Хакусю Китахара (北原 白秋; 25 январь 1885, Янагава, Фукуока — 2 ноябрь 1942, Токио) — япон шоири, болаларга аталган асарлари ҳам машҳур. Ҳақиқий исми — Рюкити Китахара (北原 隆吉).
«Сиёҳранг сувратлар» китобидан
Ўн олтинчи кечада тўлин ой
ёнбошлади уфққа сал.
Зулмат ичинда ёғду.
Милтирайди олис юлдузлар,
Нилуфар гул булутлар,
Зулмат ичинда ёғду.
Денгизлар-да сокин мавж, тўлқинлар ҳам қотган жим
Довулнинг тараддуди.
Зулмат ичинда ёғду.
Ой ёнади пориллаб – тепамда хансирар
Қалин ўсган бамбукзор.
Зулмат ичинда ёғду.
Барча майсазорларда сайрайди чигирткалар,
Ялтирар кузги шудринг.
Зулмат ичинда ёғду.
* * *
Ой туққан тун
кўринмайди тамаки тутун –
фақатгина ҳид.
* * *
Гўдак табассуми –
Эндигина туғилган ой –
юлдуз мисол хира милтирар.
* * *
Шудринг тушди
қизғалдоқ япроғига ойдин тунда
бамбукнинг илдизида.
* * *
Ёнма-ён янгради
Одамларнинг товушлари ўтлоқда,
Наъматак беланган ойнинг нурига.
* * *
Ойдин кечада
кўринмас туманлар эманлар ичра
томчилайди томчилаб.
* * *
Ой ёғдуси остида
ўтлоқдаги сўқмоқда тинмайди асло
бедананинг сайроғи.
* * *
Ғира-шира тун чоғи
ой ёритган тўлқинлар ичра
юриб боради қайиқ.
* * *
Ўрмонзор ўтлоғининг нақд юрагида
Улкан дарахтлар аро чувалади тор сўқмоқ.
Туман ва ёмғир аро ўша тор сўқмоқ бўйлаб
Неча йиллар изғиди тоғларнинг бўронлари.
Русчадан Турсун Али таржималари
ҚИРМИЗИ ҚУШЧА
– Қушча,
Нима гап ўзи,
Нега рангинг қирмизи?
– Қизил мевалар едим.
– Қушча,
Қушча, айт, ўртоқ,
Нега бунча рангинг оқ?
– Тутхўрлик қилган эдим.
– Қушча,
Патларинг мовий,
Нега рангинг самовий?
– Осмонни чўқиб едим!
Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаси