Муротхон Мунган (1955)

Ёзувчи, шоир ва драматург Муротхон Мунган (Murathan Mungan) 1955 йили Истанбулда туғилган. Анқара университети тил ва тарих-география факультети театр бўлимини тугатган. 70 дан ортиқ китоби нашр этилган. Шеъриятда сарбаст жанрида ижод қилади.

БИР ЙИЛНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ

I

Битмоқда яна бир йил
мана, шу қадар сокин, шу қадар шаффоф
шу қадар қўл теккан
навбатдаги бир ҳақиқати тағин
қўллари боғлиқ ҳаётимизнинг
бир шеърга қандай дохил этилар бир йилнинг сўнг кунлари
ҳар охир, ҳар бошда ва ҳар гал
бўлар каби ўзга биров-ла юзма-юз
парда тортиб, ўчириб чироқ
ёлғиз қолиб ётоқда
сўроқламоқ ўзини
ўрганмоқ қўшалоқнинг она тилини, иккинчи хотирамизни
ўрганмоқ ўзимиз-ла ҳисоблашишни музли
бир ойнанинг даҳлизида кезарканмиз кўрамиз
қоронғу кунлар безагин
битаркан йилнинг сўнгги кунлари
биламиз тақвимлар англатмас ўзгариш мавсумларин
ёшлик шомларин
қарғалган бир бола эдик улғайганимиздан бери.

II

Битмоқда яна бир йил
тушларим, орзуларим, ярим қолди қанча-қанчаси
ҳар йил яна-да бироз қисқарар олдингисидан
менгами шундай туюлар
ё вақт тез одимламоқда
кексайган сари инсон?

III

Инжитдимми ё ранжитдим бирин
орттирганим ким-у йўқотганим ким?
ўзимни янгиладимми ёзганларимда?
қайта ўйлашим керак
дўст-у ёрлигим
ётоғим тит, бахтим паришон
бутладимми бир камларимни?
болалик суратларида қолдими кўзларим
йўқотдимми ё маъсумиятимни?
қарзларимни тўладимми?
тўғри танладимми сўроқ феълларин?
тирноқлар кесик, тишлар тоза, сочлар таралган
кийимим дазмолланган, хонам тартиблими?
олган китобларни қайтиб бердимми?
қайтиб бердимми олганларимни:
ишқ, дўстлик, севги, ишонч ришталарин
китоб саҳифалари, сатрларга қарзим бердимми?
йўқладимми туйғуларимни
ҳали ҳам сева оламанми инсонларни?
ўймоқ керак кумуш-у мисларимни: жило бермоқ керак
ёғочларимга
ўймоғим керак умидларимни
сир тутмоқ керак келажак ишончини, эртани
ўтириб энди узун бир армонли хат ёзишим керак Явузга
сўнгра кўча бошидан бир даста гул олиб шундай бошлашим керак кечага
янги бир йилга…

Туркчадан Шермурод Субҳон таржимаси