Нурмуҳаммад Ниёзий (1947-2018)

“Илк мевалар”, “Яшил тош”, “Уруш ҳиди”, “Ишқ шаҳрига сафар” сингари шеърий мажмуалар муаллифи. Шеърлари қардош халқлар тилларига ўгирилган.
Тожикистоннинг “Шараф” ордени билан тақдирланган, халқ шоири.

* * *

Одамзотни этмабди ҳеч ном улуғ,
Номни қилур ҳамиша иқдом улуғ.

Қай кўнгилнинг нияти бошидан покдир,
Қолар сўнгги дамгача инсон улуғ.

Улуғликка ўлим ҳам халал беролмас,
Улуғларни дерлар ҳар айём улуғ.

У неники истади – тинглай олди жим,
Шундан бўлди муждаю пайғом улуғ.

Бу ҳадис ҳам Жамшиднинг амалидандир,
Улуғларсиз бўлибди қай жом улуғ?

Осмон олиб кетмишдир жонлар жавҳарин,
Тан, қарангки тупроққа инъом улуғ.

Ой ботиши Нур учун шундай туюлди –
Уни бағрига олган оқшом улуғ.

* * *

Уддалолсанг баҳойингни қиммат қил,
Очиб дўстга мудом қалбинг, ҳиммат қил.

Тушиб мисли қадрсиз пул ҳамёндан,
Топиб олган кишига сен хизмат қил.

Муқимдирсан агарки, беҳуда юрма,
Пойингни мил дебон, ўзни соат қил.

Ёмон кўз-ла боқурга сен бўл некназар,
Буни кўнглингга ёз, доим одат қил.

Сувратинг пок, лек сийрати покинг қани?
Гўзаллик сўр, вале ўзни ибрат қил.

Хўжанд нури ила қайда юродурсан,
Оёқ остинг Қуёш янглиғ зийнат қил.

Жамшид, Эгамназар, Абдували Бекмуҳаммад таржималари