Танэда Сантока (種田山頭火; 3 декабрь 1882 — 11 октябрь 1940) — япон хайку-шоирларидан бири. Ҳақиқий исми – Танеда Сэити (種田正一).
* * *
Шундай кетмоқдаман
Сўзанакни қалпоғимга
Қўндирганимча.
***
Ёлғиз ўтирибман
Ромларга елимлаб
Янги қоғозни.
***
Қандай ва қаёқдан қарамайин
Ҳамон ёғаяпти тўхтамай
Ёғаяпти қор.
***
Чирилдоқлар чириллар.
Беркинишнинг иложи йўқ
Бу товушлардан.
***
Ҳамон учаяпти
Кузги дарахтларнинг
Япроқлари совуқ шамолда.
***
Дам олиб ётган чоғим
Қизил сўзанак
Оёғимга қўнди ўтлоқда.
***
Яхшилаб чайнаш керак,
Ҳафсала билан.
Гуруч бу гуручда…
***
Саке ичиб
Чирилдоқлар билан
Ухлаб қолибман.
***
Ёзги сел шовқини
Йиллар ўтиши билан мен каби
Қарибди у ҳам.
***
Мана учрашдик ниҳоят,
Баланд қояларда чой буталари.
Улар гуллабди.
***
Аёзли қиш кечаси.
Совуқ изғирин.
Мен қаэрда тунайман энди?..
***
Қаёққадир шошар
Совуқ булутлар
Чексиз осмонда…
***
Далада изғирин.
Тошларни тераман
Кузги шамолда…
***
Қишки ёмғирлар.
Назаримда,
Ўлмаганга ўхшайман ҳали…
***
Қандай ивиб кетдима!
Боягина ҳув анави,
Булутлардан ёққан ёмғирда!..
***
Узуликсиз ковшанаман.
Менинг овқатим –
Гуруч кепаги.
***
Ҳой ,ноинсоф чигиртка!
Халтадаги гуруч ўзи оз!
Эртагача етсин…
***
Кечки овқат йўқ.
Кузатаман қуёшни
Тоғлар ортига…
***
Оҳ, қандай ажойиб
Сел бошланиши!
“Тук – тук – тук – тук”…
***
Ёлғиз капалак пилдираб
Учиб айланяпти.
Ҳамма ёқда тош.
***
Оқшомда уйга қайтаяпман
Қор устини қоплаб борар қор.
Таралади сукунат хиди.
***
Май оқшоми.
Бақалар қуриллаши аро
Поэзд шовқини.
***
Айвонда ўлтириб
Тонги шаббодада
Умебоси қиёмин ейман . . .
***
Ёлғиз ва сокин
Жим – жит ўнгирларнинг
Шаффоф тонглари . . .
***
Июл жаласи
Тошиб кетдими дейманда ,
Само тўғони . . .
***
Хотиралар учиб келар
Қайдандир бирдан
Оппоқ ювош капалак билан . . .
***
Атроф тоғ ўрмони ,
Бошим остида тош .
Ва булутлар кузги осмонда . . .
***
Тунги ибодатхонада
Тонгача мушук
Ўйнайди парвона капалак билан
***
Йўлда касал бўлиб қолдим ,
Мана энди тунги зулматда ,
Тинглаяпман сел шовқинини . . .
***
Қоронғи тушди
Энди ойдин тоғлардан
Ахтараман тунамоққа жой
***
Нахот шу кул қолган бўлса
Ёқиб юборилган кундалигимдан ?. . .
***
Тонг палласи йирик томчилар
Ноғора қилиб чалар
Кулбанинг томин .
***
Бурга чақиб ухлатмаяпти . . .
Юлдуз тўла бепоён осмон . . .
***
Денгизларга тикилганимча
Сохилдаги ўтлоқда
Бўшанаман , хожат қиламан
***
Болакайлар ўйнаб юрибди
Қабрлар аро . . .
***
Оқшом қўнғироғи жаранглар . . .
Оёқларим юрмай қўйди . . .
***
Кузги шамолларда
От суғораман . . .
***
Чўчқа менга тикилди ,
Қизиқишдан очилган оғзига
Кирмоқда кузги шамол .
***
Кун бўйи ёмғир ёғди .
Мен ўйладим хасратга чўмиб ,
Олисларда қолган Ватанимни .
***
Емиш сўраб миёвлар мушук
Лекин ҳеч нарса йўқ унга бергани . . .
***
Бунча ҳам мазали
Бўлмаса гуруч .
Кавшанаман бир ўзим ўйчан .
***
Офтоб қиздирмоқда
Устарада қирилган
Тақир бошимни
Холдор Вулқон таржимаси