Қодирий насри ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Лекин унинг шоир сифатидаги салоҳияти тадқиқ этилган эмас. Тўғри, у туркум шеърлар, достонлар ёки шеърий тўпламлар яратмаган. Бироқ, ўрганса, ўқиса арзийдиган шеърий мерос қолдиргани аниқ. Яқингача унинг бор-йўғи “Тўй”, “Аҳволимиз” ва “Миллатимга бир қарор” каби уч шеъригина тилга олинарди. 1993 йилга келиб, адабиётшунос олим Рустам Тожибоев томонидан шоирнинг тўртинчи шеъри — “Фикр айлағил” эълон қилинди. 1995 йили нашр этилган Қодирий “Тўла асарлар” тўпламининг биринчи жилдида эса “Пилдир пис…” деган бешинчи шеъри чоп этилди. Табиийки, бор-йўғи бир юз ўн икки мисрадан иборат бу беш шеър муаллифга “шоир” деган унвон-мақом бера олмайди. Боз устига мазкур шеърлар адиб ижодининг илк даври маҳсули бўлганлигидан ғоявий-бадиий етукликка даъво қилолмайди ҳам. Аммо, Абдулла Қодирий ижодининг иккинчи – юксалиш босқичида яратилган юзлаб мисра шеърлар мавжудки, улар алоҳида эмас, насрий асарлари, романлари бағрида юзага келган, яратилган. Таассуфки, бу ҳол қодирийшуносликда мутлақ эсга олинмаган.
Абдулла Қодирий шеърларини икки тоифага ажратиш мумкин. Улардан биринчиси – “Тўй”, “Аҳволимиз”, “Миллатимга бир қарор”, “Фикр айлағил” ва “Пилдир пис…” каби мустақил шеърий асарлар бўлса, иккинчиси – асосан “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” ва “Обид кетмон” каби эпик асарлари таркибидаги назм намуналаридир.
Қодирий шеърлари асосан лирик руҳда бўлиб, уларни пафос жиҳатидан интим, ҳажвий ва ҳазил шеърларга ажратиш мумкин. Ғазал, қасида, мушоира жанрларида битилган ғазалларнинг аксариятида (айримларини эътиборга олмаганда) тахаллус қўлланмаган. Улар арузнинг ҳазаж, рамал, ражаз ва бошқа баҳрларида ёзилган.
Насрий асарлар таркибидаги шеърлар шакл ва мазмун жиҳатдан пухталиги, ғоявий-бадиий етуклиги билан алоҳида ажралиб туради. Зеро, мустақил шеърлар Қодирий ижодининг бошланғич даврига, ҳаваскорлик йилларига тааллуқли бўлса, насрий асарлар таркибига кирган шеърлари шоирнинг анча катта ҳаётий ва ижодий тажрибага эга бўлган, ижодкор сифатида шаклланган даврига тўғри келади. Буни адибнинг Москвада ўқигани, рус ва жаҳон адабиёти билан яқиндан танишиб, маҳорат касб этгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Қолаверса, бу пайтда у таржимон сифатида ҳам танилган эди.
Абдулла Қодирийнинг шоир сифатидаги илк шеъри “Тўй” бўлиб, ҳажв йўсинида битилган. Негаки, адиб яшаб, ижод этган ўша давр кўпроқ ҳажвни тақозо этарди. Замона кулфати, мустамлака сиёсатининг найранглари, миллатнинг лоқайдлиги, мамлакатда авж олган очлик, қашшоқлик эзгу туйғуларга тўла адиб қалбини жунбушга келтирар эди. Биламизки, миллий урф-одатларга кўра баҳору ёз тер тўкиб, заҳмат чекиб, қиш палласида тўй қилинган. Тўй бой-бойвуччалар учун писанд бўлмаса-да, бева-бечора, меҳнат аҳли учун кўп ҳолларда фожиа эди. Негаки, “кимошди” пойгасида кўпгина камбағал, меҳнаткаш аҳли панд еб қоларди. Қарзга ботиб, ҳалокат ёқасига бориб етарди. “Тўй” шеърида шоирнинг:
Келингиз, дўстлар, дин қариндошлар,
Ташласун бўлса гар мусулмон тўй, —
дея “кори маъжуси, кори шайтон тўй”лардан воз кечишга даъват этгани бежиз эмас. Бу орқали у ўз миллатини ғам-кулфатлардан халос этмоқни истайди. Гап бу ўринда мазкур шеърнинг ғоявий-бадиий жиҳатдан етук ёки етук эмаслиги ҳақида эмас, балки муаллиф кўтарган муаммонинг нечоғлик долзарблигида. Бу муаммо ҳамон “кимга тўй, кимга аза” бўлиб қолаётир. Тўғри, тўй ошна-оғайни, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўйни бир-бирига яқинлаштиради. Ўзаро оқибат, илиқлик, меҳр-муҳаббат туйғуларини тарбиялайди. Тўй миллий урф-одат ва анъаналар, миллий маданият тажассумигина эмас, ёқимли миллий байрам ҳам. Ўзаро ўтган гина-адоватлардан фориғ бўлиш, ҳордиқ чиқариш маросимидир. Бинобарин, адиб ана шу маънодаги тўйни ёқлайди, исрофгарчилик, рўй бериши мумкин бўлган фожиалардан огоҳ этади. Шу туфайли ушбу мавзу-муаммо муаллифнинг “Бахтсиз куёв” ва “Ўтган кунлар”ида қайта-қайта қаламга олинади.
“Миллатимга бир қарор”, “Аҳволимиз” каби шеърларида ҳам шоир ўта зарур ҳаётий мавзу ва муаммоларга эътиборни қаратди. Шу маънода “Аҳволимиз” шеъри ўз мавзуи, муаммосига кўра ўта замонавий деса бўлади. Унда қолоқлик ва лоқайдлик сабаби гиёҳвандликка ружу қўйишда эканлигига алоҳида урғу берилади. Айниқса, ёшларнинг наша, кўкнори истеъмол этишларидан ўта хавотирланади. Елкаларига “кокил солиб, оҳ-воҳ” билан ўтаётган умрларига ачинади.
Мазмунига кўра маърифатпарварлик руҳидаги мазкур шеър халқчил, содда, равон тил ифодаси билан ҳам ўз даври адабий тилининг шаклланишига хизмат этди. Одатдагидек, анъанавий мураккаб истиора, ўхшатиш ва тазодлардан кўра соф адабий тилга монандлик шеърнинг муҳим фазилатидир.
Шунингдек, шоирнинг “Фикр айлағил”, “Пилдир пис…” каби шеърларида ҳам янгиликка интилиш, нуқсонларни фош этиш, ҳажв руҳи устувор. Хусусан, “Пилдир-пис…” шеъри пародия тарзидаги ҳажвия бўлиб, унда 20-йилларда урф бўлган футуристик шеърлар ва уларнинг муаллифлари танқид остига олинади. Шаклбозликдан, мазмуни йўқ шеърлардан воз кечишга даъват этилади.
Абдулла Қодирий шоир сифатида ҳаммаси бўлиб 112 мисра шеър яратган бўлса, насрий асарларида икки баравар кўп назм намуналари учрайди. Улар фақат сон жиҳатидангина эмас, теран мазмуни, юксак бадиияти билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Тўғри, насрий асарларида учрайдиган шеърий парча ёки яхлит шеърлар ҳар бир асарнинг мақсад ва ғоясидан, қаҳрамон ҳолати ва руҳиятидан келиб чиқиб яратилган. Масалан, “Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан” қиссасида яхши ва ёмон хотин ҳақида гап бораётганлиги туфайли қуйидаги ҳажвий мисралар туғилади:
Яхши хотун саҳар туриб,
Чархини товлар, дўст, беданам.
Ёмон хотун саҳар туриб,
Ўчоғин ковлар, дўст, беданам.
Худди шундай ҳажвий шеърлар шоирнинг “Пўскалласи”, “Рўза” каби ҳикоялари замирида ҳам ёзилган. Энг муҳими, бу шеърлар содда, равон, халқ йўлида битилган.
