қилган. Самара областида 1991 йил 18 октябрда реабилитация қилинган.
Эгамқулов Мамарасул — 1924 йили Ғаллаорол районидаги Угат қишлоғида туғилган, ўзбек, Перм шаҳрида 1945 йил 31 декабрда ҳибсга олинган. 1946 йил 23 февралда айбланиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилинган.
Икромов Ургут — 1918 йили Тошкентда туғилган, ўзбек, партиясиз, 1940 йил 22 ноябрда ҳибсга олинган, 1941 йил 30 апрелда Куйбишев области суди уни 58-10-модда бўйича 10 йил меҳнат тузатув лагерига сургун қилган, 1965 йил июнида реабилитация қилинган.
Эргашев Дониш — 1921 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, партиясиз, Куйбишевда 1942 йил 30 декабрда ҳибсга олинган, Куйбишев области суди 1943 йил 25 февралда уни 58-14 модда бўйича 5 йил қамоқ жазосига маҳкум этган. 1991 йил 18 октябрда реабилитация қилинган.
Исмаев Асана — 1909 йили Кировск қишлоғида (Ўзбекистон) туғилган, ўзбек, тўлиқсиз ўрта мактаб ўқитувчиси, 58-модда бўйича ҳукм қилинган, Татаристон АССРга сургун қилинган, қамоқхонада 1944 йил 5 январда вафот этган.
Эшонхўжаев Усмонхон — 1899 йили Андижон шаҳрида туғилган, ўзбек, 1920 йили ВКП(б) аъзоси, Қозон темир йўли сиёсий бўлими партия курслари мудири, 1937 йил 15 августда Қозонда ҳибсга олинган. Олий суд ҳарбий коллегиясининг сайёр ҳайъати уни 1938 йил 4 октябрда 58, 63, 64, 67 моддалар бўйича («советларга қарши, миллатчилик, қуролли-террорчи ташкилот иштирокчиси» сифатида) отувга ҳукм қилган. Ҳукм 1938 йил 4 октябрда Тошкентда ижро этилган. 1957 йил 1 августда Олий суд реабилитация қилган.
Эшмуратов Суюн — 1912 йили Самарқанд областида туғилган, ўзбек, Рубковск шаҳридаги ОСМЧда бригадир, 1943 йил 7 майда ҳибсга олинган, 1943 йил 12 октябрда Олтой ўлка суди 58-10, 2 қисми бўйича 2,5 йил қамоқ жазосига ва 5 йил сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳукм қилган. 1946 йил 16 ноябрда Олий суд реабилитация қилган.
Карамқулов Жумабой — 1907 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, партиясиз, 1937 йил 12 октябрда ҳибсга олинган, НКВДнинг Куйбишев области бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 58-10, 58-11 ва 58-14 моддалари бўйича 10 йил концлагерда қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилган, 1989 йил июлида Куйбишев области прокурори реабилитация қилган.
Қосимов Хожиакбар — 1904 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, маълумоти — бошланғич, дўппидўз, 1941 йил 10 июлда Тошкентда ҳибсга олинган, 1941 йил 21 августда Олмаота област суди уни 58-10 модда бўйича 10 йил меҳнат тузатув лагерида қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилган.
Қиличов Қурбон — 1903 йили Арабхонада туғилган, 1933 йили Арабхонада ҳибсга олинган, НКВД ҳузуридаги «учлик» уни 1938 йил 10 апрелда аксилинқилобий, троцкийчилик фаолияти учун отувга ҳукм қилган, 1989 йил июлида реабилитация қилинган.
Кушатов Тохан — 1898 йили Бўстонлиқ район, Хондайлик қишлоғида туғилган, ўзбек, 1930 йил 12 февралда ҳибсга олинган, ОГПУнинг Қозоғистондаги вакиллиги ҳузуридаги «учлик» уни 1930 йил 9 апрелда 58-10-модда бўйича 3 йилга концлагерга сургун қилган.
Мадиев Ҳайдали — 1917 йили Бухоро областидаги Шофиркон қишлоғида туғилган, ўзбек, маълумоти — бошланғич, 1944 йил 14 ноябрда ҳибсга олинган, 37-армия ҳарбий трибунали уни 1944 йил 22 декабрда 58-10 модда бўйича 10 йилга концлагерга сургун қилган, 1978 йил апрелида Москва ҳарбий округи трибунали реабилитация қилган.
Мақсудов Шоёқуб — 1900 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Коми АССР, Визинга қишлоғига сургун қилинган. 1930 йил 22 декабрда ҳибсга олинган. ОГПУнинг Шимолий ўлка бўйича вакиллиги ҳузуридаги «учлик» томонидан 58-10 модда бўйича 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мамурадзе Хайдар — 1916 йили Тошкентда туғилган, ўзбек, 1934 йили сургун қилинган, НКВД ҳузуридаги «учлик» уни 1938 йил 3 февралда отувга ҳукм қилган, 1938 йил 7 февралда отилган.
Миржалилов Махмут — 1921 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, 1942 йил 19 июнда ҳибсга олинган, Коми АССР Олий суди уни 58-14 модда бўйича 10 йил озодликдан, 2 йил ҳуқуқлардан маҳрум қилишга ҳукм қилган, қамоқ жазосини Уст-вим лагерида ўтаган, 1942 йил 25 декабрда қайтадан ҳибсга олинган, НКВД Уст-вим лагери оператив бўлими 1942 йил 31 декабрда РСФСР жиноят кодексининг 58-14 моддаси бўйича айб қўйган, судланмаган, тергов жараёнида вафот этган.
Мирзараҳимов Жалолиддин — 1902 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, партиясиз, 1941 йил 29 октябрда ҳибсга олинган. Куйбишев област суди уни 1941 йил 12 ноябрда 58-14 модда бўйича отувга ҳукм этган, ҳукм Куйбишевда 1941 йил 14 декабрда ижро этилган. 1991 йил 18 октябрда реабилитация қилинган.
Мирсоатов-Мўминбоев Нуриддин — 1888 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, 1938 йил 8 июл куни Павлодар гўшт комбинатида сотувчи бўлиб ишлаётганида ҳибсга олинган. НКВД Павлодар области бўйича «учлик» уни 1938 йил 29 сентябрда отувга ҳукм қилган. 1989 йил апрелида Ўрта Осиё ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси хулосаси билан реабилитация қилинган.
Мирзабеков Иномбой — 1913 йили Наманган области Янгиқўрғон райони, Кушан қишлоғида туғилган, ўзбек, маълумоти — бошланғич, колхозчи, Акмолинскнинг Шортандин райони, 35-меҳнат посёлкасига сургун қилинган. НКВД Қарағанда темир йўли транспорт бўлими уни 1942 йил 10 февралда қайтадан ҳибсга олган, 1942 йил 22 июнда Акмолинск област суди уни 58-10 модда бўйича 10 йилга меҳнат тузатув лагерига сургун қилган. Қозоғистон Олий суди томонидан 1990 йил 27 июнда реабилитация қилинган.
Муҳаммаджонов Ёқубжон Муҳаммаджонович — 1887 йили Андижон шаҳрида туғилган, ўзбек, саводсиз, партиясиз, деҳқон, 1931 йил 13 январда ҳибсга олинган (Бошқирдистон).
Нажимов Абдусалом — 1918 йили Фарғона области, Алтарда туғилган, ўзбек, саводсиз, қизил аскар, 1943 йил 27 январда ҳибсга олинган, НКВД ҳарбий трибунали уни 1943 йил 10 мартда 58-1б моддаси бўйича 10 йил меҳнат тузатув лагерига сургун қилган (Қозоғистон).
Назаров Зокир — 1918 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, қизил аскар. 1942 йил 6 августда Марий Элда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Пўлатов Ҳайдар — 1906 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, 1935 йили ҳибсга олинган. НКВДнинг ДС бўйича Магадан бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1938 йил 9 майда «аксилинқилобий, қўзғолончилик ташкилотида бўлганлиги» учун отувга ҳукм этган, 1938 йил 14 июнда отилган. 1989 йил июнида реабилитация қилинган.
Саримсақов Иброҳим Холижонович — 1906 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, ўзбек, 19-тоғ отлиқ дивизия кутубхонаси бошлиғи, 1938 йил 17 мартда НКВД давлат хавфсизлиги оператив бўлими ҳибсга олган, 1938 йил 2 августда Ўрта Осиё ҳарбий округи ҳарбий трибунали уни 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этган. 1966 йил 4 августда Олий суд ҳарбий ҳайъати реабилитация қилган.
