Учқун

ҲАЁТ ҚЎНҒИРОҒИ

Саҳро, чўллар ўтиб келади карвон,
Сафари мушкулдир, манзили йироқ.
Гўёки ер билан туташдир осмон,
Сукунат бағрини тилар қўнғироқ.

Гоҳ гулшан, гоҳ дарё мисоли сароб
Оғушига чорлар осон чалғимоқ.
“Одамлар, мудраманг, элитмасин хоб”,
Дея садо берар тинмай қўнғироқ.

Қақраган лабларда бир сўз ҳукмрон:
Зорланиб бир қултум сув дейди бу чоғ.
Бардошли бўлишга чақириб ҳамон,
Юрак зарби каби янграр қўнғироқ.

Ҳу, ана кўринди оппоқ чўққилар,
Кутилган ошён ҳам эмасдир узоқ.
Ҳориган вужудга ором тарқалар,
Шодликка оҳангдош бўлар қўнғироқ.

Водийлар, гулзорлар бўлди пояндоз,
Карвонни кузатиб қолди неча боғ.
Янгради қўшиқлар, шўх куйлади соз,
Ҳамон жаранглайди мунис қўнғироқ.

Карвонга ўхшагай биз севган ҳаёт,
Сафари мушкулдир, манзили йироқ.
Шоир эса доим ғафлат душмани –
Умидни уйғотган ўша қўнғироқ.

Уйғур тилидан Носир Муҳаммад таржимаси

ЕР ЎҒЛОНИМАН

Чўққида турибман. Пойимда булут.
Пойимда дарахтлар денгизи ёйиқ.
Чўққидан чўққига кўчувчи бургут
Пастдаги жилғага боқади ёниқ.

Чўққида турибман, кўзларим эса
Кумуш ирмоқларда кезар ҳавасда.
Оламда неки бор, не жилва бўлса
Замзама қилади яккаш шу пастда.

Қадам олишимдан кўчувчи тошлар
Пастга отилиши — шитобли ҳар дам.
Ҳаво пастга шошар, сув пастга шошар,
Узилиб тоғдаги асрлик қордан.

Бунда ҳамма нарса пастга интилар,
Ерга таъзим йўллар юксак тоғу тош.
Ҳиссиз ғафлат тўлар, мунгли тун тўлар,
Ерга интилишдан тўхтаса қуёш.

Мен замин ўғлиман, лекин мабодо
Тоғ бўлсам, нур бўлсам, сув бўлсам-да мен
Ерга интилишдан толмасдим асло
Тортиш кучи бўлиб тураркан замин.

ВАТАН СЕВГИСИ

Ногоҳ Ватанимни босса зўр тўфон,
Шул тўфон қаърига бошланглар мени.
Ватанни ёндирмоқ бўлса қай гулхан,
Шул гулхан ичига ташланглар мени.

Майлига, жизғинак бўлсам ҳам дарров,
Майли, дўзах базм қурсин устимда,
Ўша дўзахдан ҳам кучлироқ олов —
Ватаним севгиси яшар кўксимда.

Г. Нуруллаева таржимаси