Катта эпик асарларида учрайдиган шеърларга келганда (Қодирий шеърияти таҳлилида профессор У.Тўйчиевнинг бу борадаги қарашларидан фойдаланилди — С.М.) таъкидлаш жоизки, гоҳо шеър бутун бир тақдир, бутун бир характер тажассумига айланади, романлардаги эпикликни чуқурлаштиришга кўмаклашади. “Ўткан кунлар”даги илк шеър – бунинг далили. Бу шеърий парча Кумуш билан Отабек тўйи арафасида сирли бир қўшиқ тусини олади. Шеър маснавий тарзида бўлиб, жами ўн икки мисрадан иборат. Бироқ, мазмуни, моҳияти жиҳатидан бутун романда илгари сурилган ишқ, муҳаббат, оила муаммоси ечимига хизмат қилади. Эсингизда бўлса, романнинг ўнинчи фасли “Тўй, қизлар мажлиси” деб юритилади. Унда гап асар бош қаҳрамонларидан Кумушбибининг тўй арафасидаги ҳолати, аёл, инсон сифатидаги руҳий кечинмалари, орзу-истаклари ҳақида боради. Қуйидаги иқтибос шу ҳақда: “Кумушбиби ҳам бу қизиқ базмдан бошқалардек ҳисса оладир, суюниб қувонадир, деб ўйланмасин, чунки вужуди қизлар базмида бўлса ҳам, хаёли аллақаерда учиб юргандек, кўзлари ўйнағувчи бўлса ҳам, аммо ҳақиқатда бошқа бир нарсани кўргандек… бу қизиқ мажлис унинг учун базм ўрнини эмас, аза жойини тутқондек” (“Ў.К.” Т. 1992, 46-бет). Шу ҳолатда икки соат давом этган базм асносида Гулсин билан Хоним бибининг мунгли қўшиғига навбат келади. Гулсин куйлайди:
Ўртоқларим, қўлга
олсам торимни,
Беихтиёр ёдлайдурман ёримни.
Ана шу “бир оҳанглик нафис, мусиқавий товуш”, “хаёл ичида шўнғиб ўтирган Кумушбиби”ни “бир сескантира”ди. Энди Гулсин ёнига Хоним биби кириб, иккинчи байтни айтадилар:
Бир кўришиб яғмо қилғон кўнглимни,
Қайтиб яна кўролмадим норимни.
Шу байт ижросидан сўнг “Кумушнинг икки кўзи жиқ ёшга тўлади”. Пироварди, шу тарзда байтма-байт адиб кузатган сирли мақсад сари борилади. Энди қўшиқни Гулсин ёки Хоним биби эмас, Кумушнинг ўзи айтаётгандек туюлади. Руҳдаги фожеий ҳолат, драматизм тобора таранглашиб, ниҳоят учинчи, тўртинчи байтлардан сўнг Кумуш руҳида, ҳолатида тоқатсизлик, безовталик пайдо бўлади, ўзини қўйишга жой тополмай қолади. Бешинчи ва олтинчи байтларга етганда “байтға қулоқ солгувчи қолмайди”. Негаки, Кумуш ёнидаги дугонасига осилиб, аллақачон йиғига кўчган эди. “Шу йўсин қизлар ўзларининг бир ўртоқларини хотинлик дунёсига узатиб, мажлисдан тарқалишдилар”. Аммо, Кумушни ўқувчи кутганча ғам-алам эмас, аксинча, “кутилмаган бахт” қаршиларди. Чунки Кумуш адиб таърифича: “… лолалар ичида бир гул ва ё юлдузлар орасидағи тўлғон ой” мисоли товланар эди.
Шеърнинг жанри ва қурилиши ҳақида гап борганда, шуни қайд этмоқ лозимки, шоир энди илк мустақил шеърларида учрайдиган мураккаб ифодаларни қўлламайди, занжирли ташбеҳлардан қочади. Аксинча, халқона усул ва услублардан фойдаланади. Шеър қўшиқ-лапар тусини олиб, Кумушбиби оҳу зорини акс эттиради. Байтдан байтга кўчган сари қаҳрамон қалбида ёнган ишқ ўти булутга — ёмғирга — кўз ёшига айланади.
Кўринадики, биргина шеър бутун бир романда илгари сурилган ғоя ва мақсадни ифодалаш воситаси даражасига кўтарилади. Ёинки Кумушбиби қабр тошидаги битикни эсланг. Шоир Ғайратий домланинг эслашича, бу битик аввал Фузулийдан олинган:
Ҳамроҳим эдинг бу йўлимда, эй моҳ,
Ҳамроҳни ташлаб кетарми ҳамроҳ–
деган байт асл қўлёзмада бўлган. Аммо шоирнинг “Муштум”даги дўстлари эътироз билдириб, “ўз асарларига ўз шеърлари бўлса, яхши жаранглашини маслаҳат беришган”. Шундан кейин муаллиф:
Аё, чарх, этдинг ортиқ жабр бунёд,
Кўзим ёшлиғ, тилимда қолди фарёд.
Ҳаётим лолазоридин аюрдинг,
Ёқиб жоним, кулим кўкка совурдинг, —
деган ажойиб тўртликни ёзади. Зеро, аввалги бир байт билан кейинги тўртлик шакл ва мазмунига кўра тамоман ўзга маъно, ўзга ифодага эга. Айни чоғда, тўртлик мунгли, таъсирли, сирли бўлганидан фақат Отабек ҳолати, руҳиятинигина эмас, бутун асар моҳиятини очишга хизмат қилган. Шеър арузнинг ҳазажи мусаддаси мақсур баҳрида бўлиб, а-а, б-б шаклида қофияланган. Ушбу шеър ҳам теран мазмуни, ҳам юксак бадиияти билан Қодирийнинг бетимсол шоирлик салоҳиятига далилдир. Шоирнинг “Меҳробдан чаён”даги санъати, маҳорати, айниқса, ҳайратланарли. Романдаги шеърий лавҳалар 100 мисрадан ошади. Уларнинг ҳар бири асарда ўзича алоҳида бир ғоявий-бадиий, тарбиявий-эстетик вазифага эга. Жумладан, Анвар ва Раъно мушоирасига эътибор беринг:
Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса
Мажнунларнинг Лайлоси,
Насиб ўлмиш менга гулшан аро
гулларнинг Раъноси.
Бу мисралар оқ қоғозга Анвар қаламидан эмас, қалбидан кўчган дейиш мумкин.
Агар ор этса Лайли ҳақлидир
Қайсни жунунидин,
Не бахт Раъно, харидоринг
талаб аҳлининг Мирзоси, —
байти Раъно кечинмаларининг бетимсол поэтик ифодасидир. Байтнинг романга эпиграф сифатида келтирилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, адиб мазкур асарда икки севишган қалбнинг бахтли онлари, мураккаб қисмати ҳақида ҳикоя қилишни мақсад қилиб олганлигидан китобхонни огоҳ этмоқда. Шу туфайли мазкур байтлар икки ёш муҳаббати ифодаси сифатида асарда алоҳида ўрин тутади. Аёнки, ёзма, мумтоз адабиётимизда, халқ оғзаки ижодида бундай мушоира усули кўп учрайди. Бинобарин, адабиёт тарихида Амир ва Нодира, Фазлий ва Маҳзуна, Ғафур Ғулом ва Ғайратий мушоиралари борлигини биламиз. Замонамизнинг улкан шоираси Зулфиянинг 1956 йили Деҳлида бўлиб ўтган Осиё ва Африка ёзувчилари анжуманида ўқиган машҳур “Мушоира”си ҳам шу жумладан. Аммо “Меҳробдан чаён”даги ушбу мушоира, улардан фарқли ўлароқ икки ижодкор эмас, ошиқ ва маъшуқа ўртасида кечади.
Қаҳрамонларнинг ёниқ ишқи шеърда пардали тарзда, ўта назокат билан ифодаланган. Аммо лирик сюжетда, яъни ҳис ва фикр ривожида қаҳрамонларнинг севгилари, орзу ва интилишлари қаршисида қандайдир бир тўсиқ, хавф-хатар борлигига ҳам урғу берилади. Буни Раъно оҳорли поэтик ташбеҳ билан ифодалайди, яъни кишининг сафроси куйса, қон айланиши ҳам бузилади, ҳаёти хатарда қолади.
Анвар:
Ҳамиша хавфда кўнглим
бу муҳаббат интиҳосидин,
Мени ҳам этмаса Мажнун
дебон Раънонинг савдоси, —
деб ташвишланса, Раъно Анвардан ўпкаланиб:
Муҳаббат жомидин нўш
айлаган аҳли зако бўлмиш,
Фунуний тибда мажнундир
кишини куйса сафроси, —
жавобини қайтаради. Кўринадики, бу шеърда теран фикр гўзал бадиий шаклда ифодаланган. Бунда илми бадеънинг талмиҳ (Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун номларини келтириш) санъати имкониятидан санъаткорона фойдаланилган.
Севги қисмати қандай кечишидан ташвишланиш (лирик конфликт) шу тахлит ҳал этилган. Эҳтирос ва тафаккурдаги зиддиятли қутблар лирик кечинманинг ҳаётий, ишонарли бўлишини таъминлаган.
Худди шу ўринда адиб: “Раъно ўзига қараб келгувчи Анварга ер остидан кулимсираб олғач, бир оз кўриниб турган оёқ учларини сариқ атлас кўйлаги билан яширди, атлас кўйлакни яхшигина туртиб турган сирли кўкраги устига ён ўрим сочларини олиб ташлади” (“Ў.К.” ва “М.Ч.”, Т, 1992, 377-бет) деган тасвирни киритади.
Бу билан адиб Раънодаги ҳаё, ибо ва андишани кўз-кўз қилади. Мушоира баҳонасида ундаги иккинчи бир фазилатни ҳам улуғлайди. Айниқса, Раънодаги зукколик, юксак дид ва савия, шоиртаъб ҳозиржавоблик, иқтидор хонликлар замонида ҳам бўлганлиги ифодаланади. Шу тахлит Раъно Нодира, Увайсий, Анбар отин каби ардоқли шоираларимиз прототипига айланади.
Хуллас, “Меҳробдан чаён”даги шеърий парчалар, хусусан, Анвар ва Раъно мушоираси ўзининг кўп қатламли моҳияти билан нафақат асарда, балки адиб ижодиётининг поэтик такомилида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, адибнинг салоҳиятли носирлиги, иқтидорли шоир бўлишига, моҳир шоирлиги эса етук носир бўлишига хизмат этади.
Мушоира ҳазажи мусаммани солимда ёзилган бўлиб, маълумки, бу баҳрда мафоийлун рукни такрорланади. Бу ҳол, ўз навбатида, ритмнинг аниқ, равон бўлишини таъминлайди.
“Меҳробдан чаён”да учрайдиган марҳума келинчак Назми тилидан айтилган қўшиқ ёки Солиқ Махдум ҳақида Раъно тилидан келтирилган ҳажвия, Мирзо Муҳаммад Ражаббекнинг ўғли Насим ўлимига бағишлаб Анвар айтган шеър, Ниёз Муҳаммад ёзган шеър ёки Анварнинг Мирзо этиб тайинланиши баҳонасида айтилган жар (айю ҳаннос) – булар барчаси бир томондан, адибнинг шеърий маҳорати, салоҳиятини англаш имконини берса, иккинчи томондан, мавжуд романлар тилининг поэтик жозибадорлигини таъминлайди. Абдулла Қодирий шеърияти, айниқса, адиб насридаги назм намуналари лироэпик насрий услубнинг ҳаётийлиги, яшовчанлиги ва кенг имконияти тўғрисида янги хулосалар чиқаришга асос бўла олади.
Собир Мирвалиев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 47-сонидан олинди.