Камол Насрулло (1950)

Тожикистон Халқ шоири Камол Насрулло 1950 йилнинг 25 декабр куни Панжакент туманида туғилган. 1971 йилда ўрта мактабни тугатгач,  Душанбе давлат педагогика институтининг Филология факултетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Тожик радиосида бошлаган, сўнгра “Машъал”, “Салом Шарқ”, “Чашма” журналларида давом эттирган. Бир муддат Тожикистон Ёзувчилар Уюшмаси раиси ўринбосари вазифасида хизмат қилган.
“Шаҳтдлар нидоси”, “Кўнгил хиёбони”, “Қуёшга хат” каби шеърий тўпламлар муаллифи.
Тожикистон Ленин комсомоли ва Рўдакий номидаги давлат мукофоти соҳиби.

МИЛЛАТ ҒАЗАЛИ

Қаттиқ бошнинг садоси борму ё йўқ?
Бу заминнинг худоси борму ё йўқ?

Дунёда не ки мавжуд бор поёни,
Ғамингнинг интиҳоси борму ё йўқ?

Ҳамма Беку Амиру Шоҳу Султон
Бу юртнинг гадоси борму ё йўқ?

Бенаволиғ жон-жонимиздан ўтди,
Дуторингнинг навоси борму ё йўқ?

Отилди сен томон дунё тошлари,
Бирор тошнинг садоси борму ё йўқ?

Улуғларнинг даъвосин қилган элнинг
Вале бирор пешвоси борму ё йўқ?

Барча дарднинг давоси бор ва лекин
Маҳалбозлик давоси борму ё йўқ?

Ҳар ким ўзин «тождор» атар, бир бош йўқ,
Ғурурнинг муттакоси борму ё йўқ?

Қайга кетди юртим файзу эҳсонинг,
Пирларингнинг дуоси борму ё йўқ?

КЕЧИР АЛЛОҲ

Қўлимда май тутиб гоҳо, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ,
Айладим шўришу ғавғо, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Гоҳо аччиқ, гоҳида шўр, гоҳо мастман, гоҳо махмур,
Юрдим мен бесару бепо, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Гоҳо устун келиб кўнгил, гоҳо англаб, гоҳо ғофил,
Бўлдим ошиқ, бўлдим шайдо, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Мухаббат гар гуноҳ бўлса, гуноҳим ҳар нигоҳ бўлса,
Эрурман лоиқи жазо, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Гоҳо виждон азобидан  ёр сочидек тўлғонурман,
Топмай бир йўл, топмайин жой, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Қайдам қадам кўйдим бежо, неча жонга бериб озор,
Менман асли бир нобино, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Имоним-ла қолсам ёлғиз, сўз айтмоққа тилим ожиз.
Менман шармандаю расво, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Гоҳ ўзимга зиён айлаб, айбларимни ниҳон айлаб
Нобуд қилдим  дилимни, оҳ, кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Агар бир бор ҳолим сўрсанг, сўнгги сўзга изн берсанг,
Жавобим шул эрур танҳо: кечир Аллоҳ, кечир Аллоҳ.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси