Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов «Танланган асарлар»ининг ушбу 7-жилдига кирган халқона, қиссагўйлик услубида ёзилган «Истиқлол манзаралари» достонида Мустақиллик арафасида ва унинг дастлабки йилларида юз берган воқеалар, шоир ўзи гувоҳ бўлган унутилмас, тарихий жараёнлар тасвирланган. Ёйиқ, воқеабанд ифода услубида, учликлар шаклида ёзилган «Ранглар ва оҳанглар» деб номланган шеърий туркумга кирган шеърлардан шоирнинг инсон руҳияти товланишлари, доимий иқрорлар, тубсиз армонлар, чексиз орзулар ҳақидаги мушоҳадалари ўрин олган. 2010 йил июнь ойидан кейин ёзилган шеърлар, ғазалларнинг умумий мавзуси ҳам инсон, унинг қалб эврилишлари, она юртдир. Жилдда, шунингдек, жаҳон ва ўзбек адабиётининг Данте, Пушкин, Расул Ҳамзатов, Ҳамид Олимжон сингари салафлари ҳақидаги мақолалар, долзарб мавзулардаги публицистик чиқишлар, суҳбатлар ҳам жамланган.
Нашрга тайёрловчи, изоҳлар ва сўнгсўз муаллифи: Дониёр Бегимқулов