Масаока Сики (正岡 子規) 1867 йили 17 сентябрда Сукуко оролидаги Мацуяма шаҳрида истеъфодаги ўртаҳол самурай оиласида дунёга келди. Отасидан эрта айрилган Масаока 12 ёшидан шеър ёза бошлайди. Бошланғич таълимни Сукуко оролидаги монастр қошидаги мактабда олган Масаока ўқишни давом эттириш мақсадида мамлакат пойтахтига йўл олади. У дастлаб Токиодаги Император университетининг тайёрлов бўлимида,кейинчалик эса адабиёт факультетида ўқийди.
Талабалик чоғидаёқ Масаока Cики оғир хасталик — силга чалинади ва айни шу сабабдан у ўзига япон тоғ каккуси — «cики» номини тахаллус сифатида қабул қилади. Дунёдан эрта кўз юмишини англаган Масуока Cики бутун ғайратини тўлалигича хайку санъатини ўрганиш ва ижод қилишга бағишлайди. 26 ёшга тўлган шоирнинг «Басё билан суҳбатлар» («Басё дзацудан») номи остида чоп этилган туркум мақолалари ўша давр адабий муҳитида катта шов-шувларга сабаб бўлади. Cикининг нафақат шеърияти, шунингдек унинг қаламига мансуб «Хайку таснифи» («Хайку бунруй») и «Хайку солномаси» («Хайку нэмпё») асарлари мумтоз япон шеъриятини ўрганиш йўналишидаги муҳим ва бугунгача аҳамиятини йўқотмаган тадқиқотлар сифатида жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.
Масаока Cики 1902 йили 19 сентябрда Токиода оламдан ўтди.
“Хайку қўлёзмалари тўплами” китобидан
ЁЗ
Кўзларим толиқди
Қизил атиргулларга девона боқиб –
Мажруҳ бўлдим, эмаклаб чиқдим боққа.
* * *
Атиргул расмини чизаман,
Осондир гулғунча сувратин чизмоқ,
Япроқларни эса тасвирлаш қийин.
* * *
Мана шунақада, эҳтимол,
Олмани ейман-да – ўпиб қоламан
Пион гули остида.
ҚИШ
Басё вафот этган кун.
Жанозага бормадим –
Хурмо едим бир ўзим ёлғиз…
Русчадан Турсун Али таржималари
* * *
Қоронғида танга жиринглар
Чақаларин санайди гадо.
О, қанчалар совуқ қиш туни!
* * *
Қуёш оққан палла
Булутларга биқинволиб
Куйлар тўрғайлар.
* * *
Кўкламнинг узун кунида
Соҳил билан узоқ
Дардлашди қайиқ!
* * *
Баҳор, ёмғир шивалар,
Паром тўла елкан-ёмғирпўш:
Бири қалқиб, бири пастлайди.
Рус тилидан Абду Наби таржималари
***
Чирилдоқлар чириллар
Аммо минг афсус
Қулоқлари кардир отамнинг…
***
Қишлоқдан шаҳарга келиб,
Гуллаган гилосни томоша қилаётган
Дехқон ҳамёнини кесиб кетишди…
***
Рангпар ой
Менинг бирдан
Тарвуз ўғирлагим келди негадир.
***
Ўғрини тутиб,
Симёғочга боғлаб қўйдилар.
Тунги аёз…
***
Оқшом,
Ҳовуздаги ўрдаклар устига
Қор ёғаётир.
***
Шом пайти қийналиб юриб,
Фонусни осдим
Гуллаётган гилос шохига…
***
Туманларнинг қаъридан чиқдим,
Эҳҳе, қанчалар буюк денгиз
Рўпарамда ястаниб ётар!
***
Ёзги дарё.
Кўприк бору лекин,
Отлар ўтар саёз кечувдан…
***
Жуда кўпчилик
Ётиб олган кема саҳнига
Порлар ёзги ой…
***
Ортимга ўгрилган пайтим,
Ҳозиргина ёнимдан ўтган йўловчи
Туманларда кўринмай кетди…
***
Қайиқдан, кўприклардан
Кир ёядиган жойдан,
Ҳамма ёқдан қарарлар ойга…
***
Баҳор оқшоми,
Кимдир ўтди ёнимдан
Сибизға чалиб…
***
Қандай қайғули кўриниш!
Ўргимчак тўрига
Капалаклар илиниб ётар…
Холдор Вулқон таржималари