Ло Нган Шун (1945-2013)

Ло Нган Шун таниқли шоир, Вьетнам Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Бир қанча китоблар, сценарийлар муаллифи.

ГЎЗАЛ

Гўзал
Қорга менгзайди у,
Қўл теккизсанг – хўп қайноққина.
Гўзал оловмонанд – муздайин
Найзасини санчар қўлларинг тегса.
Истамайсанми сипқоришни
Бир қултум сув каби?
Қара – чўлдаги дайдидай
чанқоғингни синовдан ўтказ.
Кўзи тушар экан кимнингки унга
Очлик қийноққа олар тўқ бўлса ҳам гар,
Куни битганлар ҳам гўзални кўргач
Қайтиб келар қайта ҳаётга.

О! Бу бир орзу гўзал ҳақида
Мангу буғлангувчи самода.

ОСМОН ВА ЕР

Самога узатар ер қўлларини,
Осмон жуда олис
Баландлай олмас.
Жудолик қайғусига шўнғийди осмон
Ер сира тебранмас –
Олис йўллари.

Юз йилларки ер билан осмон
Бир-бирига ета олмайди.
Сен билан яқинмиз: бу сенсан, бу мен –
Қўлларингни бер.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси