Леннарт Хельсинг (1919-2015)

Пол Леннарт Хельсинг (Paul Lennart Hellsing, 5 июнь, 1919 – 25 ноябрь, 2015) — швед ёзувчиси ва таржимон.

ШАҚИР-ШУҚУР

(Игна ҳақида қўшиқ)

Жуда абжир ўйинчи,
Сеҳргар Шақир-шуқур.
Уйга чарм ғилофда
Иш излаб келган, ахир.

Ўтиролмайди ишсиз,
Ликиллатиб думини.
Ҳар нарсага тинмасдан
Тиқаверар бурнини.

Бир кўзли сеҳргарга
Бўлмоқ керак кўз-қулоқ.
Қўлга ногоҳ санчилса,
Оғриб қолади бармоқ.

Сеҳргар Шақир-шуқур,
Сендан битта илтимос:
Бизга турли матодан
Тикиб бер кўркам либос!

ЁЗ САЛТАНАТИ

Сарин еллар елади,
Еру фалакда.
Турфа ранглар акс этар
Найкамалакда.

Чечакларга бурканган
Замин зангор, ол.
Келди Ёз салтанати,
Мен унда қирол!

Мажнунтол хонишидан
Бинафша масрур,
Бундай дамлар ёдингда
Қолар бир умр!

Сувда қалқар нилуфар,
Сузолмай ҳалак.
Нигоҳларим парвозда
Мисли капалак!

ҚИРҚОЁҚ

Ёришмайди ҳеч кўнгли,
Ёқишса ҳам қирқ чироқ.
Ҳаммада икки оёқ –
Унда эса қирқ оёқ!

Қирқоёқ бўлиб юрмоқ,
Кулгили эмас, бироқ,
Кун бўйи ювар оёқ,
Бир ҳафта олар тирноқ!

Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаcи