Такараи Кикаку (宝井 其角, 1661—1707), Эномото Кикаку номи билан ҳам машҳур — Басё мактаби вакилларидан бўлган шоир.
* * *
Гадо сафарда!
Унинг учун усти бош
Ёзда кўк ва ер.
* * *
Саҳар тушимда
Онам келди… Ҳайдама,
Какку, қичқириб.
* * *
Жиддий таъна тингларкан,
Қиз қуйи солди бошин,
Тунги қизғалдоқ янглиғ.
Рауф Парфи таржимаси
* * *
Ойнинг порлоқ шуъласи!
Қарағайнинг сояси
Тушиб турар чилторга.
* * *
Йўлда йўловчи гадо!
Ёзда бор-йўқ либоси —
Узоқ осмон, қаттиқ ер!
* * *
Тонг чоғи онажоним
кириб келди тушимга…
Қувиб юборма уни
сайроғинг билан, какку!
* * *
Сенинг балиқларинг нақадар тотли!
Бироқ сен уларни, кекса балиқчи,
Тотиб кўра олсайдинг ўзинг.
* * *
Нақадар аччиқ фарёд!
Мушук қўлига тушган
Қушнинг онаси йиғлар.
* * *
Қаҳратон қиш.
Кенг саҳрода қўриқчи —
Қарғаларга қўналға.
* * *
Вақт қишга бож тўлади
Ва тинчиб қолди бирдан
Саратонда денгиздай.
* * *
Ивиб қолган қалдирғоч!
Ошёнингга киргандай
Шамсияга кириб ол.
* * *
Тўлин ой нури!
Қарағайнинг сояси
бўйрага тушди.
* * *
Пашшаларнинг енгил галаси
Баланд учар — юзгувчи кўприк
Менинг орзуларим учун.
* * *
Ой гардиши туман ичинда…
Икки соққа ялтирар буталар аро:
Кўзойнаги хира Бойқушнинг.
* * *
Тонг юлдузи!
Олчазорда тинчлик йўқ.
Тоғ бошида булутлар.
* * *
Басё хотирасига
Мана, ўн йил ўтиб кетди,
Кечагина вафот этгандай гўё…
Мажнунтоллар хомушдир!
Рус тилидан Турсун Али таржимаси
* * *
Гадо йўлда!
Бор-йўқ энгил-боши –
Осмону замин.
* * *
Тушларимга кирмоқда эди
Хўрозлару… қичқириқлари,
Нечун ҳайдаб юбордингиз, она?
Рус тилидан Абду Наби таржимаси