Хэ Сюнь

БОҒДА

Дарвозалар қушдек
қанот қоқади,
Тинимсиз ғийқиллаб
куйлар даричалар.
Тошйўлда тақиллар
нозик бошмоқлар,
Бамбуқзорда яшнар
ипак либослар.

БАҲОР ШАМОЛИНИ КУЙЛАЙМАН

Уни ҳамма эшитар,
аммо ҳеч ким кўрмайди,
Баъзида оч йиртқичдир,
баъзан ипакдек майин.
Баъзан ойнага боқиб,
упа пуркар юзига
Ғунча лабидан ўпиб
тарқатар атир бўйин…

* * *

Йўл олис,
Елиб бораётган автода
Ёнма-ён ўтирсак-да
Орамиз
Йўлдан-да олис.

Рус тилидан Турсун Али таржимаси.