Отон Жупанчич (1878-1949)

Отон Жупанчич (Oton Župančič, 23 январь 1878, Виница, Белая Крайна — 11 июнь 1949, Любляна) — словен шоири, адиб, драматург. Словен модернизмининг дарғаларидан бири.

БАЁНОТ

Озодлик зиндонда тутқун экан то,
риё менсимаскан имонни асло,
хиёнат шарпаси изғиб ҳар жойда,
ҳақиқатни нуқул қораркан лойга,

ўйламай авлиёлар ўз шаънин мутлоқ,
сочаркан эл аро низою нифоқ
ва етим фарзанддек парча нонга зор,
муҳаббат дайдиркан ҳар кўчада хор,

токи масрур экан юртда қабоҳат
ва мардлик чириркан қабрда фақат,
токи билмас экан ғурбат интиҳо,
ҳа, менга яшашдан ўлимдир аъло.

ЁЛҒИЗЛИКДА

Қор эриб битмади ҳали даштларда,
тоғларнинг тўшида ҳали туман бор,
аёзнинг ваҳми бор ҳали қушларда,
кезар ялангликда изғирин ғаддор.

Мен эса соғиндим оқ атиргулни,
бир майин ифори ғамларга малҳам…
Туманлар қаъридан кўрмоққа уни
кўнглим учиб ўтди мовий қирлардан.

Олтин уфқлар, мени эшитяпсизми?
Ёлғизликка асир юрак сиз-ла маст,
ахир, зориққан қалб илғаган ҳисни
бошқа ҳеч бир юрак сира илғамас.

Деразам ёнида титради новда,
қайгадир энтиккан қушчалар учди.
О, наҳот қор эрий бошлади боғда,
наҳот кенгликларни яшиллик қучди?

Мирпўлат Мирзо таржималари