Нажиб Сибъатилла ўғли Тўхтамишев (Нәҗип Думави) Оқсубай туманидаги Дума овулида туғилган. Қозондаги мадраса таълимини олгач, кўп йиллар татар, қозоқ болаларини ўқитади. Кейинчалик сургунга ҳукм қилинади ва 1927 йили Ўзбекистонга келади. Самарқанднинг Булунғур туманида мактабда ишлаб, шу ерда вафот этади.
СИБИР
Агар сен сафарга чиқсанг, эй, йўлчи,
Зулумот дунёси – Сибирга кел-чи!
Ошга чақирмадим, олгин озиқни,
Унутма болтаю курак, қозиқни.
Бутунлай бошқа бир дунёдир бу ер,
Халқнинг кўпи эркак, хотинлар оздир.
Халқ десам, беҳуда ўйланиб турма,
Қишлоғи, шаҳари қайда, деб юрма.
Бу ерда овуллар, шаҳарлар йўқдур,
Довуллар, шамоллар эсадир ҳур-ҳур.
Ҳар ёқ булут, ҳар ён қор уюм-уюм,
Бунда иш бермайдир ҳар “модний” кийим.
Кўп қизиқ нарса бор, келсанг, кўрурсан,
Белингдан қорларга ботиб юрурсан.
Қизиқ нарса десам, бўлмагин ҳайрон,
Барин бир жумлада айлайин баён:
Довул, қор, муз, совуқ, расво ҳавоси,
Ваҳший, ҳур, қайғули ҳар бир балоси!
Турма, кишан – бўғовлару бўғовлар,
Қилич, милтиқ, тўқмоқ, қамчи – сийловлар!
Қоронғи – ҳар киши бунда бахтсиздир,
Бахтсизлик бунда хон, фақат тахтсиздир!..
ҚЎРҚИНЧ
Кузги бўш қирларда увлар
Марҳаматсиз бир шамол,
Топширилган унга гўё
Бу жаҳон, ҳар мулку мол.
Кўзга ташланмас аниқ у,
Гувлаши чиркин, совуқ,
Бир илон мисли вишиллар,
Ваҳмаси жонга ёвуқ.
Қоплаган ҳар нени туссиз,
Ваҳмали руҳ, бир тарийқ,
Ер кўкарган, боғу ўрмон,
Бор оғочлар сап-сариқ.
Кўк-да туссиз, бир азобдан
Хўп қабармиш юзлари,
Чекчайиб боққай муҳитга
Ўчли, ваҳший кўзлари.
Шакланур кўнглим нечундир…
Ваҳма босгай айқириб,
Ер ёрилмишдир – шамол увлаб,
Қабрлар ҳайқириб!..
Ҳамма нарса ваҳма ичра,
Бир ғазаб кутган каби,
Қисқаси, Ер тўхтаган,
Маҳшар куни етган каби!..
Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи