Шоир Май Ван Фан (Mai Văn Phấn) 1955 йили Вьетнам шимолидаги Нинҳ Банҳ вилоятида таваллуд топган. У ўз халқининг қувонч ва ташвишларини гўзал ва оҳангдор вьетнам тилида қаламга оларкан, қашшоқлик, касаллик, азоб-уқубат билан бирга оддий кишиларнинг самимий кўнгил изҳорларини қуюқ шеърий бўёқларда ифодалайди. Бир гал у «Биз қаро ер остига кўмилган уруғ ёруғликка талпиниб ўсгани каби ҳар доим рўшноликка интилиб яшаймиз» деб ёзган. У инсон табиати синоатлари ва борлиқ мураккабликларини тадқиқ қилган ҳолда нурли-шонли тонг, барг устида ғимирлаган қурт, жувонларнинг хўрсиниғини бадиий талқин этади. У Вьетнамдаги қатор адабий мукофотлар соҳиби. Май Ван Фаннинг «Офтоб нури томчилари», «Тонгга қасам», «Давримиз одамлари», «Сувдевор», «Ногоҳ шамол эсар», «Кундуз ва тун уруғлари» каби йигирмадан ортиқ тўпламлари нашр этилган. Шеърлари кўплаб халқаро антологияларга киритилган ва бир неча чет тилларига таржима қилинган.
МЕҲМОНИМНИ КУЗАТДИМ АСТА
Тўлдираман пиёлага чой
Ўлтираман топиб қулай жой
Фақат уйни тарк этмиш меҳмон
Шошиб унга қилгум телефон
У йўқ, дерлар, нарги дунёга
Риҳлат этган етти йил бурун
Бирдан дилга кўчади ҳузун
Кулбам ғала-ғовур, бетартиб
Ким суратни олдийкин тортиб?
Қайга кетди антиқа соат
Кимдан совға қалбаки чойнак
Хотиримга тушсайди шояд
Қўшнилардан эшик қоққанча
Суриштирдим нарх-наво қанча
Ошмиш айрим моллар йил оша
Баъзиси ҳануз ўша-ўша
Уйда эса чой ҳали қайноқ
Ол, ҳўплагил, тортинма, ўртоқ
Буғ ногаҳон ўрлару шифтга
Тўкилмоққа пойингга муштоқ.
ЙИЛ БОШИДА НУР ИЧРА
Қанча ювинмайин бўлмадим тоза
Чироқ ёруғида чайгум ўзимни,
Елка, икки қўлим, товону тиззам
Тутиб қуруқ йўтал, ияк, кўзимни.
Танамга яширин ҳар битта қатни
Ёруққа чулғадим ўссин деб яна
Сувда тоблагандек қайноқ пўлатни
Уяда босилган илиқ мояна,
Шохлари ёйилган бир оғоч тана.
Навбаҳорни кутиб чўмиламан бот,
Шўнғиганим анвор зўр тарам-тарам.
Ота-боболарим имларкан ҳайҳот
Чироқ ёруғига ўрмалар танам.
Ёрқин нур остида пичирлаб исминг
Чорлагум, ёруғлик борар чайқалиб
Ҳомила кўтарган аёлдай жисми.
Қаерда кезяпсан, умрим сайқали,
Қалбим олислардан сени чорлайди
Хира чироқ мудом, мудом порлайди.
ҲЕЧ ТУШМАЙСАН
Ҳеч оғзимдан тушмайсан, жонон,
Бор унда на қирғин, на вабо,
На ғийбат, на алдову қопқон,
Тиконлардан тортмайсан жафо.
Ажиб девор этаман барпо,
Бузолмайди муҳташам тўфон.
Ёноғимда оёқ изларинг,
Аста елка тутганинг палла
Узуқ-юлуқ учар сўзларинг
Ва жимгина бошланар ялла.
Тишу тилим вужудинг тутар
Изнинг билан майин, бехатар.
Ой нурига тўлган гулмоҳи
Зўр денгизда кетгумдур оқиб.
ТЕЛЕФОНДА ЭШИТИБ СЕНИ
Бу сас тиниқ ва енгил пардак,
Эндигина шимилган томчи,
Оламга кўз очган бир куртак,
Тоза пишиб узилган мева,
Жилға – узун манзил кўзловчи.
Ҳув узоқда сим нарёғини
Эгаллаган шолипояда
Қамишсават ва таёғини
Кўтармиш деҳқонлар сояда
Турфа улов, ажиб минора,
Унда чуқур ботган илдизлар
Овозинг этиб миниатура
Ўзаро бир англашув излар
Сомеъдирман, илиқ тупроқда
Очилади муқаддас қатлам.
Ўшал жилға зўр иштиёқ-ла
Саватчага қуйилар илдам,
Миноралар ўсган қишлоқда
Кезинади ям-яшил кўклам.
Беҳуда сўзлашни эт давом,
Бир лаҳзада қўяркан гўшак
Бари маҳв бўлгуси, тамом,
Ё аслига қайтади бешак.
Қолур фақат тўлқинлар олис
Кенг оламга сочиб ифорин,
Тутар мудом нафис, тотли ис,
Қояли соҳиллар хумори!
ЎЗАНДА БИР ҚОЯ
Тўсманг оқарсувни шаштидан,
Тезкор, чуқур, тугалланмас ҳеч
Муздай совуқ қоя устида.
Шу эканми баҳор дегани?
Чўзилади новдалар чаман
Йўлакчалар мисли бегона,
Жилға ила қушлар жўр, омон,
Тебранади оғоч сояси,
Гоҳ қояни қиздирар қуёш,
Гоҳо салқин, гўзаллик саси
Тоабад, ўзгармас, беқиёс.
Қоя юмиб олар кўзини
Қучиб-ўпиб ўтади оқим
Маймунчалар илдам кезинур
Оғоч соясида ўт, чақин.
Ёмғир сочар бор зардасини
Йиртиб кўнгил дарпардасини.
Ўрмон сари ўрлар беҳадик
Гуаванинг ҳиди муаттар,
Булутлару типратикон тик
Игнаси-ла ўрнида қотар.
Ҳар кимса ўз жойин тутган дам
Абадийдир ушбу лаҳза ҳам.
Аъзам Обид таржимаси
УЙИМИЗДАН
Мавсумга мос меваларни йиғаяпсизми?
Куз учун пўртахол гулдастасини,
Олхўри гулларини эса баҳорга.
Биз ҳавонинг томир уриши, чуқур тубсизлик, кўкрак қафаси
мебель жойлаш учун саралаймиз кўзга иссиқ жой
ўриндиққа аниқроқ ўрин.
Бори ғамхўрликларни дастурхон ортига қўямиз,
Чўп ила йиғамиз сабзавотларни,
Лойтувакдаги хўракни
чўқилаб қочади балиқлар.
Биз яхши кўрамиз
Гуручнинг мўй ташлаган изларини,
Чуқур қудуқлар, дарё ва сойлар, ҳовуз ва ҳалқобларни.
Олис қолиб кетманг ўз хонангизда,
Балиқлар ўйноқлаган қирғоққа, япроқлар яшилланган
далаларни томоша қилинг.
Тишланган ананас ё пўртахолнинг
илдизидан инган бир томчи ифор.
ТИКИЛАЁТИБ
Ахлат қутисида яланғоч балиқнинг
қилтаноғи бор
Шундай бўлса ҳам сузиш ҳолатида ушлаб турилар
бир марталик пардоз тахтасининг ёнида.
Ҳаммасига қон билан чизиқ тортилган.
Иссиққина жун шляпаси
майин ҳиди шампуннинг қазғоққа қарши
соҳиба ҳайиқмас соч замбуруғидан.
Қайчининг жуфт шиддати. Чойнак. Ручка…
бир қанча топ-тоза қоғоз варағи
учрашув лаҳзаларидан бошлаб
бошқарувчи, котиб ёки вакилларнинг исму шарифи
“Бугун соат 17.30 да… ва яна
жами: 32
турли сабаб билан қатнашмаган: 04…”
Ахлат қутисининг ичидаги
гулдаста устида варрак учади.
Бир неча жуфт пойабзаллар ҳам…
Шамол эса эсар, эсаверади
ариқчани титроққа солиб.
Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси