Абдураҳим Абдулло (1954)

Абдураҳим Абдулло 1954 йили Оқсув вилоятининг Келпин туманида туғилган. 1983 йили Шинжон университетини тамомлаган. Унинг “Оҳ, оталар”, “Ишқнома” номли шеърий, “Довонли йўллар”, “Бўйноқ” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. Ҳозирда Шинжон Ун-син нашриётида ишлайди.

ТЕМИРЧИ САНДОНИДАН ТАРАЛГАН САДО

Нолакор бир садо қучар фалакни,
Юрагим увишиб, тўхтайди қоним.
Шунчалар кучли у, шунчалар аччиқ,
Бамисли тутқуннинг оҳу афғони.

Юзландим шу овоз келган томонга,
Мени ҳайрон этди ажойиб бир сир.
Овоз ҳам тўхтади, турибди ана,
Учоқда лағча чўғ — бир бўлак темир.

Қийноқ хонасини эслатди менга,
Асбобларга тўла қоп-қора дўкон.
Учқунлар сачрайди тараф-тарафга,
Ғолиб ва мағлублар кўтарар чуқон*…

Бир қисқич темирни олиб сандонга,
Алпкелбат темирчи урди аёвсиз.
Сандон ҳам болғача бермоқда мадад,
Эзилди зарбадан темир мажолсиз.

Англадим, темирни ўтда юмшатиб
Итоат илкига олган ҳам темир,
Қисқич ҳам темирдир, болғага содиқ,
Афсуски, сандон ҳам, болға ҳам темир.

Англадим дунёнинг кўҳна сирини:
Ёт зарбаси мардга ҳечдек туюлар,
Оғриқ қақшатарди суяк-суякни,
Ўзиники бўлса урган қўл агар.

Чин ботир жаллодга асло ялинмас,
Кесилган томирдан қонлар шарқирар.
Билса гар дўстининг сотқинлигини,
Кўкнинг пардасини йиртиб бақирар.

Инсофга ундайман дўстларимни мен,
Алафлар босмасин гулгун боғимиз.
Эзилган юракни эзмайлик баттар,
Биримиз сандондек, болға — биримиз.
__________________
* Чуқон — шовқин-сурон.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

ИШҚНОМА

Қисматим шундоқмикин ғамлар менга кам бўлмади,
Тушди бошга янги савдо эскиси гъам бўлмади.

Тегди ғойибдан келиб бошимга севги чақмогъи,
Дам-бадам куйдирди тинмай менга бир дам бўлмади.

Лабларинг шарбатидан яйради жон-тан маст бўлиб,
Унга тенг келгудай бу оламда зам-зам бўлмади.

Гулга тўйдурсам ёшимни ғунча бўлди қип-қизил,
Ғунча бўлди лек ёшим гулларга шабнам бўлмади.

Согъинурман туну-кун нимжон илондек толғониб,
Еганим овқат – заҳар ош – тузда ҳеч та‘м бўлмади.

Дили зардоб, тани ёнғин, чўлда мажнун мен шу дам,
Неча Луқмон дориси дардимга малҳам бўлмади.

Тунда бедормен ҳамон зориқиб ёр васлига,
Кўзларим юлдуз, гоҳо киприкларим жам бўлмади.

Термулуб ёрим томон багъримда қон-қон йигъласам,
Воҳ ажабким багъри тошнинг кўзлари нам бўлмади.

Бул ишқ учун бир умр йигълаб яшашга розиман,
Минг бахтдан бу азобнинг лаззати кам бўлмади.

* * *

Ёр дебон оҳ урганим тошларда вулқон бўлди-ку,
Оҳларим чақмоқлари сойларда гулхон бўлди-ку.

Ёр десам ёр васлини кўрсам хаёлан дилбарим,
Тилга олсам номини дардимга дармон бўлди-ку.

Зориқиб ёр васлига ўтган висолсиз кунларим,
Севги савдо бобида тилларда достон бўлди-ку.

Кўзларим тўфонидан кетди киприкларим оқиб,
Ҳар ёли шамшод бўлиб чўлларда бўстон бўлдику.

Нур сочиб тун багърида ёнган бедор кўзларим,
Жилвалаб севгим каби тонгларда чўлпон бўлди-ку.

Бошқалар чўзса гул, чўздим юрагимни анга,
Ёр учун ёнган юрак тунларда гулхон бўлди-ку.

Ёр кетип, мунгга ботиб қолдим ягона қабрдай,
Ёшларимнинг донаси тупроқда маржон бўлди-ку.

Уйғурчадан Асқар Абдукарим табдили