Ҳар бир хонадон бамисоли бир қалъа. Бекорга ўтмишда «ичкари» деган ибора кенг тарқалмаган. Унинг сиру синоатлари тўрт девор ичида қолиб кетаверган.
Башарти, хонадон тинч бўлиб, оиланинг барча аъзолари хушҳол давру даврон суришса, олам — гулистон. Бундан маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндош-уруғ хурсанд. Бундай хонадонни ҳамма алқайди, унга яқинлашгиси, у билан борди-келди қилгиси келади. Иттифоқо, шу хонадондан бахт юз ўгириб, унинг аъзолари бошига бирор кулфат тушса, кеча демай, кундуз демай, иссиқ-совуқ демай, уруғ-аймоқ, таниш-билиш югургилаб келади, ҳамдард бўлади, ёрдам қўлини чўзади.
Борди-ю, бунинг акси бўлса-чи? Хонадон соҳиблари ярқираб кўринган ҳар бир нарсани олтин билиб, унга ёпишаверса, давр-давронни бойлик орттиришда деб билса, ўз хонадонининг нуфузини қўша-қўша машиналар, дабдабаю ас-асали тўйлар билан ўлчаса-чи? Хонадон соҳиблари гулдек-гулдек фарзандлари ҳаётидан ҳузур-ҳаловатни дариғ тутиб, улар авжи ўйнаб-кулиб, юртда ёруғ юз билан яшайдиган паллаларини заҳар-заққумга айлантирса-чи?
Бундай хонадон, шубҳасиз, назардан қолади, одамлар уни четлаб ўтишади, олди-берди, кирди-чиқди қилмай қўйишади. Бундай хонадон ўғил уйлантирмоқчи бўлса, совчилари бир туман нарида калиш йиртади…
Ўртачирчиқ туманининг «Ўзбекистон» ширкат хўжалигида шундай бир хонадон бор. Унинг соҳиби шу хўжаликда ўн йиллаб трактор ҳайдади. Турмушда кўп азиятлар чекди. Биринчи аёли билан ажрашганидан кейин гўдак бир ўғил билан қолди. Уни тарбиялайди, она ўрнига она бўлади, деган мақсадда пахта ичида катта бўлган Турсунойга (маълум сабабларга кўра исм ўзгартириб берилмоқда) уйланди. У ҳам кетма-кет етти ўғил-қиз туғиб берди. Ўғиллар бирин-кетин ўқиб вояга етишгач, хонадон соҳибларининг елкасига «офтоб» тегди. Бирин-кетин ўғил уйлаб, қиз чиқариб, айни даври-даврон сурадиган кезлар келди.
— Афсуски, ўғиллар вояга етиб, улар топган мол-дунё бу хонадон фароғатига хизмат қилмади, — дейишади қишлоқдошлар. — Тўғри, уларни бой-бадавлат деб ҳам бўлмайди, лекин фарзандларини меҳнат билан оёққа турғизган Турсуной омад қуши елкаларига қўнганида ўтган кунларини унутди. Бу хонадон бошига тушаётган жамики кулфатлар унинг манмансираб, ҳаволаниб кетишидан…
— Болаларининг ҳаммаси топармон-тутармон, иқтидорли, лекин Турсуной босар-тусарини билмай қолди, — дейди маҳалла фаолларидан бири. — Ўз билганидан қолмайди. Унча-мунчани менсимайди. Маслаҳат кўрсатсак, «Ўзингни бил!», — дейди.
Табиийки, бундай хислатлар билан одам боласи ўзи орзу қилган фароғатга эриша олмайди. Шу хонадон қисмати бу фикрнинг далилидир. Унинг тарихини билган киши борки, бу хонадонга тушган келин бахти қаро бўлади, дейди. Бунинг сабаблари етарли. Чунончи, катта ўғил икки бор уйланди. Биринчи келин Умидахон ёмонотлиқ қилиниб, олти ойли ҳомиласи билан хонадондан ҳайдалгач, Турсуной ўғлини Дилоромга уйлантирди. Аммо қайнона бугун шу келиннинг хизматидан ҳам баҳраманд эмас. Тинчлик бўлмагач, ўғил оиласини олиб ётоқхонага кўчиб кетди. Турсуной иккинчи ўғлини ҳам икки бор уйлантирди. Унинг иккинчи хотини қисматига алоҳида тўхталамиз. Биринчи келин Наргиза гўдак ўғли билан бу хонадондан қувилгач, Турсуной елиб-югуриб Пскентдан янги келин топди. Лекин ёшгина, гулдеккина келин овлоқдаги бу хонадон синоатларига чидай олмасдан ўзини осиб қўйди.
Учинчи ўғил ҳам қисқа муддат ичида икки бор уйланиб улгурди. Ўзи кўриб-билиб, муҳаббат қўйиб олган Нодирани бир боласи билан ташлаб, Оҳангарон шаҳридан қариндошининг қизига уйланди. У ҳам икки-уч ой яшаб улгурмай, хонадонга ёмонотлиқ бўлди ва уйига қайтиб кетишга мажбур бўлди.
Савол туғилади: «Бу хонадонга нега келин чидамайди?». Бунга жавобни Турсунойнинг маҳалла чеккаси — овлоқдаги ўша хонадонида бўлганимизда топгандай бўлдик. Майда-чуйда гап, ишончсизлик, келин деганни одам ўрнида кўрмаслик, ҳақорат, ғийбат каби иллатлар бу ерда урчиб ётибди.
Биз борганимизда ўғиллардан бири — Холдорали уйда экан. Суҳбатга тортиб, бу дунёда яшаш нима, инсонийлик, раъй-андиша, ота бўлиш масъулияти — шулар ҳақида гапирганимиз сари унинг боши қуйи эгила борди.
— Гулбаҳор келинойинг қандай эди? — деб сўрадик пировардида.
— Тилла келин эди, — жавоб берди Холдорали бошини кўтармай. —Ўхшаши йўқ эди…
Гулбаҳор 1999 йилнинг апрелида не-не орзу-умидлар билан, не-не энтикишлар билан келинлик либосида бу хонадон остонасидан ҳатлаб ўтган эди. Аммо ёшгина юрагини гуп-гуп урдирган орзулари сароб бўлиб чиқди. Энг яхши ниятлари овлоқдаги шу хонадон дарвозаси олдидан оқиб ўтувчи ариқ сувлари билан оқиб кетди.
— Қизгинам бекорга увол кетди, — дейди Гулбаҳорнинг мўйсафид отаси кўзларига ёш олиб. — Ўша хонадон асоратларини кўтара олмай, ёшгина жонига қасд қилиб қўйди…
— Эркак қуда яхши эди, — дейди Бодилаш опа. — Лекин хотин олдида ип эша олмас экан. Қизим келин бўлиб тушибдики, кун кўрмади. Юввошгина эди, бетгачопар эмасди.
Гулбаҳор ўзини осиб ўлдиргани ҳақидаги шум хабардан Чимқўрғонда кексаю ёш бир қалқиб тушди.
Шундан кейин бошланди ғавғо. Овлоқдаги ўша хонадондан: «Келинимиз руҳий касал эди. Кечалари ҳовлига чиқиб кетар эди, хаёлпараст бўлиб қолганди», — деган гаплар чиқди. Гулбаҳор умид билан бир ёстиққа бош қўйган куёвимиз ҳам шу гапларга ёпишиб олди. Уч ойлик ҳомиласи бўлгани ҳолда ҳаётдан кўз юмган рафиқаси хотирасини оёқости қилди. Мурда Тўйтепага олиб келиниб, экспертиза қилинаётганида ҳам қорасини кўрсатмади.
— Қизим соппа-соғ ўсганди, ўқиб-ишларди. Қудалар айтган ҳолатлар ғирт туҳмат. Оллоҳга солдим, — дейди бечора ота.
Яна бир келин — Нодира Ўртачирчиқнинг Янги тўлқин қишлоғидан, овлоқдаги ўша хонадонга келин бўлиб тушди. Отаси олий ўқув юртида узоқ йиллар талабаларга сабоқ берган, онаси ҳам «оқ-қорани» таниган бир аёл. Опалари турмуш қуриб, бола-чақали бўлиб, тиниб-тинчиб кетишган. Нодира тиббиёт билим юртини битирган, туман марказий шифохонасида акушерка бўлиб ишларди. 2001 йилнинг 8 августида Холдорали билан турмуш қурди.
Нодира Эргашеванинг республика хотин-қизлар қўмитасига ёзган хатидан: «Уч кунлик келинлигимданоқ қайнонам ҳунарларини кўрсата бошлади. Ҳар нарсадан жанжал чиқарардилар. Кейинроқ билдимки, бу хонадонда келин яшамас экан. Уч ўғил икки мартадан уйланган, мен бу ҳовлига еттинчи келин бўлиб тушган эканман…»
Бўлар бўлмас гап-сўзлар, уруш-жанжаллар Нодирани ҳам ҳолдан тойдирди. У дардга чалиниб қолди. Лекин орага совуқчилик тушмасин деб, ота-онасига билдирмади. Холасининг уйига бориб, беш кунгина даволаниб келди. Аммо рўшнолик ўрнига жабр, осуда турмуш ўрнига жанжал-тўполон давом этаверди. Охир-оқибат у яна оғир дардга чалинди. Қайнона арзимаган баҳона билан жанжал кўтариб, ўғлига касалманд келинни урдирди. Энди буни ота-онадан яшириб бўлмасди. 13 декабр куни улар қизларини оғир аҳволда Ўртачирчиқ туман марказий касалхонасининг шошилинч тез тиббий ёрдам марказига ётқиздилар.
Ўзини бечораҳол қилиб кўрсатувчи овлоқдаги ўша хонадонда эса Холдоралини иккинчи маротаба ноқонуний уйлантириш тадориги бошланди. Нодира тўйга боришга, Холдоралига етти ойлик ўғлини бир кўрсатиб қўйишга жазм қилди.
— Бир ҳолат менинг нафсониятимга қаттиқ тегди, — дейди Нодира. — Ҳомиладорлик паллам касал ҳолимда ташлаб қўйган, ўғли туғилганидан кейин уни бирон маротаба эсига олмаган, 2002 йилнинг ноябр, декабр, 2003 йилнинг январ ойлари учун алимент тўлашга «қурби етмаган» бир йигит ҳали мен билан қонуний ажралишмасдан туриб, Оҳангарон туманидаги «Жавоҳир» қаҳвахонасида казо-казо санъаткорларни чорлаб, тўйни қандай ўтказаётганлигини бир кўрай дедим…
Нодира боласини кўтариб, тўй бўлаётган жойга борди. Янги куёв Нодирани кўриб жаҳл отига минди. Ур-йиқит, тўс-тўполон бўлди. Бу энди, алоҳида мавзу.
Лекин битта савол ҳар қандай кишини ўйга толдиради. Нега Ўртачирчиқнинг Шариф Умрзоқов маҳалласидаги бу хонадонга келин чидамайди? Уқувли, билимли, топармон-тутармон фарзандлар нега ўз тенгқурлари қатори яйраб-яшнаб, бахтли-саодатли яшай олмаяпти? Қайта-қайта уйлантирилган ўғиллар ҳаёти нима учун роҳат-фароғатда эмас?
Гап шундаки, бу хонадоннинг турмуш тарзи ўзига хос тамойилда шаклланди. Унинг соҳиблари — навқиронлик йиллари обдон меҳнат қилишди. Мустақиллик шарофати билан юзларига офтоб тегди. Тагларида қўша-қўша машиналар пайдо бўлди, қўлларига пул тушди. Ва… кечаги кунларини унутишди. Кибру ҳаво кучайди. Бойлик уларни маънавий қашшоқлаштирди. На таниш-билиш, на маҳалла-кўй фикри, на ўзбекона турмуш тамойилларию қонунларимиз билан ҳисоблашмай қўйишди. «Менинг айтганим бўлади»га ўтишди. Жарақ-жарақ пулнинг ўзи ўғил-қизларни бахтли қила олмаслигини хаёлларига ҳам келтиришмади. Давлатмандлик олдида урф-одатларимиз, қадриятларимиз, қонунларимиз ҳам ҳеч нима бўлмай қолди.
Қишлоқ четидаги хонадон фожиасининг бош сабаби шунда!
Матбуотда узоқ йиллар ишлаган бир журналист сифатида айтиш мумкинки, оилавий можаролар фақат Ўртачирчиққа хос эмас. Оила бор экан, паст-баланд гап ҳамма жойда ҳам бўлиб туради. Шу боис ушбу мақолага оид баъзи факт ва рақамларни, далил-исботларни, можаролар, улар билан боғлиқ инсон шаънига тўғри келмайдиган кўпгина ҳолатларни қоғозга туширишдан ўзимни тийдим. Мен англаган ҳақиқат шу бўлдики, фавқулодда омад, фавқулодда бахт, бойлик, топармон-тутармонлик инсонга ҳамиша ҳам бахт-саодат олиб келмас экан, аксинча, бу нарсаларга маҳлиё бўлиб, инсон ўзини, кечаги кунини, охиратини унутса, айни шу омаднинг, шу бахт, шу бойликнинг қулига айланиб қолиши, ҳаёти издан чиқиб, маънавий таназзулга юз тутиши ҳеч гап эмас экан.
Лекин ўша қишлоқ четида жойлашган хонадон, яна шундай хонадонлар қаерда бўлишидан қатъий назар, уларнинг соҳиблари, фарзандлари, келинлар, набиралар бизга, сизга бегона эмас. Улар ҳам бизнинг бир бўлагимиз, хотиржамлигимиз, бепарволигимиз, ҳаётнинг мураккаб чорраҳаларида фақат ўзимизга урғу бериб, ён-атрофларимизда нималар бўлаётгани, қандай куртаклар барг ёзаётганидан бехабарлигимиз ҳосиласидир. Нима, Ўртачирчиқда маҳалла, жамоатчилик, кўпни кўрган, кўпни билган нуронийлар йўқми?
Мана шулар ҳақида ўйлашимиз, керак, деб ўйлайман.
Жўра Саъдуллаев
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 30-сонидан олинди.