Али Сардор Жаъфарий (1913-2000)

Жаъфарий Али Сардор (علی سردار جعفری 1913.29.2, Балрампур, Ганда округи – 2000.1.8, Бомбей) — ҳинд ёзувчиси, жамоат арбоби. Урду тилида ижод қилади. Деҳлидаги университетни тамомлаган. «Ҳинд халқ театрлари Ассоциацияси»нинг асосчиларидан бири.
«Янги дунёга салом!» (1947), «Оламнинг қуёши» (1950), «Осиё уйғонди» (1950), «Яна битта орзу» (1965), «Қон даъвати» (1978) каби шеърий тўпламлар ва достонлар муаллифи.
«Бу кимнинг қони?» (1943) пьесаси фашизмга қарши руҳда ёзилган. Урду адабиёти учун янгилик бўлган «оқ шеър» ва бошқа услубий йўналишларда самарали ижод қилган.
«Тараққийпарвар адабиёт» (1951) номли китобида ҳинд адабиёти тарихини илғор ижтимоий-эстетик нуқтаи назардан таҳлил этган. Мирзо Ғолиб, Мир Тоқи Мир каби урду адабиётининг йирик намояндалари асарларини тўплаб, нашр эттирган.

БУ ҚАДАР МУҲАББАТ-ЛА БОҚМАГИЛ МЕНГА

Бу қадар муҳаббат-ла боқмагил менга,
Киприкларингнинг намчил соясида
Жазирама офтоб ҳам ойдинга ўхшайди.
Мен эса жуда узоқларга кетмоғим керак.
Қум қайноқ, оёқдаги пуфаклар
Худди лахча чўғлардек жаз-жаз қилади
Муҳаббатли бу нигоҳ хоҳ бўлсин, хоҳ бўлмасин,
Ким вафо даштида ёнарди?!
Қалбинг бундан бохабардир ёки йўқ,
Жоним,
Бу қадар муҳаббат-ла боқмагил менга.

Ҳиндийчадан Амир Файзулла таржимаси