Нажиб Фозил Қисакурак (1905-1983)

Нажиб Фозил Қисакурак (Necip Fazıl Kısakürek) 1905 йил 26 майда Истанбулда туғилган. Отаси Абдулбоқи Фозилбей ҳуқуқшунос бўлган. Онасининг исми Мадиҳа хоним.
17 ёшида ўша даврдаги “Истанбул дорилфунуни Адабиёт мадрасаси, Фалсафа бўлими”га ўқишга кирган. Миллий Таълим Вазирлиги йўлланмаси билан бир йил Парижда ҳам ўқиган. Қайтгач, банкларда ходим, назоратчи, университет ва институтларда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Тафаккур ва санъат йўналишидаги “Буюк Шарқ” (1943-1945) тўпламини нашр қилдира бошлагандан сўнг расмий доираларда ишламаган. 1934 йилнинг бир оқшоми унинг ҳаётида бурилиш ясаган: Шайх Абдулҳаким Арвосий билан қилган суҳбатидан кейин унинг этагини маҳкам тутган.
Кейинги ҳаётининг кўп қисми сиёсий айбловлар билан ўтган.
1973 йил Ҳаж зиёратига борган.
Шеър китоблари: “Ўргимчак тўри” (1925), “Пиллапоялар” (1928), “Мен ва нариги томон” (1932),
“Сўнгсизлик карвони” (1955), “Шеърларим” (1969), “Азоб” (1945).
Шоир “Юнус Эмро”, “Иброҳим Адҳам” каби драмалар муаллифи ҳамдир. “Сабртоши” драмаси 1947 йилги “Драмалар мусобақаси”да биринчи мукофотга лойиқ деб топилган. Шоир ижоди ўз даври ва кейинги насл шоирларига жиддий таъсир кўрсатди, дейиш мумкин.
Шеърларида чуқур тафаккурга чорлов, ўлим ва ёлғизлик мавзулари ўзига хос услуб ва бадиий жиҳатдан мукаммал бир тарзда тараннум этилади.
Шеьрларида халқона оҳанг билан биргаликда Француз шеъриятининг таъсири кўринади.

ҒУССА

Ғойибдан бир садо келди: бу – одам,
Бўшлиқни гарданда тутиб турсин шан.
Дафъатан тепамдан қулаб тушди том,
Кўк қулади… кишан устига кишан.

Айвон томон қочдим– қизил қиёмат!
Башоратинг тўғри чиқди, момом, дод!
Сўнгсизлик… Эгнидада мовий бир хилъат –
Фалакдан бошимга ўқ узди сайёд.

Заҳрини чекдим-ку бул оташ-ўқининг,
Бир онда кул этди жон-жўягимни.
Гўё бурним тегди бурнига “Йўқ”нинг,
Қусдим ўз оғзимдан бош суягимни.

Бир бордоқ сув каби чайқалди дунё,
Сўнди истиқомат, йиқилди бўшлиқ.
Ол – сенга ҳақиқат, ол – сенга рўё,
Ҳушёрлик мана шу, шудир сархушлик.

Темир чўкич тушган энсам – бир сандон,
Бекиндим ётоққа сўнг чора дея.
Бир қонли шафақда чил хўроз бу тонг
Яп-янги бир дунё этди ҳадия.

Бу дунё гоҳ росту гоҳида ёлғон,
Макони – бир сатҳу замони – ваҳм.
Бутун бир коинот – елим дастурхон,
Бутун бир инсонлик риёга таслим.

2

Недурсан, ҳақиқат бўлсанг-да чекил,
Кўр бўлай, кўзойнак эмасдир лозим.
Ўрнин эгалласин ҳар мазмун, шакл –
Ватаним, севгилим, дўстим, устозим!

Ойларча кезиндим йиқиқ ва шошқин,
Ўзлигим – бир қозон, ақлим – бир капкир.
Кўнгил, сен телбалик кўйинда ол тин,
Ҳар фикр ичимда бир жуфт кишандир.

Нечун кичраядир ашё узоқда,
Кўзсиз мен кўрурман рўёда қандоқ?
Замоннинг ўйини – думаламоқ-да!
Кўрганим ундоғ-у аслида бундоқ.

Бир ўйки – ярага босилган каззоб ,
Бир ўйки – миямга ёпишган зулук.
Салом, салом сенга, ҳашамат азоб,
Салом, ёнган сари эриган илик.

Ёлвордим: кўрсатгин мен сўқирга йўл,
Эй сен, арши аъло, асрорингни оч.
Онамнинг дуоси, менга паноҳ бўл,
Бир асо бер менга, нуроний оғоч.

Уйқу – қотилларнинг суянган тоғи,
Кўрпа – худосизга ёлғиз бошпаноҳ.
Тасалли чашмаси, сабр булоғи,
Сизга шарбат, менга қум тўла чаноқ.

3

Шуми рўёларда ичганим жиннат ,
Сиррин ахтараркан, отилган бир ўқ.
Яшил ҳавозада зилзила, ваҳшат,
Чумоли саройи, калла қуп-қуруқ….

