Ван Вэй (699-759)

Ван Вэй (хитойча: 王維 (иккинчи исми: Мо Цзе 摩詰)  (699—759) Тан сулоласи даври шеъриятининг икки буюк сиймоси Ли Бай ва Ду Фу каби Хитой адабиётининг энг ардоқли вакилидир. Шоир ҳаёти қашшоқлик, сургуну қамоқ машаққати билан олий мақомли сарой амалдорининг давлатманд турмуши лавҳаларига бой тарзда кечди. Ҳам машҳур шоир, хитой тасвирий санъатида ўзига хос манзара (пейзаж) мактабига асос солган мўйқалам устаси, уста хаттот ва тенги йўқ мусиқачи бўлган Ван Вэйни замондошлари «Будда шоири», кейинги авлодлар эса «Жаннатдан тушган малоик» дея шарафлаганлар. Унинг ижодий фаолияти бугунгача адабиёт ва санъат аҳли учун ўрнак бўлиб келмоқда.

БАҲОР ТУНИ БАМБУКДАН ТИКЛАНГАН ШИЙПОНЧАДА
ЛАНЬТЯНГА ҚАЙТАЁТГАН АМАЛДОР ЦЯНЮГА ТАҚДИМ ЭТАМАН

Сокин кеча. Борлиқ уйқуда —
Тирикликни қучган фароғат.
Бамбукзорнинг ортида эса
Итлар ҳурар тинмасдан фақат.

Мен эсларман ушбу он олис
Тоғлар аро ётган ўлкани
Ва шарқироқ жилға бўйида
Қад тиклаган мўъжаз кулбани.

Сиз бахтлисиз, ҳавасим келар:
Сиз жўнайсиз эрта кун чиқмай,
Унда тонглар гиёҳ терасиз,
Бойлик, амал ташвишин чекмай.

ЧЖУННАН ТОҒЛАРИДАГИ КУЛБА

Етиб келгач умр ўртаси
Дил суяркан ҳақиқатниям.
Жануб тоғин бошпана этдим
Сочимга оқ қиров қўнган дам.

Қувончларни туйиб шодумон
Сайр этарман энди мен танҳо.
Гўзал гўша томон энг яқин
Йўлдан бормоқ энди муддао.

Шаддод жилға бошигаям энг
Қисқа йўлни топиб борурман,
Сўнг ёнбошлаб чўққини қучган
Булутларга узоқ боқурман.

Баъзан учраб қолар йўлимда
Ўтинчи чол — ҳордиқ олурмиз,
Узоқ суҳбат қурармиз дилдан,
Кеч кирганин билмай қолурмиз.

АВЖИ БАҲОР ПАЛЛАСИ
ДАЛА-БОҒЛАРНИ КЕЗИБ ЁЗАМАН

Уй ичидан тингларман узоқ:
Кабутарлар сармаст ғув-ғувлар.
Ҳув, қишлоқнинг орти боғларда
Қийғос-қийғос ўриклар гуллар.

Гоҳ болтани қўлимга олиб
Шарт кесаман, қуриган шохни,
Гоҳо олис тоққа йўл солиб
Мен излайман шаффоф булоқни.

Қалдирғочлар париллаб учар
Бўғотларга — инлари томон.
Қўлларида янги йилнома
Қариялар ўқишар ҳар он.

Шароб тўла косани лабга
Олиб бормай хаёлим учди:
Қайғу қучди кўксимни бирдан,
Олис дўстим ёдимга тушди.

ЁМҒИРДАН СЎНГ ДАЛАЛАРГА БОҚАМАН

Яна осмон сарҳади
Водий узра бепоён.
Боққан билан тўймайсан —
Гард йўқ, тиниқдир ҳар ён.

Чорраҳада дарвоза
Ва қишлоқнинг девори.
Сув устига энгашмиш
Дарахтларнинг шохлари.

Очиқ дала, ундан сўнг
Ҳовузлар кўринади.
Адирларнинг ортида
Алп тоғлар суринади.

Бу ерда дангаса йўқ,
Ҳосил йиғиш авжида.
Ҳовли-жойлар кимсасиз,
Кунлар меҳнат мавжида.

АМАЛДОР ЧЖАНГА ЖАВОБ ЁЗАМАН

Фақатгина фароғат
Мен чолга азиз энди.
Минг хил ўю ташвишлар
Йироқдир, кўнглим тинди.

Энди орзу, режалар
Ўйларимни банд этмас.
Ёлғиз орзум: ул азиз
Қайинзорга қайтсам бас.

Қайинларни шамоллар
Букар экан, ўша чоқ
Тоғ ҳилоли остида
Цин*ни чалгум мен ўйноқ.