Сувонов Дархон — 1911 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, 1935 йил 7 апрелда ҳибсга олинган, НКВДнинг ДС бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» 1938 йил 7 апрелда отувга ҳукм қилган, 1938 йил 14 апрелда отилган. 1989 йил майда реабилитация қилинган (Магадан области).
Сўфиев Абдулрауф Ашимович — 1884 йили туғилган, ўзбек, Омскдаги матбуот союзида чиқиндиларни тўпловчи, 1937 йил 30 июлда ҳибсга олинган, НКВДнинг Омск области бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни РСФСР жиноят кодексининг 58-2-6-8-9-11 моддалари бўйича отувга ҳукм қилган, 1937 йил 29 октябрда отилган, 1957 йил 26 февралда Сибир ҳарбий округи ҳарбий трибунали томонидан реабилитация қилинган.
Суюнов Пардо — 1903 йил Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, 1934 йил ҳибсга олинган, НКВДнинг ДС бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1938 йил 5 майда «аксилинқилобий гуруҳда иштирок этгани» учун отувга ҳукм этган. 1938 йил 3 июнида реабилитация қилинган (Магадан области).
Тўраев Хамрақул — 1916 йили Вобкент районидаги Яванидер колхозида туғилган, ўзбек, маълумоти — бошланғич, этикдўз, Акмолинск области, Есил райони, Кийма қишлоғида сургунда бўлган. 1952 йил 30 майда Давлат хавфсизлик комитетининг Акмолинск области бўйича бошқармаси томонидан қамоққа олинган. СССР давлат хавфсизлик комитети уни 1952 йил 19 июлда 58-8, 64-моддалар бўйича сургун қилган. 1998 йил 18 июлда реабилитация қилинган.
Убайдуллаев Шимен — 1908 йил туғилган, ўзбек, 1933 йили сургун қилинган. НКВДнинг ДС бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1938 йил 5 майда «аксилинқилобий қўзғолончи ташкилотда иштироқ этгани» учун отувга ҳукм қилган. 1938 йил 5 июнда реабилитация қилинган (Магадан области).
Умаров Абдувай — 1907 йили Тошкентда туғилган, ўзбек, Узоқ Шарқ темир йўлининг Эльбан станциясида 637-завод, 6-цех ишчиси, НКВДнинг Комсомолск шаҳар бўлими томонидан 1945 йил 2 мартда ҳибсга олинган. Давлат хавфсизлик комитети Хабаровск ўлкаси бўйича бошқармасининг тергов бўлими томонидан 58-10 модда бўйича ҳукм қилинган, реабилитация қилинган.
Умурхонов Солихон — 1908 йили Ўзбекистонда туғилган, ўзбек, партиясиз, 1937 йил 12 октябрда ҳибсга олинган, НКВД Куйбишев области бўйича бошқармаси уни 58-10, 58-11 ва 58-14-моддалар бўйича 10 йил концлагерга сургун қилган. 1989 йил июлида Куйбишев области прокуратураси реабилитация қилган.
Хайдаров Норқул — 1899 йили туғилган, ўзбек, 1936 йили ҳибсга олинган. НКВДнинг ДС бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» уни 1938 йил 7 мартда аксилинқилобий қўзғолончи ташкилотда иштироки учун отувга ҳукм қилган. 1938 йил 7 майда отилган (Магадан области).
Холматов Ғани — 1917 йили Наманган районидаги Тошбулоқ қишлоғида туғилган, ўзбек. НКВДнинг Шимолий темир йўл лагери маҳбуси, 1941 йил 7 ноябрда ҳибсга олинган. Шимол-Печор магистрал темир йўл бошқармаси ҳузуридаги НКВД қўшинлари ҳарбий трибунали уни 1942 йил 10 ноябрда 58-14 модда бўйича 10 йилга озодликдан, 3 йилга сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳукм қилган.
Ҳосил Восил — 1905 йили Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Тошкентда 1930 йили сургун қилинган. НКВДнинг ДС бўйича бошқармаси ҳузуридаги «учлик» томонидан 1938 йил 31 мартда «аксилинқилобий, троцкийчилик фаолияти» учун отувга ҳукм қилинган. 1938 йил 13 апрелда ҳукм ижро этилган (Магадан области). 1963 йил 7 январда реабилитация қилинган.
Шундай қилиб, шўролар даврида аввал юртидан бадарға қилинган, кейин ўша бегона юртларда ҳам қайтадан қатағонга дучор этилган, айбсиз отилган, узоқ ўлкалардаги концлагерлар, меҳнат тузатув лагерларида вафот этган жабрдийдалардан бор-йўғи 89 нафари ҳақида қисқача маълумот келтирдик, холос. Аслида уларнинг сони минглаб, ўн минглаб, юз минглабдир. Улар ҳақидаги бор ҳақиқатларни айтиш, тарихимизнинг ана шу қора кунлари билан ҳозирги авлодларни таништириш бугунги озод юрт фуқароларининг инсоний бурчидир.
Россия миллий кутубхонаси ва «Возвращённые имена» халқаро лойиҳасига кўра 2004 йили Санкт-Петербургда нашрдан чиққан «Книга памяти жертв политических репрессий в СССР. Аннотированный указатель» китобида Россия, Украина, Қозоғистон, Белоруссия ва бошқа республикаларнинг ҳудудий бирликлари бўйича сиёсий қатағон қурбонлари ҳақида хотира китоблари нашр қилингани қайд этилган.
«Мемориал» халқаро жамияти, Россия Президенти ҳузуридаги сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш бўйича комиссия, А.Д.Сахаров номидаги музей ва жамоатчилик маркази, «Открытая Россия» минтақавий жамоат ташкилоти ҳамкорлигида «Жертвы политического террора в СССР» номли 2 қисмдан иборат компакт-диск ҳам чиқарилган. Унда ўзбекистонлик қатағон қурбонларидан айримларининг номлари келтирилган.
Ҳолбуки, фақат 1937-1938 йилларнинг ўзидагина ички ишлар халқ комиссарлиги «учлик»лари томонидан 41 мингдан кўпроқ киши қамалган. Шулардан 37 мингдан кўпроғи судланган, 6 минг 920 киши эса отиб ташланган, 1939-1953 йилларда 61 минг 799 киши қамалган. Шулардан 56 минг 112 киши турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган, 7,1 минг киши эса отувга ҳукм қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 июлдаги «Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорида мустамлакачилик даврида қатағон қилинган фидойи ватандошларимизни номма-ном аниқлаш, шаҳид бўлган юртдошларимиз номини абадий сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдли «Қатағон қурбонлари» хотира китобини яратиш вазифа қилиб қўйилган эди. Бироқ бундай зарур вазифалар вилоятлардаги «Шаҳидлар хотираси» жамиятлари эътиборидан негадир четда қолаётир. Вилоят ҳокимликларидаги айрим мутасаддилар ҳам бу ишга суст муносабатда бўлмоқдалар.
Бу ўринда яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Россия, Украина, Грузия каби республикаларда собиқ иттифоқ даврида мутлақо махфий ҳисобланган ҳужжат ва материаллардан махфийлик тамғаси олиб ташланиб, қатағон билан боғлиқ ҳужжатлар аллақачон тегишли давлат архивларига берилган. Масалан, Украина давлат хавфсизлиги архивидаги қатағон билан боғлиқ материаллар вилоятларнинг давлат архивларига берилган. Натижада бутун республика, ҳар бир вилоят бўйича қатағон қурбони бўлганларни номма-ном аниқлаш ва хотира китобларида қайд этиш яхши самара бермоқда. Биз ҳам шу имкониятдан фойдаланиб 30-40-йилларда Херсон вилоятида қатағон қилинган ўзбеклардан 200 га яқин собиқ «қулоқ»лар номларини аниқлашга муваффақ бўлдик. Ставрополда нашр этилган 12 жилдлик «Памяти жертв политической репрессии в Ставрополском крае» китобида Шимолий Кавказга сургун қилинган юртдошларимиз номларини ўқидик. Россия Федерациясида, Украина, Қозоғистонда чоп этилган хотира китобларида ҳам ўша юртларда қатағон қилинган ўзбекистонликлар номма-ном келтирилганини кўрдик.
Бу мисолларни айтишдан мақсад шуки, бизда ҳам шўролар даврида сиёсий қатағонга учраб, айбсиз ҳолда ноҳақ дард-алам тортган жабрдийда юртдошларимиз ҳақида хотира китоблари яратиш вақти келди. Шу боис мутасадди муассасалар, жамиятлар, тарихчи олимлар, қолаверса ҳар бир зиёли бу ишга ўзининг ҳиссасини қўшиши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
Алишер МАМАЖОНОВ,
Бобур номидаги Андижон Давлат университети катта ўқитувчиси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 3-сонидан олинди.