Андрей Малишко (1912-1970)

Андрей Малишко (Андрій Самійлович Малишко) Украин шоири, таржимон, Сталин мукофоти (1947, 1971), СССР Давлат мукофоти (1969), Шевченко номидаги Украина Давлат мукофоти (1964) лауреати.
“Менинг Украинам”, “Сайланма”, “Мовий денгиз бўйлаб”, “Биродарлар китоби”, “Асрнинг ярим куни” каби китоблар муаллифи.

* * *

Хоҳ койинг, хоҳ, койиманг мени,
Ишим қолган ҳар нима билан.
Ишим қолган кўкда самолёт,
Ерда ҳатто бир нина билан.

Ишим қолган менга даҳли йўқ
Даладаги трактор билан.
Милтиқдаги отилмаган ўқ,
Кемадаги темир тўр билан.

Осмондаги сўнган, сўнмаган
Миллиард нафар йироқ юлдузлар —
Телескопли олимга эмас,
Бари менга дардини сўзлар.

Юрагимдан ўтадир тамом
Нимаики дард бор оламда.
Ер остида синалган атом
Портлар асли менинг хонамда.

Ошиқ олган бўса лабимда,
Кўнглимда у чеккан қайғулар.
Чўкиб ётар менинг қалбимда
Ушалмаган қанча орзулар.

Шунинг учун койиманг, дўстлар,
Ҳар нарсада ишим бор маним,
Шундан менда бу ҳассос кўзлар,
Шундан менинг куйиб ёнганим.

ҲАҚИҚАТ

Айтар эди бир замон онам:
— Ўсиб катта бўлурсан, ўғлон.
Оқил бўлу мард бўл чинакам,
Бу икки иш эмасдир осон.

Оқил бўлгин. Сен бу ҳаётнинг
Кенг йўлию сўқморин ўрган.
Ҳам томчининг, ҳам коинотнинг ,
Чексизликда кезмоғин ўрган.

Ҳақиқат — бир, ҳақиқат — аччиқ,
Шундан доим балога дучор.
Сен мард бўлгин, сен унга очик
Ҳимоячи бўлгин устивор.

Керак бўлса ҳақиқат учун
Юрагингни парча-парча қил.
Керак бўлса ҳақиқат учун
Минг бор ўлиб, минг бора тирил.

Майли, сендан дўстларинг кечсин,
Сендан кечсин, майли, қондошлар.
Рози эдим мен берган жонни
Ҳақиқатга бахш этсанг агар.

Оқил бўлу мард бўлгин, ўғлон,
Бу икки иш эмасдир осон.

ОНА

Ўт ичида тонг ёришар жим,
Ел тўзғитган тўзон эмас, кул.
— Бунда борми Иванко ўғлим?
— Пиёдалар ичидадир ул.

Она кезар дард ила танҳо,
Дард кўзлари қорасидадир.
— Бундамасми Иванко ўғлим?
— Танкчиларнинг орасидадир.

Она чопар, оҳ тортар,
Ҳар кимга бир сўзни айтади:
— Қолмадими Иванко ортда?
— Йўқ, у зафар билан қайтади.

Ўғлон эса аллақачонлар
Бу оламдан бўлмиш равона.
Энди унга ётдир маконлар,
Замонлар ҳам энди бегона.

Энди зафар қўширин куйлаб
Тинч ҳаётнинг гаштини сурмас.
Энди она қишлоғИ бўйлаб
Дўстлар билан қувониб юрмас.

Она эса кутади ҳамон,
Унга ошно ширин бир рўё.
Эрта тонгда келар-у ўғлон,
Деразани чертади гўё.

Эркин Воҳидов таржимаси