Тарих ғилдираги ҳамиша олдинга қараб айланади. Уни ҳеч қачон ортга буриб бўлмайди. Бироқ маълум бир жамиятда муайян даврда юз берган воқеа бошқа бир даврда, бошқа бир жамиятда қайсидир кўринишда такрорланиши мумкин. Тарихда бунга мисоллар кўп.
Исони чор михга тортган оломон билан Мансур Халложни дорга осган оломон ўртасида унчалик катта тафовут йўқ. Тафовут фақат вақт деб аталмиш сарҳаднинг кенглигида. Сарҳад эса кенг, чексиз, чексизлик эса абсурддир. Абсурд тушунчаси, энг аввало, ана шу вақт чексизлиги қаршисида лол турган инсон шуурини акс эттиради. Санъат инсон шуурини тадқиқ этар экан, қайсидир маънода абсурдни тадқиқ этади.
Санъат ва адабиётга турли даврларда турлича муносабатда бўлиб келинган. Баъзан санъатдаги ранг-барангликка тараққиётнинг асоси деб қаралган бўлса, баъзан уни инкор этганлар. Альбер Камю „сенсимончи”лар билан нигилистларнинг ёхуд марксчиларнинг санъатга муносабатида унчалик катта фарқ йўқ, дейди. Улар битта ақидага, яъни санъатни суд қилишга, унинг устидан ҳукм чиқаришга ҳаракат қиладилар. Шўро тузуми даврида бунга сўзсиз амал қилинди.
Мустақилликдан сўнг санъат ва адабиётга муносабат тубдан ўзгарди. Илгари фақат бир хил қолипда тадқиқ этилган асарлар энди турлича нуқтаи-назарлардан туриб таҳлил этила бошланди. Турлича метод ва йўналишлар ҳақидаги тадқиқотлар пайдо бўлди. Муҳими, адабиётшунослик яна ўзининг азалий ранг-баранглигини кашф этди. Бу борада Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Отабоев, Баҳром Рўзимуҳаммад ва бошқа мунаққид ҳамда ижодкорларимизнинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бироқ адабиётшунослигимиз ҳали ҳам, аксарият ҳолларда, бадиий ижодга бир хил муносабатда бўлаётгандай. Бадиий асарни бир хил қолипдаги мезон билан ўлчашга, у ҳақда узил-кесил ҳукм юргизишга мойиллик ҳали ҳам устундай. Зотан, бирор-бир бадиий матнни фақат мазмун ёхуд услубий жиҳатидан тўла-тўкис ёритиб бериб бўлмайди. Ҳар қандай бадиий асар комплекс ёндашувни талаб қилади. Асарнинг тили, услуби, методи ва мазмуни яхлит олингандагина таҳлил тўлақонли бўлади.
Яқинда газетада эълон қилинган „Абсурд маънисизликдир” (“ЎзАС”, 2002 йил 27-сон) сарлавҳали мақолани ўқиб шундай мулоҳазаларга бордик. Мақола, асосан, Умарали Норматов ва Дилмурод Қуроновнинг кейинги пайтда эълон қилинган айрим мақолаларига жавобан ёзилган. Албатта, бугунги кунда бундай баҳс ва мунозаралар, тортишувлар жуда ҳам зарур. Чунки у ҳаммамизни фикрлашга, мулоҳаза юритишга чорлайди. Бироқ бундай мунозараларда „фалон йўналишдаги таҳлиллар тўғри, бошқачаси эса мутлақо нотўғри ва бизга ёт” деган кескин хулосалардан ўзимизни тийганимиз маъқулга ўхшайди.
Умарали Норматов ва Дилмурод Қуроновлар ўз чиқишларида Абдулла Қаҳҳор ва бошқа адибларимизнинг асарларини турлича нуқтаи назарлардан таҳлил қилишга уринишган. Бунга, мақола муаллифи таъкидлаганидек, табиий ҳол деб қарашимиз керак. Биз ҳам бу адиблар ижодидан абсурд асар намуналарини излашларга, айрим асарларини абсурд асар деб баҳолашларга қўшилолмаймиз. Чунки абсурд асар абсурд ижодни талаб қилади. Абсурд ижод йўқ жойда абсурд асар ҳам бўлмайди. Бироқ ҳар қандай бадиий асар турлича йўналишларда талқин қилинишини эса ҳеч ким чеклай олмайди. Бу ҳар бир адабиётчининг ихтиёридаги юмуш. Адабиёт ҳамиша турли–туман талқинларга муҳтож. Бу эса бирон-бир талқиннинг ҳукмрон талқин бўлишига изн бермайди.
