Ма Чжиюань (1250-1321)

Ма Чжиюань (анъанавий 馬致遠, соддалашган 马致远, пиньинь: Mă Zhìyuăn) (1250 — 1321 ва 1324 йиллар орасида) — машҳур юань драматурги (цзацзюй жанрида) ва шоир (цюй жанрида). Пекинда туғилган.

ЎН ИККИ ОЙ

Биринчи ой

Бари сеҳрли —
баҳор,
шаҳар,
зулмат.
Кўприк юлдузлардан қурилмиш,
олов ичра бор дарахтлар гуллаган каби,
таралади ғаройиб қўшиқ,
ўша!
Бу ўша — тошбақа;
Тоғ тагида — шох-шаббаларда
яшириндир унинг макони.

Иккинчи ой

Мэйхува дарахти гуллар — қишлоқлардан нарида.
Ноку шафтолиларда
баҳор гуркираб кезгай.
Чопар арғумоғи
чанг ортидан кўринар аранг.
Ва шошилган йўловчилар йўлаги бўйлаб,
Цинмина* куни-да келмоқда тўлиқ.

Учинчи ой

Бизни кутар покланиш куни,
гўзал кун!
Яшил қирғоқларда нозанинлар кўп!
Тентирайман мен гуллар аро
қирмиз ранглар ичра,
ўсган каби шоҳона боғда!
Шундай кетиб борадир баҳор.

Тўртинчи ой

О, оқшомги майин шаббода
олиб кетар Баҳорни
булбулларнинг чаҳ-чаҳи ила,
олхўри майидан симириб,
йиқилдик хандаққа.
Уйда бизни кутар соҳибжамоллар,
шеър каби тин олиб сокин, жим.

Бешинчи ой

Гулхайри табассум этар.
Анор кулади!
Сархуш Сяньшен “Лисао”,
ўқийди достон.
Қалдирғочлар бўғот тагида…
Қандоқ ин қурганин кузатаман мен,
Чорлар уни — чуҳ, энди!
Орхидеялар дарё ортида!
Қайиқлар уюшиб бир томон шошар.

Олтинчи ой

Осмон — кенглик,
кул — нефрит,
жом муздир.
Чангдан қочма
худди дим ҳаводан қочгандек.
Келишгандик, ахир, биз:
сал очилса нилуфар,
шодланамиз иккимиз бирга,
авлиё чол ила биргамиз.
Ғам-ташвишсиз
қўрғон қўйнида…

Еттинчи ой

Учиб ўтар олтинранг чинор…
Ёлғизликда
завқланган гўзал ойдан,
ой кўзгусидан
ёш бир сиймо боқар, узмай кўз.
Осмон дарёсида
иккига ажралган юлдузлар сари,
афсус, менга борарга йўл йўқ.

Саккизинчи ой

Тиниқ қадаҳ бўм-бўш,
майга мўлтирар,
худди Чанг Эннинг чопари —
руҳи каби югурар
осмон мусаффо.
Ой нуридан ясалган минор,
қачонлардир йўқдан яралган
тавсифи йўқ бу гўзалликка.

Тўққизинчи ой

Қайиқни эслайман — совуқ дарёда,
хризантема
ва деразам тагидаги оқ елканларни-да,
булар тарк этилган излардир гўё,
ваъдалар берилган
Данаянадан хат жўнатмоққа…
мен соғиниб,
кутиб яшайман.

Ўнинчи ой

Сюанъ Мин бизларни эслар, баҳор —
нозик ғунчаларни совуқ уради.
Яна
қор булути уй устида йиғилар.
Лекин мен баҳорнинг
заррин чимилдиғи остида исинаман…
Оҳангларга тортар мени у.

Ўн биринчи ой

Қачонлардир мени севгансиз,
ҳоким бўлиб,
мени сағанамда йўқладингиз баҳорда.
Кўнгилларни очмасдан,
келтирдингиз совғалар
бизларни мафтун этган
барча ялла айтилди.
Ўйинчоғингизни унутдингиз сиз.

Ўн иккинчи ой

Шимол шамоллари эсмоқда,
совуқ ўтиб борадир жондан.
Бизнинг жафокаш ёзлар
узоқ ҳали,
қорлар тагида балки.
Осонмас мэйхува гулларига ҳам,
ва лекин Шарқ ҳукмдори,
қордан қўш озроқ —
мўл бўлади ҳосил, мўл!

КУЗ ХАЁЛЛАРИ

Қора қарға
Ва бутоқлари қуриган
Қари дарахт.
Кўприк
Оқим узра эгмиш букри вужудин.
Ҳориган от.
Қишлоқ йўли ва ғарб шамоли.
Офтоб ботиб борар.
Ва дунёнинг бир четида
Пора-пора бўлмиш бир юрак.

* * *

Тоғ қушлари йиғлар
тонг чоғи дераза тагида,
тоғлиқ қарияни уйғотар
уйқудан.
“Қайтсанг-чи!”
Новдалардан менга эшитилар сас.
“Етолмайсан!” —
Яна юксаклардан сас келар.
Тополсайдим дам олиш учун
иссиқ гўша,
сокин бошпана?!

ОДДИЙ ҚУВОНЧЛАР

1

Ўрмон қаърида яшайман,
барчадан йироқ.
Фақат менинг чайламга
бош суқади аҳён-аҳёнда
сарин шабада
Биз — икков унутдик дунё ишларин —
бойлигу
шуҳрат,
қолган барча пуч нарсаларни.

2

Қишлоқ кундузлари сокин ва узун.
Йироқлардан келар чорлоқлар саси,
Кўзин очаётган нилуфар нафис
Япроқлари узра оқ қуртлар ғимирлар.
Гўё мен капалак бўлиб учаман…
Худди шундай тушлар кўраман.

ЕЛКАНЛАР ОЛИС СОҲИЛДАН ҚАЙТДИ

Уфққа бош қўяди офтоб,
шароб тўла хум ҳам бўшаган.
Кечиккан қайиқлар
уйга томон ошиқар.
Кулбамнинг ортидан
учар бир хушбўй.
Букри кўприк ёнида эса
ҳувиллаб қолгандир
балиқ бозори.

* * *

Уйларда ухлаб қолдик,
сепилади Ой нури мўл-мўл.
Гўзал гулғунчалар сояси
пардаларда тўқийди жилва.
Новдалар тебранар —
Кулгидир улар учун инсон қайғуси.
Ой беркиниб олди,
тағин ёлғиз қолдим мен.

* * *

Гоҳ шамол эсар,
гоҳ ёғар жала.
Тўкилади гуллар,
ер бағирлаб терак момиғи учар.
Соғинч-ла боқаман деразадан,
оҳ, сайрайдир какку.
У йиғлайдир,
бизга қайтиб келсанг-чи, баҳор.

* * *

Нилуфар юзида
Ёмғир томчиси,
Девор ёнидаги атиргулда ҳам шабнам.
Ҳовли узра
Куртаклаган хризантемалар атри ҳукмрон.
Қанчалик ёлғиз Соя ҳам!
Олхўри новдаларига осила-осила
Ой борадир қиялаб.
Бас, тўрт соат беҳуда кутдим.
Бағритош, бешафқат,
Кўзим йўқдир сени кўргали!

* * *

Дарё соҳилида ўлтириб
тўлқинларни кузатаман:
мавж урадир, чайқаладир,
қошимда тўлғанадир асов.
Ғарб томонда собит турар
қўзғалмас тоғлар.
Жайдари қармоқ билан сув томон тушаман —
қалбимга ҳам ором инадир бу кез.

* * *

Чўққида турибман
тўзғиганча сочларим.
Оқ қайинлар кўланкаси
Офтоб нури билан тоғ этакларига тўшалган.
Тайе кўли тинган осуда,
сўлим Ойнинг ҳуснига бўлиб маҳлиё.
Булутлар югурар,
Болаларнинг шовқини тинган.
Уфқ ҳам қораяр…
Шундоқ кечар, шаксиз, серзавқ онларим.

Русчадан Турсун Али таржималари
______________
* Хитойликларнинг баҳорда нишонланадиган байрами.