Чаён қайта-қайта руҳимни чақмиш,
Мавсумдан мавсумга кирдим мен шитоб.
На оташ, на оташкуракда йўқмиш
Фикрат ғуссасидан оғирроқ азоб.

* * *

Ҳар нарса, эвоҳки, руҳимда тугун,
Ҳар ўлим терларин тўкдим, не ажаб.
Туби йўқ кўклардан қўрқмайман бугун,
Етар олислардан чекканим азоб.

Уфқ бир тулки эрур – қочқин ва айёр,
Йўллар – копток ипдир, узун чувалган.
Ҳар кеча рўёмни ёзган сеҳргар
Олдимга мовий бир шуълалар солган.

Жодугар, айт, менда бордир не ўчинг,
Оғули бир туман тушди бу дамда…
Шишадек кескирдир қилдай қиличинг,
Фикримни кесганча кезар миямда.

Луғат, бир исм бер менга ҳолимдан,
Ҳар кимса тушунган тилда бир исм.
Қадим либосларим, тутинг қўлимдан,
Кўзгулар, айтинг-чи, кимман мен ўзим?

4

Айтингиз, менмасми ҳар кун, ҳар замон
Арзни шохларида кўтарган ҳўкиз?
Балонинг меъмори танлаган майдон,
Ҳаётдан қувилган, юртида ўксиз?

Ўзим бир капалак каби шомилман,
Шу митти елкамда улкан Қоф тоғи.
Бир зарра бўлсам ҳам, Аршга ҳомилман,
Тўлғоқлар, дардларнинг шудир қайноғи.

Бордир на ёлғонда, на ҳақиқатда –
Кўзимни юмганда кўрганим ёниш.
Беҳуда кезмишман, йўқ табиатда
Ичимдаги каби юксалиш, эниш.

* * *

Хандақ зинасидан бир кечасида
Ногоҳ қучоғига тушдим мен ҳақнинг.
Гўё тентир эдим берккўчасида
Ҳам кечмиш замоннинг, ҳам келажакнинг.

Сим-сим, оч эшигинг!.. Очилди эшик,
Атлас тўшакларда ётган эй дада,
Ёнди шиша сарой, Илоҳий бешик,
Минг бир жило берган юмруқ моддада.

Атомларда жумбуш, эврилиш, шанлик,
Ва халқа-ҳалқа нур, ҳалқа-ҳалқа нур.
Ичи – нақшин эрур, ичида – менлик,
Билдим сени, ё Раб, пинҳоний машҳур.

5

Низом кўпирмоқда, Мис даври – денгиз,
Низом кўпирмоқда, бўғзимгача сув.
Сувда бир пинҳон йўл, ялтираган из,
Сувда азал фикри, абад туйғуси.

Опқоч мени, оҳанг, ол мени, ваҳдат,
Ортиқ туролмайман кўлка борлиқда.
Барча майибларга бўлсин шеърият,
Ниятим – буюк бир санъаткорликда.

Қолгани, қолгани ғоямнинг мулки,
Масофа – экиним, замон – маъданим.
Кўкда Сомон йўли бўлгай меники,
Туби йўқ кўлларда инжулар – маним.

Тиз чўк, эй олғир нафс, қаршимда тиз чўк,
Хумларим ҳаётга тўлуғ бир қаймоқ.
Сен, бутун шажарни бирлаштирган кўк,
Ягона мақсадим – сўнгсизга қайтмоқ…

САНЪАТ

Англадим шуни: санъат Оллоҳни излаш эрур,
Моҳият шу, қолгани шунчаки ғимир-симир.

ВАСИЯТ

Сўнг кун бўлмасин дўстим, гулчамбару зўр ҳашам,
Элтсин сўнгги манзилга энг ишончли тўрт одам.

ЎТТИЗ УЧ ЙИЛ

Ўттиз уч йил соатим юрди, мен тўхтаб турдим,
Самолардан хабарсиз қоғоз қушлар учирдим.

ШОИР

Мен шоирман – ғойибни кавлаган уста, ахир,
Тирик мурдалар боши устинда Мункир-Накир.

ОЛЛОҲНИНГ ДЎСТИ

Оллоҳ дўстини кўрдим бундан олти йил аввал,
Бир оқшом эди, замон эврилажакдай гўзал…

ПАЙҒАМБАР

Ўйлайманки, ундан ҳам аввал замон бормиди?
Ҳақиқатлар бўшлиққа боққан ойналармиди?

НАРВОН

Менга дерлар, ёзмагил шеърлар койитиб жонни,
Сен изла кўкка олиб чиқадиган нарвонни.

НАФС

Кечалар заминга мен билан инмиш,
Тўфонлар мен боис қўпмиш денгизда.
Ваболи қўлларим гўё кезинмиш
Чириган оғочда, заъфарон юзда.

Телба шубҳа, қўрқув билан собитман,
Иссиқ бағрингизда қурибон юрт ман,
Ич-ичдан кемириб боргувчи қуртман,
Ҳар кун кезгум сизнинг либосингизда.

ЎРГИМЧАК ТЎРИ

Деворда бир титроқ ўргимчак каби
Инжа дардларимдан тўр солдим гўё.
Руҳим тонг отгунча сўнажак каби
Ҳозирдан айтмоқда ҳаётга видо.

Қалбим узилмоқда ҳар нафасинда,
Қулоғим руҳимнинг қанот сасинда.
Титрайман деворнинг кунж гўшасинда,
Чиқмагай кўксимдан бирон-бир садо…

АЗОБ

Азоб сочларимга оқ,
Юзга ажин нақш этди.
Урён руҳим сўйибоқ
Тортди, чормихга тортди.

Бағрим лахта-лахта қон;
Менга термулди ҳайрон,
Бир аёл бўлиб бу он
Ўзин менга бахш этди…

СУКУТДАГИ ДЕНГИЗ

Юравердим олмай тин,
Денгиз бўйига бордим.
Ҳолинг менга ҳам ўтсин! –
Дея унга ёлвордим.

Бир телба талвасада
Ичим ит тирнаса-да,
Шу денгиздек ғуссада
Жим турсайдим, Худойим…

ОЁҚ САСЛАРИ

Оҳ, бу оёқ саслари, оҳ, бу оёқ саслари,
Тинмайди ташқарида қуёш ботгандан бери.
Бу саслар санчилади энг оғриқли еримга,
Сизлоғичдай тўқинар менинг жон томиримга.
Ҳозиргина шум хабар каби мен томон шошган,
Сўнгра саодат бўлиб ёнимдан узоқлашган
Саслар, оёқ саслари, эҳтимол ҳорди улар,
Менга келган муждани буриб юборди улар!
Шундай одим отарлар айрилганлар эшидан,
Шундай юрар юрганлар бир тобутнинг пешидан.
Кимсасиз кечаларим шу товуш билан тўлди,
Дук-дук урган юрагим оёқ саслари бўлди.
Бир кун жонсиз кўксимга осилиб тушса бошим,
Мендан жудо бўлгандек жон дўстим, жон йўлдошим,
Узоқлаб бораётган бу сасни тинглаб тугал,
Аста-секин толаман мен абадий уйқуга.

НАҚОРАТ

Кичрайди дардим, кичрайди,
Кўпи кетди, ози қолди.
Улғайдим, қариб-қартайдим,
Кўпи кетди, ози қолди.

Ур тешангни тоққа, Фарҳод,
Кўпи кетди, ози қолди.
Кишнайвергил, эй бурул от,
Кўпи кетди, ози қолди.

Туғар бир кун менинг куним,
Кўпи кетди, ози қолди.
Тўйда ўтди қирқ кун-туним,
Кўпи кетди, ози қолди.

Экдик, экдик, унар-кетар,
Кўпи кетди, ози қолди.
Барча йўллар тугар-битар,
Кўпи кетди, ози қолди.

Шеър ҳам бир кун англашинар,
Кўпи кетди, ози қолди.
Нон сингари азиз бўлар,
Кўпи кетди, ози қолди…

ОЙНАЛАР ЙЎЛИМНИ ТЎСДИ

Ойналар, юзимга боқмангиз тушдек,
Мана, қўлга тушдик, кишанга тушдик!
Чиқдингиз қўққисдан менинг қаршимга,
Бошимнинг чўқмори тушди бошимга.
Суратимда ҳар айб айри бир сазо,
Мен ўзим ўзимга энг оғир жазо.
Эй чексиз шаффофлик, олий маҳкама!
Эвоҳким, банд солдинг шўрлик кўлкама.
Шуълавор кунларни аямай қирдим,
Қудсий омонатни едим, битирдим.
Чиқмас қуёшларга боғланди ваъда,
Ит нафснинг оғзида бу кун ирода.
Гуноҳу ҳасадлар учун шуҳрат-шон,
Ишқнинг гуноҳидан омонлик, омон!
Кофийми дунёдан юз бурсам агар,
Кўз ёши тўксам Нуҳ тўфони қадар?
Чиқолмам, ойналар, ойналар зиндон,
Боқолмам, ойнада, ойнада виждон;
Мени кутманг энди, бир тўсиқ ўсди,
Боролмам, ойналар йўлимни тўсди!..

САДО

Ҳар томон жимир-жимир,
Тўз ёмғири – осмондан.
Рўё остинда қолдим,
Садо келур ўрмондан…

Эзилгандан эзилмиш
Сўнгги сўз тегирмондан.
Олтиндан бир калитдир,
Садо келур ўрмондан.

Битта топишмоғим бор –
Қолган қадим замондан.
Сим-сим, оч эшигингни!
Садо келур ўрмондан.

Орқаларда шаҳарлар
Учқунлардан, тумондан.
Ҳасратдан ҳам илиқроқ
Садо келур ўрмондан.

Қочинг, қочинг овлоққа
Оҳ-нолаю фиғондан.
Қоф тоғига кетар йўл,
Садо келур ўрмондан.

Бир тоқ-танҳо юлдуздан,
Бир соҳилсиз уммондан
Ғарибларга бир хабар,
Садо келур ўрмондан.

ТОҒЛАРГА ҚЎШИҚ СЎЙЛА

Қўлингга ол бир таёқ,
Тирмаш, тоғларни бўйла.
Шаҳарнинг ҳеч фарқи йўқ
Қоғоз уйлардан ўйла!

Юксал кўкдан олиб руҳ,
Юрма шаҳарда мажруҳ,
Топайин десанг шукуҳ,
Тоғларга қўшиқ сўйла.

ЮЛДУЗЛИ БИР КЕЧАДА

Само бизга, қолма, дер,
Ғам деган исканжада.
Руҳимиз абадийдир
Олам отлиғ ганжада.

Умрки, тап-тақир чўл,
Манзили – беш кунлик йўл.
Шабнам каби туғил, ўл
Юлдузли бир кечада!..

НУР

Сен бўл дерсан ва бўлур!
Шуълалар тўла биллур,
Чиннилар фиғон қилур.
Мозийдан келур бир ранг
Ва қадимий бир оҳанг:
Нур ёғдир, Оллоҳим, нур!

Буюк сўроқ ва ҳузур…
Кутар қабристонни Сур.
Сўнгсизлик, жовидонлик;
Туганмас бепоёнлик:
Нур ёғдир, Оллоҳим, нур!

Қуёш – мисоли кўмир,
Олмос – маҳжур, мум – мағрур.
Ёқинг қандилни, ёқинг,
Бу не эврилиш, ёнғин;
Нур ёғдир, Оллоҳим, нур!

Сен бўл дерсан ва бўлур!

СЕН

Сен хаёл қадар гўзал,
Ва тоқсан, бирдан ҳам тоқ.
Атрини сочган Азал,
Сен – бол, чаман ҳамма ёқ.

Сенсан ажалга сарҳад,
Қолгани ёлғон фақат…
Бағрингга ол, йўл кўрсат,
Бошла бизни, сен – маёқ!

НАФСИ ЛАВВОМА

Итдан қўрққан каби қўрқдим ўлимдан,
Ўлимдан ўлимни фарқлай олмадим.
Не қуёшлар чиқиб ботди устимдан,
Бир кунни бирига боғлай олмадим.

Ҳирсимни қондирди на шуҳрат, на шон,
Мендаги ҳар нуқта дунёдан нишон…
Нафсимнинг ортидан чопдим паришон,
Ундан ҳатто бир тук сақлай олмадим.

ЧАҚАЛОҚ

Малаклар чарх урар бу овлоқ ерда,
Ухла, ширин болам, қўйгил шов-шувни.
Бир кун ҳасратлардан ичинг титрар-да,
Эсларсан бу чуқур, ширин уйқуни.

Ухлагин, кундузлар сув каби тинсин,
Бинафша кўзингга киприклар инсин,
Эрта тонг маҳали руҳингга сингсин
Қуёш-ла уйғонган қушлар қий-чуви.

Ухла, бағрим, оқшом секин кезмоқда,
Мана, кўзларингга уйқу сузмоқда,
Уйқунинг қўлида бошинг юзмоқда
Долғалантирмайин бу турғун сувни…

Турк тилидан Усмон Қўчқор таржималари

АЗОБ

I
Ғойиблардан бир сас келди: бу одам;
Кездирсин бўшлиқни олиб бўйнига.
Ва учди тепамдан бир нафас, бир дам;
Осмон ағдарилди, кишан ўйнида.
Деразага чопдим: Қизил қиёмат!
Айтганларинг келди, қари эгачи!
Сўнгсизлик, қўлида бир мовий намат,
Ўқ отди самодан устимга овчи!…

Оловли заҳрини тотдим бу ўқнинг,
Бир зумда кул қилди жон олмосимни.
Гўё бурним тегди, бурнига (йўқ) нинг,
Оғзимдан тушириб қўйдим бошимни…
Бир финжон сув каби чайқалди дунё,
Сўнди истиқомат, йиқилди бўшлиқ.
Ол сенга ҳақиқат, ол сенга рўё,
Мана ақллилик, мана сархушлик…

Бўйнимга қадалди темирдай овоз,
Бекиндим ётоққа сўнг чора дея…
Бир қонли шафақдан қичқирди хўроз,
Яп-янги бир дунё этгандай ҳадя…

Бу қандай дунёки, баёни қийин.
Макони бир қарич, замони ваҳм…
Бутун бир коинот бошлайди ўйин…
Бутун инсоният ёлғонга таслим.

Сен кимсан?! Ҳақиқат бўлсанг ҳам чекин,
Кел кўрлик. Бу кўзга тутманглар ойна…
Шу нурни қидириб кетардим, лекин…
Ватаним… севгилим… кўзимни бойлар!

1939

II

Ойларча, кезиндим вайрону -ҳайрон,
Менлигим яширин, меним қидирар.
Девона қишлоқдан бир қадам у ён,
Ичимда ҳар фикр ҳар ён югурар.

Нечун кичраяди ашё узоқда,
Кўзсиз кўраяпман рўени нечун?
Замона рақс тушар сариқ ёноқда,
Сўнгги бор мен уни ўйламоқ учун.

Бир қайноқ фикрки, қилиб қўяр соб,
Бир фикрки, мия қобиғидадир.
Салом, салом сенга виқорли азоб,
Вужудим куйукли ўсган ғўладир.

Ёлворай, кўрсатинг билмоғимга йўл,
Эй еттинчи осмон, сирларингни айт.
Онамнинг дуоси, келиб парда бўл,
Отамнинг дуоси, мадор бўлиб қайт.

Уйку, қотилларнинг тутган қўлини,
Кўрпа, худосизлар учун ҳам паноҳ.
Тасалли булоғи, сабр елини,
Сизга шарбат, менга қум тўла чаноқ.

Шуми рўёлардан келган ҳаловат,
Сирини қидириб портлаган бардош,
Яшил осмаларда тебранар шаҳват,
Қумурсқа уяси каби гавжум бош.

Чаён нишларини руҳимга санчар,
Мавсумдан мавсумга ўтдим мен қанча
Кўрдимки, оловнинг тафтида йўқдир,
Фикр азобидай буюк исканжа…

1939

III

Ҳа, ҳар нарса менда яширин тугун,
Не ўлим терларин тўқцим қайларга?!
Тоқи йўқ осмондан етар қўрққаним,
Етади азобим ердан ойларга.

Уфқ бир тулкидир, қочоқ, лўттибоз,
Йўллар бир калава, узун қоришиқ…
Ҳар кеча рўёмда битта ишқибоз,
Кўзимга нур тутар олдимга тушиб…

Сеҳрбоз, сеҳрбоз нима истайсан?
Бу оловли туман нега қўйнимда?
Қилдан инжа, ўткир қиличнинг ҳар он,
Заҳру тиғи ботиб турар бўйнимда!

Луғат, бир исм бер менинг ҳолимга,
Ўша исм қолар агар мен ўлсам…
Эски савобларим, келинг ёнимга…
Ойналар, айтинглар кимдир бу кимса?!

Айтинглар, айтинглар, менманми йўқса,
Орзуни орқалаб юрган сўлақмон?!
Балолар Меъмори танлаган кимса,
Ҳаётдан муҳожир, айрилган Ҳақдан.

Мен енгил қанотли бир капалакман,
Шу ожиз вужудга оғир бош таққан.
Кичик зарраману, фикрлар ботмон,
Санчиқтар бошимни талашиб чаққан…

На ёлғонларда бор, на ҳақиқатда,
Кўзимни юмганда кўринган нақш.
Бекорга кезибман, йўқтабиатда,
Ичимда қўпётган тушиш ва чиқиш!…

1939

IV

Тунда йиқилгандай макр чоҳига,
Бирдан қучоғига тушдим гарчакнинг .
Жавоб топгандайман топишмоғига,
Ҳам ўтган замоннинг, ҳам келажакнинг.

Очил Симсим, очил! Очилди ёриқ,
Атлас чакмонида турар қария…
Ёнди бутун сарой, илоҳий ёзиқ;
Минг битта қандиллар, минг бир жория…

Атомлардай жумбуш, ясанган шонлик
Ва халқа-халқа нур, халқа-халқа нур…
Ичимда бир меъмор-яширин менлик,
Билдим сени ё Раб, билинмас машҳур!

Низом кўпиради, мавжланар денгиз,
Низом кўпиради, миям чайқалар.
Сувда ҳам сирли йўл, ялтираган из;
Унда азал фикри, карвон туйғулар…

Қочир мени, оҳанг, ол мени, Бирлик;
Ортиқ юкинмайман соя борлиққа.
Қийноқларга бўлсин сохта шоирлик,
Менинг кўзим буюк санъаткорликда…

Нарилар берилар – ғоя қуллари,
Масофа – экиним, замон – маъданим.
Энди меникидир сомон йўллари,
Тубсизлик кўлида ранжигай таним…

Тиз чўк, эй олчоқ нафс, олдимда тиз чўк!
Бутун боринг билан бир хумчага туш.
Жамики шохларнинг илдизи буюк-
Сўнгсизлик, мақсадим сенга эришиш…

1939


СЎНГСИЗЛИК КАРВОНИ

Сўнгсизлик карвони, ортингиздаман,
Уч оёқца қолган чўлоқ кўппакман.
Сизлар босган ҳар бир тошни ўпяпман…
Бир ранжида етар карамингиздан,
Сўнгсизлик карвони, ортингиздаман.

Кетиб бораётир нурли ҳайкаллар,
Уфқ атрофида байроқдор қуллар.
Тилсимларга тўла не олтин кўллар.
Ўлчовдан, оҳангдан ташқари йўллар.
Кетиб бораётир нурли ҳайкаллар.

Сўнгсизлик карвони, қилмангиз озод,
Қулингиз бўлмоқлик буюк ҳуррият.
Ўлимга етаклар бошқа ҳар ният,
Босган қадамингиз абадий ҳасад…
Сўнгсизлик карвони, қилмангиз озод.

Ортингиздадирман, буюк карвоним!…

1957

ҲИКМАТЛИ БАЙТЛАР

Меъмор

Ҳилқат қандай қурилган, яширин бу иқлимлар?
Қандай пайванд қилинган, овоз, ранглар, ҳажмлар?

Ўйинчоқ

Синди-ку ўйинчоғим, энди ҳечам кулмайман,
Чангиб тупроқ бўлсам-да, аммо ҳечам ўлмайман.

Чиқиш ва тушиш

Чиқдим, чиқдим тушолмай, тоғлар қўлимдан тутди,
Тушдим, тушдим чиқолмай, чоҳлар қаърига ютди.

Мантиқ

Тоғни таниган киши, чоҳни нега билмасин,
Мадомики, чиқиш бор, тушиш нега бўлмасин.

Ҳақиқат

Аллоҳга ҳақиқатдан, йўлга чиқмоқ машаққат,
Аллоҳдан йўлга чиқиб, борилган ер ҳақиқат.

Бор-Йўқ

“Бор”нинг остида йўқлик, йўкдик остида борлик,
Бошингни кўтариб боқ, ҳатто бўшлиқ мозорлик.

Иймон

Юм кўзингни, қалбингга ҳар он йўқликни уфур,
Ўзингдан кетмоқ иймон, ўзингга келмоқ куфур.

Чопиш

Ҳақиқат алмашади, сўнгига етмай жумла,
Югураман етишга, Вужудда бор кучим-ла.

Қолмади

Бузилган саройимдан, бирор нақш қолмади,
Сиртга михланди кўзлар, ичга боқиш қолмади.
Занглаган бошим менинг, миям тўла жароҳат,
Унга ёстиқда эмас, сажда жойида роҳат.

Ўйлайман ҳар одамнинг, ҳар айбида мен борман,
Гуноҳ узун бир карвон, бошдин-оёқ мен борман.

Кўланкалар

Кўнглимни чорлашади, самодаги ўлкалар,
Оёғимдан тутади, ердаги кўланкалар.

Ҳасрат гўё бир шамол, эшик оралаб ўтар,
Кўрганим гўзалликлар, қалбим яралаб ўтар.

Сув ҳақида

Бу дунё инсонларга, маънавий ҳаммом бўлса,
Ҳар ранги билан инсон, бир рангда тамом бўлса.

Сув бир шакл, асли руҳ, юракдай паноҳланган,
Ерда кирларга ботиб, булутларда покланган.

Коинотда не бўлса, сувда яшаган олдин,
Устимиздан оқар-у, сен туғилдинг то ўлдинг.

ОЙНАДАГИ ХАЁЛИМГА

Оқмаган ёшлардан қизарган юзинг,
Болам, бутун сени кўп сўлғин кўрдим.
Кўзингда кичкина бир нуқта ҳузун,
Қувончни на кундуз ва на тун кўрдим.

Эгилган шохлардай ҳолсиз, ҳорғинсан,
Сув келмас кўлмакдай ҳануз турғунсан,
Ичи тилингансан, ичи қирғинсан,
Сени ўз юртингда ҳам сургун кўрдим.

Ўтди бир жаноза ортидан умринг,
Билмайман манзилинг қайларда бугун,
Ҳар кун югурдинг-а, ҳар кун югурдинг,
Ортингдан ўзимнинг ўлимим кўрдим.

1926

НУР

Сен бўл дейсан ва бўлур!

Ялтираб турган биллур,
Фарёд сукутга дўнур ,
Бир ранг бизга, ёлғиз ранг
Ва бир овоз, бир оҳанг;
Нур бергин Аллоҳим, нур!

Буюк девон ва ҳузур…
Кутмоқда мозорни Сур.
Сўнгсизлик, ўлимсизлик,
Кўринмас кўримсизлик;
Нур бергин Аллоҳим, нур!

Лойларда қуёш қолур,
Олмос камтар, тун мағрур.
Яқин, ёруғлик яқин;
Сароб эмас нур тағин-
Нур бергин Аллоҳим, нур!

Сен бўл дейсан ва бўлур!

1947

КУТГАН

Сен тоғдаги қочоқ жайронсан,
Мен изингга тушган ишқибоз.
Дунёни ёрдамга чақириб сарсон-
Бўзлама, оламда бор икки овоз…

Сенга ваҳм солар бу овлоқ йўллар,
Ортингдан етади оёғим саси.
Кучиб вужудингни номаълум қўллар,
Кўксингни ёндирар оташ нафаси…

Кимсасиз хонангда қиш кечалари,
Ваҳима қуршаса мени эслагин.
Билки, қуршаётган менинг қўлларим,
Билки, шамол эмас ҳужум бошлаган…

Кўксимдан ҳавога уфурдим заҳар…
Сўндиради бир гул каби умрингни.
Қочиб юрсангда сен шаҳарма-шаҳар,
Менга топширасан сўнгги кунингни.

Ўласан…қолади йўллар бе эга;
Мен мозор-ла сирдош бўлиб кутаман.
Келасан…бир куни сен учрашувга…
Тупроғингда бир тош бўлиб кутаман!…

1930

КУТИЛГАН

На хаста кутар сабоҳни ,
На тоза ўликни мозор…
На-да шайтон бир гуноҳни,
Мен сени кутганим қадар.

Бўлди, истамайман келмоғинг,
Йўклигингга чопиб келяпман…
Балки керак шуни билмоғинг;
Мен сени қидириб ўляпман…

1937

ВИДО

Қўлимда, сукутнинг зорини тингла,
Тингла-да, кўнглимни қўявер йитсин ,
Сочларимдан тутиб, кўр кўзларинг-ла,
Ёшли кўзларимни ўявер, йитсин…

Боравер, кузатиб борар қароқлар,
Кўланканг кичраяр, секин йироклар.
Ортингдан пойлаган қароққа боқ-да,
Бир лаҳза тикилиб туравер, йитсин.

Сочингнинг тақими белингга тушди,
Умидим сен кетган йўлингга тушди,
Қуриган япроқдай қўлингга тушди,
Истасанг…Шамолга беравер, йитсин…

1923

ОЙДИНЛИК

Уйғон ёрим, уйғон, сўнди юлдузлар,
Кун қарши тепадан туғмоқ узрадир.
Ҳар тонгда қуёшни кўрган юлдузлар,
Махмур кўзларини юммоқ узрадир.

Уйғон ёрим! Саслар келди ғойибдан…
Қоронғу қўзғалди, кўчди жойидан.
Нурларнинг аввали эшик пойидан,
Қора кўланкани қувмоқ узрадир.

Севгилим, эшикни чалди ойдинлик,
Кўзларим қамашди, келди ойдинлик,
Ичимда бутунлай қолди ойдинлик;
Шу ойдинлик мени бўғмоқ узрадир!…

ТОШЙЎЛЛАР

Кўчадаман! Кимсасиз кўчанинг ўртасида;
Кетаяпман, ортимга боқмасдан юряпман.
Йўлимнинг зулматларга туташган нуқтасида,
Йўлимни пойлаган хаёлни-да кўряпман.

Қора осмон кулранг булутлар билан қопланган;
Уйларнинг мўрисига далда берар яшинлар…
Жинлар, инслар уйқуда, икки йўлдош отланган;
Бири менман бириси… бири эса тош йўллар…

Томчи-томчи ичимда, бир қўрқув йиғилмоқда;
Ўйлайман ҳар кўчанинг, бошини кесган девлар.
Менга қоп-қора ойна кўзлар-ла тикилмоқда;
Кўзларига мил тортган ғаними каби уйлар…

Тошйўлкалар, азоб чеккан ёлғизларнинг онаси;
Тошйўлкалар, ичимда яшаётган у кимдир…
Тошйўлкалар, овоз тинса эшитилади саси;
Тошйўлкалар, оғзимда буришаётган тилдир…

Менга эмас жон бериш, юмшоққина гўшада;
Мен шу тош йўлкаларнинг эмизган боласиман!
Қанийди тонг бўлмаса, бу қоронғу кўчада;
Йўлимда давом этсам, тўйиб тун ҳавосидан.

Мен кетайин, йўл кетсин, мен кетайин йўл кетсин;
Икки ёнимдан оқсин, бир сел каби фонуслар.
“Тақ-тақ” оёқ сасимни, оч кўппаклар эшитсин;
Йўллар яшкриб кетар, улар беҳуда излар…

Мен на тонгни кўрайин, на унга кўринайлн;
Кундузлар сизга қолсин, беринг қоронғуларни.
Совқотган каби тунга, кўрпа деб ўранайин;
Ёпинг, устимга ёпиб, қўйинг қоронғуларни.

Узанаверса гавдам, йўллар қолса орқада;
Олар муз каби тошлар, пешонамдаги ўтни.
Киприклар секин-секин, қучоқлашиб борса-да;
Ўлса… Тошйўлкаларнинг, қора савдоли дўсти…

1927


БИНОЛАР СИРИ

Сир тутишга мослашган,
Пардаларда ойдинлик.
Девор шубҳалар осган,
Сояларда ғамгинлик…

Устма-уст инсон тури,
Бу қандай ҳаёт сири.
Яқинлашганинг сари,
Қочиб борар яқинлик…

1973

БУ ЁМҒИР

Бу ёмғир, бу ёмғир, бу қилдай нозик,
Нафасдан нафисроқ ёққан бу ёмғир.
Тиниб қолмасин деб оларман ҳадик-
Ойналар юзимни танимай қолур.