Б. Саримсоқов ўз фикрларини қатъий хулосалар тарзида келтиради ва негадир ХХ аср жаҳон маданиятида тан олинган абсурд адабиётни „маънисиз адабиёт” деб кескин қоралайди: „Менимча уни ( Абдулла Қаҳҳор назарда тутилмоқда — Ж.Э.) маънисиз адабиётга (?), айниқса, субутсиз (?) экзистенциализм фалсафаси билан боғлагунча, соцреализм билан боғлаш ҳақиқатга яқин-ку.”
Эҳтимол, атоқли ёзувчимизнинг ижоди ҳаммамиз кўникиб қолган бир хил методдан бошқачароқ талқин қилингани ҳурматли олимимизнинг бироз ғашини келтиргандир. Бироқ Абдулла Қаҳҳор каби улкан адибларимизнинг асарлари турлича талқинга изн беради. Айниқса, бугунги кунда бизга ана шундай ранг-баранг талқинлар жуда зарур.
„Улар, — деб ёзади Б.Саримсоқов Ў.Ҳошимов, Ш.Холмирзаев, М.Муҳаммад Дўст, Т. Мурод, Х.Дўстмуҳаммад каби ёзувчиларнинг асарларини санаб ўтаркан, — реал воқелик (?), реал қаҳрамонлар (?), реал хронотоп (?) асосида яратилган…” У ҳолда бу адибларимизнинг ижодкорлиги қаёққа кетади? Ахир, ижодкорлик воқеликдан нусха кўчириш эмас, балки уни хаёл, кечинма орқали қайта идрок этиш, воқелик ва хаёлотни уйғунлаштиришда намоён бўлмайдими?! „Ҳеч қайси санъат, — деб ёзади Альбер Камю, — воқеликдан буткул узилиши мумкин эмас. Шаклпарастлик қиёфасиз ижодни дунёга келтиради. Шунингдек, хаёлот иштирокисиз қуруқ реализм ҳам тубанликка айланиб қолади. Ҳатто энг яхши фотосурат ҳам қуруқ реализмдан қочади, ҳатто у ҳам воқелик ва хаёлот қоришиб кетган манзарани излайди”.
Абсурд асар тафаккур жараёни билан боғлиқ тушунча. Шу сабабли абсурд асар кўпроқ фалсафий моҳият касб этади. Инсон ҳамиша жумбоқ бўлиб келган. Бу „жумбоқ”ни ўрганиш эса ҳамиша абсурд саволларни, уларни ўрганиш эса абсурд ижодни юзага келтиради. Абсурд — инсонни бадиий тадқиқ ва тасвир этишнинг бир усули, холос. Шу маънода абсурд маънисизлик эмас, аксинча, маънисиз воқеликдан қочиш, воқелик ва хаёлотнинг уйғунлигидир. Ф. Кафка, А. Камю, Ж.П. Сартр, С. Бэккет, Э. Сабота ва яна бошқа ўнлаб дунё адабиётида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган адибларнинг ижодида ана шундай уйғунлик намоён бўлганини кўрамиз.
Мақола муаллифи яна бир ўринда: „Шарқ адабиёти, хусусан, ўзбек адабиётида абсурд асар агар энди яратилмаса, ҳозиргача учрамайди”, деб ёзади. Тўғри, Шарқ адабиётида том маънодаги абсурд асар яратилмаган. Бироқ тасаввуф ва экзистенциал адабиётида воқеликка муносабат ҳамда уни бадиий идрок этишда ҳайратланарли даражада бир-бирига яқинлик мавжудлигини инкор эта олмаймиз. Тасаввуф ва экзистенциализмдаги бундай жиҳатлар алоҳида ва кенгроқ махсус муқоясани тақоза этади.
Б. Саримсоқов „Абсурд асар ижтимоий эстетик жиҳатдан арзийдиган ғоя ташимайди”, деган қатъий фикрни илгари суради. Хўш, улар арзимайдиган ғоя ташир экан, нега дунёнинг кўплаб мамлакатларида севиб ўқилмоқда? ХХ асрда Нобель мукофотига сазовор бўлган ижодкорларнинг кўпчилиги шу оқим вакиллари эмасми?! Ёхуд уларнинг асарларини тузукроқ ўрганмасдан туриб „пуф сассиқ”, деб бурнимизни жийиришимиз тўғрими? Наҳотки, социалистик реализм назарияси бизни бир умр таъқиб этса? Ақалли бугун, дунё ҳамжамияти билан теппа-тенг муносабатга киришган, ўз тафаккуримизни дунё тафаккурига мослаётган бир пайтда, эҳтимол, бундай бир томонлама ҳукмлардан ўзимизни тийишимиз керакка ўхшайди.
Экзистенциализм, абсурд, умуман, Fарбнинг илғор, яъни модерн адабиётига бир пайтлар Совет Энциклопедияси ва адабиётшунослик терминлари луғатида бир ёқлама, мутлақо асоссиз баҳо берилган эди. Ҳар иккала манбада ҳам модернизм „нореалистик йуналишдаги”, „шаклбозликдан иборат, халққа ёт” бир оқим сифатида таърифланганди. Мана орадан салкам ўттиз йилга яқин вақт ўтибдики, ҳамон онгимизда ўша таърифларни асраб келаяпмиз. Устоз Озод Шарафиддиновнинг шу газетада эълон қилинган суҳбатини (“Модернизм — жўн ҳодиса… эмас”), инобатга олмаганда, бу мавзуда ҳали шу пайтгача тузукроқ, асосли бир ижобий фикр билдирилмади. Аксинча, модернизмнинг „халққа ётлиги”, унга тақлид қилмаслик, таъсирига тушмаслик тўғрисидаги тоталитар тузум пайтидаги мағзаваси чиққан фикрлар ҳалигача ўз „мева”сини бераяпти. Бундай фикрларни ўқиб шундай хулосага келиш мумкин. Бир ёқлама фикр билдираётганларнинг кўпчилиги ё илғор Fарб адабиётини яхши тушунмаяпти ёки реалистик методни социалистик реализм методидан фарқлаб ололмаяпти. Ахир, модернистик методнинг туб моҳиятида воқеликка ўзига хос реалистик ёндашув ётганлиги кундай равшан-ку! Ёхуд энг реалистик асарларда ҳам воқеликка модернистик, яьни ноанъанавий ёндашувни кўрмаймизми?!
Мен Fарбдаги ҳамма нарса гўзал, барчасини ёппасига кўр-кўрона ўрганиш, ўзлаштириш керак, деган тушунчадан буткул йироқман. Бироқ Шарқ ва Fарб ҳақидаги тушунчаларимиз шўро давридаги тушунчалардан тамоман фарқланиши керак. Зеро, “Шарқ” ва “Fарб” алоҳида-алоҳида тушунчалар эмас, балки яхлит ҳодисалардир. Чинакам ҳақиқат эса ана шу икки қутбларнинг бирлигидадир. Шунинг учун ҳам Чўлпон адабиётни Шарқ ва Fарбни туташтирувчи „олтин кўприк” деб атаган эди. Дарҳақиқат, Шарқ ва Fарб қайси давр бадиий тафаккурида синтезлашган бўлса, ўша давр санъатида, албатта, ривожланиш рўй берган. Навоий, Чўлпон ва бошқа адибларимизнинг ижоди фикримизнинг далилидир.
