Қутби Киром 1932 йилнинг 18 декабрида Тожикистоннинг Заҳматобод (ҳозирги Айний) туманида туғилган. Душанбе педагогика университетининг филология факультетини тамомлаган.
Илк шеъри 1957 йили «Шарқи Сурх» (“Қизил Шарқ”) журналида, илк китоби “Меҳр парвози номи билан 1963 йили чоп этилган. «Нон ҳиди» (1966), «Илҳом» (1968), «Рези кўҳсор» (1970), «Остони баланд» (1972), «Хоки пайвандий» (1974), «Камон» (1974), «Чашми дил» (1976), «Пули Сангин» (1980), «Жонфизо» (1980), «Сари баланд» (1982), «Жоми нур» (1983), «Дили бародар» (1986), «Субҳи содиқ» (1989), «Нишот» (1992), «Ёр меояд!», «Аз гулу хоку шуълаи оташ», «Оташи меҳр» ва «Минбари виждон» (2012) каби китоблар муаллифи.
Қутби Киром В. Шекспир, А.Блок, А.Мискевич, М.Лермонтов, Н.Некрасов, Л.Украинка, Ф.А.Файз, М.Карим, С.Вурғун, Зулфия, В.Костров асарларини тожик тилига таржима қилган.
У Тожикистон халқ шоири, маданият арбоби, Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги давлат мукофоти соҳиби.
1993 йил 26 октябрда вафот этган.
ТЎРТГУЛЛИ ДЎППИ
Меҳрингдан наздингда сенинг покдоман —
Эй, тожик аёли, турибман ийиб,
Бошимда ер юзин ушлаб турибман,
Тўртгулли ажойиб дўппингни кийиб.
Қандай мўъжиза бу!
Қутлуғ заминни
Гўдаклик чоғимдан бошга қўндирдинг.
Тўрт гул чизиб унинг тўрт томонига,
Жаҳон йўлин менга кўрсатиб бердинг.
Тўрт гул менга гўё тўрт иним бўлиб,
Умрбод кўнглимга беражак мадад.
Аждодларим учун ҳидоят эди,
Мен учун энди у эрур иноят.
Биринчи гул менга, Ватанман, дейди,
Қара, бошингдадир, сен севган маскан.
Сен жоним, жангчимсан,
Бошингни тутгин,
Мендек дунёда бўл сен ҳаж сарбаланд.
Шаҳидлар ёдидир иккинчи гули,
Бошимда ушлайман мангу жаҳонни.
Давлату шавкатнинг жонли тимсоли
Бўлган қалбда тирик ҳар бир инсонни.
Айтмаган қўшиғи, ғунча орзуси
Юрагим торида жаранглар такрор.
Кўзимда намоён мен ҳам бир аскар,
Уларнинг йўлида бу жоним нисор!
Учинчи гул сўзлар сарафрозликдан,
Итоаткорликдан асрар бошимни.
Ҳокисор бўлишни билган бир ҳолда
У излар қуёшдан менинг тожимни.
Шу сабаб, одатда, бошни эгишлар
Мен учун ўзгача касб этган маъно:
Борлиғим дўстларга мисоли малҳам,
Қирғоқда қояман ғанимга аммо.
Халқимнинг номуси тўртинчи гули,
У — машъал, тундан йўқ чекиниш, демак.
Кескирдир яшиндан, гулдан нозикроқ,
Муроди йўқ унинг покликдан бўлак.
Замин куррасини: кафтингга олиб,
Бу ёруғ оламда яратдинг дунё.
Дўппи рангларида бошга қўндирдинг,
Она, мўъжизангга бўлгим бор фидо!
Бу зебо дўппининг турфа рангида
Кўраман мангулик шуҳратни, шонни.
Асрлардан юлқиб қўндирдик бошга.
Замин, Обиҳаёт, Шарафни, Номни!..
Нормурод Нарзуллаев таржимаси
ЯҒНОБЛИК ДЕҲҚОН
Қуёш сайрга чиқса сўқмоқларидан,
Минг бир ранг сочилиб ирмоқларидан,
Менинг орзуларим уради чаппар
Ва кўнгил буржимда Ҳулкар чарақлар.
Бошим осмонўпар тоғлардай баланд,
Тошқин фавворалар дилимга монанд.
Бўлурман Яғнобнинг уста деҳқони,
Тингларман тупроқнинг дарду армонин.
Йўл оларман янги Зафарободга,
Мирзачўлга — меҳнат жўшган ҳаётга.
