Сирожиддин Саййид. Кўнгил соҳили

Сирожиддин Саййид. Кўнгил соҳили. Тўртликлар. — Тошкент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004

Бу тўртликларни мен осмондан олиб ёзмадим. Болаликда, раҳматли момомдан кўп эшитганим, янгаларимга айтадиган «Қилиқнинг иссиғи — бахтнинг исириғи» ёки “Аёл — эркакнинг вазири” деган гаплардан тортиб то ҳозирга қадар, Тошканнинг Эски жўва бозорида «Дўмбоққина ҳандалаклардан олиб кетинг» деган опахоннинг сўзларигача — ҳаммаси ўзимга таниш, қадрли, кўнглимга, ҳаётимга дахлдор кечинмалардир.
Уларда номлар, исмлар бор: улуғ зотларнинг, устозларимизнинг номлари, яна бошқа номлар. Тилга олиш баҳонасида мен бу зотлар олдидаги узиб бўлмас қарзимни назарда тутганман. «Ўчоқдаги ўт бошқаю юракдаги ўт бошқа» деганларидек, бу ёзганларим — балки менинг яна бир уринишим, кўнгилга томон яна бир чоғланишимдир. Ёзилмаган катта шеърларнинг парчаларидир, балки кунларим, тунларимнинг бўлакларидир. Билмайман. Нима бўлганда ҳам бошимдан, кўнглимдан кечирдим шуларни. Ҳукмфармолик қилмоқ эса азиз ўқувчига ҳавола.