Сўрасанг: Қайдан, дея
Бу қувончу бу кадар?
Дарё ёқдан балиқчи
Қўшиқ-ла жавоб берар.
_________
* Цин – чолғу асбоби

ВАЗИР ЧЖАН НОМИГА ЦЗИНЧЖОУГА ЮБОРАМАН

Қайларда юрар бугун
Паногоҳ бўлган дўстим?
Цзинмэн тоғига
Боқиб зирқирар кўксим.

Бу очунда қолмади
Дил очгувчи бир сирдош,
Ўчмас меҳру оқибат
Бўлгунча умрим одош.

Деҳқонлар ила кун-тун
Ёш ниҳоллар экаман,
Қадим тепада яшноқ
Боғимда тер тўкаман.

Боқурман жануб ёққа
Учган ғозлар изига:
Кошки улар билан хат
Юборолсам дўстимга!

ТОҒЛАРДА КУЗ ОҚШОМИ

Кимсасиз тоғда ёмғир
Бир зум тинмай тўкилар,
Шом чўкаркан осмоннинг
Қора кўкси сўкилар.

Арчазор узра ҳилол
Ярақлайди нақ яроқ.
Товланганча жилдирар
Тошлар аро шўх ирмоқ.

Бамбук титрар — дарёдан
Кирчи хотинлар қайтар.
Нилуфар титрар — сузар
Балиқчилар қайиқда.

Гарчи атру ифорлар
Қолмасаям гулларда,
Мен истарман: мен ила
Қолсангиз куз келганда.

ВАНЧУАНЬ ДАРЁСИГА ҚАЙТА ТУРИБ

Сокин қўнғироқ саси
Эшитилар йироқдан.
Гоҳ ўтинчи, балиқчи
Дуч келади сўқмоқда.

Олис тоғлар ортида
Кун чўғлари эрийди.
Ҳув, булутлар томонга
Борурман оқшом пайти.

Қиёқ барги эгилиб
Намга қолган ёпишиб,
Тол тўзғоғи учади
Бир-бирига қапишиб.

Баҳорда шарқ ўтлоғи
Қувонтирар барчани.
Кўпчиб юрак фироғи
Жим ёпурмаи дарчани.

ТОҒДАГИ КУЛБА

Дарчани ёпдим аста,
Шафақ титрар кўкда жим.
Ҳар бир қайин устида
Турна уясин кўрдим.

Кунлар ўтар, дарчани
Очгани югурмайман.
Неча вақтки дўстларим,
Жўраларим кўрмайман.

Қизил рангли нилуфар
Баргини тўкиб бўлди.
Бамбук яшнар — чорбоғлар
Гуллар атрига тўлди.

Олис кечув томонда
Чироқлар қатор порлар,
Сув ёнғоғин йиғиб, сўнг
Тарқалади одамлар.

Хуршид Даврон таржималари

СОҲИЛ БЎЙИ

Соҳил бўйи осуда, сокин,
Яшаяпман дилда ҳаловат.
Кўринмайди атрофда тоғлар
Ястанган кенг далалар фақат.
Тутзорларнинг ортида қизғиш,
Уфқ бош қўяр ётоғига жим.
Икки қишлоқ – икки соҳилда
Ярқирайди дарё ҳам лим-лим.
Қишлоқ… яшил сўқмоқлар аро
Чўпон бола ташлайди қадам.
Соясидек ортидан қолмай
Овчи ит ҳам чопади илдам.
Не билан банд кун бўйи зоҳид?
Излаб жавоб тополмайман ҳеч.
Шох-шаббадан ясалган эшик
Очилмайди эртадан то кеч.

НИЛУФАРЛАР ЎСГАН КЎЛ УЗРА…

Нилуфарлар ўсган кўл узра…
Сузмоқдаман, дилда эҳтирос.
Омонатроқ, эски бир қайиқ,
Улкан орол – гўзал беқиёс…
Кечга қадар қайтгум ва лекин,
Ортга сургум фурсатни бироз.
Тўлқинларда сирғалгум аста,
Кўл оромин бузмай, деб бехос.
Қўрқгум, ивиб қолмасин гуллар
Эгнидаги бахмалранг либос.

ТОҒ БАҒРИДАГИ УЙ

Умримнинг кузига етганда навбат,
Сочимга инганда оппоқ толалар.
Ҳақнинг моҳиятин англаб бирма-бир
Тоғлар ён-бағрида яшагим келар.
Қандай бахт! Ҳурликни соғиниб, қучиб
Сайр этгум энг дилхуш манзиллар аро.
Ирмоқнинг бошига боргум тик йўлдан,
Тин олиб, термулгум тоғларга… Бирдан
тоғлар чўққисида уйғонар булут.
Бир отахон учрар, бошланар гурунг;
Дилкаш суҳбат кечар оқшомга қадар,
Кетиш фурсати-да бўлади унут!

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржималари