Нодим Учар (1945)

Нодим Учар (Nedim Uçar) 1945 йилда Туркиянинг Навшаҳарига қарашли Кўшектош қишлоғида туғилди.
У бошланғич таълимни қишлоғида, ўрта маълумотни Ҳожибектош шаҳарчасида эгаллади. 1960-1963 йилларда Полиция коллежида, 1964-1967 йиллар мобайнида Анқара Полиция академиясида таҳсил олди.
Нодим Учар адабиётга 1974 йилда нашр этилган “Ёлғиз” номли илк шеър китоби китоби билан кириб келди. Шундан сўнг “Ёмғир билан келмоқдаман” (1991), “Юлдузлар тушар ҳовучларимга” (1992), “Кўз учирган юлдузлар” (1992), “Замон кун ёғдусида” (турк ва инглиз тилларида, 1993), “Титроқ сувлар” (турк ва инглиз тилларида, 1993), “Яшил водийларда оқшом” (2000), “Кўнглимнинг ирмоқлари” (2010) каби шеърий тўпламлари, “Улар нега музламадилар” (1992) номли романи, “Кечанинг бургутлари” (1992), “Бир кун 24 соат” (1995) каби драматик асарлари эълон қилинди. Туркияда унинг асарлари кўп нусхада чоп этилади ва севиб ўқилади.

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Ҳануз йўлнинг ярмидир, элликдан ўтди ёшим,
Сиғмади денгизларга, булут бўлди кўз ёшим.
Ёлғизлигим ўраркан ҳасратнинг деворини,
Боши кўкларга теккан тоғлардир қабртошим.

* * *

Кўкдаги сариқ юлдуз қуршаркан мовий ойни,
Кечанинг мотамида ортмоқда ёлғизлигим.
Сенга етишмоқ учун бу ёлғончи дунёни
Кўнгил тарозусида тортмоқда ёлғизлигим.

* * *

Мендан шундай хабарсиз кечиб кетмоқ бўлмас, ахир,
Юракдаги ишқ гули сувсиз қолса сўлмас, ахир.
Ғамнинг чуқур қудуғи уч-беш кунда тўлмас, ахир,
Қисмат шудир дерсан Сен, кўз ёш тўккан кулмас, ахир.

* * *

Очиқ мовий дунёда сув ичра менман сувсиз,
Тўкадирман дардимни тунларга ора-чора.
Сени Сенингсиз севиб яшаяпман қўрқувсиз,
Гуноҳимни излама, туғилдим бахтиқора.

* * *

Баҳор фасли келганда яшил тупроқлардаман,
Ёз иссиғи келганда эсган шамоллардаман.
Хазон фасли келганда сариқ япроқлардаман,
Қиш мавсуми келганда ёққан оппоқ қордаман.

* * *

Севгингни узоқ этма, кўнгил боғим сўлмасин,
Энг бахтли онимизда кўзимга ёш тўлмасин.
Руҳимнинг кўрфазида топинган бандаргоҳ бўл,
Тақдир бўрони бизни ҳар қаерда қўлласин.

* * *

Бу оқшом уйимизга чуқур бир ҳузун тўлди,
Ўтган сониялик вақт гўёки аср бўлди.
Оллоҳ раҳмат айласин, хўб собир банда эди,
Бир тошнинг соясида – ишончли жойда энди.

* * *

Шунча йўлни қатладим, умидларим битмади,
Ўша маъсум боқишинг хаёлимдан кетмади.
Изларканман бахтни мен кўнгилдек зарра-зарра,
Қайтадан етишмоққа умрим вафо этмади.

* * *

Ўз дардимдан ортиқроқ бошқасига ёнарман,
Мен ҳар зарра қалбимда Оллоҳни ёд этарман.
Баъзан совуқ сув каби муҳаббатга қонарман,
Бир хато қилганимда уятдан тош қотарман.

* * *

Бир шамнинг оловидек қоронғулик ичидан
Моҳтобнинг қанотида юраман денгизларга.
Эланаркан хотира замоннинг сузгичидан,
Кўк гумбаз маскан бўлар кўрпасиз, уйсизларга.

* * *

Кеч кузнинг сукунати тоғларни қоплар экан,
Бормикан бу дунёда мақсади-ла бирлашган?
Чечакнинг мафтунидир учи ўткир бир тикан,
Сенинг ҳам дардинг борми оёғингга илашган?

* * *

Титраган дудоқларинг ранг оларкан гилосдан,
Шамолнинг саси тинди, қор ёғади оз-оздан.
Бу ёлғончи дунёда ҳам ёлғизман, ҳам етим,
Сира вафо кўрмадим на баҳордан, на ёздан.

* * *

Ҳар икки жаҳонда ҳам меҳнат қилган қозонар,
Табиат кўклам чоғи ол, яшилга безанар.
Ичаркан тонг юлдузи кечанинг қорасини,
Оқ сочли улуғ тоғлар самоларга узанар.

* * *

Биллур қадаҳлар каби парчаланса-да қалбим,
Шамол бўлиб, ел бўлиб яна Сенга борарман.
Ҳузун булутларида кечса-да бутун умрим,
Ёмғир бўлиб, сел бўлиб яна Сенга борарман.

* * *

Ҳаётимнинг сояси узанмоқда тупроққа,
Куз қучган умидларим дўнди қуруқ япроққа.
Шох синди, қушлар учди, парвоз қилди бу кўнгил,
Ёзди қанотларини қўнмоқ учун йирокқа.

* * *

Минг бир қийинчиликда кўнглим ғурурин енгди,
Тик турган мағрур бошим эгилди, ерга инди.
Бутун юким устига оламнинг юки минди,
Дардларим кўпайганда ичимга соям сингди.

* * *

Очиб кирсанг қалбимга, гўшасида Сен борсан,
Кўзимдан ёққан ёмғир, сочимга тушган қорсан.
Неча йил ўтгандан сўнг мен қадрингни англадим,
Менинг учун энг гўзал, энг вафоли дилдорсан.

* * *

Тутилмаган қўллардан, сўзлашмаган тиллардан,
Баҳор чоғи сарғайган ифори йўқ гуллардан –
(Сен билан умр бўйи бахтни тотган эканман) –
Тангрим, бизни асрасин севгисиз кўнгиллардан.

* * *

Кетсам гар узоқларга олиб ғариб бошимни,
Ўша дамда тўкарман юракка кўз ёшимни.
Баҳорнинг ёмғирлари тушаркан яйловларга,
Тоғларнинг чўққисига қўйинг қабртошимни.

* * *

Шамолнинг қанотида булутлар қор чечаги,
Қуёшнинг қўлларида уфқ анор чечаги.
Уфқ қизиллигига қадаларкан кўзларим,
Титраб турган қўлимда бир даста ёр чечаги.

* * *

Кечалар бўлишаркан фурсатни кундуз билан,
Фақат тин олмоқ эмас, уйқудир Сенинг ишинг.
Кезган ҳар маконимда бирор из пайдо Сендан,
Кетишинг айрилиқдир, қувончимдир келишинг.

* * *

Шамолнинг макони тоғнинг бошидир,
Булутлар тоғларнинг ҳилол қошидир.
Висолга етишда худбинлик нега?
Айрилиқ дўстликнинг синов тошидир.

* * *

Поезд саси келади сўл кўксимнинг бошидан,
Кўл бўлди кулгичларим кўзларимнинг ёшидан.
Бир куни ғолиб чиқсам одамийлик жангида,
Ўқирсиз ҳикоятим мозоримнинг тошидан.

* * *

Сенинг бу ҳасратингдан оловланар, ёнар кўнглим,
Беркилар висол йўли, узоқ вақт қонар кўнглим,
Сўнгсизлик маконида қуш бўлар, қанот қоқар,
Бир бўсалик лаҳзада манзилга қўнар кўнглим.

* * *

Қиш қўлларин тортаркан кўкламойнинг бошидан,
Кўчанинг саси келар йўлкаларнинг тошидан.
Кўкдаги сариқ юлдуз уйғонганда тушидан,
Тупроқнинг юзи кулар булутларнинг ёшидан.

* * *

Туйғуларим Сен билан, хаёлимда Сен борсан,
Соҳилда сентябрни секин-аста ичарман.
Мавсумлар орасида Сен ҳамиша баҳорсан,
Баҳорнинг шамолига алданарман, учарман.

* * *

Ой сузилиб бораркан булутлар орасидан,
Юлдузлар хабар берар турналарнинг кўчидан.
Ясминнинг хуш ифори чирмовиқни қуршаркан,
Томар шабнам томчиси оппоқ гулнинг сочидан.

* * *

Сарғайган япроқларда хазоннинг сояси бор,
Ишқ томон кетган йўлда кечадан қолган тузоқ.
Чечак очган ғунчада булбуллар азаси бор,
Сен боққан кўзгу орти ғиж-ғиж сир. Билгум қандоқ?

* * *

Мен бахтга атарканман умримнинг сўнг дамини,
Совурдим юлдузларга кўзларимнинг намини.
Висолга етмоқ учун ой ёғдуси остида
Хуззам*дан қўшиқ қилдим кечанинг мотамини.

* * *

Ёз қуёши остида мени ҳасрат қовурди,
Эсган заиф қора ел кулларимни совурди.
Аслида, бу дунёда муҳаббат бир салтанат,
Яраланган йилларим юрагимга ин қурди.

* * *

Сен оташнинг чўғисан юрагимда сўнмаган,
Жайронлар кезган ўша булоқларнинг кўзисан.
Баҳорнинг сабоҳида мен рангига тўймаган,
Уфқлардан юксалган куннинг ойдин юзисан.

* * *

Кечанинг қандиллари тўкилар бошимиздан,
Нажотнинг машъаласи дилда ёнган ҳавасдир.
Бир синиқ ўриндиқда юзма-юзман Сен билан,
Мени Сенга боғлаган меҳр тўла бир сасдир.

* * *
Севгимнинг бадалини Сен қачон билажаксан?
Чуқур денгиз кабидир туйғумнинг турғунлиги.
Қиш, баҳор, ёз ҳам битди, қишдами келажаксан?
Юзимдаги ажинлар йилларнинг ҳорғинлиги.

* * *

Ҳар кун ошиқ бўларман боққанимда кўзингга,
Маъно қўшар кулишинг ширин, латиф сўзингга.
Умидларим Сен билан, туйғуларим Сенгадир,
Дунёни берсалар-да, алишмам ҳеч изингга.

* * *

Менинг ҳорғин юрагим тоғдаги бир ҳовуч қор,
Инар баъзан водийга, бўлар шохдан тушган нор.
Ёлғизликдан ташқари қўрқмадим ҳеч нарсадан,
Бошимда ғам шамоли, ичимда телба дард бор.

* * *

Урушнинг ҳолатида дағаллашган туйғулар –
Шамоллар йиртган ўша япроқларнинг ўлиши.
Ўчмас из қолдиради ҳар инсоннинг қалбида
Ўққа учган гўдакнинг маъсумона кулиши.

* * *

Булутлардан англарсан ёмғирнинг келганини,
Кўрадирсан юлдузлар осмонни тилганини.
Сувсиз тупроқ ҳирс ила ютаркан ёмғирларни,
Томоша қил дарахтнинг кўкка юксалганини.

* * *

Хотирангни қалбимнинг энг тубига кўмганман,
Муҳаббатинг ўтида ёниб-ёниб сўнганман.
Борим Сенда яширин, йўқлигим Сендан нари,
Баҳорда хазонларнинг япроғига дўнганман.

* * *

Неча йилки, кул бўлган қалбимдаги оташни
Ой ёғдуси остида ёқмоққа ким келади?
Руҳимда сақлаган илк севгимнинг қуёшига,
Айтгин, Сенинг номингдан боқмоққа ким келади?

* * *

Ҳануз қулоқларимда Сен сўйлаган ёлғонлар,
Мен Сени юрагимдан севгандим бир замонлар.
Бир уммон ичра мени томчига муҳтож этдинг,
Бўронларда йиқилди мен топинган маконлар.

* * *

Мени йўлнинг сўнгида телба этдинг, тоқ этдинг,
Ўзинг салқин сувдасан, мени-чи, ўтда ёқдинг.
Янги тўлган ой каби қаршимдан чиқдинг мудом,
Тонг юлдузи мисоли келдинг, қалбимда оқдинг.

* * *

Шаррос қуйган ёмғирда кўзларинг сархуш боқар,
Тупроқдан сизган сувлар сой томон ҳорғин оқар.
Сойнинг чечакларини сочига тақар денгиз,
Денгизнинг нигоҳлари қалбимни тинмай ёқар.

* * *

Сенсиз кечган йилларга қайрилиб боқмасман ҳеч,
Гул тўккан юрагимни Сенингсиз ёқмасман ҳеч.
Севгимиз эртак эмас, айни бир ҳақиқатдир,
Баҳор сели мисоли бекорга оқмасман ҳеч.

* * *

Ошмоқ учун тоғларни умрим жуда оз қолди,
Бир ёнимни кун урди, бир ёнимни ел олди.
Етти иқлим, тўрт мавсум айланаркан самода,
Дайди кўнглим умидга чулғаниб нурга тўлди.

Турк тилидан Алишер Турсунов таржималари