Муҳаммад Сиддиқ Наврўзов

Янги уйғур адабиётининг дастлабки намояндаларидан бири Муҳаммад Сиддиқ Наврўзов ХХ асрнинг ўттизинчи йиллари охирларида ижод этиб, уйғур адабиётига салмоқли ҳисса қўшган адиб.
Шарқий Туркистон ўлкасининг кўзга кўринган маданият арбобларидан бири бўлган Муҳаммад Сиддиқ Наврўзов бир неча йиллар давомида Уйғуристон ёзувчилар иттифоқининг «Шингжонг адабиёт санъати» («Торим») журналида муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Уйғур адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасида ижодий-ташкилий ишларда фаол қатнашган. Қардош халқлар адабиёти намуналарини уйғур тилига таржима қилишда ташаббускорлик кўрсатган.
Унинг «Муҳаббат ва Нафрат» деб номланган тўплами уйғур, рус ва ўзбек тилларида нашр қилинган.

БИЗ ТУПРОҚМИЗ

Ўлсак, тирилмасмиз, буниси маълум,
Шоҳлар ҳам киради қоронғу жойга.
Улар ўтказурлар халққа кўп зулм.
Охир айланурлар тупроққа, лойга.

Жисмимиз бир бўлиб қолар экан-да!
Йўқ, йўқ, «аттанг» деймиз хўрсиннб шу он,
Шоҳларнинг бағри — тош, тош бўлиб қолар,
Халқ-чи, тупроқ бўлиб бераверар дон!

БИЗГА ҲАМ БАЙРАМ БУ

Ёркент турмасида 1944 — 1946 йиллар ичида ҳалок бўлган сиёсий маҳбуслар хотирасига

Мунгларим мунгдош бўлиб, эсди бугун,
Толейим кўп қорайиб, безди бугун.
Субҳидам зулмат босиб олди мени,
Душманим ҳам танглигим сезди бугун.

Ё мадор кетдимикан қўлларимдан,
Чанг-тўзон кўтарилмас йўлларимдан?!
Букчайиб қолдим бутун жим, бесадо.
Айланмайди аёл ўнгу сўлларимдан.

Билмам энди, ҳийла-найранг дунёмикан,
Азал менга ёзуғ бу шум қазомикан?
Булутлар ҳам кетар дейман йироқларга,
Ҳозирча шу қийноқ билан жазомикан?

Дард келиб, дардманд бўлиб, ўтди бобом,
Лаънати қачонгача қилар давом!
Билмадим, тақдир битган бўлса керак,
Қисар жисму жонимни бу кишан тамом!

Қўл-оёғим қақшаса-да, майли дейман!
Душманимнинг зулми, — замон зайли дейман.
Узоқларга кўз югуртиб, йиғиб мадор,
Бизларга ҳам бўлур байрам сайли дейман!

Бир бурчакка узоқ қараб кўзим толмас,
Айтганларим рўёб бўлиб, сўзим қолмас!
Қиличларим қиндан чиқиб, от солганда,
Бу кишанлик, зўрлик замон, тузум қолмас!..

ТЎРТЛИКЛАР

Қизларнинг кулгуси — йигит ҳиссаси,
Йигитлар севгиси — қизлар қиссаси.
Тилагим шул эрур, келиб тушмасин
Ҳеч кимнинг бошига Ватан ғуссаси.

* * *

Ҳар қишлоқнинг боши билан оёғи бор,
Ҳар бир юртнинг ўз тентагу саёғи бор.
Ҳаммасига майли деймиз, лек тузалмас
Золимларга ҳақнинг тегар таёғи бор!

* * *

Жавоб бергумиздир келажакка биз,
Жавоб беражакмиз ҳар гап, ҳар ишдан.
Бироқ билинг; келажак пойдеворини
Қуряпмиз биз фақат қон, тер, кўз ёшдан!

Мирзо Кенжабек таржимаси