Туғрул Танёл (1953)

Туғрул Танёл (Tuğrul Tanyol) 1953 йили Истанбулда туғилган. Бўғазичи университети социология факультетини тамомлаган. Мармара ва Едитепе университетларида дарс берган. Илк шеъри 1970 йили “Янги инсон” журналида чоп этилган. Турк постмодерн шеърияти намоёндаларидан бири.

Биз булбул-и сўзон дам-и гулзор-и фироқмиз,
Оташ кесилур кечса сабо гулшанимиздан.
Салим II

СУВДАГИ АНҚО

Соғинчнинг совуқ қиши ирмоққа қоришган орзу
бутоқларда тўнган қанотларидан ечинмиш
сувдаги биллурни ўйлаган анқо
овозлар овозларимизни излайди узоқларда
ортимизда узанган йўлларда унутганимиз
қайиқлар тўла олтин қўшиқ мужавҳар ақиқ
ва қаҳрабо ирмоқнинг аста юздиргани
эски бир шаробни тоширган маст хотиралар
боғлардан оқарди неча бир қонун рангида
гуллар ва гулларга суртиниб тутинган шамол
дарахт ёмғирнинг бичимини оларди
узоқдан боқсак адашардик
кунларнинг қорага чиққан ерида турардик
иссиқ фолинг-ла изларинг ва қуминг
бир садо бир садога акс эттирарди порлоқлигини
бир тоғ бир тоғга соя соларди ва бошсиз сурувнинг
чанглари тарқалгач бошлар эди кун
узайиб кетарди йўллар оша
дарахтнинг дарахтга пичирлагани сургун

замон овозин юксалтмоқда сийраклашмиш ўтлар орасидан
соҳилга ёндашган қайиқлардан тушади
издиҳом кўланкасини ортида қолдириб аста бир ишорага
айланади
ирмоқнинг музлари эриркан олисларда
сўнгги бор қайрилиб боқ ортда қолдирган изларинг тўплайди
болалар
эски бир уйдан зумрад минорадан
севган ва унутганимиз санамларнинг сўзларин учирмоқда шамол

ҳаёт уқубати ўтмиш бу ердан бир из каби суриб тупроқни
ўтдик биз ҳам қўйнида мунгли садолар жаранглаган у басир кечадан
қаршиламоқ учун сени: билинмаганни

энди сукут сақламоқ керак гапирсак ҳатто
бизнинг аламимизни Ким англай олар
сен сувдаги аксига кулини совурган анқо
ирмоқ оқиб кетди кўпдан
қўлларимиз қўлларимизни излайди мудом.

Туркчадан Шермурод Субҳон таржимаси