Азизий (1962)

Таниқли уйғур шоири, адиби ва таржимон Азизий 1962 йили Хўтан вилояти, Чирё туманининг Мозоркўл кентида таваллуд топган. 1985 йили Шинжонг университетининг адабиёт куллиётини тамомлаган. Унинг ижодий ишлари ўрта мактаб ўқувчилиги давридаёқ бошланган. Ҳозиргача мингдан зиёд назмлари, 50 дан ортиқ бадиалари, 20 дан зиёд мақолалари, 200 га яқин таржима асарлари китобхонлар қўлига етиб борган.
Баъзи асарлари хитой ва ўзбек тилига таржима қилинган. Бир неча бор Хитой ва Шинжонг мукофотларига сазовор бўлган. “Ошиқ ривояти”, “Алангали тилаклар”, “Фаридиддин Аттор” “Донолар дурдоналаридан” каби ўндан зиёд китоблари нашр қилинган ва китобхонларнинг самимий олқишларига муяссар бўлган.

СЎЗЛАРНИ СЎЗЛАТДИНГ СЎЗЛАРГА

Маҳмуд Қошғарий хотирасига

Сўзларни сўзлатдинг сўзларга,
Сўзларга ранг бердинг беқиёс.
Сўзларнинг парвози фалакда,
Сўзларда оламча эҳтирос.

Сўзларни сўзлатдинг сўзларга,
Сўзларни уйғотдинг сўзлардан.
Сўзларнинг пардаси йиртилди,
Сўзларни унутган кўзлардан.

ШУ КУНИ

Машрабга марсия

Шу куни денгизлар тошди қирғоқдан,
Бўрон ялтиради сувда шу куни.
Замин ҳам ларзага келди япроқдек,
Осмон куйди ва чўкди аршга
Муз босган тоғларнинг аламли уни.
Шу куни азобли нурланди жаннат,
Шу куни қон билан ювинди дўзах.
Бир лаҳза музлади қуёш шу куни,
Шу куни чўзилди асрдан узоқ.

Шу куни қор ёғди гулларга қизил,
Шу куни ёриди қориқлар қора.
Юлдузлар айлади шу куни фарёд,
Минг йиллик дарахтнинг юраги яро.

Шу куни ҳидоят биёбонлари,
Ўлқинли самога тушди тўлғаниб,
Шу куни тошларнинг тиловатлари,
Муножот авжига кетди қўшилиб.
Шу куни бир бўвоқ туғилди ўтдан,
Бир бўвоқ ўт аро қайтди ўзига.

Шу куни кўзлардан йиртилди ҳижоб,
Шу куни аксини йўқотди кўзлар,
Шу куни алвонга очиб бағрини,
Муқаддас маънодан айрилди сўзлар.

Барханлар сел бўлиб оқди шу куни,
Булоқлар тагидан ўхчиди нидо.
Шу куни аршга туташди фиғон,
Шу куни ой тунга қилди иқтидо.
Шу куни шамолнинг кўкси ёрилди,
Порлади қиёмат деган бир садо.

* * *

Дунё гўё бир пиёла ғам,
Уни ичиб яшаймиз ҳамма.
Ичиб-ичиб қонганлар кетар,
Кетмаганлар тўлдирар яна.

ҲИЖРОН

Деразалар қарайди ғамгин,
Танҳолигим йўқолди қаён?
Мудрамоқда сархуш қадаҳлар,
Ташналиги томлардан аён.

Капалакнинг тушидек гўё,
Кеч бўлмайди нечун бу замон?
Ичилмаган шаробдек туриб,
Танҳолигим бўляпти хазон.

ҲАЁТ НИМА?

Ҳаёт нима ­
Нотавон куртакми у кўкка интилган?
Ва ёки аршнинг шўрли томчиси
Ерга тўкилган.

Ҳаёт нима ­
Ҳаммага бахшанди фароғатми у?
Ва ёки қуёшнинг ўчган шуъласи ­
Чанқаган дилларга сепилган қайғу?

Ҳаёт нима ­
Сабр косаси?
Ширин азоб билан лиқ тўлган.
Биз яшаймиз унга қонмасдан,
Қонганларнинг ҳаммаси ёлғон.

ТАНҲОЛИК ШАЖАРАСИ

Танҳоман
Пайқалмаган оролдек.
Шундай битмиш
Қисматимни бу фалак.
Оқшомлари шеър ёзаман,
Мисраларда сирпанар юрак,
Омадим йўқ унинг устига ­
Азобдек йиртилган қоғоздан бўлак.

ТУШИМДАГИ АЁЛ

Шундай сирли учратдим сени,
Учратгандек ажиб бир гулни…

Кўзларингда сархуш талпиниш,
Сўзларингда мунгли ҳаяжон.
Шундан бери ширин бир азоб.
Вужудимни айлади макон.

Йўлиққандек бўлдим хизрга,
Ибодатга айланди фироқ.
Дийдорингдан умид узмадим,
Сиғинишда кутсам ҳам узоқ.

Шайдолиғим ортганча сенга,
Кетдинг шунча мендан йироқлаб.
Чақирсам ҳам уним етмади,
Орамизни жудолик қоплаб.

Шундай сирли йўқотдим сени,
Йўқотгандек ажиб бир гулни…

Уйғур тилидан Ҳурматжон Фикрат таржимаси.