Нуқра Суннатниё 1950 йилнинг 24 сентябр куни Ванж туманида туғилган. 1968-1973 йилларда Тожикистон давлат университетининг тарих факултетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. Бир муддат Тожикистон Ёзувчилар Уюшмаси кадрлар бўлими мудири вазифасида хизмат қилган.
“Булутнинг сояси”, “Хаёл нафаси” каби китоблар муаллифи.
Мирзо Турсунзода номидаги адабий мукофот соҳиби.
ЁР ДЕДИНГ
Ёр дединг, ёр қани?
Барчадин бедор қани?
Нозил бўлган «Мен» қани
Кўрсатгил такрор қани?
Зоримиз эшитмаса
Иккимизнинг зор қани?
Асли барчага аён
Пардали ул ёр қани?
Кўп кездим хазон ичра
Булбули гулзор қани?
Ғунча каби очилган
Рози дили хор қани?
Девор устида унган
Лоладек гулёр қани?
Вужудим ичра пинҳон
Ойинаи ёр қани?
Чеҳрам гулдек гўзалдир,
Ошиғи рухсор қани?
Ёр дейсан, ёр қани?
Зорим ўзинг, зор қани?
ОНА, ОНАЖОНИМ
1
Онажон, онажоним менинг дили зоримсан,
Бу жаҳон ичра топган ягона ғамхоримсан.
Доим авлиёлардан мен мадад истар эдим
Англадим, ки сен ўзинг танҳо мададгоримсан.
2
Эй меҳрибон онажоним, бўлгин доим саломат,
Йироқ бўлсин дилингдан алам, ранжу надомат.
Йўлингга кўз тутишлик жонимга нур бағишлар,
Келиб уйим тўрида бўлгин чароғи давлат.
3
Эй менинг насиҳатчим, меҳрибон онажоним,
Сен ягона йўлбошчим азалдан то шу оним.
Ҳар тонг худо боғидан дуоларинг туфайли,
Бошимга гул ёғилар, сен – тахти Сулаймоним.
4
Онасини ёд этар, жамики халқи жаҳон,
Онасини ёд этар, ҳар пайғамбару Султон.
«Онасизлик – балодир» деган калима ҳақдир,
Мен балодин йироқман, онажоним, бўл омон.
ГУЛЛАГАН ИШҚ
Ишқимнинг навбаҳори мисли чаман гуллагай
Дилимда настарину ҳам ёсуман гуллагай.
Шафақдек ял- ял ёнар ишқ ўти нигоҳимда
Ишқимнинг лолари бағрида қон гуллагай.
Димоғимдир муаттар тоғ гуллари атридан,
Меҳр тўла дилимда ишқи Ватан гуллагай.
Гулсевар шоираман дил боғимдан гул терсам
Бас дегунча дилимда боғи сухан гуллагай.
СЕН ТУРГАН ВА МЕН ТУРГАН ГЎША
Сен турган гўшада жумла ёрондир,
Бахтинг-да очилган гулдек хандондир.
Мен турган гўшада эса ёлғизлик,
Боғимда топганим йиғи, фиғондир.
Сен турган гўшада гулоб ичарлар,
Шаънингни улуғлаб шароб ичарлар.
Мен турган гўшада хоким хароблик,
Дилимнинг қонини чун об, ичарлар.
Сен турган гўшада тинчлик, ҳаловат,
Руҳинг дилинг бирла айлар мулоrат.
Мен турган гўшада ақлиму дилим
Муроса этолмай ўртагай фақат.
Сен турган гўшада базм, дилбарим,
Руҳинг баланд, солсам разм, дилбарим.
Мен турган гўшада юзларим сариқ,
Ҳасрат ёшларимдан ҳўлдир дафтарим.
Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси