Мирослав Максимович (Мирослав Максимовић) – таниқли серб шоири. “Шеърлар” (1978), “Мудраётган хизматчи” (1971), “Сарроф” (1972), “Оддий хизматчининг хотиралари” (1983), “Само” (1996), “Танланган шеърлар” (2000), “Белградда ёзилган шеърлар” (2002), “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари ҳақида 77 сонет” (2008), “Озодлик ҳақида ёмғир шивири” (2009) сингари шеърий тўпламлари чоп этилган.
ЁЛДОР ЁПИНЧИҚ
Ёпинчиғим
ёпдим бошимга,
Зулмат ичра кетяпман аста.
Тулпорим гоҳ пишқирар,
Гоҳ ёлларин иси
кезар димоқда.
Айтар бўлсам
бундай антиқа ёпинчиқ билан
Бошлаш мумкин янги асрни.
Оҳ, бу отлар,
сара тулпорлар,
Кенгликларда учади қушдек.
Юрагингдан кетади гардлар.
Олов ёллар елпиб ўтади
Ортда қолаётган қишлоқларни-да.
Мешлар ичра қалқийди шароб.
Суворийлар кетмоқда тезоб…
Шу тоб ёпинчиққа ўрандим-да, боз,
Мизғидиму
ном қўйдим ўзимга ўзим:
“Ўспирин чавандоз!”
Вақтлар ўтиб
боргач ҳар инсон
Ўзи истаган қўналғани топади, инон.
Мана шу ёпинчиқ,
билсангиз,
Менинг асл қўналғам эрур.
Гарчи бу жул остида
нафас олмоқ осон эмасдир,
Ғоят қийин қўлингни қимирлатмоқ ҳам.
Оҳ, шунчаки яшамоққа қўймас, ахир,
Вақтнинг бешафқат шарораси.
Бир зум
афсонадай ўтар бир аср.
Кўпдан шу ёпинчиқ ичра бедорман.
Ва яқинда
пинакка кетмоғим боряпман сезиб.
Начора, бор одатларга кўникканмиз биз.
Қарабсизки, ҳеч вақт ўтмай
мўйсафидга дўнаман, шаксиз.
Ва… хира тортиб борар умрим маёғи.
Бироқ ёпинчиғим ҳамроҳ,
масрурман ҳаргиз.
О, менинг қадрдон
ва ёлдор ёпинчиғим-а,
Хўрсинаман толаларинг юзимга босиб.
Ахир, неча тунларни
ўтказдик сен билан бирга.
Бедовим-да гувоҳ бўлди барига.
Жуда узоқ сукут сақладим нега,
Билмам, нима учун имкон бўлмади
Қаҳ-қаҳ уриб бор
овозим-ла масрур бўлмоғимга…
Бу ёпинчиқ билан тулпорим
Кесиб чиқди Карпат довонларини.
Ва мардона борди Чарноевич изидан.
Дрина орқали кўтариб ўтди
Сават ичра ухлаган гўдакларни ҳам.
Ёпинчиғим остида
чексиз осмоннинг-да
титради юлдузли шокилалари.
Ва ниҳоят… ёришди осмон.
Микроскоп ойнасидан қаранг
ҳар бир хонадон ўчоғига сиз.
Митти микробчалар шўхлик қилади сакраб,
Ойнаси қайнатаётган аталага мўралаб.
Шунақа…
Бу ёпинчиқ остида
нималар кечмайди отхона ичра.
Бироз уринсам-да
оёқларимни қимирлатишга
Шу ондаёқ ҳовлида кеза бошлайди
…сирли қадамлар…
Рус тилидан Мухтасар Тожимаматова таржимаси