Аҳмад Қудсий Тажар (1901-1984)

Аҳмад Қудсий Тажар (Ahmet Kudsi Tecer) – турк маърифатпарвари, шоир, драматург, сиёсатчи.
Қорачаўғлон ва Юнус Эмро ҳақида тадқиқотлар қилган. Машҳур халқ шоири Ошиқ Вейсални Туркияга танитган.

ҚАЙДАСАН

Кечалари бир сас бузар уйқуни,
Дилни ҳаяжонга кўмар: – Қайдасан?
Ахтараман йиллар бўйи мен уни,
Мен ошиқман бу чорловга, бу сасга.

Кундузлар судраклаб айлар дарбадар,
Бу сас шамолларга қоришиб кетар,
Ва шомлар ёнимда юриб баробар,
Ногаҳон ҳайқирар менга: – Қайдасан?

Барча севгиларни олиб дилимдан,
Борлиғимни ёлғиз унга бердим ман.
Етсин токи менга бир кун ботиндан,
То юракдан бир кун менга “Кел” десин.

Турк тилидан Йўлдош Эшбек таржимаси