Ёвуз Булант Боқилар (1936)

Атоқли турк шоири Ёвуз Булант Боқилар (Yavuz Bülent Bâkiler) 1936 йилда Сивас шаҳрида туғилган. Дастлабки шеърлари “Қўбуз”, “Ўрхун” ва “Ҳисор” журналларида чиқа бошлади. Сўнгра тўрт шеърий китоби – “Ёлғизлик” (1962), “Чакмон” (1971), “Дувоқ” (1971) ва “Сенинг-ла” (1980) босилиб чиқди ва бу китобларнинг ҳар бири 3-4 марта қайта нашр этилгач, ҳаммаси бир сайланмага жамланиб, 2001 йилда “Хирмон” номида чоп этилди.
Ёвуз Булант Боқилар, шунингдек, йўл хотиралари, адабий портрет жанрларида ҳам ижод қилган. Унинг “Ускупдан Косовага”, “Туркистон, Туркистон” номли хотира китоблари, “Ошиқ Вейсал”, “Меҳмет Окиф” очерк китоблари шулар жумласидандир.
2006 йил 20-22 сентябрда Туркиянинг Элозиғ шаҳрида бўлиб ўтган “Ҳазар шеър оқшомлари”да Ёвуз Булант Боқилар таваллудининг 70 йиллиги ва адабий фаолиятининг 50 йиллиги кенг нишонланди ва таниқли мунаққидлар ва олимлар томонидан адиб ижоди юксак шеърият намунаси сифатида баҳоланди.

БУЮК ДОСТОН

Содиқ Камол Турол қардошимга

Мен Олтой тоғларидан узилиб келдим,
Юрагимда Туркистондан минглаб нақш бор.
Кўп шукр, аслим ҳам, наслим ҳам маълум,
Туркман, мусулмонман тоғдай сервиқор.

Тўққиз туғ ташидим, тўққиз довул урдим,
Тўққиз авлиё кучи-ла юрганча келдим.
Улғайди мен билан муборак юртим,
Ўз вақтида, ҳа, ҳа, тўққиз давлат қурдим.

Наврўз тўйларимизда ўтлар туташтирдим,
Ўрхундан, Сайхундан, Жайхундан кечдим,
Йўл кўрсатди кукраб менга Бўзқуртим,
От чопдим ёнма-ён, кўзалардан сув ичдим,
Бойкўлда чўмилдим мен, Ҳазар денгизида ҳам,
Тупроғига чордана қуриб ўтирдим.

Менким, Алп эр Тунгага кўнгил берганларданман,
Юрт йўлида тўлиб-тошиб кўкрак керганларданман,
Тўхтаб қолган сувларга мадад бер, ё Тангри, деб
Гилам сажжода ёйиб дуо қилганларданман.
Мен ўзбекман, қозоқман, ҳам туркманман, ҳам қирғиз,
Озарбайжон эли-ла қоним бир, сажиям бир.
Қипчоқ, уйғур куйларин тинглайман севиб ҳаргиз,
Татар, гагауз, бошқурт ҳаммаси жонимдадир.

Қалам тутдим, гул тутдим, юрт истаса қилич ҳам…
Каптар назарли иссиқ қўшиқлар айтдим ҳар дам,
Англаган англади ким бўлганимни.
Тинчликсеварни севдим, кинлиларни юмшатдим,
Англадилар динимни ва Буюк Китобимни,
Имонли гўзал ахлоқ ахлоқим бўлганини.

Набийсифатлар кўпдир авлод-аждодим ичра:
Мендан Юсуф Хос Ҳожиб ва Маҳмуд Кошғорий, бил.
Мир Алишер Навоий, бир ёним Юнус Эмра,
Фузулий, Махтумқули, Ғаспрали Исмоил!

Сарватим – Бухорийнинг, Юсуф Ҳамадонийнинг,
Аҳмад Яссавийларнинг нур сарватларидан.
Нақ Шоҳи Нақшбанд ҳазратларидан.
Чингиз Айтматов билан Чингиз Доғжиларим бор,
Ойнинг ўн тўрти каби ёруғ шахсларим ёвқур.
Қодирий билан Ойбек, Рустамхонли ва Анор
Ва яна мингларча нур устига нур.

Мени танимаганлар танисин, билиб қўйсин,
Қурилиш дунёсида гурсиллаб юражакмиз.
Ва давлатларимиз учун энг порлоқ келажакни
Биз қуражакмиз!


МЕН ШАРҚЛИКМАН

Мен Шарқликман, Шарқ фарзандиман!
Этаги туманли, боши туманли
Тоғлар боласиман,
Тоғлар ўғлиман.

Қўллари тупроқ ҳидли ота фарзанди,
Отамдай тўғриман.
Тупроқдан узилган жонли қоядай,
Ҳар қисми юрт ҳидли она ўғлиман,
Шарқ фарзандиман!

Сенинг ҳам, буғдой юзли, алпларми аслинг,
Арслоним, умидим, очиқ манглайим?
Сен ҳам Шарқликмисан, ҳамшаҳар наслим?
Кел, пешонангдан бир ўпайин!

Арзирумликмисан, отагинам, балли!
Туришинг қиндаги ханжардай гўзал.
Сен ноғора, довул урган маҳали,
Сурнайлар чалинганда кел!

Сен қарсликмисан, болам, сен ҳудуд тоши…
Сен туркман боласи, менинг ўнг қўлим,
Кел, сенинг-ла Қарсдан ва Ардахондан
Қўшиқлар айтамиз, ўғлим!

Сендандир, бойбуртлик, мендаги шиддат,
Сендандир уфқимда порлаган юлдуз.
Достонлар айтамиз, улашиб ҳайрат,
Бедов отлар устида иккимиз!

Қўлла мени, сиваслик, кел, қўлимдан тут!
Тангритоғ, Қодирхон уфқларидан
Келтирдим гиламдай нақшин қўшиқлар,
Ўргилай гурросли рақсларидан.

Сен ванликсан, юртдошим, маълум туришингдан!
Кўзларингда жимир-жимир нур чақнар.
Сен ванликсан, ҳамшаҳрим, қора қошингдан
Бурама мўйловингга қадар!

Билмасманми сенинг марашлик эканингни,
Айтиб-айтиб йиғлаган қўшиқларингдан?
Сен бизга ёруғ нур келтир ҳар саҳар
Туғилган серқуёш ерингдан.

Эй, Сариқамиш яйловининг шонли эрлари,
Йигитларимнинг жингалаксоч шерлари,
Сиз менинг тожимсиз, тамал тошимсиз,
Дадашим, қардошим, улкудошимсиз!

Бир байроқ долғаланар Оғри тоғида,
Эшитилар сўнгра Кўкбўрилар саси.
Қўлларда ҳилпираган гўзал байроқнинг
Қафқаз тоғларига тушар кўлкаси.

Қафқазларда ҳилпирасин мангу кўлкаси
Қафқаз тоғларининг тупроғи азиз.
Шаҳид боболаримиз сас берар Қафқазлардан
Қачонгача ётлар топтар элимиз?

Қон-қардошмиз, буюкмиз, тарихнинг оқ гулимиз,
Кўзларга тўтиё ҳар қариш тупроғимиз.
Бир тошли ёнбағардан бир салом айтилса,
Олтойгача етар овозимиз.

Биз Шарқлик ёшлармиз, бир кун ҳаммамиз
Арзирум, Қарс, Мараш, Бойбурт, Ардахон
Қўлни қўлга бериб, бир ёқа бўламиз
Ва бирга қўшиқ айтсак оқ отлар устида
Шарқ ёшларин қутлагай бутун жаҳон.


ТУРКИСТОН

Тангритоғ, Қодирхон уфқларидан келган
Бахшилар достонидан уйғондим,
Минглаб йиллар бўйи тараларди элдан-элга…
Яна Туркистонни онгдим*.

Юртимни чормихда тутдилар юз йил,
Зўрладилар минг йиллик тарихингдан тон деб,
Отилган жайрондай типирлардим муттасил…
УлуғТуркистонни онгдим.

Келди, қулоқ тутдим Аҳмад Яссавий пирга,
Усмон Ботиргача куйлади тонгдан тонггача.
Мен ҳам бутун Хуросон эрлари-ла бирга
Янгитдан Туркистонга инондим.

Қурғоқчилик елларида соврулгандим йиллаб,
Денгизга қовушган дарёдай қувондим.
Учиб кетган қалдирғочларга боққандим йиғлаб,
Туркистон ҳурлигин тинглаб уйғондим.

Кўрсатмаган, кўрмагандим Тошкент қалай, ё Бухоро,
Урумчига отсиз-қуролсиз ҳам киритмаган қачондир.
Бир гал аранг боргандим ҳорғин, бир ўзим танҳо
Ўшанда Туркистонда дўст кўнгиллар қозондим.

Тангрим, бир кун во ажаб деёлармидим?
Сени кўриш юзимни нақшлади нур-ла,
Жон қўшним боғига узангандай ҳузур-ла,
Туркистоннинг тупроғига узандим.
____________
* О н г м о қ – эсламоқ, ёдга олмоқ


СИВАСДА ЙЎҚСИЛ БОЛАЛАР

Сивасда, улуғ жомеъ ҳовлисида болалар
Ёлворган кўзлари-ла атрофга боқа-боқа
Очаркан кичкина қорача қўлларини:
– Амакажоним, садақа! Амакиларим, садақа!

Ҳукумат меҳмонсаройи ёнида бири,
Бир қисм устухон, бир парча тери…
“Бой-йўғи йимбеш”, “бой-йўғи йимбеш” дея йиғлайди
Ва ҳали чўтка ҳам тутолмайди қўллари.

Ғариблар бозорида гўдак болалар
Ҳорғинликдан, кўрсангиз, юзлари ол-ол…
Одамни ўлдирадиган фарёд дудоқларида:
– Бўш ҳаммол керакми? Бўш ҳаммол!

Ялпиз сотувчи, сув сотувчи етим болалар
Қўшиқ айтолмайдилар ойга, қуёшга…
Биламан, на эртак тинглашга тўйдилар,
На бир бекинмачоқ ўйнашга!

Безиржида, Южуюртда, Олтинтобоқда
Болалар бор инжа юзлари гўзалроқ ойдан!
Аммо тўз-тупроқ ичида қўллари, оёқлари,
Ўйинчоқлари лойдан.

Ва гуноҳкор болалар, айбли болаларни
Тергашмоқда қатор-қатор ўғилни, қизни.
Бу айб бизнинг айбимиз, бу гуноҳ бизники,
Авф этинг бизни.

Кўкдаги юлдузларча сонсиз-саноқсиз,
Оҳ, юртимнинг кимсасиз ва йўқсил болалари!
Англадим: фарқингиз йўқ тўкилган бошоқдан!
Олинг бу кўзларни мендан, олинг бу юракни ортиқ,
Уялиб кетаяпман яшамоқдан.


СЕНМИСАН?

( Лолалигим – Оқсарой)

Яна оқшом, яна ғурбат, қат-қат ўйлар, қаватлар,
Яна келди куйларинг ичимга, билмам, қайдан?
Кўзларимда чизги-чизги бекатлар,
Бекатларда хаёл-маёл сенмисан?

Сенмисан ёнма-ён кезолмаганим,
Инжа ситамингни сезолмаганим,
Сирларингни бир тур чўзолмаганим
Ичимдага оғир савол сенмисан?

Бу қандай юракдан айтилмиш мақом,
Тинглаганим барча куйлар беором,
Лолалик – Оқсарой аро ҳар оқшом
Тинглаганим эртак мисол сенмисан?

Парво қилма неки деса десин эл,
Кел бир оқшом яна, қўшиқлар-ла кел!
Истанбул сен билан гўзалдир гўзал,
Истанбулдай гўзал хаёл сенмисан?

Биламан, сени ҳам қўшиқлар ёқди,
Кўзларингдан илиқ томчилар оқди,
Энди кўчаларда мени шом вақти
Айлантирган Лочин Аёл сенмисан?

Яна оқшом, яна ғурбат, қат-қат ўйлар, қаватлар
Яна келди куйларинг, билмайман, қайдан?
Кўзларимда чизги-чизги бекатлар,
Бекатларда хаёл-маёл сенмисан?


БИР ҚОРЛИ КЕЧАДА СЕНИ ЎЙЛАБ

Кечалари нозик-нозик ёғаётган қор бўлса,
Кўк юзида тарқаляпган булутлар ҳам бор бўлса,
Мени кўчаларда бил.
Мени кўчаларда бил.
Бир достон ёзган каби кеча-кундуз билмай тин,
Фақат сени ёзганман юрагимга яширин,
Кел-да, достонни ўчир.
Кел, достонни маҳв қил.

Бир тушунтирсам дейман фикримни этмай ханда,
Телбача жим қоларман сен ёнимга келганда.
Узилсин хайрсиз тил.
Узилсин хайрсиз тил.

Диққат қил менга пича,
Руҳим энди ғурбатда тутаб ёнар ҳар кеча.
Ёнади қандил-қандил.
Ёнади қандил-қандил.

Сенсиз ҳеч кимман, англа,
Миямни ёлғон каби ёқиб кемирган жумла
Қаҳр сингари сабил.
Қаҳр сингари сабил.

Кўнглимга парчин-парчин урилган умидсизлик,
Тилларга мажнун каби туширди мени ортиқ.
Сенга берганим майл.
Сенга берганим майл.

Инжа оғриқлардайсан бир билинмас еримда,
Бир аламли қўшиқсан кечаларимда.
Уфқимдан ортиқ чекил.
Уфқимдан ортиқ чекил.


СЕН СЕН СЕН

Бир тоғбоши ёлғизлиги бошимда яна,
Тоғбоши ёлғизлиги ўлимдан баттар.
Ҳеч кимса қидирмаса, сўрмаса мени,
Сен келсанг етар.

Қўлларинг гўзаллиги жонимга ҳузур,
Кўзларинг қаршимда бахтиёрлик денгизи.
Ҳар тонг сен ушатсайдинг супрада нонимиззи…
Сен бўлсанг етар.

Юрагим, сен билан яйловлар қадар сарин
На тирноқча ҳасрат, на нуқтача ғам…
Яйлов тумани каби, кўзларимга ҳар оқшом
Сен тўлсанг етар.

Менда чорасизлик чексиз туюлар.
Менда сабр, сенда ноз…
Кундуздан воз кечдим, тушимда бироз.
Бир кўрмана сен бўлсанг етар.

Эшитмаса ҳеч ким шоир кўнглимнинг
Сенда қарор қилганини
Ва ичимнинг саҳро-саҳро ёрилганини
Сен билсанг етар.

Бир кун билсанг битганим, тугаганимни,
Чиқиб келсанг узоқлардан, қўрқувли, ҳуркак…
Ва ингичга новдадай устимга титраярак
Эгилсанг етар.

АЙТМАБМИДИМ

Айтмабмидим, бу ҳасрат битирар сени,
Ой айланиб кетар, ёлғиз қоларсан.
Ҳар кун сочиларсан, уваланарсан.
Айтмабмидим, юрагим: севма!

Энди на кўзёши, на ваъда, на сўз…
Ортга қайтган қайси кабутаринг бор?
Сенинг қайси гулингни асради баҳор?
Айтмабмидим, ақлим: ишонма!

Бир кун нозларига боғланарсан, демабмидим?
Кўрмасанг, зиндонга дўнар бу шаҳар…
Кўрсанг, диққат қилмас, менсимас кофир,
Айтмабмидим, кўзларим: боқма!

Айтмабмидим, бу титратувчи ҳарорат.
Бу навқирон гўзаллик ғойиб бўлар бир кун?
Сўнгра бекор унга юзланарсан маҳзун,
Айтмабмидим, қўлларим: тегинма!

Айтмабмидим, бир кун тинар бу наволар,
Овозингга овоз берган шамоллар бўлур,
Истаганча кутавер, минг йил кутиб юр…
Айтмабмидим, қулоғим: тинглама!

Бир кун кетажаги маълум эди бедарак,
Сенинг англаёлмаганинг бўлса-да, аён…
Бошқаларнинг тушида энди у аёл.
Айтмабмидим, қўлларим: қучоқлама!

Барча чеккан дардларим сен туфайли.
Устингга бир соя ҳам туширмасдинг бир замон.
Оҳ! Парча-парча бўлди энди минг бир еридан жон.
Айтмабмидим, ғурурим: узилма!

Туркчадан Миразиз Аъзам таржималари