Fарбга тақлид қилмаслик керак деймизу, аммо бирор-бир тадқиқотчи ўзбек ёзувчисининг айнан қайси ҳикояси қайси ғарблик ёзувчи асарига тақлид туфайли юзага келганини асосли тарзда таҳлил қилгани йўқ. Бу борада фақат бир хил умумий гаплар такрорланаяпти, халос. Муайян асар ҳақида фикр юритганда бу асар тақлид доирасида қолиб кетганми ёки адабий таъсир туфайли бир етук бадиий асар юзага келганми, дея ўйлаб кўришимиз лозим бўлади. „Гулзор четидаги қуёш”, „Алвон мато остидаги ҳаёт”, „Суратдаги аёл”, „Ўпқон”, „Ёлғизлик” каби ўнлаб асарларнинг юзага келишида ғарб адабиётининг таъсирини кўришимиз мумкин. Бироқ булар тақлид даражасида қолиб кетган асарлар эмас. Аксинча, Шарқ ва Fарб адабиётларининг синтези ўлароқ юзага келган, бадиий жиҳатдан пухта асарлардир. Зеро, бирор-бир адабиёт фақат ўз қобиғига ўралиб қолар экан, унинг эртаси, албатта, таназзул билан якун топади. Шу маънода, бугунги насрда Шарқ ва Fарб адабиётининг қайсидир даражада синтези мавжуд экан, бундан фақат қувонмоқ даркор.
Бадиий ижоддаги миллийлик ва умуминсонийлик муштарак тушунчалардир. Миллийлик асар қаҳрамонининг дўппи кийгани, белига белбоғ боғлагани билан белгиланмайди. Ёхуд умуминсонийлик миллий заминдан узилишни англатмайди. Зотан, санъаткор ўзи мансуб халқнинг вакили бўлгани учун унинг тафаккурида, онгида кечган воқеалар шу халққа мансуб бўлади. Бирор-бир образнинг юзага келиши, бадиий воқеликнинг яратилишида ёзувчининг қайси халққа мансуб эканлиги муҳим аҳамиятга эга. Хаёл, яъни бадиий идрок ижодкорга қанчалик куч бағишлаган бўлса, у ўқувчи тафаккурига ҳам шунчалик таъсир кўрсатади. Ижодкорнинг кўнгил кечинмалари ва хаёллари, биринчи навбатда, миллий тафаккурга асосланади. Шарқ халқлари, жумладан, туркий халқлар мифологияси дунё бадиий тафаккурида алоҳида ўрин тутади. Буни жаҳоннинг кўплаб илғор ёзувчилари эътироф этишган. Фолкнер, Борхес, Гессе, Жойс ва Маркес каби адибларнинг мулоҳазалари фикримизнинг далилидир. Бироқ бугун биз „модерн” ёки ғарбга тақлид таъсирида юзага келган дея таъкидлаётган ҳикояларнинг асосида халқимизнинг қадим мифологик тасаввурлари ётганини кўпам илғайвермаймиз.
„Сотилган туш” номли ўзбек эртагини олиб қарайлик. Бу эртак туркий халқларнинг деярли барчасида учрайди. Унда эртак қаҳрамони ўртоғининг тушини сотиб олади-да, ана шу тушдаги бахтни излаб йўлга тушади ва ўз мақсадига эришади. Эртак бошдан-охир туш талқинига қурилган ва ҳам шаклан, ҳам мазунан модернча ҳикояларга шу қадар ўхшаб кетадики, кишини ҳайратга солади. Ёхуд эртакларимизда қаҳрамоннинг турли қиёфа касб этишини олайлик. „Аҳмадлар” номли эртакда эса қаҳрамон қиёфаси янада гўзалроқ, таъбир жоиз бўлса, „модерн” услубида намоён бўлади. Эртак қаҳрамони Аҳмад бир неча Аҳмадларга бўлиниб кетади. Бу бадиий шартлилик деб аталувчи тушунчалардан анча баланд турадиган адабий ҳодиса. Демак, воқеликка ўзгача ёндашув, уни акс эттиришда бадиий тасаввур, хаёл, фантазиянинг устиворлигини фақат ғарб адабиётига тақлидчиликдан излаш ноўрин. Миф, эртак, достонларимиздаги бадииятни чуқурроқ илғасаккина жаҳон адабиётининг мураккаб туюлган сара асарлари бизга тушунарли, янгича усулда ёзилаётган асарларимизнинг илдизлари миллий тафаккуримиз билан чамбарчас боғлиқ эканлигини яхшироқ англаб етамиз.
Бугунги ва эртанги кун адабиёти ҳам инсон ким, у қаёқдан келди ва қаёққа кетаётир, деган саволларга жавоб излайди. Бу жумбоқларнинг жавоблари эса ранг-баранг бўлиши кутилаётир. Шу ранг-баранглик ичида абсурд адабиёти ҳам бўлиши табиий.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 29-сонидан олинди.