Ҳасан Тўфон (1900-1981)

Ҳасан Тўфон Фахри ўғли (Хәсән Туфан) Қозон вилоятининг Оқсубай қишлоғида туғилган. Олия мадрасасида ўқийди. Аввал қишлоқ мактабларида, 1924 йилдан Қозонда яшаб, ўқитувчилик қилади. Қатағон азобини чеккан шоирнинг ўн олти йиллик умри турмаларда ўтди. 1960 йилда оқланди ва асарлари босила бошлади. 1966 йил Абдулла Тўқай номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

ЭЛДА НЕЛАР БОР ЭКАН

Ташда нелар бор экан?..
Йўллар зангор қормикан?
Муз дераза қизармоқда –
Тонг ё ёнғин бормикан?
Ташда нелар бор экан?

Бизда ҳам тонг бўлгандир,
Ул ҳам боққа келгандир,
Эслаб бирга чоғларни,
Кўнгли дардга тўлгандир?..
Бизда ҳам тонг бўлгандир?

Ўйлайди ул: “Соғмикин?
Ичи тўла зормикин?
Ҳасратин тарқатмоққа
Тамакиси бормикин?
Эсонмикин, соғмикин?..”

Оқ кийимин кийгандир,
Балки қайтар, дегандир,
Зангор қорни кеча-кеча,
Вокзалларга келгандир,
Топилар ё… дегандир?..

Элда нелар бор экан?
Йўллар зангор қормикин?
Кўкда қизғиш ёруғ бор –
Тонг ё ёнғин бормикин?..
Элда нелар бор экан?..

ЕЛЛАР ЭСАР

Еллар эсар, еллар эсар,
Эсган еллар фойдасиз…
Халқ қўшиғидан

Деразамни очиб қўйдим,
Кел, сен эй, кел, кир, сен эй!
Қадрдоним аҳволидан
Бирор хабар бер, сен эй!

Келар тунлар, эсар еллар,
Эсарлар-да эсарлар…
Қийинмикин – кирсалар-да,
Ёринг эсон, десалар.

Тунги еллар сир айтадир
Менгамас, ёт золимга,
Сендан айри кунларимда
Дардимни айтай кимга?..

ТИНМА, ДОВУЛ

Оқай десам, борай десам,
Оққуш тўсар йўлимни…
Халқ қўшиғидан

Толлар кесдим, йўллар очдим,
Соллар солдим сувларга,
Кетар ёғим ўнг ёндадир,
Еллар эса сўлларга.

Устда – тўлқин,
Остда – тўфон,
Чанг соларди солимга,
Ёрим кутар, қайтай у ён,
Тўсиқ қўйманг йўлимга.

Довул тинди, тўлқин тинди,
Оққуш тўсар йўлимни,
Билар қуш ҳам ёлғизлигим,
Калталигин қўлимнинг…

Тинма, дарё! Чайқал, айқир!
Кўнмаганман тинликка.
Майли, довул, тўфон сурсин –
Сен чўктирма мунгликка!..

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи

КЕТГАН ДЎСТ ХОТИРАСИ…

Кетди дўстим, қадрдоним,
Кўнгли шундай кенг дўстим.
Ҳақ учун ўтга кирган,
Эзгуликка тенг дўстим.

Йўлларимни кўзлади,
Изларимни излади.
Уч йил, беш йил, ўн беш йиллаб
Кутди, аҳдин бузмади, –
Ҳаётини узса-да у
Умидини узмади.

Ҳам ёнимда у бор эди,
Гул жонимда у бор эди.
Ўлим кутган кунларда ҳам,
Юрагимда у бор эди.

Суянчиғим, кимлар бўлар?
Гул жонгинам, кимлар бўлар?
Таянчсизман, гулсиз қолдим,
Кунларим ҳам тунлар бўлар?

Турмушимда қўлдош эдинг,
Йўлларимда йўлдош эдинг,
Тунларимда-ёрқин ойим,
Кундузлари қуёш эдинг…

Турмушдан қўлдошим кетти,
Йўлимдан йўлдошим кетти.
Тунларимдан олтин ойим,
Кундуздан қуёшим кетти.

Юрагим ёнди-ку, дўстлар,
Тиргагим синди-ку, дўстлар.
Тиргаксизман суянчсизман,
Бир ўзим қолдим-ку, дўстлар!
1955

ЁШЛИК

Келди ўтиб ҳамда у кетди,
Шовқин солиб сабантўйсимон.
Шундай деди: “Соғинсин Тўфон,
Сўнгги кунга бўлгунча имкон!”
Келди ўтиб ҳамда у кетди.

Шовқин солиб сабантўйсимон,
Ёшларни-да сурди майдонга.
Таниш сасин эшитдим бунда,
Бораман шу йўлдан мен ҳамон,
Шовқин солиб сабантўйсимон…

Шундай деди: “Соғинсин Тўфон
Кўзин тикиб ёшлик боғига!”
Мен барибир ёшлар ёғида,
Турадурман тенг бўлиб ҳар он!
Шундай деди: “Соғинсин Тўфон…”

Сўнгги кунга бўлгунча имкон,
Сочлар балки оқариб борар,
Аммо юрак ёшариб борар.
Юзга тушган ажинлар меҳмон –
Сўнгги кунга бўлгунча имкон!
1947

ҚУЁШДАН ТУҒИЛДИНГМИКАН?

Нурингиздан кўз қамашар,
Яшил парда тутингиз.
Халқ қўшиғи

Қуёшдан туғилдингмикан,
Юлдузда турдингмикан?
Уйга ой кирганми десам –
У сенинг нуринг экан!

Кийганларинг ол экан,
Гулоб билан тенг турган.
Оҳ у хилқат! деганлари,-
Халқ сўзи тимсол экан!

Киприкларинг қоқарсан сен,
Маъсумгина боқарсан сен.
Ой қуёшдан нур олади,
Сен-чи, қайдан нур оларсан?
1957

ҲАЁТ

Сен кетасан, Ҳаёт, йироққа,
Келажак кунларнинг уфқига томон…
Мен бош эгиб кузатиб қолгум,
Айриламиз охир фироқда,
Сен кетасан, Ҳаёт, йироққа…

Келажак кунларнинг уфқига томон
Сенинг билан кетгим келади.
Келажакка етгим келади!
Опкет мени, олиб кет, замон,
Келажак кунларнинг уфқига томон!

Айриламиз охир фироқда,
Бизнинг ишлар, исмлар, Ҳаёт,
Учрашарлар ҳали кўп марта,
Кўришарлар ҳали бир пайтда,
Айрилсак-да, кетиб узоққа…

Сен кетасан энди йироққа –
Мен-чи, йиғиб бутун кучимни
Ушбу йўлга бера олдимми?
Бир эсга ол, ўйла шу ҳақда
Бу кунлардан йироқ-йироқда.
1942

КЕЛАР ЭДИНГ

Келган чоғинг айтардинг, Ғулом:
“Ассалому-алайкум, Қозон!”
Навоийдан келгандек салом,
Хотирлаймиз буни биз ҳамон.

Сен гуриллаб кириб келардинг,
Туғишгандай ўзинг ҳис этиб.
Сўйлашиб ҳам сирлашиб, Ғафур,
Тўёлмасдик биз дийдорлашиб.

…Аэропортга келдик. Хайрлашамиз.
Кун – мулойим, нур ила очиқ,
Радиодан хабар: Тошкентда
Босилмади ҳали зилзила…

Нега, нега юраклар куяр,
Тўлқинланар экан бу қадар…
Мангуликка Ғуломни биздан
Олиб кетди гўё бу сафар.

Собир, қўрқмас мард эрлар эдик,
Нима бўлди бизга а, Ғулом?-
Хайрлашдик: юзда табассум,
Кўзимизга тўлган ёш ва ғам…

Кузатгандик сени биз шундай,
Жануб томон кетган йўлларга.
Қўлларингнинг тафти ҳам ҳали
Совимаган эди қўлларда…

Келар эдинг, салом берардинг
Чин Тўқайга ўхшаб: “Эй Қозон!” –
Айиролмас бундай дўстликдан
На зилзила ва на-да замон!
1970

СЕНГА НИМА БЎЛДИ?

Сен нега маҳзунсан бугун?
Нима бўлди, Идил, сенга?
Яхшиси айт, айтгил менга:
Мен келибман, сайёҳ эмас,
Сен нега маҳзунсан бугун?

Нима бўлди, Идил, сенга?
Тўқайзорлар йўқолдими?
Булбулларнинг уясига
Чўртанлар тўлиб қолдими?

Кел, яхшиси, сўйла менга,
Сен табиий ҳолатингни
Ва тарихий ҳаётингни –
Шоирга сирларинг керак,
Кел, яхшиси, сўйла менга…

Мен келдим, мен сайёҳ эмас –
Сайёҳлар келар, кетарлар,
Балки бир йил бунда турар,
Биз мангу бирга, Идил,
Мен сен учун сайёҳ эмас.

Сен недан ўйчансан бугун,
Довулга бошинг эгмагин.
Қирғоғингда – Суюмбека,
Кузатар осмон-у замин,
Сен недан ўйчансан бугун?
1970

БИЛМАЙ ҚОЛДИМ…

Билмай қолдим…
Кўрмай қолдим.
Кетдинг хушлашмай.
Изинггина қолди юрган
Сўқмоқда қочмай.

Қайси қушнинг исми билан
Сени чақирмоқ керак?
Ўрмондаги ҳар бир чечак
Сенсиз ўксинар, малак.

Қайга кетдинг?
Кимлар олди –
Довулларми, сувларми?
Изларингда гул-чечаклар…
Ёдгорлигинг шуларми?!

Изларингда яшнаб-яйраб
Яшил гуллар ўсадир.
Кимлар мени юпатар, эҳ,
Гулни қорлар тўсадир…
1958

ЕЛЛАР

Деразамни очиб қўйдим,
Еллар учиб кирсин-эй:
Қадрдонлар аҳволидан
Бирор хабар берсин-эй!

Оқшом тушар. Майин еллар
Эсадилар, эсарлар.
Улар мени қийнамасди,
Уни омон десалар.

Оқшом еллар кўп сўйларлар
Менга эмас, гулларга…
Сендан айру кунларимда
Дардим айтай кимларга?!

Татар тилидан Жамолиддин Муслим таржимаси