Бу ёмғир танамни қийган бир арқон,
Бўғзимга оғриқсиз қадалган пичоқ…
Суягим тош ботар, этим чалажон,
Шиғалаб, санчилиб, майин ёғажак…

Бу ёмғир телбалик ваҳмидан устун,
Қоронғу, қувилмас тушунчалардан.
Жинларнинг миямга солгани тугун-
Сувлардан, саслардан ва кечалардан…

1934

АЛАҲСИРАШ

Оёғим учида мушугим, ухлайди юнгига ўраниб,
Гўёки калава ўрайди, туклари туради тебраниб,
Ҳурр, ҳурр,
Ҳурр, ҳурр.
Дераза кўзидан кўз каби, кузатар қоронғу кечалар,
Атрофим айланар букрилар, билмайман нечалар,
Гурр-гурр,
Гурр-гурр.
Ўчиринг, сўндиринг чироқни, кетайин ўзимни қолдириб,
Нурлардан ясалган бу руҳим порласин, кўзимни толдириб
Нур-нур,
Нур-нур.
Жимисин, жимисин узоқда, менинг ўлимимга йиғлаган,
Ўлмайман, орзулар қонимда, шундай бир ғалаён бошлаган
Тур-тур,
Тур-тур.
Қанийди бир гўзал, бир гўзал қўллари қўлимда,
Англатса яшашнинг тотини, ўнгимда-сўлимда
Бир-бир,
Бир-бир…

РОСА ЎТТИЗ ЙИЛ

Ўттиз йилки соатим, ишлабди мен турибман,
Кўк юзидан хабарсиз, учирма учирибман.

1934

ОНАЖОНИМ

Оқ сочли бошингни сиқиб қўлинг-ла,
Алиф қадцинг бўлди дол, онажоним.
Бу титроқ қалбингни бахтнинг йўлида,
Ўткинчи елларга сол, онажоним.
Ўйлама, кетар деб бу қоронғулар,
Кечанинг ортида яна кеча бор.
Болалар бақирар, оналар йиғлар,
Ёшли кўзларинг-ла қол, онажоним.

Кўзларингда акси бир теран ҳечнинг
Қанотинг ёйилган парвозинг учун.
Абадий йўлингда ҳамроҳинг учун,
Мени ҳам ўзинг-ла ол, онажоним.

1926

ТОШЙЎЛЛАР-2

Буғдойранг бир аёл, тошйўлкалар бўйлаб тун,
Шаҳд ичида боши тик, хаёлларини зўрлар.
Қоп-қора кўзларига, кўзларим қадалган зум,
“Йўлимни пойладингми, кел” деб ўзига чорлар.

Ундан мени айириб, шамол кўксимдан сурар,
Мен-чи етмоқ истайман, қучай бағримга олиб.
Аммо ҳеч етолмайман, тонг ҳам уйқудан турар,
Ҳайҳот! У бир порлоқ руҳ, мен эса руҳсиз қолип…

Ортимдан бир қаҳқаҳа, келар, яраланаман,
Уни бошқа бировга, ром бўлди деб ёнаман,
Кўрсам деразасидан ечинган кўланкани…

Борсин, бугун қатра ғам кўрмасин кўз ёшимдан,
Менга оппоқ бир поклик – ўралганда кафаним,
Биламан, мен қабрда, у кетмайди бошимдан…

1927

ТОШЙЎЛЛАР-3

Бошини бир ғояга, сотган қаҳрамон каби,
Этингу суягинг-ла кўчаларга боласан.
Ўралиб матоларга, бир тахти равон каби,
Сўнгсиз масофаларнинг устидан ошоласан…

Фоҳиша ётоқлардан, қочган кунингдан бери,
Эриган руҳларингиз дарднинг қуюшқонида.
Сенинг соянгни ичган унинг қорачиқлари,
У ҳам сенинг қонингда, сен ҳам унинг қонида.

Иккингни ҳам на бир ёр, на ошна сирдошинг бор,
Сукут каби ҳурсизлар, чинқириб турасизлар.
Дунёда бор юкингиз, ёлғизгина бошингиз,
Уни ҳам ҳар ўлкага олиб югурасизлар…

Учқур отли суворий, чоптир, отингни чоптир,
Сўнги қабрга бориб тақалган бу тошйўллар.
Сенингдек тошйўлларни, чуқур англаган йўқдир
Ва сен англаган каби, сени ҳам англар улар…

Абдулатиф Абдуллаев таржимаси

БУ ЁМҒИР

Бу ёмғир… бу ёмғир… қилган инжа,
Ўпичдан юмшоқдир бу ёққан ёмғир…
Бу ёмғир… бу ёмғир… бир кун тингунча
Ойналар юзимни танимас бўлур.

Бу ёмғир қонимни бўғувчи ипдир,
Қалбимга оғриқсиз санчилган пичоқ.
Бу ёмғир ерда тош ва менда сўнгак
Чидагунча майда-майда ёғажак.

Бу ёмғир… бу ёмғир… жаннатдан устун –
Муқаррар қора ўй-тушунчалардан,
Жинларнинг бошимда ўтказган тўйи
Сувлардан, саслардан ва кечалардан.

КУТИЛГАН

На хаста кутар сабоҳни,
На қонли шаҳидни мозор,
На-да шайтон бир гуноҳни
Сени кутганим қадар.

Ўтди, истамам келмоғингни;
Йўқлигингда топдим сени,
Қолдир ваҳмида шарпангни….
Келма! Энди нега ярар, не фойдаси бор.

Турк тилидан Йўлдош Эшбек таржимаси