Ухламай тер тўкай кечаю кундуз,
Тупроқмас, кафтимда бир ҳовуч юлдуз!
Саҳро тонгларидан яйраркан кўзим,
Дунёни меъмордай безатай ўзим.
Заминга бош эгиб, мафтун бўларман,
Ердан бахт ундириб, мамнун бўларман.
Гармселлар эсиб, ўкирса бўрон,
Кўксимни этарман саҳрога қалқон.
Чўққилар хумори тутган чоғларим,
Пахтадай юксалгай буюк тоғларим.
Шалола эпкини гар менга ҳавас,
Чашмалар очарман ер қаъридан, бас!
Мен тиклаган оппоқ нурли қоялар
Сўйласин меҳнатдан ҳур ҳикоялар.
Мен умр кечирсам шу эл қатори:
Бахту шодлик, меҳнат, қишим, баҳорим…
Дўстларимга эшик очсам шод-хандон,
Топган-тутганимдан тузаб дастурхон.
Яхши ният билан меҳмон бўларкан,
«Отамдан улуғ», деб ҳадя қилсам жон.
Хирмоним бошида орзуларимдан
Сомон йўлларига шуълалар тушгай.
Офтоб ҳам баҳр олиб ёғдуларидан,
Жаҳоннинг жамоли яшнаб ёришгай!
НАСИБА
Саҳар эди, отам жангга отланди,
Хумчалар бўш, супралар ҳам қуп-қуруқ.
Кемтик нондай кўкда ҳилол товланди,
Олай деса ўзга бир насиба йўқ.
Ойнинг ярмин олди отам дўстларга,
Ярмисини қўйди чоғи бизларга…
Онам кўкка термиларди чошгоҳлар,
Намозшомда яна ўйчан нигоҳлар,
Қарар эди, кўз узолмас эди ҳеч,
Йўл қарардик, норасталар, эрта-кеч.
Ўша гўдак нигоҳим-ла изма-из
Рейхстагга етиб келдим…
Минг афсус…
Оҳ, қурбонлар — юрт деб фидо бўлганлар,
Не фарзандлар учун нидо бўлганлар…
Бари бунда бўлишганди жамулжам,
Садоланар эшиклар ҳам, девор ҳам…
Эй, воҳ, эй, воҳ, алвидо!..
Минг-минг садо, ҳайқириқлар тингладим,
Унда Отам хитобин ҳам англадим:
Фазоларда гувранарди у садо,
Армон — садо, сир — садо, қайғу — садо!
Сўнг нигоҳлар мени олиб учдилар,
Яна осмон гумбазларин қучдилар.
Ярқирарди унда қадрдон ҳилол,
Гўдаклигим дўсти — кемтик нон — ҳилол.
Наҳот, Отам ўша кемтик ризқини —
Ҳамроҳини кетган экан қолдириб!
Олиб борай ерда қолган ярмини,
Ярим ойни бутун этай тўлдириб!
ПУЛИ САНГИН
Пули Сангиндан ўтмоқда замон,
Пули Сангинга боқмоқда жаҳон.
Олам сари борар Пули Сангиндан
Тожиклар обрўси юкланган карвон.
Пули Сангин сўйлар мангу дўстликнинг
Буюк қудратидан элга ҳикоят.
Асрий чўлу саҳро сари йўл олар
Бу манзилдан ажиб кўрку малоҳат.
Пули Сангинга боқмоқда жаҳон,
Пули Сангиндан ўтмоқда замон…
БОШОҚЛАР
Бутдойлар бош тортди-ю, замин гавҳарзор бўлди,
Юраклар бу чиройдан завқли, баҳравор бўлди.
Донга тўлган бошоқлар ел кафтида рақс тушиб,
Гўёки ҳар донаси олтин бўлди, зар бўлди.
Буғдойзор уммонининг мавжи дилни яшнатар,
Умидлар қайиғида деҳқон сузади сармаст.
Баъзилар бу соҳилдан ўтиб кетар беназар,
Лекин шоир бу ердан асло лоқайд ўтолмас:
— Она-замин бошоққа берганми бу ҳуснни,
Ё бошоқлар кафтида тутиб турар заминни?..
ЖАҲОН
Заминнинг этаги осмон ҳисобидан кенгайган,
Уйим болаларимнинг кўплигидан торайган.
Кулгиси бор, йиғиси бор, бордир баҳсу жанжали,
Во ажабким, бу жаҳон уйимданми жой олган?!.
Тилак Жўра таржимаси