Файз, Аҳмад Файз (فیض احمد فیض – 1911.13.2, Сиёлкат — 1984.27.11) — Покистон шоири, танқидчи ва жамоат арбоби. Сиёлкат (1917—29) ва Лоҳур (1929-34) коллежларида таҳсил олган.
1972 йилдан Покистон санъати миллий кенгашининг раиси. «Пакистан таймс» («Pakistan», 1947—51; 1955—58), «Имроз» («Imros», 1948—51; 1955—58) газеталарида бош муҳаррир. 1950 йилда Жаҳон тинчлик кенгашининг аъзолигига сайланган ва шу йили «Равалпинди фитнаси» иштирокчиси сифатида айбланиб, қамоққа олинган. 1955 йилда озод қилинган.
Урду ва панжоб тилларида ижод қилган. Файз лирикасида инсоний ҳис-туйғулар, чуқур фалсафий мушоҳадалар ҳамда сиёсий масалалар муҳим ўрин тутади. У шеъриятнинг ғазал, қасида, марсия ва бошқа жанрларида ижод қилган.
Файз «Ғамгинлар» (1941), «Шамол қўли» (1952), «Зиндоннома» (1957), «Тош остида қолган қўл» (1963), «Синай водийси» (1971) шеърий тўпламлари, қамоқдан ёзилган хатлардан иборат «Панжарали туйнук» (1971) китоби ва бошқа асарлар муаллифи.
Деҳлида ўтган Осиё ёзувчилари 1-конференцияси (1956), Осиё ва Африка ёзувчиларининг Тошкент (1958) ҳамда Олмаота (1973) конференциялари қатнашчиси. Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
«Нилуфар» мукофоти лауреати (1975).
ОЗОДЛИК ТОНГИ
Туннинг жабру зулмидан қонга ботган субҳидам,
Шунча интизор бўлиб шу тонгни кутганмидик?
Ихлос қўйиб, ардоқлаб дилда уни дам-бадам,
Биз ўзга бахт ғамида оғулар ютган эдик.
Ўлик осмон саҳроси, юлдузлар мозорида
Сокин, қора тўлқинлар чайқалади сарсари.
Унда алданиб қолган умидларнинг зорида
Турар ўтин йўқотган ночор қалб қайиқлари.
Қутлуғ зафарга томон дўстлар йўл олган замон
Қанча кўз далда бериб чорлаганди бегумон,
Қанча қўл ёлворса ҳам этакларидан ушлаб,
Тонг ишқи, кураш бурчи олға кетганди бошлаб,
Субҳидам маъбудаси дилдаги армон эди,
Чарчоқ ҳалал беролмас, умидлар чаққон эди.
Тонг оламни ёритди, зулмат йўқолди, дерлар,
Нимаки орзу бўлса, бари ушалди, дерлар.
Дерлар: энди севгида бизга ҳижрон бегона,
Қайғу, ҳасрат чекмоқ ҳам эмиш гўё афсона.
Аммо юрак жўш урар, ҳали орзулар қат-қат,
Ҳали армонлар кўп-у, давоси йўқдир фақат.
Малҳам шамоли эсиб, бир лаҳзада йўқолди,
Уни кўчада турган чироқ ҳам сезмай қолди.
Тубанлик қоп-қоронғи мисоли тунги денгиз,
Юрак билан ақлнинг озодлик йўли олис.
Мақсаддан қайтманг, дўстлар,
Зулмат мангу эмасдир.
Маъруф Жалил таржимаси