Абдухолиқ Уйғур 1901 йили Шинжоннинг Турфон шаҳрида туғилган. У маърифатпарвар савдогар оиласида туғилганлиги учун мактаб ёшигача уйида саводини чиқарган. Дастлаб диний мактабда таълим олган Абдухолиқ араб, форс тилларини ўрганиб, шарқ ва уйғур мумтоз адабиёти билан танишган. Абдухолиқ Уйғур (ئابدۇخالىق ئۇيغۇر) замонавий уйғур адабиёти асосчиларидан биридир. У 1933 йили ўлдирилган.
КЎНГИЛ ХОҲИШИ
Шуҳрат эмас юксаклик, ном чиқарур тоғ кон билан,
Унвон эмас теранлик, сув шуҳрати маржон билан.
Салтанат, бойлик, каср ҳам зийнат баҳоси — мис чақа,
Мос келмаса айтган сўзим дилдаги виждон билан.
Сўзлашурга, сирлашурга эр йигит, мардлар керак,
Ошно бўлмасман ақли қосиру нодон билан.
Зим-зиё тун ичра ёлғизликка ҳамдамдир чироқ,
Ҳар томонга нур сочар ул илм билан, урфон билан.
Бул Ватан фирдавсу жаннат, тоғу дарё, гул-чаман,
Тупроғи кўзимга сурма, таърифи достон билан.
Тўлғаниб инграйди эл-юрт боскинчиларнинг зулмидан,
Эр йигит, мардлар Ватани қутқазурлар жон билан.
Қийнагай виждон азоби, кўзларимда уйқу йўқ,
Элни уйғотмоқ тиларман, тонгда бир имкон билан.
Ушбу йўлдан қайтма бошинг кетса ҳам, Абдухолиқ,
Элни ғамдан эт халос, шамширни поклаб қон билан.
Эмин Усмон нашрга тайёрлаган