Аҳмед Маммедов (1942)

ТУРКМАНИСТОН

Қўлга олсам қаламимни ёзмоқ истаб шеъру достон,
Қалб тўридан садо келар: “Бир гулистон – Туркманистон”.

Хизр кўрган яйловларим дилгинамни яшнатадир,
Турфа рангда жилоланган боғу бўстон – Туркманистон!

Ёзги буғдой, кузги буғдой тўлқинланар уммон янглиғ,
Бошоқлари кўз қувончи, сунбулистон – Туркманистон!

Болаларнинг қувноқ саси, қиз-жувонлар қаҳқаҳаси,
Гўё дейсиз бу юрт, сўзсиз, булбулистон – Туркманистон!

Копеттоғга борган чоғим кўнглим тоғдек юксалгуси,
Қалбимга кир, баҳор ели, фасли найсон – Туркманистон!

Бедов чопмас, учар илло, қанотланган қушлар янглиғ,
Юракларга берар ғурур, гул-гулистон – Туркманистон!

Тани-жони бир чулғанмиш шоири Аҳмад билан,
Ошиғу маъшуқ гўё, гул-гулистон – Туркманистон!

ҲАҚИҚАТМИ?

Бир-бировга сўз бердик – сўзларинг ҳақиқатми?
Ҳамда кулар юз бердик – юзларинг ҳақиқатми?

Икки юзли, уч юзли, ўн юзли одамлар бор,
Сўз лаззати туздадир – тузларинг ҳақиқатми?

Дунё бугун шундайин турфа ранг-ла безанди,
Кўксинг узра қўша ой-нозларинг ҳақиқатми?

Чин бўлса гар гапларинг, ёқса ёқсин дардларинг,
Ўз кўзидан жой берган кўзларинг ҳақиқатми?

Гўё телба бўлгандир олам-жаҳон ишқимдан,
Ишқ йўлида қолдирган изларинг ҳақиқатми?

Севги синовда сўнар, сўнса сўнсин, барибир,
Ўтсин менинг қишларим, ёзларим ҳақиқатми?

Туркман тилидан Олим Тўраев таржимаси