Соня Шаталова (1993)

Иқтидорли шоира Соня Владимировна Шаталова 1993 йилнинг 12 ноябрида Россиянинг Москва вилоятида туғилган. Саккиз ёшида “Фол очма, инонма, қўрқмагил асти” дея бошланувчи шеърини ёзган. Ўн икки ёшида бутун Россияга унинг номи машҳур бўлди. У “Мен гунг эмас, мен сўзлайман” (2015), Соня Шаталова номи остида бир қанча тўпламларда ўз ижод намуналарини эълон қилган. Шоира аутизм хасталигининг оғир шакли билан касалланган, гапира олмайди. Шаталова жиддий шеърлар ва ёрқин афоризмлар битади. У ҳақида “Аутда” фильми тасвирга олинган.

* * *

Фол очма, инонма, қўрқмагил асти,
Қонимизда бордир барига жавоб.
Ўзгалар хислатин ноаён урфи
Саломга қовушмай, топмасми савоб?

Бундай машмашалар, турфа нодонлик
Вулқонни эслатар – портлашга тайёр.
Тизгинлаб бўлурми телба бўронни,
Мушукни эманга боғлагандек ё.

Бундай кўргиликлар кўп бўлган бурун,
Тизгинлашлар… кўнгил зада бу ишдан.
Ҳа, ўзимдан ўсиб чиққанимдан сўнг
Қутулганман Вақтга тутқун бўлишдан.

* * *

Кузак осмонида ёққан муз ёмғир
Ўчираоларми руҳим гулханин.
Саратон қуёши сочса ҳамки қўр
Тушкунлик ботқоғин қуритармикин.

Ёлғизликдан совуқ қотган юракни
Иситаолмади жавзо оташи.
Савр сувлари ҳам тилимдаги бу
Гунгликнинг тугунин ечолмади-ку!

Художон, ҳеч қайда менга йўқ нажот,
Гуноҳим кечиргил, айлагин шафқат.
Кечирсанг, қуш каби озодман, озод,
Озод қушдек қўшиқ куйлайман, албат.

* * *

Кўк гардишдаги айлана кўзгу
Оний лаҳзаларда бўлди олтин гул –
Шамол пардани сидириб ташлар.

* * *

Оқ устида қора белгилар –
Сўзларми донолик ёки ақлдан?
Олтин ўзак бўлиб қўлимда қотди.

ТУН ВА КУН

Бирдек ёқар тун ва кун менга,
Ва уларнинг ўхшамаслиги.
Жуда ёқар узвийлиги ҳам –
Юлдузларга чулғанишию
Чўмилиши қуёш нурига.
Хуш ёқади мўъжиза, сири –
Буюк ҳодисалар китобин.
Жуда ёқар улуғ Тангрининг
Дунё ҳақда ёзган китоби.

ОТЛАР

Отлар, илиқтан отлар,
Ҳарорат-ла кўминг қўрқувларимни!
Отлар, тез чопар отлар,
Қўрқувларим шамолларга тутқазинг!
Муаммолар кўринмайди наздимда муҳим
От устидан боққанимда жим.
Сен ва мен,
Айрилиқда сен ва мен яна
Саховатли ишларга қодир.
Шундай тикамизки воқеа тўнин,
Бу тикув тусади зулмнинг йўлин.
Фақат ўз руҳинг-ла керак яратмоққа куч,
Ва бўлар бу дунёда яшамоқ осон.
Биз сен билан —дунёнинг Кучи.
Яшагаймиз севиб-севилиб.

* * *

Она, айтинг, онажон, нега
Қуёш эгнидаги ридоси қизил?
Шоирлар гулларни чизар сўз билан,
Қуёш, ҳаво, дунё ва шудринг,
Араз, оғриқ, шодлик ва қайғу,
Барчасини мумкин сўз билан ифода этиш.
Сўзга ранг бергувчи надир?
Унинг қонин тўлдиргувчи не?
Балки уни дегайми Қуёш.
Шоирлар қалбига Аллоҳнинг ўзи
Ёқиб қўйибди-ку бир парча Қуёш!

* * *

Қизил бўлиши шарт милаш меваси.
Мабодо у бўларкан яшил,
Хатар ичра кутаман кузни.

* * *

Сукут ичра шивирлайсан:
“Сен менинг ёқимли қуёнчам” –
Бўм-бўш оламимни тўлдирар қўшиқ.

* * *

Кимдир деган: “Сукут – олтиндир”…
Оташ сўзлар қалбда туғилса,
Сенга алам қилмасми, ахир,
Йўли тошлар билан тусилса.

Буққанда бу “олтин” жимлиги ,
Кўкрагимни тоғдай босар юк.
Авваллари сўзамол эдим,
Қандай қайтай сенга, Озодлик?

ГУЛХАН

Гулхан ёнди ва куйлар олов
Қуёш ҳамда инсон ғурурин.
Ва ёнади бошим ловуллаб
Яшаб ўтган кунлар заҳридан.
Тўққизга тўламан. Мангуликдир бу
Олов умри билан айласанг қиёс.
Тақдиримда шумикин бори?
Ҳарорат берганди одамларга у,
Мен-чи?
Гунгман, ношудман,
Ажраб қолган дунёдан
Аталади аутизм.
Бу қасамхўр касалим
Наҳот фақат ёлғизлик
Тақдирим сўнгигача –
Кулга қоламан дўниб
Илитмай бирор қалбни?..
Ёнаётиб йиғлар машъала
Тарашадан томар мум яна.
Ва йиғларман, ахир,
кўп қиммат
Сукут нархи.
Сўз бергин, Аллоҳ!

ҚЎРҚУВ

Қўрқаяпман, ғувиллар бошим,
Сўзларим тентираб кетмак истайди.
“Қўйвор бизни, эт озод, Соня!”
Мен тураман жим.
Қулфланган лаблар калити –
Кандай олай миямдан уни?
Сиздан ёрдам сўрайман энди!
Истамасман тилсиз қолмоқни,
Лекин қўрқув оғзим қулфлаган.
Сўз туғилар, яратар тилсим
Шуурдаги тузган дунёмда…
Ва, мана,
Сўнгида-чи ўларлар яна
Яшамоғи учун уларнинг
Чиқариб юбормоқ жоиз дунёдан.
Лекин қандай? Сиздан сўрайман!
Балки, англамаслар уни ногаҳон?
Ёнаетиб оғзимда улар
Ўзгарарлар,тушунмас дунё,
Ҳайдармилар қўшиб мени ҳам?
Қандай яшай? Қўрқаяпман. Ғувиллар бошим.

ТУШ

Ғаройиб ҳаётим воқеалари
Ёзилмиш ўлик сўзлар қони-ла.
Шууримда ўлганлар бари
Ёрилдилар кўрмай озодлик.
Жаранглади, кулди, ранжиди сўзлар.
Сўз нақшлари ойдин тунда кирди тушимга,
Ой боқар юзимга табассум ила…
Лекин мен сўзларга бермагандим эрк
Ва улар ётарлар қуруқ, безабон.
Қонлари сиёҳга қўшилиб кетган
Ва қўл билан биров ёзар:
“Соня сўзларни ўлдирди яна”.
Лекин тушимга мен ҳеч ишонмасман,
Қутулмоқни ўйлайман бир дам.
Қандай қилиб мияни очсам?
Ахир, сўзга жон ато этиш
Мен учун бир арзимас нарса.

ОВОЗИМ

Овозим не сабаб бунча паст?
Мўъжиза кўрсатмоққа етар-ку кучинг.
Шундай қилки, баландла овозим –
Эшитсин бу дунё ва иккилансин:
Емрилмоқ ё мукаммал бўлмоққа жазм…

* * *

Олов қўшиғининг куйида
Кўп ғаройиб сукунатлар бор.
Ғалаёнга соларлар мени
Ва афсунга чулғарлар такрор.
Қадимий нимадир келар хотирга,
Гўёки мен – мен эмас, кимдир,
Қачонлардир яшаган биров,
Чиққан каби бирдан ботқоқдан.
Ёнаётган дарахт кўринар
Ва Тангри дер унга: “Фойдаланиб қол!”
Ва ишониб бундай нидога
Одам сиёғида ўрмондан ўтар.

ҚАЙИН ТАРАШАСИ

Қайин тарашаси тараша эди.
Тепаликда турарди ўсиб,
Дўст тутиниб шамол, ёмғир-ла.
Ювар эди яшил кокилин,
Ҳароратли қуёш тиғида…
Энди эса оддий тараша.
Тушларида акс этар ўтмиш
Ва менга шивирлар… шивирлар…
Нега сен гоҳида бунчалар ғамгин,
Юзларинг бунчалар гўзал ва ўйчан?..
Ибтидода эмасдинг бундай,
Табассумда балқирдинг кундай…

* * *

Не сўзлашни билмасман.
Сукут сақлар юрагим.
Дунё оҳанглари руҳимга инмоқдадир жим.

* * *

Қушлару шамоллар – Куз қанотлари
Олиб кетинг бирга субҳи чоғида.
Олис ўгай кузги ғаллазор қирга
Жаранглаб томчининг қўнғироғида.
Сўнг ўрмонга оҳиста тортай
Титраб турган мезонлар тўрин.
Қилич янглиғ ўтар турналар, зори
Ўрмон либосини қизартгай бутун.

* * *

Олов тарашани мақтаб куйлагай,
Тантанавор жаранглар қўшиқ.
Хотиранинг яшил даштидан
Ўтар шоир дилида нафрат.
Тутқунлик жасорат баридан
Қилғилиқдир – жасорат асли,
Сокинлаш ё шошил – чекинсин тўсиқ!
Шоир йўли тўғри ва шаффоф
Асрлик ҳақлигидан қилиб шубҳалар.
Тўсиқлардан ўтади шоир
Ишонарлар шоирга ҳақни.

ҚОР

Қор ёғди. Ҳаммаёқ қор каби
Бу қиш ўзи тиккан чойшабни.
Қор учқунли, юмшоғу тоза,
Ётди совуқ чегара олиб
Остидадир ер, инсон наҳси
Ва бўлғуси ҳаёт умиди.
Устида-чи оқ-оппоқ либос,
Тозалигу гўзалликка хос.
Барча кутар излари тамға.
Нима бўлар? Журъат этар ким?
Ким жасорат кўрсатади, ким?

МАКТАБ ҲАҚИДА ШЕЪР

“Мактаб” нима?
Сўз. Олти ҳарфли.
Бир уй оддий.
Ҳижжалашга келамиз фанни.
Зерикарли, сурранг… Уй яхшироқдир…
Ё ҳар ҳолда дунё чексизми?…
Балки чиқмоқ учун керакдир нарвон?…

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси